Эрта қайтган турналар (қисса)-10

Бир куни опа отхонага келди. Районга кетаётган йўловчи аравага отларни қўшгунларича кутиб турди. У ҳамон ўша дағал жундан тўқилган шол рўмолда, кексайиб қолган, ёлғиз, кўзлари тўла ғам-андуҳ, қийшайиб қолган дарвоза олдида турарди. Лекин орадан бир кун ўтиб қайтиб келганида эса уни таниб бўлмас, кекса муаллима ўзгариб қолгандай, аслига қайтгандай эди. Ҳатто пешанасидаги ажинлари ҳам текис бўлиб кетганди. Очиқ чеҳра билан ўқувчиларининг ишлари билан қизиқди. Султонмурот уни ҳовлини айлантириб, десант отларини кўрсатди.


— Мана, Инкамол опа, охур олдида турган бизнинг тўрттала отимиз!
— Яхши отлар, парвариш қилингани шундоққина кўриниб турибди, — мақтаб қўйди Инкамол опа.
— Илгари уларни бир кўрганингиздами, — сўзлай кетди Султонмурот. — Қоқсуяк, ҳаммаёғи яғир ва яғринлари яра-чақа, йиринг босган, оёқлари эса оқсоқ эди. Энди бўлса, ўзимиз ҳам таниёлмай қолганмиз. Инкамол опа, мана бу менинг Чопдорим. Бир кўринг қанақалигини!
Отамнинг оти. Мана буниси эса Оқпайпоқ, ана унисини Элтомон деб атаймиз…
Сўнгра муаллимага устахонада отларга уриш учун тахлаб қўйилган эгар-жабдуқларни кўрсатди. Кейин плугларни кўришди. Ҳамма нарса тахт, шу топнинг ўзидаёқ отларни қўшиб, ҳайдайверса бўладиган…
Инкамол опа жуда хурсанд бўлди. Хайрлашаётганда эса уларни ўқишдан қолдирганларида ташвишланиб, норози бўлганини, бироқ ҳозир буларни кўриб кўнгли жойига тушганини тан олди. Ҳозир, муҳими, ғалабаю одамларнинг тезроқ урушдан қайтишлари, қолган нарсаларнинг ҳиссасини чиқариб оламиз, албатта чиқарамиз, деди у.
Маълум бўлишича, Инкамол опа агар яхши хабар чиқса ҳеч нима, ҳеч қандай пул олмайдиган, бировларнинг қувончини ўзиники деб биладиган машҳур фолбин ҳузурида бўлган экан. Фолбин шунинг учун ҳам доимо ростини гапираркан. Ўша фолбин опага уч марта фол очиб, ўғлини тирик, дебди. Асир ҳам, ярадор ҳам эмас. Фақат шундай топшириқдаки, хат ёзиш ман этилган. Рухсат олгач, мана кўрарсиз, хат устига хат келаверади, дебди… Бу гапларнинг қанчаси рост, қанчаси ёлғонлигини ҳеч ким билмайди-ю, аммо бу воқеани одамларни районга олиб бориб келган аравакаш отхонада сўзлаб берди.
Инкамол опанинг фолбинга борганини эшитган Султонмурот ўшанда дафъатан ҳайрон бўлди-ю, унинг қўрқув аралаш ҳасратлари боисини энди тушуниб етди ва бир оз енгил тортгач, онасига ҳам ўша башорат қилувчи аёлга бориб отасидан бирор хабар топишни маслаҳат беришга қарор қилди.

Ҳа, буларнинг ҳаммаси ҳақида ўйлашнинг ўзи оғир ва қўрқинчли эди. Аммо булоқ кўзидан қайнаб чиқиб турган тиниқ сув оқими каби қуйилиб келаётган ёрқин ва қувончли туйғулар ҳам бор эди. Булар унинг ҳақида, Мирзагул ҳақидаги ўйлар эди. У аслида бу туйғуларни чорлашга уринмас, аммо улар ер остидан ниш урган майсалар мисол ўзидан-ўзи пайдо бўларди. Уларнинг қувончли, мусаффолиги мана шунда эди, шунинг учун ҳам улардан айрилиб қолишни истамас, бу ҳақда ўй-лашдан чарчамасди. У ҳақда ўйлар экан, ниманидир бажариши, ҳаракат қилиши ва бу йўлда ҳеч қандай фалокатлардан, ҳеч қандай қийинчиликлардан чўчиш нималигини билмасди. Лекин ҳаммасидан ҳам буларнинг барчасини қизнинг билишини истар эди.
Ўз қалбидан кечаётган туйғуларнинг барини нима деб аташни ўзи ҳам яхши билмасди. Аммо бу — ўзи одамлардан эшитган, китоблардан ўқиган севги эканлигини ғира-шира тушуниб етганди. Фронтга кетаётган йигитлар унга хатларини бирор қизга ёки ёш келинчакка бериб қўйишини сўраб бир неча бор илтимос қилишган. У бундай махфий топшириқларни ғурур билан бажарган. Бу ҳакда ҳеч қачон, ҳеч кимга лақиллаб ҳам юрмаган. Бунақа нарсалар ҳақида лақиллаб юриш йигит кишининг иши эмас-ку! Ҳатто узоқ бир қариндоши шундай хат ёзиб беришини илтимос қилган пайт ҳам бўлган. Жамонқул ҳали ёш, саводсиз эди, тоғларда қўйлар кетидан юриб, ёшлигида ўқимаганди. Шунда бирдан армияга чақирилиб қолди. Йигитнинг суюкли қизи билан хайрлашгиси келган, қоғозда бўлса ҳам ўз туйғуларини унга айтмоқчи бўлган. Овулда қиз бола тўйгача йигит билан учрашиши мумкин бўлмагач, нима қилсин. Шунда чаласавод Жамонқулнинг қариндош боладан ёрдам сўрашига тўғри келди. Жамонқул айтиб турди, Султонмурот эса унинг сўзларини қоғозга туширди. Ўшанда бу ўй ҳам, Жамонқулнинг сўз танлаб ҳаяжонланиши ҳам, хатни ёзиб тугатгунларича томоғига бир нарса туриб қолгандай бўлгани ҳам Султонмуротга кулгили бўлиб туюлган эди. Ўшанда Султонмурот аввалига ўжарлик қилиб ялинтирган, бир йил ўтмай ўзи ҳам бечора Жамонқулни ҳаяжонга солиб қўйган ўша ҳиссиёт ўзининг ҳам бошига тушишини хаёлига келтирмаган ҳолда бечора ошикдан совғага дастаси архар шохидан қилинган пичоқ олган эди. Жамонқулнинг тоғу тошда ёлғиз юриб тўқиган шеърини ҳозир Султонмурот эслади ва ичида ўзича такрорлади:

Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади,
Аммо сенинг ўхшашинг ҳеч қайдан топилмади…

Ногаҳон миясига бир фикр келди: у ҳам қизга хат ёзса бўлмайдими! Уялиб, қўрқиб ўтирмай ҳаммасини тўкиб солиш, ўз ҳис-туйғуларини унга етказиш йўли топилгач, унда ҳозироқ ҳаракат қилиш истаги, бошқаларга ҳам унинг ўзига яхши бўлганидай, унинг сингари бошқалар ҳам ўзларини бахтиёр ҳисоблашлари учун аллақандай хайрли ишларни бажариш истаги туғилди. Онасининг тезроқ соғайиб кетиши, отасини ўйлаб ҳадеб хавотирланавермаслиги учун, тезроқ яна фермада ишлаши, уйлари саришта ва иссиқ бўлиши учун, ўғли кимнидир севиб қолганини, унинг кўз ўнгида атроф аллақандай гўзаллашиб бораётганлигини бир оз сезиши учун ҳаммадан олдин онасига ёрдамлашиши керак…
У уйда бўлган уч-тўрт куни мобайнида шунчалик кўп иш қилдики, йил давомида бунчалик иш қилиб бўлмасди. Уй ва хўжаликка доир жамики ишларни тартибга солиб, саранжом-саришталади. Онасидан ҳам тез-тез ҳол-аҳвол сўраб турди:
— Яхшимисан! Бирон нарса керакмасми? Онаси унга жавобан ғамгин кулиб қўярди:
— Энди ўлим ҳам қўрқинчли бўлмай қолди. Ташвиш қилма, бирон нарса керак бўлса ўзим айтаман…
Хатни бўлса у тунда, ҳамма ухлагандан кейин ёзди. Ҳеч ким ва ҳеч нима унга халақит бермаса-да, жуда ҳаяжонланди. Аввал нимадан бошлашни ўйлаб олди. Ундай ёзиб ҳам кўрди, бундай ҳам, барибир бўлмади. Ҳар гал бошқачароқ ва бундан бошқачароқ бошлаши керакдай бўлиб туюлаверарди. Фикрлари худди пала-партиш отилаётган тошдан ҳосил бўлган сув бетидаги пуфакчаларга ўхшаб тарқаб кетарди. Қалбида ардоқлаб юрган туйғуларини изҳор қилгиси келар, аммо буларни қоғозга туширишга келганда гап қовушмай қоларди. Энг олдин унга, Мирзагулга, унинг қанчалар гўзаллигини, овулдагиларнинг ҳаммасидан гўзаллигини ва нафақат овулда, балки бутун оламда тенги йўқ эканлигини айтгиси келарди. Ўзи учун бир синфда у билан ўтириш, унинг гўзаллигини томоша қилиб термилиш ва дунёда шу термилишдан ёқимлироқ ҳеч нарса йўқлигини айтгиси келарди. Бироқ ҳаёт тақозоси билан у ўз десанти туфайли эндиликда мактабга боролмас, қачон уларнинг мактабга қайтиши номаълум бўлиб қолганди. Энди у қизни аҳён-аҳён учратар, шунинг учунми, жуда-жуда изтироб чекар ва қаттиқ соғинар эди. Шундай соғинардики, ҳатто баъзида йиғлагиси келарди. Буни у доим тан олгиси келмасди, эркак киши доим эркакларча иш тутиши керак, бироқ кўз ёшлари ҳақиқатан гоҳо томоғига келиб қоларди. Танаффус пайтлари бекорга ва дабдурустдан, сал-пал шилқимсифатликни эп кўрмай қизнинг олдига боролмаётганлигини ва унинг бекорга ўзини олиб қочиб юрганини хатда тушунтириши керак эди. Унинг туйғуларида ҳеч қандай ёмон ният бўлмаган. Сурбет Онатой ўзининг энг кучли ва довюрак эканлигини, десантчилар ичида энг зўри эканлигини кўрсатиб қўйишни кўзлаганидаги ўша ким ўзарга қувишишни ҳам унга тушунтириб беришни жуда истарди. Аммо ўшанда, қиз ўзи кўргандай, Онатой ҳеч нарса қилолмади. Афсуски, Оқтўриғи шикастланди. Аммо ҳаммасидан унинг айтгиси келган муҳим нарса — қандай қилиб синфдошлари тўдасидан қизни таниб қолгани ва уни узоқ пайтдан бери қаттиқ севишини дарров тушунгани, яна қўлларини ёзиб ва нималар деб қичқириб тепалиқдан тушиб келаётганида унинг қандай гўзал кўрингани эди. Қиз унга томон худди мусиқа оҳангидай, шаршарадай, ўт ёлқинидай югурган эди…
Дераза токчасидаги лампаларни икки марта тузатиб қўйишга тўғри келди. Пилиги тугаб борарди. Яхшиям онаси бошқа хонада ётар ва унинг охирги керосинни ёқиб тугатаётганини билмас эди. Хат ҳамон нима деб ёзишни билмагани учун эмас, балки аксинча, ҳаммасини тўкиб солиш истаги борлиги учун ҳам қовушмасди.
Ўтовдаги деразаларни аллақачон қоронғилик қоплаб, аллақачон итлар ҳуришни бас қилганди. Манас қорли тизма тоғлари пойидаги водий аҳолисининг барчаси аллақачон сукунатли февраль туни қўйнида уйқуга чўмганди. Дераза ташқарисида зим-зиё тун. Гўё унга бутун оламда фақат улар — тун ва унинг ўзи Мирзагул ҳақидаги ўйлари билан якка қолгандай туюлди.
Ниҳоят у ёзишга қарор қилди. Ўз хатини «Ошиқлик мактуби» деб номлаб, уни гўзаллик ёғдуси уйдаги лампа ёғдуси ўрнини боса оладиган, овулда яшайдиган соҳибжамол М.га бағишланганини ёзди. Кейин, бозорда минглаб кишилар учрашсаларда, фақат бир-бировларига қўл узатишни лозим кўрганларигина саломлашишини ёзди. Буларни ҳаммасини у Жамонқулнинг хатидан ёдлаб олганди. Кейин бутун ҳаётини сўнгги нафасигача қизга бағишлаганини ва шунга ўхшаш нарсаларни тўкиб солди. Хат сўнгида
Жамонқулнинг шеърини эслади:

Оқсой, Кўксой, Сариқсой — кезмаган ер қолмади,
Аммо сенинг ўхшашинг ҳеч қайдан топилмади…


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-59

Мавлоно Фазлиддин саркор бўлиб, Боғи Майдоннинг кўмилган ариқларини қайта кавлатишда, қуриган дарахтларни олиб ташлаб, ўрнига майса ва гуллар ўстиришда, Чиннихонани таъмирлаб ...

Юлдузли тунлар-85

АГРА ЮЛДУЗЛАР ГИРДОБИ 1 Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, ...

От кишнаган оқшом (қисса) 36-қисм

36 Роса ўн кунда озод бўлдим. Йўлда кўнглимга ҳадик тушди. Ҳадик танамга-да ёйилди. Уйим қолиб, Обширга йўл олдим. Адирга ўрладим. Камар олдида серрайиб қолдим. Кетимга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400