Эрта қайтган турналар (қисса)-8

Бешинчи боб

Ниҳоят, ўша кунлар яқинлашмоқда эди… Оқсой учун ажратилган отларни ҳамма ҳар хил — кимдир десантчи, кимдир Оқсой отлари деб атар, аммо муҳими шундаки, икки ҳафталардан кейин улар отхонадаги бошқа отлар ичида кўзга ташланиб турадиган бўлиб қолишди. Тўйғазилган, суторилган, ювиб-тараб қўйилган Оқсой отлари кучга тўлиб бораётган мускуллари, тетик кўринишлари ва зийрак чимирилган қулоқлари билан кўзни қувонтириб, десант охури бўйлаб бир қатор тизилишиб туришарди. Уларнинг ҳар бири яна ўзига хос қилиқларини қилиб, олдинги алфозга қайтган эдилар. Унутиб қўйилган одатлари яна пайдо бўлганди. Отлар ўзларининг янги хўжайинларига кўникиб қолишган эди. Таниш овоз ва қадам товушларини эшитишлари билан ўтирилиб қараб, эркаланганча, секин, гўё пичирлашаётгандай кишнаб қўйишар, юмшоқ лабларини қимтиб суйкаланишарди. Болалар ҳам отларнинг остига шўнғиб, хўжайинлардек қичқиришга ўрганиб қолишди: «Қани, оёғингни торт! Тўхта дейман, каллаварам, ҳозир! Қаранг-а, турткилаб эркалик ҳам қилади маккор! Овора бўласан, менинг қўлимга қараган биргина сен эмассан».
Дастлабки кунларда отлар сувлоққа сув ичгани базўр боришарди, кейинчалик, айниқса, дарёдан қайтишда ўйноқлайдиган бўлиб қолишди. Уларнинг ҳар бири ўзининг жанговар отини
— Султонмурот Чоп-дорни, Онатой Оқтўриқни, Эркинбек Оқпайпоқни, Эргаш Олтинтуёқни ва Қуббатқул Ипакёлни миниб олишарди-да, уларнинг ҳаммасини биргаликда дарёга ҳайдашарди.
Қишда сувлоқ қулай бўлиши, унга тушар жой тийғаноқ бўлмаслиги керак. Бир нечта от сув ичишга тушиши айниқса зарур. Шунинг учун олдиндан қирғоқларда отнинг туёғини тутиб турадиган жой ҳозирлаш, хавотирли ерларга похол тўшаб қўйиш лозим. Қаттиқ совуқларда эса музни тешишга тўғри келарди. Султонмурот бу ерда ҳам ким қайси кун сувлоқни ҳозирлаши ҳақида қатъий навбатчилик ўрнатди.
Отлар болалар назорати остида муздай оқар сувдан шошилмай, турткилашмай ичишарди. Сув бу ерда муз остидан чиқиб саёз тошлоқ бўйлаб оқар ва яна муз остига сизиб кетарди. Муз остида ҳам қулқиллаб, жилдираб, овоз чиқариб оқарди.
Отлар гўё қулоқ тутгандек сув ичишдан тўхтар, йилт этган қуёш нурларида ўзларини тоблаб олгач, яна сувни симиришарди. Сув ичиб бўлишгач, шошилмай йўлга чиқишар, отхонага қайтишда ўйноқлашиб, пишқириб, кишнаб, думларини силкитиб дам олдинга, дам орқага сапчишар, оёқларини кўтариб тик туришарди. Болалар атрофда от чопиб, гижинглатиб шовқин солишарди.
Орадан кўп вақт ўтмай одамлар десант отларини завқланиб томоша қиладиган бўлиб қолишди. Гўё улар ўша эски қирчанғи отлар эмас, қайтадан туғилгандай эди. Кексалар назар-эътибордан қолдирмай бу хусусда шундай хулоса чиқаришарди: агар у меҳнаткаш, меҳрибон одамнинг қўлида бўлса, дўнёда отдан вафодори бўлмайди. Сен унга зиғирча яхшилик қилсанг, юз ҳисса қилиб қайтаради. Сўнгра кексалар қадимда аломат бедовлар бўлганлиги ҳақидаги ривоятларни сўзлай кетишади.
Фақат раис Тиналиевдан мақтов олиш қийин. У талабчан, тикандек қаттиқ нигоҳи билан отларни, ҳаммадан аввал десантчиларнинг ўзларини бир-бир кўздан кечириб чиқади. Ҳамма нарсани ипидан игнасигача текширар, плуглар қалай, абзаллар тайёрми дер, ҳатто кимнинг шимининг тиззаси йиртиқ бўлса — нега йиртиқ, онасининг қўли тегмаса, ўзи қўлига игна олиб тикиб олиши шунчалик қийинми, дея ижикилаб сўрарди. Отнинг жабдуқлари-чи, қачон ахир тайёр бўлади жабдуқлар, деб қистовга олиб қоларди. Оқсойга отхонани кўчириб кетолмайсан, тунлари чўлга совуқ тушади. У вақт зиқлигини, Оқсойда ҳозир бугунги ишни эртага қўйиб бўлмаслигини тинмай таъкидларди. Гоҳо бақириб сўкишга қадар бориб етар, аравакашлар плугли отга, айниқса, Оқсойга кетадиган отларга сақланаётган бедани ўз вақтида етказиб беролмаганлари учун Чекиш бригадирга қаттиқ дашном берарди.
Бўлаётган воқеалардан у қадар севинмаётган кишилар ҳам бор: булар — оналар. Ҳали униси, ҳали буниси келиб, бу қандай кўргилик, умримиз бино бўлиб қулоқ эшитмаган десантни ўйлаб топишибди, эрларимизнинг урушдалиги етмасмиди, энди ўғилларимиз ҳам аскар бўлиши қолганмиди, на уйга ёрдами тегади уларнинг, на дийдорига тўйиб гаплашиб ўтириш бор. Куну тун отхонадан бери келишмайди… Хуллас, гапирса гап кўп.
Султонмуротга ҳаммадан кўра оғир, ахир командир-да. Ҳаммаси учун у жавоб бериши керак. Ҳаммасидан ҳам оналар олдида жавоб бериш оғирроқ. Онаси қўлини ювиб, қўлтиғига урди, ҳорғин: «Фақат отанг урушдан тирик қайтса бўлгани, нима қилса ўзи қилади. Тўйиб кетдим. Мен кўз юмгач, эсинг жойига тушади-ю, аммо унда кеч бўлади…» — дерди. Онасига жуда қийинлигини Султонмурот билади, лекин қўлидан нимаям келарди, унинг ўрнида ҳар қандай одам ҳам ҳеч нарса қилолмасди. Десантчиларнинг ҳар бирининг қўлида тўрттадан от ва отдан ташқари қанчадан қанча юмушлари бор. Ем бер, суғор, тагини тозала, ем-хашак тайёрла, яна ем бер, гўнгини тозалаб ташқарига олиб чиқ ва қайта шу ишларни такрорлайвериш… Отларнинг яғринларини ювиш, яраларини даволашнинг ўзи шундай машаққатки… Участка ветфельдшерининг ҳар хил суртиладиган қуюқ-суюқ дориларни қолдириб кетганини айтмаса, умуман, ўзларининг даволашларига тўғри келади. Ҳар куни дориларни суртиб туриш керак, бўлмаса даволаб бўлармиди. Боқишга-ку, амаллайсан-а, аммо яранинг устига бўйинча осиб қўёлмайсан-ку. Шу-да. Бирорта соғ от йўқ, ҳаммасининг яғринларини яра-чақа босиб кетган, оёқлари шикастланган эди. Уни даволаётганингни ҳайвон тушунмайди, қани тинч турса-чи!
Отларнинг танаси эт олиб, оёққа туриб олганларидан кейин совитиш керак бўларди. Ҳар бир отни ҳар куни бир ярим соатча йўрттириш керак, акс ҳолда, бригадир Чекиш айтганидай, «плугга қўшганда терлайди-ю, суроби тўғри бўлади-қолади».
Иттифоқо, кўнгилсиз ҳодиса юз берди…
Бир куни бешовлон ўз «жанговар» тулпорларини совитиб келишга отланишди. Султонмурот Чопдорида, Онатой Оқтўриғида, Эркинбек Оқпайпоғида, Эргаш Олтинтуёғида, Қуббатқул Ипакёлида эдилар. Аввалига одат бўйича отларни йўрттириб боришди. Отхона атрофидан, кейин кўчадан юриб қишлоқ четига чиқишди ва қор қопланган дала бўйлаб йўртиб кетишди. Қуёш чарақлаб, қорлар жимирлар, жилвакор осмон баҳор нурларига йўғрилганди. Тоғлар оппоқ, шундай сокин ва ёруғ эдикй, агар ўша оқ чўққида пашша учса эшитиладигандай ва кўринадигандай туюларди. Қиш даврини суриб бўлган, қуёш аста-секин қиздира бошларди. Отлар шитоб билан чопиб боришарди. Улар ҳам увушган оёкдарининг чигилини ёзишга ва елдек учишга жуда зориққан эдилар. Болалар жиловни бўшатишиб тезроқ, тобора тезроқ от сургилари келарди. Шундоқ чоптиришни истардиларки… Олдинда Султонмурот бормоқда эди. Онатой орқадан уни шоширарди:
— Бўл тезроқ, бунча имилламасанг!
Бироқ Султонмурот командир сифатида тезликни оширишга унчалик рўйхуш бермади. Совитиш — бу пойгада чопиш эмас сенга. Бу — отларни машқ қилдириш, кейин плутга қўшган пайтда тортишга қийналмаслиги учун қилинадиган тадбир. Десант бўлган болалар шундай боришарди. Даладан бурилиб энди ортга қайтмоқчи эдилар, тепалик ортидан қий-чув эшитилди. Болалар мактабдан қайтмоқда эдилар. Десантчиларни кўришлари билан бақириб-чақириб, қўлларини силкита бошлашди. Уларга жавобан десантчилар ҳам қичқиришар, қўл силкишарди. Синфдошлари, еттинчидагилар ҳамда бошқа синф ўқувчилари дарсдан қайтмоқда эдилар. Тўда сурон кўтариб келишарди. Тўда ичида Султонмурот Мирзагулни дарров таниди. Уни қандай тополганини ўзиям билмайди-ю, бир парча шол рўмол остидаги йилт этиб кўринган юзи, нозик жуссаси, рафтори ва овозидан бу Мирзагул эканлигини ҳис қилди. Қиз ҳам уни таниди шекилли — бошқаларга қўшилишиб нималарнидир қичқириб, сумкасини ўйнатиб, тепаликдан тушиб кела бошлади. Ҳатто «Султонмуро-от!» — деб чақиргандай ҳам бўлди. Қўлларини ёзиб унга томон югуриб интилаётгани хотирини ярқ этиб, жонлантириб юборди ҳамда шу кунларда қизни ўйлаб юрганини ва соғинганини шу лаҳзада сезди. Шунда қандайдир бир тўлқин уни ўз оғушига олиб, аллақаёқларга гирдикапалак қилиб учириб кетаётгандай ҳис қилди…
Нимадир бўлди-ю, шу заҳоти улар беихтиёр тўдалашиб ўша томонга, синфдошлари тушиб келаётган тепалик сари йўртиб кетишди. Бир зумда далани ортда қолдиришиб, нишабликдан ғойиб бўлишди. Улар тепалик ёнбағри бўйлаб саф тортишиб, отларини гижинглатиб, ҳайратланган болаларнинг ёнидан ўтиб, отхона томон ўтиб кетишлари ҳам мумкин эди-ку.
Султонмуротнинг режаси ҳам шундай эди. Шу пайт Онатой олдинга отилиб чикди. Унинг Оқтўриғи учқур от эди.
— Қаёққа, тўхта! Чоптирма! — огоҳлантирди уни Султонмурот, аммо Онатой ҳатто пинагини ҳам бузмади.
«У Мирзагул олдида ўзини кўрсатмоқчи!» — деган фикр ярқ этиб Султонмуротнинг миясига урилди. Унинг жаҳли чиқиб, чидаёлмай, жўшиб кетди ва Чопдорнинг жиловини бўшатиб, ҳой-ҳойлаб, отнинг ёлига ёпишиб олганча Онатойни қува кетди. Онатой бўлса яна отга устма-уст қамчи босди. Улар пойга чопгандай, ким ўзарга, ким биринчи бўлиб қизга етиб боришга, ким ўзининг абжирлиги ва устунлигини кўрсатишга ошиққандай қувишиб кетишди. Эҳ, шундай ажойиб пойга чопдилар-а! Отаси бекорга Чопдорда ажойиб тулпор хислатлари бор демаган экан, у ҳақиқий бедовлигини кўрсатмоқда эди. Онатойга қуюндай етиб олган Султонмурот тантана қиларди! Уларнинг беллашувини кузатиб тўхтаб қолган синфдошлари тўдасига аста назар соларкан, улар орасида қизга кўзи тушди, аслидаям уни кўрмоқчи эди-да. Ахир шу қизни деб бу беллашувда қатнашмадими. Ғалаба қозонди ҳам! Онатойни қувиб ўтгач, қизга яқинроқ бориш учун тепаликка йўналди. Чопдорнинг бошини, яхшиямки, сал тепаликка бургани, омади бор экан, бўлмаса бу ҳангома нима билан тугашини ким биларди. Чунки сўнгги дақиқаларда Онатой етиб, уни қувиб ўтаётганида рақибига бир нарса бўлгандай бўлди. Бирдан ҳамма қичқириб юборди. Султонмурот жиловни тортиб, орқасига ўгирилса, Онатой йўқ. У шиддат билан чопиб бораётган отини базўр тўхтатиб орқага қайрилди-ю, Онатойнинг Оқтўриғи қорда из қолдирганча суриб тепаликдан юмалаганини, Онатойнинг ўзи эса бир четга отилиб кетганини кўрди. Болалар гавдасини аранг қордан кўтариб тураётган Онатой томон югуриб кетишди.
Султонмуротнинг кайфи учиб кетди. Етиб келиб Онатойнинг қонга беланган қўлларини кўргач, яна ваҳима босди. Бир лаҳза кўзлари Мирзагулнинг нигоҳлари билан тўқнашди. Қўрқиб оқариб кетган бўлишига қарамай у жуда гўзал эди… Онатой ўзини ўнглаб олиб, пастда, қор уюмида типирчилаб ётган оти томон югурди. От тизгинга ўралиб қолган эди. Бу орада орқада қолган десантчилар ҳам етиб келишди. Ҳаммалари отни оёққа туришга кўмаклашиб юборишди. Шундагина Султонмуротнинг қулоғига товушлар чалиниб, ҳамма нарса жойида шекилли, дея ўзига келди. Ботирларнинг Мирзагул бекач олдида ўзларини кўрсатишга уринишлари ана шундай кўнгилсизлик билан тугади. Қизнинг кўзларига қарашга уларнинг юраклари дов бермасди. Отхонага қайтар вақт бўлгани учун чурқ этмай, апил-тапил йўлга отландилар. Фақат овулга етай деб қолганларида Эргаш Онатойнинг Оқтўриғи оқсаётганини сезиб қолди.
— Тўхта! — қичқирди у. — Нима, отингни оқсаётганини билмаяпсанми?
— Оқсаётганини? — ғўлдиради Онатой.
— Ҳа-да! Оқсаганда қандай!
— Қани, олдинга ўт-чи, — буюрди Султонмурот. — Кўрайликчи, олдинга ўт.
Ҳақиқатан, Оқтўриқ олдинги ўнг оёғини зўрға босарди. Пайпаслашиб қарашса, отнинг тўпиғи шиша бошлаганини кўришди. Жуда ёмон иш бўлди-да. Энди нима қилишни билишмасди. Отларни плугга роса тайёрлашиб-тайёрлашиб, охирида ҳаммаси чиппакка чиқди. Қор билан қопланган тепаликда ким от чопади, ахир ҳар қадамда отлар сирпаниб пастга юмалашлари мумкин эди-ку. Шундай бўлди ҳам. Хайриятки, ўзлари омон қолишди.
— Ҳаммасига сен айбдорсан! — деди жаҳл билан Онатой қизариб-бўзариб. — Қувишни биринчи сен бошлаб бердинг.
— Орқангдан: «Тўхта, қаёққа?» — деб бақирмадимми?
— Бўлмаса нега қувлаб ўтмоқчи бўлдинг?
— Ўзинг отни нега чоптириб кетдинг? Бақиришиб, талашиб, сал бўлмаса муштлашиб кетай дейишди. Лекин эсларини йиғиб олдилар. Бу от совитишдан сўнг отхонага оқсоқ отни жимгина, ҳорғин етаклаб кириб келишди. Отларни, оқсоқланаётган Оқтўриқни ҳам шовқин-суронсиз охурларига боғладилару, энди нима қилишларини билмай туриб қолдилар. Таҳлика остида ҳеч биридан бир фикр чиқмай чурқ этмай туришарди. Бу қилмишлари учун жавоб бериш кераклигини яхши билишарди. Болалар Онатойга юзланиб: секин, нима бўлганини отбоқарларга айтиб кўр. Оқтўриқ оқсоқланиб қолди, нима қилайлик, деб сўрагин, дейишди. У кўнмади:
— Нега энди мен борар эканман? Мен айбдор эмасман. Бизнинг командиримиз бор. Ўзи
бориб айтаверсин.
Яна баҳслашдилар, яна муштлашиб кетишларига сал қолди. Ҳаммадан ҳам Онатойнинг ўзини айбдор ҳисобламаётганлиги Султонмуротга алам қилиб кетди.
— Хотин экансан! — деди тутақиб. — Сен фақат оғиздагина ботирсан! Сал нарсага четда писиб турмоқчимисан! Қўрқади деб ўйлаяпсанми? Бўлар иш бўлдими — ўзим бориб айтаман ҳаммасини.
— Боравер! Шунинг учун ҳам командирсан-да, — бўш келмади Онатой.
Султонмурот ўзини қўлга олиб, ҳаммасини қандай бўлса шундайлигича отбоқарга айтиб
беришга жазм қилди. Отбоқар ҳовлиқиб югуриб бориб қоқинган отни кўздан кечира бошлади. Тўс-тўполон кўтарилди. Нақ шудгор қилиш олдидан отдан айрилиш ҳазилми ахир. Шу заҳоти Чекиш бригадир келиб дағдаға қила кетди. Буни ким бўлса ҳам етказишга улгурибди-да. Отбоқар бу вақтда Оқтўриқнинг оёғини кўздан кечириб, шикастланганми ёки суяги синганми, аниқлаётган эди. Шу пайт орқадан от туёғининг дўпир-дўпири эшитилди. Бошларини ўгириб қарашса, от устида Чекиш бригадир турибди. У индамай отдан тушди. Яқин келиб ҳайбат билан тутақиб сўради:
— Нима бўлди?
— Пайи чўзилганми ёки суяги дарз кетганмикин, шуни билмай турибмиз, оқсоқол.
— Билишмасмиш! — бақирди Чекиш жаҳлдан бўзариб. — Ҳаммангни ҳозироқ трибуналга ҳайдайман! Жой-жойингда отиб ташлайман!
Чекиш қамчисини ўйнатиб қўшчилар томон отилди. Болалар ҳар томонга тумтарақай қочиб қолишди. Чекиш уларни қува кетди. Ҳеч кимни тутолмай, баттар бўғилиб, бўзариб қамчисини силтаб дўқ қила бошлади:
— Плугга қўшиладиган отларни биз кимларга ишониб ўтирибмиз? Булар душман экан-ку!
Фашистлар! Битта қўймай отиш керак! Қанча меҳнат, қанча емни елга совурди булар! Энди шудгор нима бўлади?
У отхонани бошга кўтариб қичқирар, сўкинаркан, Султонмуротга тўқнаш келиб қолди. Болалар қочиб кетишганда ҳам Султонмурот жойидан жилмаганди. Қўрқувдан ранги қув ўчиб, жавоб беришдан бош тортолмай бригадирга термилди.
— Ҳа, ҳали бу сенмисан! Қилар ишни қилиб қўйиб, яна менга қараб турибсанми! — Чекиш чол ўзини тутолмай десантчилар командирининг елкасига қамчи тортиб юборди. Бироқ яна қамчисини кўтарди-ю, негадир урмай пишқира кетди:

— Қоч, итвачча! Қоч, дейман! Йўқол кўзимдан! Йўқса, боплаб савалайман!
Султонмурот орқага чекиниб, беихтиёр қўллари билан юзини тўсиб, жавдираган кўзларини бригадирдан узмай турарди. У чўғдай қамчи елкасини ўйиб ўтишини кутарди. Бунга чидаш, бардош бериш, қочмаслик учун бор кучини тўплаб турар эди…
— Ҳа, майли! — деди кутилмаганда Чекиш йигитчанинг ўжарлигидан ҳайратланиб. — Қолганини отанг урушдан қайтгач оласан. Бу қилмишларинг учун сени отангнинг олдида ҳам савалайман!
Султонмуротдан садо чиқмади. Чекиш эса ҳеч жаҳлидан, ҳовридан тушмай қамчисини ўйнатиб, депсинарди:
— Қоч десанг қаққайиб туради! Ахир ўзинг ўйла, ҳеч замонда сени тута олармидим!
Сизларни қувиб нима қилдим! Йўлига қочмайсанми, менга ҳам енгил бўларди! Урай десам эгнинг юпун, эгнингни десам, ўзинг ҳам қоқсуяксан, қамчи билан солиб бўлмаса. Урадиган ҳолинг бўлса ҳам майли эди! Бўлар иш бўлди. Кўнглингга олма. Отанг қайтгач, биргалашиб мен чолнинг адабини берарсизлар. Қани энди кўрсат-чи, нима қилиб қўйдиларинг…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Мeҳробдан чаён-қизиқлар

Зокир-гов хонға қуллиқ қилди ва икки-уч қадам бордон томонға юриб, бутун товши билан чақирди: — Баҳромбой! Ҳов, Баҳромбой!!! Бордон  ичидан  бир  оёғида  кафш,  иккинчиси  ...

От кишнаган оқшом (қисса) 41-42-қисм

41 Эртаси куни Душанбега учдим. Ўтирганлар шаҳодат бармоғини ликиллатиб, ўртада лайлакқушдай лўкиллаб юрган қизни имлади. Қиз уларга майда идишда сув олиб келди. Менинг ...

Мeҳробдан чаён-маъшуқа маҳбаси

Раънонинг иккинчи хати Анвар учун яна бир ташвиш эди. Унинг ёнига боришдан ҳеч бир мантиқ топмас, билъ-акс, юрак ўтининг аланга олишини, жароҳатларнинг янгиланишини кўрар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400