Эрта қайтган турналар (қисса)-7

Уйда, ярим кечаси ётишга ҳозирланаётганларида Султонмурот колхоз раиси мактабга келганини онасига гапириб берди. Онасига жимгина пешанасини силаб, ҳорғингина қулоқ солди. У кун бўйи колхозда, фермада, кечқурун уйда болалари билан банд эди. Тентак Ажимурот бўлса, беҳуда қувониб ўтирибди:


— Вой-бўй! ўқимас экансан! От қўшиб плугда ер ҳайдар экансан! Мен ҳам ер ҳайдайман!
— Дарсингни тайёрладингми? — сўради онаси.
— Ҳа, тайёрладим, — деди Ажимурот.
— Бор, ётиб ухла, унингни чиқарма! Тушундингми?
Катта ўғлига эса ҳеч нима демади.
Қизларини ўринларига ётқизиб, чироқни ўчириш олдидан маъюс тортиб, ўйланиб қолди. Афтидан, Султонмуротни ухлаб ётибди деб ўйлади шекилли, бошини қўллари орасига олиб йиғлаб юборди. Нозик елкалари титраб, унсиз узоқ йиғлади. Султонмуротнинг юраги эзилиб кетди, ўрнидан туриб, қандайдир яхши гаплар айтиб онасини юпатгиси, овутгиси келди. Бироқ безовта қилишга журъат этмади, майли, юрагини бўшатиб олсин. Ахир, онаси ҳозир отаси ҳақида ҳам (у ёқда, урушда қандай аҳволда экан, деб), болалари ҳақида (улар тўртта), уйи ва ҳар хил бошқа эҳтиёжлар ҳақида ўйлаяпти-да.
Аёл киши аёллигига боради. Ўқтин-ўқтин йиғлайди. Раис Тиналиев синфдан чиқиб кетганидан сўнг муаллима Инкамол опанинг ҳам кўнгли жуда бузилиб кетди, ҳатто ўзини йўқотиб қўйди. Аллақачон танаффусга қўнғироқ чалинган бўлса ҳам ўрнидан қўзғалмади. Синф ҳам уни кутиб ўтирар, ҳеч ким ташқарига чиқмас, ҳамма муаллиманинг ўрнидан туриб, эшик томон юришини кутар эди. Эшик олдига келганида Инкамол опа йиғлаб юборди. Ўзини тутишга ҳарчанд уринмасин, бўлмади. Кўзида ёш билан чиқиб кетди. У унутиб қолдирган харитани ўқитувчилар хонасига олиб кирган Мирзагул ҳам кўзлари ёшга тўлиб қайтиб келди. Ҳа, аёллар аёллигига боради. Ҳаммага ачинишади улар, шунинг учун кўп йиғлашади. Нима қилибди, бир йил ўтар, икки йил ўтар, уруш тугаши билан яна ўқишни давом эттиришар…
Султонмурот мана шулар ҳақида ўйлар экан, ташқарида учқунлаб ёғаётган қор шивирига қулоқ тутганча ухлаб қолди.
Эртасига ҳам яна ўшандай учқунлаб қор ёғди. Изғирин музлаган ер устини яларди. Булутлар карвони осмонда вазмин сузарди. Отхонага етиб боргунча Султонмурот совқотиб кетди.
Раис Тиналиевнинг режалари Султонмуротнинг кеча ўйлаганидан мушкулроқ чиқиб қолди. Аввалига раис ва озғин, сариқ соқол, ҳаммаларига тўрттадан нўхта тутқазган бригадир Чекиш чол билан эски отхона олдидаги қўрага боришди. Қор босган қўрада аравага қўшиладиган отлар бошларини эгиб, қуруқ охурлардаги нишхўрд хашакни чимдишарди. Маълумки, ёзда отлар семиз бўлади, қишда эса эт ташлайди. Лекин буларнинг фақат териси-ю устухони қолган, холос. Уларни ишлатиб-ишлатиб, қиш келиши билан оғилхонага қамаб қўйишибди. Боқадиган, парвариш қиладиган одам йўқ. Ем-хашак танқис. Борини ҳам баҳорги ер ҳайдашга сақлаб қўйишганди.
Болалар саросимада тўхтаб қолишди.
— Нега қаққайиб қолдиларинг? — деб бақирди Чекиш чол. — Бизга Манас тулпорларини қўш қўллаб тутқазишади, деб ўйлаганмидинглар? Бир чеккадан танлайверинглар, адашмайсизлар. Яна йигирма кундан кейин бу қирчанғиларнинг ҳар биттаси буқадай ирғишлайдиган бўлиб қолади. Буларнинг зуваласи пишиқ — фақат ем беру парвариш қил! Бошқаси билан ишларинг бўлмасин!
— Олинглар, болалар, ҳамма керакли нарсалар билан таъминлаймиз, — деб қўшиб қўйди раис. — Бошланглар. Ҳар бирингга тўрттадан. Дуч келганини олаверинглар.
Шунда кутилмаган ҳол юз берди. Бу ташландиқ қўрадаги қаровсиз ориқ отлар орасида отасининг Чопдор ва Чонтор деган отлари ҳам юрар эди. Султонмурот аввал Чопдорни, кейин Чонторни таниб қолди. Уларнинг калладор, ҳурпайган, туртсанг йиқилгудеклигини кўриб Султонмурот ҳам қувониб, ҳам қўрқиб кетди. Отаси билан шаҳарга тушганларини эслади. Қандай отлар эди-я, булар отасининг қўлида эканлигида! Тетик, бардам, кучли. Энди бўлса…
— Ана, қаранг, ана, отамнинг отлари! — деб қичқирди Султонмурот раисга ва бригадирга қараб. -, Мана, Чопдор, мана, Чонтор!
— Тўғри! Ҳақ гап! Улар Бекбойнинг отлари! — дея тасдиқлади Чекиш чол.
— Ундай бўлса, ола қол шуларни! Отангнинг отларини ола қол, — деб буюрди раис.
Султонмурот отасининг отлари ёнига яна иккита отни — Окдум ва Бурулни қўшиб олди. Кейин қолганлар ҳам ўзларига от танладилар.
1943 йилнинг қишида уларни мактабдан ажратган муҳим иш ана шундай бошланди… Иш ўйлагандан ҳам кўпроқ эди. Ҳар куни отхонага боришлари, кекса Парпи ва унинг оқсоқ босқончисига ишлашларига зарур бўлган плугларни ремонт қилишга ёрдам бериш учун темирчилик устахонасига чопишлари керак эди. Авваллари кераксиз деб ташлаб юборилган ҳамма темир-терсакларни энди йиғишга ва тозалашга тўғри келди. Ҳатто ўз вазифасини ўтаб, ўтмаслашиб қолган плуг тишларини ҳам қайтадан ишга мослаштирдилар. Темирчилар болға билан уриб уларнинг дамини ўткирлаштирар, олов ва сувда обдан тоблар эдилар. Плут тишларининг ҳаммасиниям чархлаб бўлмасди, бироқ агар уддасидан чиққудек бўлса, Парпининг боши кўкка етарди. Шундай пайтлари у босқончисини устахона томига чиқариб, отхонадаги болаларни чақиртирарди.
— Ҳой, қўшчилар! — чақирарди уларни томдан туриб оқсоқ босқончи. — Бу ёққа чопинглар, уста ака чақиряпти!
Болалар чопиб келишар ва шунда Парпи чол ҳали иссиқ, салмоқли, қорамтир-кўкиш тусдаги, янгитдан ўткирланган плуг тишини токчадан оларди.
— Ма, ол, — узатарди у ўткирланган янги тишни олиш навбати келган одамга, — ол, қўлингга ушлаб кўр. Яхшилаб қара. Бор, плугингга солиб боқ. Эҳ! Чиройлилигини-чи! Худди узукка кўз қўйгандек! Шудгор қилаётганингдами, худди Тошкент ойнасидай ярақлаб туради. Бунақа тишларда юзларингни томоша қилиб юрасизлар! Балки бирорта қизга кўзгу ўрнида совға қиларсизлар-а? Зап совға бўлади-да! Энди у ёққа, токчангга қўйиб қўй. Кейин далага олиб борарсан. Ана шундай, кейинги сафар бошқа бирингга ясаб бераман. Ҳаммага ясаб бераман. Ҳеч ким тишсиз қолмайди. Ҳаммага уч жуфтдан ясаб берарман. Фақат ўзимга янги тиш қилолмайман. Сизларга тишларни етказиб берамиз. Ҳали сизлар, болалар, бизларни далада кўп эслайсизлар. Ахир плугнинг энг муҳим қисми тишида! Бошқа барча қисмлар азбаройи тиш деб қурилган. Тиш кучли бўлса, шудгор ҳам кучли бўлади. Тиш ўтмас бўлса, қўши ҳам ожиз. Мана шунақа…
Ажойиб одам эди Парпи чол. Умр бўйи темирчилик қиларди. Мақтанишни яхши кўрарди-ю, аммо ўз ишига пухта эди.
Эгар-жабдуқ устахонасига ҳам тез-тез бориб туришга тўрри келарди. Чекиш бригадир абзалларни ҳозирлашга ёрдам қилинглар, деб тайинлар эди. Абзалсиз ҳеч қаёққа боролмайсизлар. Плуглар ҳам, отлар ҳам бор дейлик, аммо абзалсиз ҳаммаси уч пул. Бу тўғри гап. Шунга кўра уларнинг ҳар бири жон куйдириб, қўлларидан келганча ўз отларига эгар-жабдуқларни тезроқ тайёрлаш учун саррочларга1 ёрдамлашарди.
Энг муҳим, энг асосий иш — отларни боқиб парвариш қилишдан иборат эди. Кун бўйи, эрталабдан кечгача отхонада бўлиб, ишдан кеч қайтишарди. Уйга фақат тунда, отларнинг сўнгги улушини, хашакни бериб бўлгач, қайтишарди. Жуда шошилиш керак эди!
Вақт жуда зиқ эди. Январнинг охири тугаб борарди. Уловни ишга солишга ўттиз, нари борса, ўттиз беш кунча қолган эди. Отларни оёққа турғазишга ва шудгор бошлангунча кучларини тиклашга улгуришадими-йўқми — буёғи энди уларга, плугчиларнинг ўзларига боғлиқ эди. От ухлаяпти, унинг олдидаги охурда доим, кечаси-ю кундузи ем туриши шарт, жонивор шундай мавжудот…
Тиналиевнинг ҳисоби бўйича февралнинг охири, ерлардан қор кетиши билан плуглар Оқсой участкасига чиқиши керак эди. Қачонлардир, узоқ вақтлар муқаддам, одамлар Оқсойни шудгорлаб уруғ сочишган. Аммо кейин негадир Оқсой далалари ташлаб кетилган. Балки Оқсой узоқ ва кимсасиз бўлганидандир, балки у ерлар суғориладиган майдон бўлмагани, бунинг устига, тепаликларда жойлашгани учундир. Бригадир Чекишнинг таъкидлашича, отаси унга шундай деган экан: Оқсойга чиққан қўшчи ё ҳеч вақосиз қолиб хонавайрон бўлади, ё хирмонни ташиб ололмай одам ёллайди. Биринчи шарти — вақтида экиб олиш. Иккинчиси— Оқсойдаги ҳосил ёмғирга ҳам боғлиқ. Чекиш чол ана шундай дер эди.
«Деҳқон доим таваккал қилади, аммо доим умидвор бўлади», — дер эди Тиналиев. Тиналиев шунга суянар ва бахтимизга ёмғир ёғиб, Оқсойнинг ғалла хирмони уйилиб қолади, деган умид билан қўшчиларни ғайратлантирар эди…
Кунлар ўтди. Ҳафта охирига бориб отлар сезиларли даражада жонланиб, бир оз этга кириб, ишлар юришиб қолди. Кунлар илий бошлади. Қиш гўё хаёл суриб, кетишга чоғланиб қолгандай эди. Шунинг учун ҳам кундуз кунлари отларни офтобга, ташқаридаги охурларга олиб чиқишар эди. Офтобда отлар яхшироқ қавзаниб, тезроқ эт олишарди. Йигирма бош Оқсой десанти девор олдидаги узун охурлар бўйлаб тўртта-тўрттадан саф тортишганди. Раиснинг эрталабки текширувида болалар ўз отларининг ёнида шай туришарди. Уларга Оқсой десанти деб Тиналиев ном қўйганди. Шу-шу бригадирлар ҳам, аравакашлар-у отбоқарлар ҳам уларни айнан десантчи, десантчилар, Оқсой отлари, Оқсой пичани, Оқсой плуглари деб атай бошлашди. Одамлар отхона ёнидан ўтаётиб, десантнинг иши қандай кетаётганини билмоқ учун кўз ташлашарди. Оқсой десантчилари ҳақида бутун овул гапирарди. Тиналиев Бекбойнинг ўғли Султонмуротни десантчиларга командир қилиб тайинлаганини ҳам ҳамма биларди. Бу ишга, албатта, Онатой қарши чиқди. У дарҳол баҳслаша бошлади:
— Нега энди Султонмурот командир бўларкан? Балки биз уни хоҳламасмиз!
Бу сўзлар Султонмуротни ёндириб юборди. Чидаб туролмай деди:
— Мен умуман командир бўлишни хохламайман! Хоҳласанг ўзинг бўлавер!
Болалардан Эркинбек ва Қуббатқул ҳам баҳсга аралашишди:
— Онатой, унга ҳасад қиляпсан! Сенга нима? Айтдиларми, бас, командир Султонмурот!
Эргаш эса Онатойнинг ёнини олди:
— Онатойнинг қаери кам? У бақувват! Фақат бўйи Султонмуротникидан сал пастроқ. Мактабда синфкомни сайлагандик, келинглар, командирни ҳам танлаб сайлаймиз… Қачон қарасанг — Султонмурот, Султонмурот!
Тиналиев уларни жимгина тинглаб турди, кейин эса жилмайиб қўйди ва бошини чайқаб, бирдан жиддийлашиб жаҳли чиқди.
— Қани жим бўлинглар-чи! — буюрди у. — Бу ёққа келинглар. Сафланинглар. Мана бундай, бир қатор бўлиб. Десантмисизлар, десантдай бўлинглар. Энди эса менга қулоқ солинглар. Эсларингда бўлсин, командир сайланмайди. Командир юқоридаги бошлиқ томонидан тайинланади.
— Ўша бошлиқнинг ўзини ким тайинлайди? — сўзини бўлди Эргаш.
— Яна ҳам юқорироқдаги бошлиқ! Орага жимлик чўкди.
— Гап бундай, болалар, — давом этди раис. — Уруш кетяпти, ҳарбийчасига яшашимизга
тўғри келади. Билиб қўйинглар, мен сизлар учун бошим билан жавоб бераман. Иккитангизнинг
отангиз ҳалок бўлган, учтангизнинғ оталарингиз фронтда. Мен сизлар учун тириклар ва
ўликлар олдида ҳам жавобгарман. Аммо мен бу жавобгарликни сизларга ишонганим учун
оляпман. Сизлар плугларингиз билан олисга, Оқсойга бориш олдида турибсизлар. Худди
алоҳида топшириқ олган парашутчилар десантидай анча куну тунни чўлда ёлғиз ўтказасиз. Агар салга баҳслашадиган ва бақиришадиган бўлсангиз, қандай яшайсиз ва қандай ишлайсиз у ерда?
Раис Тиналиев отхонада, болалар сафи олдида туриб ана шу тахлитда сўзлар эди. Собиқ парашутчи ҳамон ўша кулранг армия шинели, ўша кулранг ҳарбий қулоқчинида, чўзинчоқ юзлари ташвишли, ҳали ёш бўлишига қарамай, бир томонга майишиб қолган, қовурғалари майиб, қачон қарасанг, дала сумкасини осиб юрадиган раис Тиналиев болалар қаршисида тик турар эди.
Бекбойнинг ўғлини командир қилиб тайинлаган раис Тиналиев Оқсой десанти сафи олдида туриб ана шу алфозда сўзлар эди.
— Ҳаммаси учун сен жавоб берасан, — деди у, — одамлар учун ҳам, плуглар учун ҳам, от-уловлару эгар-жабдуқлар учун ҳам. Оқсойдаги шудгорга ҳам сен жавоб берасан. Жавоб бермоқ — бу топшириқни бажармоқ дегани. Эплолмасанг командир қилиб бошқа одамни тайинлайман. Ҳозирча эса ҳеч қанақа ва ҳеч кимнинг эътирозини инобатга олмайман.
Раис Тиналиев ўша куни отхонада кичкинагина Оқсой десанти сафи оддида туриб, ана шу тахлитда сўзларди.
Қўшчилар ихлос ва ҳайрат билан унинг юзига тикилиб, ҳар қандай буйруғини бажаришга тайёр туришарди. У болаларнинг олдида худди Манасга ўхшаб ҳайбатли, пахмоқ соч, совутда, улар бўлса унинг ёнида содиқ ботирларидай туришарди. Гўё қўлларида қалқон ва белларида қиличлари бордай эди. Манас ўз умиди, ишларини ишониб топшириб қўйган ўша азаматларнинг ўзлари кимлар эди?
Биринчи паҳлавон — Султонмурот. Майли, энг каттаси бўлмаса ҳам у ўн бешга кирган эди. Аммо ақли ва ботирлиги учун командир қилиб у — Бекбойнинг ўғли Султонмурот тайинланган эди. Унинг отаси эса оталарнинг ичида энг зиёди, бу пайт узоқ сафарда — катта урушда эди. У ўзининг жанговар оти — Чопдорни Султонмуротга қолдирди. Султонмуротнинг кичик укаси Ажимурот ҳам бор. Укасини у гоҳо жиғига текканига қарамай яхши кўрар эди. Султонмурот яна гўзал Мирзагул бекачни ҳам пинҳона севарди. Мирзагул бекачнинг табассумидан гўзалроқ табассум йўқ. Туркистон терагидай сарвқомат, юзлари оппоқ қордай, кўзлари эса зулмат тоғ бағридаги гулхандай…
Иккинчиси — машҳур паҳлавон Онатой ботир эди. У отрядда энг каттаси, қарийб ўн олти ёшга тўлиб қолганди. Бўйи оз-моз пастроқ бўлса ҳам, у ҳеч кимдан ҳеч нимада қолишмасди. Аммо куч беллашганда ҳаммадан ўтарди. Унинг оти, ботирнинг ўз номига ўхшаш Оқтўриқ камон ўқидай сапчирди! Онатойнинг отаси ҳам улкан урушда, узоқ сафарда эди. Онатой ҳам ўша ой юзли Мирзагул бекачни пинҳона севар эди. Соҳибжамолнинг бўсасига интиқ эди…
Учинчи паҳлавон — ёқимтой йигитча Эркинбек ботир эди. Оиланинг тўнғичи. Ажойиб ва садоқатли дўст. Гоҳо у маъюс уҳ тортиб, пинҳона йиғлаб ҳам оларди. Унинг отаси ўша узоқ сафарда Москвани ҳимоя қила туриб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган эди. Эркинбекнинг жанговар оти ботирга мос Оқпайпоқ — яъни, оқ пайпоқли тулпор, деб аталарди.
Тўртинчи паҳлавон — Эргаш ботир эди. У ҳам дўст, ҳам ўртоқ. Ўн беш ёшларда. Ўз фикрларини айтишни яхши кўрар, баҳсларга аралашаверарди. Аммо ишда эса унга ишонса бўларди. Унинг отаси ҳам жанг-у жадалда — узоқ сафарда. Эргашнинг оти ўзига уйқаш Олтинтуёқ деб аталарди.
Бу ботирларнинг ичида бешинчиси — Қуббатқул ботир эди! У ҳам ўн беш ёшларда, у ҳам оила тўнғичи. Қуббатқулнинг отаси ўша узоқ сафарда, ўша жанг-у жадалда, Белоруссия ўрмонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган. Қуббатқул толиқишни билмайдиган меҳнаткаш. Қар қандай ботир каби ўз оти Ипакёл тулпорини жуда севади.
Тиналиевнинг қаршисида мана шундай ботирлар туришарди. Уларнинг ортида ингичка бўйинлари ва бошлари орқасида, от боғланадиган жойдаги узун охур ёнида икки тишли плугларга қўшилган, Оқсой томон жўнаши керак бўлган йигирмата от турарди…

Қор кетиши билан улар Оқсойга, Оқсойга шудгор қилишга кетишади!
Оқсойга, ер селгиши билан Оқсойга қўш ҳайдашга боришади!
Аммо атрофда қор кетганича йўқ, ҳали у ерни қоплаб ётарди. Бироқ кунлар яқинлашиб, ҳамма нарса ўша кунга шай турарди…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

1 Сарроч – эгар-жабдуқ устаси.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 20-қисм

20 Кўпкари охиригача ёнбошлаб ётдим. Узанги йўлдошларим бир марта-да улоқ ололмади. Кўпкаридан қўлини бурунларига тиқиб қайтди. Шунда, узанги йўлдошларимга юз солдим. — Энди ...

Юлдузли тунлар-84

2 Секри тоғининг шимолий ёнбағрида салқин боғнинг тўрида жойлашган уч хонали шинам хилватхона мавлоно Хондамирга берилган эди. Бобур ўша куни Аграга жўнаб кетди. Мавлоно ...

Унутмайсизми?..

2. УНУТМАЙСИЗМИ?.. Унинг бу галги Марғилон йўлига қўзғалиши ортиқча бир оғирлиқ билан, иккиланиш билан ўралған эди. Кумушбиби учун дунёга сиғмаслиқ бир шодлиқнинг, кўргучи ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400