Юлдузли тунлар-65

3

Амударё томондан тоғ ошиб учиб келган турналар Кобулнинг устидан жануб-шарқ томонга ўтмоқда эдилар. Аркнинг тиллакори айвонида Моҳим бегим билан нонушта қилиб ўтирган Бобур турналарнинг қисқа ва сирли товуш билан «қурей»лашини эшитди-ю, ўрнидан туриб, айвон четига борди ва осмоннинг овоз келаётган томонига тикилди… Кўкда эгилиб-чайқалиб келаётган бир шода қора маржонни кўзлари билан қидириб топгандан кейин турналарнинг товуши унга гўё аниқроқ эшитила бошлади.
Гўзал ва тиниқ «қур-ей», «қур-ей»ларда қандайдир ҳорғинлик оҳанглари борга ўхшарди ва турналарнинг узоқ-узоқлардан учиб келаётгани эсга тушар эди. Балки улар шу келишда Андижоннинг устидан учиб тиргандирлар? Ёки Тошкент ва Самарқанд атрофларидаги со-кин сувлар бўйига қўниб дам олгандирлар?
Бу ўйдан Бобурнинг қалбини аламли бир соғинч туйғуси чулғаб олди. Ҳатто шу турналар кўриб келаёт-ган жойларни у энди бориб кўролмайди. Кўли Маликда ва Ғиждувонда енгилиб, Ҳисорда фитначилар хиёнатидан абгор бўлиб қайтганига, мана, ўн уч йил бўляпти. Бобур шундан бери қалтис ҳарбий юришлардан ўзини тийиб юрибди. Мўғул бекларининг хиёнатларини Қундуздаёқ била туриб, яна ўшаларга ва қизилбошларга таваккалчилик билан суяниб иш қилгани унинг ватанига қайтадиган барча йўлларини бекитиб ташлаган эди.
Турналарнинг узоқлашиб сўниб бораётган товушлари таъсирида Бобурнинг кўнглига: «Энди туғилиб-ўсган юртингга умрбод қайтолмайсан!» деган аламли ўй келди-ю, юзи бирдан тундлашди. Орқасига ўгирилиб, савдарбошига чоғир келтиришни буюрди.
Моҳим бегим дастурхон ёнидан Бобурга томон келар экан:
— Ҳазратим, эрталабдан чоғир? — деб таажжубланди. Ҳозир фарзандларингиз саломга келурлар… Ана, мирзо Ҳиндол аткалари билан келмоқдалар.
Бошига кичкина ипак салла ўраган, мурассаъ камарига кичкина қилич тақилган саккиз ёшли мирзо Ҳиндол айвоннинг баланд зинапоясидан катталардай қўл қовуштириб, таъзим қилиб чиқди. Отаси буни кўриб беихтиёр жилмайди. Ҳиндолни елкасидан қучиб эркалатди, кейин уни ёнига олиб, зарбоф кўрпача устига ўлтирди.
— Қилич тақиб олибсиз, амирзодам, жангга бормоқчимисиз? — деб ҳазиллашди.
Ҳиндол катта-катта кўзларини чақнатиб Моҳим бегимга бир қараб олди. Моҳим бегим «Айтинг!» дегандай бош ирғади. Шунда Ҳиндол бурро тил билан отасига:
— Мени ҳам олиб боринг, — деди.
— Қаерга?
— Ҳин… Ҳиндистонга.
— Ҳиндистонда нима қилмоқчисиз?
— Йўл… йўлбарсни кўрамен…
— Ана холос! — деб Бобур кулди. — Биз сизга Ҳиндол исмни берсак, сиз фақат Ҳинд йўлбарсини томоша қилмоқчисиз холосми?
Бола қизариб:
— Йўқ, — деди ва жажжи қиличининг сопини қисимига олди. — Агар йўлбарс… «ейман» деса, мен мана шу қилич билан уни урамен!
Бобур Ҳиндолни яна елкасидан қучиб эркалатди:
— Баракалло! Ундай бўлса сизни Ҳиндистонга албатта олиб борурмиз…
Шу пайт айвон зинапоясидан олтин кўзачада чоғир олиб чиқаётган шарбатчи кўринди. Моҳим унга қўли билан «Қайтинг!» ишорасини қилди. Шарбатчи Бобурга қўрқа-писа кўз ташлади-да, унинг ўғли билан овуниб, чоғирни эсидан чиқарганини сезди ва зинадан секин қайтиб тушиб кетди. Бобур Ҳиндолдан хат-саводни қанчалик ўрганганини, қанақа шеърлар ёд билишини сўради.
— Мен қуръон оятларидан ёд билурмен. Кулҳу оллоҳу аҳад…
— Ҳиндолнинг шеърга унчалик иши йўқ, — деб изоҳ берди Моҳим бегим. — Бунга ўйин бўлса, ёйдан ўқ отса, от чопса бас. Китобга хуши йўқ.
— Балки ёши кичик бўлгани учундур?
— Гулбадан бундан уч ёш кичик. Аммо саводи Ҳиндолдан яхши. Ҳозир кўрурсиз… Қизча китобга шунчалик ўчки, таажжубдан ёқамни ушлаймен.
Бобур ўйчан товуш билан:
— Наҳот Ҳиндол ўша тоғаларига тортса? — деди.
Бобурнинг бу сўзларида қанчалик мураккаб маъно борлигини фақат Моҳим бегим тушунарди.
Чунки Ҳиндол Моҳим бегимдан эмас Бобурнинг кичик хотини Дилдор оғачадан туғилган эди.
Шариат берадиган рухсат бўйича Бобур ҳам уч хотинлик бўлиб олган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу бераҳм одат Моҳим бегимни қанчалик эзмасин, аламини ичига ютиб чидаб келар
эди. Бобурнинг иккинчи хотини Гулруҳ бегимдан Мирзо Комрон ва Мирзо Аскарий отлиқ икки ўғил туғилди. Булар Ҳумоюндан кейинги тахт ворислари эдилар. Гулруҳ бегим шу сабабли Моҳим бегимга кундошларча совуқ муомала қилар эди. Уч хотин Кобулнинг уч чеккасида ҳар бири алоҳида кўшкда турса ҳам бир-бирларининг аҳволларидан хабардор эдилар. Дилдор оғача беш йилда икки қиз туғди. Моҳим бегим эса уч марта фарзанд доғини бошдан кечирди. Унинг Ҳумоюндан кейин туққан икки ўғил, бир қизи бирин-кетин ўлиб кетди. Кейин умуман бўйида бўлмай қолди. Бунинг ҳаммасидан Моҳим бегим жуда қаттиқ куйиб юрганини сезган Бобур унга қандай тасалли беришни билмас эди. Бир куни мана шу айвонда ўтирганларида Моҳим бегимнинг ўзи: «Дилдор оғача яна ҳомиладор эмишлар, — деб қолди.— Мен куйиб адо бўлдим. Энди Дилдор оғача шу гал ўғил туғса ҳам, қиз туғса ҳам, агар менга берсангиз ўз фарзандимдек тарбиялаб ўстирар эдим».
Дилдор оғача ўз фарзандини кундошига ишониб топширишини тасаввур қилиб бўлмас эди. Лекин Моҳим бегим Ҳумоюнни қанчалик яхши тарбиялаганини ҳамма билар, унинг яна фарзанд ўстириш иштиёқи зўрлигини Бобур ҳам сезар эди.
Дилдор оғача Кобулнинг Боғи Йўнғичқасида мана шу Ҳиндолни туққанида Бобурнинг махсус фармони билан уч кунлик чақалоқни аркда турадиган Моҳим бегимнинг тарбиясига келтириб бердилар.
Бу болани тўққиз ой қалби тагида кўтариб юрган Дилдор оғача: «Ўғлимдан тириклай жудо бўлдим», деб анча вақт йиғлаб-сиқтаб юрди. Бобур унга:
«Азалдан удум шундоқ, — деб важ кўрсатди. Подшоҳ оиласида ўғилларни катта хотин тарбият этмоғи керак. Моҳим Ҳумоюнни қандоқ вояга етказди, кўрдингми? Ҳозир Бадахшонда энг обрўлик ҳоким! Худо хоҳласа, Моҳим Ҳиндолни ҳам шундоқ вояга еткизгусидир!»
Моҳим бегим Ҳиндолни ўз фарзандидан ҳам зиёда тарбия қилаётгани Бобурга маълум эди-ю, лекин боланинг тоға авлодлари жоҳил ва маърифатсиз одамлар эди. Дилдор оғача Ҳисор ва Самарқандда кўп ёмон ишлар қилган Султон Маҳмуд мирзонинг авлодларидан эди. Шайбонийхон томонидан ўлдирилган Султон Али мирзога ҳам хешлиги бор эди. Бобур Самарқандда сўнгги гал ғалаба билан борганда ва қизилбошлар билан май ичиб юрган кунларида Дилдор оғачанинг ҳуснини, хусусан, дутор чалиб ашула айтгандаги ширин овозини ёқтириб қолиб, кайф устида уни ҳарамига олган эди. Бунинг ҳаммасидан хабардор бўлган Моҳим бегим Бобурнинг «Ҳиндол маърифатсиз тоғаларига тортмасин, тағин!» деган ҳадигини тарқатишга интилди:
— Ҳазратим, Ҳумоюннинг кўп фазилатлари Ҳиндолда ҳам бор. Қалби тўла меҳр. Ишонаменки, Ҳиндол ҳам сизга тортгай. Эгачингиз Хонзода бегимдан эшитганмен. Сиз ҳам мана шу ёшда «уруш-уруш» ўйнашни беҳад яхши кўрар экансиз.
Бобур яна Ҳиндолга юзланди:
— Мен сенга китоблар совға қилсам ўқурмисен?
— Ўқу… ўқурмен! — деб Ҳиндол тутилиброқ жавоб берди.
Бобур муншини чақириб, Кобул кутубхонасидан Ҳиндолга керакли китобларни Моҳим бегимга келтириб беришни буюрди. Шундан кейин савдарбоши ички хонадан боланинг бўй-бастига мослаб ишланган олтин дастали Камони Шоший олиб чиқди. Чиройли соқдоқда ўн иккита олтин безакли ёй ўқи ҳам бор эди. Бундай чиройли ўқ-ёйни биринчи марта кўраётган бола нодир совғани қўлига олганда кўзлари қувончдан ялтираб кетди.
— Ана, тирандозлиқни машқ қил, аммо китоб ўқишни ҳам унутма! — деб тайинлади Бобур.
Ҳиндол таъзим билан отасига қуллуқ қилиб, зинапоядан пастга тушиб кетди. Орадан сал ўтмай айвоннинг ички эшигидан эллик ёшлардаги энага аёл кичкина Гулбаданни қўлидан етаклаб чиқди. Бу истараси иссиқ аёл — Тоҳирнинг хотини Робия эди. Авваллари Қутлуғ Нигор хоним хизматида бўлган Робия ҳозир Моҳим бегим ҳузурида беш яшар Гулбаданга энагалик қилмоқда эди.

 

Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён- хайрихоҳ бир одам

Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди: — Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат! Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган ...

От кишнаган оқшом (қисса) 34-қисм

34 Катталар хўжакўрсинга лалми дўқ уриб кетди, деб ўйладим. Йўқ, эртаси куни тағин келди. Искаланиб-искаланиб отхонани қаради, чақалоқли уйни қаради. Катталар қилиғи ...

Тошканд қамалда

15. ТОШКАНД ҚАМАЛДА Бу кун Тошканд қамалининг элли биринчи куни. Совуқ бир оз юмшаб тушкан, қуёш очиқ ҳавода ҳаракат этмакда эди. Ерлар эриб, ҳамма ёқ шилт-пилт лой, қўрғон ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400