Эрта қайтган турналар (қисса)-3

Улар онаси билан хайрлашиб ҳовлидан чиқишганларида, керосин арава шақирлаб катта тошлоқ ариқдан ўтганида Султонмуротнинг юраги қувончдан ҳаприқиб, отларнинг туёғидан сачраётган муздек сув заррасидан этлари жимирлаб кетди ва тушида эмас, ўнгида, ростакамига шаҳарга кетаётганини ҳис этди.


Ёзги субҳидам худди шаффоф шарбатдай қуюла бошлади. Қуёш ҳали узоқ-узоқларда, оппоқ қорли тоғлар ортида эди. Бироқ у аста-секин яқинлашиб, кўтарилиб, ногоҳ тоғлар ортидан ярқираб чиқишга ҳозирланар эди. Ҳозирча эса туни билан салқинлашиб қолган йўлда сукунат ва соф ҳаво ҳоким. Афсус, уларни овулдан чиқиб кетаётганини болалардан ҳеч ким кўрмади-да. Фақат чекка-чеккадан итларгина ғилдирак товушини эшитиб, мудроқ аралаш ҳуриб қўйишарди…
Йўл адир бўйиаб борар, узоқдан бинафшаранг кўринишдаги унча баланд бўлмаган тизма тоғлар қўйнига кириб борарди. Ўша ёқда, ўша узоқ тоғлар ортида Жамбул жойлашган. Улар ўша ёққа кетишяпти. Тўйган отлар бир текисда дадил йўртиб борар, гўё эгар-жабдуқнинг ҳам, бўйинтуруқ ҳам унга алоқаси йўқдай, одатдагича кишнашиб ва кўзлари устига тушиб турган ёлларини селкиллатганча йўрғалаб боришарди. Йўл яхши таниш, бу йўллардан улар неча марталаб ўтишган; хўжайинлари ўз ўрнида, жилов қўлида, ёнидаги болакай ҳам бегона эмас, қадрдонлари, оғирлиги ҳам тушаётгани йўқ…
Улар шу маромда анчагина йўл босиб, дунёдаги барча аравалар сингари шақир-шуқур, ғичир-ғичир овоз чиқариб боришарди. Қуёш шу топда ён томондан, тоғлар орасидаги бўшлиқдан мўралай бошлади. Нур, ҳарорат, терга ботган отлар яғринига ҳаво тўлқинидай сокин ва майин таралди: нур қўйнида Чопдор бедана тухумидай бурул тусга кирди. Чонтор эса тағин ҳам тиниқлашиб, оқ-тўриқ рангга бўялди; нур, ҳарорат отанинг буғдойранг ёноғига ҳам қўниб, қисиқ кўзлари атрофидаги қалин ажинларни чуқурлаштирганидан, жилов тутган қўллари эса яна ҳам йирик ва чайир кўринарди; нур ва ҳарорат отларнинг туёқлари остига югурган оқимдай, йўлга тўшалиб, тан ва кўзларга кўчди; нур, ҳарорат жумлайи жаҳонга ҳаёт ато эта бошлади…
Шу сафар тонгида Султонмурот қалбида илиқ, қувончли ва эзгу ҳислар ҳукмрон эди.
— Қалай, уйғондингми? — ҳазиллашди отаси.
— Аллақачон, — деди ўғил.
— Ундай бўлса, ушла буни, — дея жиловни унга тутқазди.
Султонмурот миннатдорлик билан жилмайиб қўйди, ахир у буни сабрсизлик билан кутаётган эди-да. Ўзи сўраса ҳам бўлар эдику-я, аммо яхшиси отасининг ўзи қачон маъқул кўрса шунда бергани яхши — унақа-бунақа иш эмас, бу катта йўлда юриш дегани. Отлар тизгинни бошқа қўлга ўтганини сезиб, норози бўлгандек қулоқларини чимириб йўртиб бораётиб — худди ҳукмронлик заифлашган айни пайтда ғалаён кўтаришга ва уришишга қарор қилишгандай бир-бирларини тишлай бошлашди. Аммо Султонмурот дарҳол ўзини кўрсатиб қўйди — жиловни силтаб тортганча қичқирди:
— Чу, жониворлар!
Агар бахт одамга бир марта насиб қилса, буни Султонмурот сафарда тўла ҳис қилди. Унинг кайфияти бирор дақиқага ҳам бузилмади. Отаси ёнида ўтираркан, у ўзини ҳар нарсага қодир деб ҳисобларди. Бу кайфият йўл бўйи уни тарк этмади. Шақир-шуқур керосин арава бошқа бировни ҳатто ақлдан оздириб қўйиши мумкин эди, аммо унинг учун эса бу бахт-шодлик қўнғироғи эди. Арава остидан кўтарилаётган чанг ҳам, ғилдираклар ғилдираб бораётган йўл ҳам, бир маромда туёқ ташлаб бораётган отлар ҳам, қорамой ва тер ҳиди анқиб турган абзал ҳам, бош устида сузиб юрган оппоқ парқу булутлар ҳам, атрофдаги шабнамга чўмилган сарғиш, кўм-кўк, бинафшаранг дала чечаклари ҳам, йўллардаги кечиб ўтиладиган сойлару ариқчалар, дуч келган отлиқлару аравалар ҳам гоҳ олдинга, гоҳ орқага енгил учиб, баъзида эса шундайгина отларнинг тумшуғи тагидан учиб ўтаётган қалдирғочлар ҳам— ҳамма-ҳаммаси бахт ва гўзаллик рамзи эди. Бироқ Султонмурот булар ҳақида ўйламасди, зотан бахт бор жойда у ҳакда ўйламайдилар. Султонмурот дунёнинг худди шундай тузилганини, бундан яхшироқ бўлиши мумкин эмаслигини ҳис қилди. Унинг отаси ҳам шундай яхшики, бундан яхшироқ бўлиши ҳам мумкин эмас эди.

Ҳатто сариқ тўш, қора бош дала қушларининг йўл бўйидаги тикан ва буталар шохига қўниб олиб, ўша бир оҳангда сайраши ҳам бежиз эмас эди. Ким учун сайраётганини ўзлари билишади. Султонмурот уларни қанчалик яхши кўришини ҳам билишади. Бу қушларни сарайғирлар деб аташади. Шундай деб аталишига сабаб улар бир умр ўзларининг сайроқ овози билан аллақандай саман айғирни шоширар эмиш: «Чу, чу, сарайғир! Чу, чу, сарайғир!» Ғалати қушлар-да, сарайғирлар. Бироқ улар ҳар тилда ҳар хил сайрар экан. Бир куни овулга киномеханик, хушчақчақ рус йигит келиб қолди. Султонмурот унга парвона бўлиб қутиларга солинган ленталарни ташишди, кечқурун эса бунинг учун у биринчи бўлиб динамо-машинасини айлантириш бахтига муяссар бўлди. Динамо-машинада электр токи ҳосил қилинади, токдан эса лампочкалар ёнади, лампочкадаги нур эса оппоқ экранга тушади, экранда эса жонли тасвирлар акс этади.
Шунда ўша киномеханик унинг сайрашини эшитиб, сўраб қолди:
— Девор ортида сайраётган қушнинг номи нима?
— Бу сарайғир, — тушунтирди унга Султонмурот.
— У нима деб сайраяпти?
— Чу, чу, сарайғир!
— Бу нима дегани?
— Билмадим. Русчасига: «Но-о, но-о, жёлтий жеребец!» — дегани бўлса керак.
— Биринчидан, айғир сариқ бўлмайди. Ҳа, майли, аммо нима учун тинмай: «Чу, чу, сарайғир!» — дейди.
Чунки бу қушнинг хаёлида худди сариқ айғирга миниб тўйга кетаётгандай туюлар экан, юриб-юриб ҳеч манзилига етолмаётгандай бўларкан-да, у ҳадеб: «Чу, чу, сарайғир!» — деб қичқирар экан.
— Мен бўлсам бошқача эшитган эдим. Айтишларича, сарайғир бозорда қарта ўйнаган ва уч сўм ютиб олишига сал қолган. Шунинг учун ҳам: «Чут, чут три рубля не вьирал!» — деб сайрар экан. Энди ўша уч сўмни ютиб олмагунича сайрашини қўймас экан.
— Қачон у ўша пулни ютиб олади?
— Ҳеч қачон. Худди, тўйга етиб боролмаганидай пулни ҳам ҳеч қачон ютолмайди.
— Ана холос…
Ҳақиқатан, кўринишдан оддийгина қушча-ю, аммо жуда машҳур экан.
Йўл бўйи сарайғирлар сайраб туришарди, Султонмурот уларга жилмайиб:
— Кетдик бирга, бозорга бориб уч сўмни ютиб оламиз! — дерди.
Улар эса тинмай сайрашарди. «Чу, чу, сарайғир!» Бошқа гал эса: «Чут, чут, три рубля не виграл!» — деб жиғибийрон бўлиб сайрашарди.
Султонмурот шаҳарга жуда тез етишга ошиқарди. Қуёш энди шундоқ тоғлар устига келиб қолган эди. Султонмурот отларни тезлатди:
— Чу, чу, сарайғир! — бу сўзларни у Чопдорга айтди. — Чу, чу, тўрайғир! — бунисини эса Чонторга қарата айтди.
Отаси уни сал қайтарди:
— Қичаб ҳайдама. Отлар ўз маромини билади. Керагида чопади, керагида ўзини асрайди ҳам.
— Уларнинг қайси бири яхши, ота, Чопдорми ё Чонторми?
— Иккаласи ҳам яхши отлар. Йўрғалаши ҳам, кучи ҳам баравар. Худди машинадай ишлайди. Фақат парвариш қилиб, ўз вақтида ем-хашак бериб турсанг бўлди — ҳеч қачон доғда қолдирмайди. Ишончли отлар. Ўтган йили Чуй каналида ботқоқликда ишладик. Аравалар юки билан гупчагигача ботиб қолар эди. Гоҳо шундай ўтириб қолардики, баъзиларини ҳеч қаёққа силжитиб бўлмасди. Дод деб юборгинг келарди. Қутқар, деб дарров чопиб келишарди. Илтимос қилишарди. Йўқ, деб бўлармиди? Чонтор билан Чопдоримни олиб келиб аравага қўшардим. Биз ҳайвон деймиз-у улар ақлли, уларни бекорга бошқа аравага қўшмасликларини, ёрдам
қилишлари кераклигини тушунади. Қамчини кўп ишлатмайман, фақат овоз чиқариб қўяман — улар бўлса, ишқилиб абзаллари чидаса бўлди, тиззалаб бўлса ҳам аравани тортиб чиқаради чуқурдан. У ерда, Чуй каналида, буларни ҳамма биларди: омадинг бор экан сени, Бекбой, деб ҳавас қилишарди. Балки шундайдир, фақат отларга яхши қараш керак, ана шунда омад ҳам келаверади.
Чондор ва Чонтор ишбилармонлардай, ўша бир маромдаги йўрғасида борар, гўё гап улар ҳакда эмасдай эди. Отлар қоринбоғлари-ю қулоқларигача терлаб-пишиб, ҳамон аввалгидай ёлларини селкиллатишганларича йўл пашшаларини қўнишига имкон бермай боришарди.
— Ота, қайси бири катта, Чонторми ё Чопдорми? — отасидан сўрайди Султонмурот.
— Чоптор уч ёш катта. Чонторнинг кексайгани аста-секин билиниб қоляпти. Чопдор эса айни кучга тўлган вақти. Бақувват, чопқир от. У билан улокда ҳам кўпларни доғда қолдириш мумкин. Олдинлари бунақа отни йигитнинг қаноти, дейишарди.
Султонмурот Чопдор унга кўпроқ ёққани учун суюниб кетди. Ажойиб тусли — бурул, майда холли. Ўзи ҳам бадфеъл эмас, чиройли, бақувват.
— Менга Чопдор кўпроқ ёқади, — деди у отасига. — Чонтор баджаҳл. Кўзини олайтиргани олайтирган.
— Баджаҳл эмас, ақллику, — кулимсираб қўйди отаси. — У ишсиз қолиб зериктиришларини ёқтирмайди. — У бир оз туриб яна қўшиб қўйди: — Иккаласи ҳам яхши.
Ўғли ҳам маъқуллади.
— Икковиям яхши, — такрорлади у отларни қистаркан.
Бир оздан сўнг отаси деди:
— Қани, жиндай тўхтатиб турчи, — тўхтат аравани.— Ўзи эса қулай фурсат кутиб ҳуштак чалди. — Отларнинг сийгиси қистади, аммо айта олишмайди. Буни сезиш керак.
Ҳақиқатан иккала ахта ҳам йўлда шовқин солиб, оппоқ кўпик сачратиб сия бошладилар, қалин, майда, упадай чанг бўлса кўпик бўлиб кўпчиб лойга ботди.
Кейин улар яна йўлга тушишди. Йўл борган сари илгарилар, тоғлар эса ортда қоларди.
Тез орада шаҳар четидаги боғлар кўриниб қолди. Кўчадарга жон кирди. Энди жиловни отаси олди. Тўғри қилди. Энди Султонмуротга отларнинг ҳам, жиловнинг ҳам қизиғи қолмаганди. Шаҳар бошланган эди. Шаҳар ҳар хил бўёқ ва ҳидлар анқиган, шовқин-суронга тўлиқ эди. Гўё тўполон оқимига ташлаб юборади-ю, у оқим бўлса уни айлантириб-айлантириб тўлқинлар домига тортиб кетгандай эди.
Ана ўшанда, ўша бахтиёр кунда ҳеч кимга насиб қилмаган омад насиб қилди унга: отчопарда, Жамбулнинг каттакон мол бозорида сайёр ҳайвонот боғи очилган экан. Тасодифни қаранг: одам умрида биринчи бор шаҳарда бўлса-ю, умрида кўрмаган ҳар хил ҳайвонлари бор ҳайвонотхонага, бунинг устига, карусел ва яна қийшиқ-қинғир қилиб кўрсатадиган ойналар аттракционига дуч келса-я.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзгалар дарди…

Қушчалар, сайроқи қушчалар қафасда бўғилиб сайрашар, бетоқат потирлаб симларга ўралган оламга карашар... Қушчалар, озодруҳ қушчалар оламдан кўзларин узмайди, чирқираб ўзларин ...

Нажот истаб тошкандга

14. НАЖОТ ИСТАБ ТОШКАНДГА Бу кун саккиз кундан берига — «кутилмаган бир бахт» эгаси бўлиб олған Кумушбиби учун бу ҳол кутилмаган бир бахтсизлик, кутилмаган бир фалокат эди. ...

Рауф  парфи  ўзтурк: “шоирнинг  онаси  изтироб, ахир!..”

ЎЗБЕК шеъриятининг Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Абдураҳмон Водилий каби иймонли шоирлари билан ёнма-ён туришга ҳақли бўлган БУГУНГИ вакили – РАУФ ПАРФИ ЎЗТУРК  эди. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400