Эрта қайтган турналар (қисса)-13

Еттинчи боб

Шундай кунлар яқинлашмоқда эди…
Маст уйқуга кетгунга қадар уззукун тўлқинланиб, орзиқиб Мирзагулнинг жавоб хатини кутиш ҳисси уни тарк этмади… У нима билан машғул бўлмасин, нима ишга тутинмасин, шу ҳакда тинимсиз ўйларди. У жон-жаҳди билан ишлар, десантига топшириқлар берар, хаёлида эса Ажимуротнинг мактабда отхона томон елиб учишини орзиқиб кутилган жавоб мактубини олиб келишини кутарди. Ҳатто Ажимурот иккови келишиб олган ҳам эдилар. Агар Мирзагул жавоб берган бўлса, Ажимурот сакраб-сакраб югуриши, қўлларини силкитиб ҳаккалаши, агар жавоб бермаса, қўллари шими чўнтакларида, югурмай, аста қадам ташлаб келиши керак эди.


Султонмурот ҳадеб йўлга қарайверарди. Бироқ укаси ҳар куни қўлларини чўнтакларига солинтирганча келарди. Султонмурот тушунолмай, изтироб чека бошлади. Унинг тоқати тоқ бўлганди. Дастлаб учрашганда қиз укасига нима деганини, қизнинг ёнига қандай яқинлашгани ва улар нимани гаплашганликларини билиш учун у Ажимуротдан ижикилаб қайта-қайта сўраб-суриштираверарди. Уйга укаси аллақачон ухлаб қолган пайтда келарди. Унинг яна нималарнидир сўрагиси келарди. Бироқ суриштиришнинг ҳожати ҳам қолмаган эди. Ажимуротнинг айтишича, бу бадфеъл Мирзагул бекач танаффус пайтлари умуман у билан гаплашмас, ўзини ҳеч нарса билмагандай тутаркан. Гўёки ҳеч қанақа хат олмаганга ўхшаркан. Танаффус пайтлари дугоналари билан жўрттага гаплашиб турар, Ажимуротни эса ўзи сўраб, қўлларидан тортмагунча пайқамас ҳам экан.

Буларнинг сабабини Султонмурот ҳеч тушуниб етолмасди. Мирзагул, агар у билан ҳеч қандай муносабатда бўлиш истаги бўлмаса, нега жавоб бермайди, нега буни очиқ айтмайди? Нега индамайди, наҳотки жавоб кутиш қанчалик азоб ва оғир эканлигига ақли етмаса?
У шундай ўйлар билан ухлаб қолар, эрталаб эса яна шу ҳакда ўйлай бошларди. Вақт ҳам тугаб борарди. Мана, музлар эриб, ер эркин нафас оладиган, далада биринчи жўяк тортиладиган пайтлар келиб қолди, сен бўлсанг ҳаммасига улгуришинг керак.
Бир куни Султонмурот укасига деди:
— Мени яқинда Оқсойга, узоқ вақтга кетади, деб айт.
Жавоб қисқа бўлибди…
«Биламан», — дебди, холос.
Ўйлайвериб унинг боши қотиб қолди. Гоҳо мактабга чопиб боргиси, танаффус бўлишини кутиб туриб, уни тутиб олиб барини ўзи сўраб билгиси келар эди-ю, бироқ иккиланарди. Илгари жуда оддий бўлиб туюлган нарсалар энди машаққатли эди. Қўрқув, журъатсизлик, уят ва иккиланишдан худди тоғ-у тошдаги ўзгарувчан ҳаво каби унинг юрагини ларзага келтирар эди…
Ишни ҳам ташлаб қўйиб бўлмайди. Иш дегани тиқилиб кетди. Десант командири бўлиш осон эмас экан. Эрта тонгдан кечгача, қўли бўшамайди. Оқсойга кетиш муддати яқинлашган сари баттар ташвишлар кўпаяверди.
Кириб келаётган баҳор ташвишларни кўпайтирибгина қолмай, уларнинг турмушларини яшнатиб юборди. Сой бўйи баҳор янглиғ кенгайиб, хушнуд бўлиб кетди. Муз гўё тутун каби ғойиб бўлди. Музлардан халос бўлган сойдаги сув янада жонланиб шовуллаганча тошлар устидан чопа кетди. Тез оқаётган зангори сув остидаги ҳар бир майда тошлар нур ва сояда жилваланарди. Отлар энди туёқларидан қатра-қатра сув томчиларини сачратиб пишқирганларича сой ўртасигача йўрғалашиб боришарди. Болалар ҳам отларига минишиб, тўдага қўшилишарди. Кулгилар, муздай сувнинг сачрашидан қийчув, тўполон авжига чиқарди.
Худди шу пайтда Султонмурот сув бўйида тураркан, қизга кўзи тушиб қолди. Сойнинг кечувида уни кўрди-ю, жойида қотди. Нега ўзини йўқотиб қўйгандай бўдди-я? Мирзагул ёлғиз эмасди. Улар, қизлар тўртта эдилар. Улар мактабдан қайтишмоқда эдилар. Уларни кўрмай қолиши ҳам мумкин эди… Озмунча одам кечувдан ўтмайди дейсизми. Бир омади келиб қолди! Дафъатан кўрди-ю, жойида қотди. Кўрган заҳоти қизни таниди-ю, Чопдорнинг тизгинидан тутганича қотиб қодди. Сойнинг саёз жойидан қулочини ёзиб мувозанат сақлаб ўтар экан, қиз ҳам Султонмуротни кўрди, қирғоққа чиқиб тўхтаб, у томонга нигоҳ ташлади. Дугоналари билан кетаётиб ҳам бир неча бор орқасига қараб қўйди. Ҳар гал Мирзагул у томонга ўгирилиб қараганда Султонмурот ўз бахтига пешвоз югургиси, бир йўла, очиқ-ойдин, талмовсирамай уни қанчалик севишини айтишга тайёр эди. Усиз яшай олмаслигини айтгиси келарди. Аммо қиз ҳар ўгирилганда журъати етмай, жойида қотиб тураверарди. Мирзагул дугоналари билан Оролкўча бошида ғойиб бўлган бўлса ҳам у ҳамон Чопдорни кечувда тутиб турар, бошқа отлар эса аллақачон сув ичиб бўлишиб қирғоққа чиқишган эди. Болалар отхонага жўнаш учун отларни бир жойга тўплашди, у бўлса ҳамон гўё Чопдорни суғораётгандай жойидан қўзғалмасди…
Кейинроқ эса бу ҳакда ўйлаб ажабланди, илгарироқ уни шу ерда, мактабдан келаётганида кутиб туриш мумкин эканлигига ақли етмаганлиги учун ўзини койиди. Ҳа, ўша ерда сойнинг кечувида иттифоқо уни учратиб қолиши мумкин эдику ахир. Нега аввалроқ бу фикр калласига келмадийкин? Албатта, энди ўзи ҳаракат қилмоғи, қизни учратиб, мактуби хусусида қандай фикрда эканлигини билмоғи керак.
Агар у десант отларини суғоришга одатдагидан бироз кечроқ ҳайдаса, шундай учрашув худонинг берган куни такрорланишини у кейин билди. Ҳар сафар улар отларни кечувдан ҳайдаб кетишлари биланоқ шу ерда Мирзагулнинг пайдо бўлиши, ўзининг эса мана шу оддий нарсани пайқамаганлигини ҳис қилиши Султонмуротга жуда ҳам алам қилди. Ҳаммаси шундоқ жўнгина экан-у, у бўлса изтироб чекиб, қийналиб юрибди.

Энди у қизни кутиб туришга қатъий қарор қилди. Эртасига Султонмурот кечувда атайлаб ушланиб, болаларга тезда қайтишини, Чопдорни яхшилаб чоптиражагини айтиб, болалардан отларни суғориб қайтгач, унинг ҳам отларини жойига боғлаб, ем солиб қўйишларини илтимос қилди.
Яна Онатой орага суқилди.
— Кимни кутаётганингни биламан, — деди у сурбетларча.
Одам ҳам шундай бўладими?
Султонмурот ҳам тезлик қилди. «Билсанг билибсан-да, нима бўпти?»— деб жимгина тинчитиб қўйиш ўрнига Онатойга ўшқирди:
— Сен фашист жосусисан!
— Ким жосус? Мен-а?
— Ҳа, сен!
— Қани исботла! Агар мен жосус бўлсам, майли, трибунал отиб ташласин! Ёлғон бўлсами, тумшуғунгга тушираман.
Улар бир-бирларига ўдағайлашиб, отларини чу-чулаб ниқташиб, бир-бирларини суришганча сой ўртасида гир айлана бошлашди. Бир-бирларига бақиришиб, ғазаб билан ҳезланиб, бир-бирини от устидан итармоқчи бўлишарди. Қирғоқда болалар кулишар, уларни масхара қилиб, гиж-гижлардилар, улар эса ҳамон иккита хўроздай чинакамига чўқишарди. Атрофга сув сачраб, отлар сойда тақаларини ғижирлатганча тошга қоқила бошладилар. Шунда Эркинбек бақирди:
— Ҳей, отларни майиб қиласанлар!
Улар тезда ўзларига келишди, ҳатто баҳона топилганига суюнишиб, индамай бир-бирларидан нари кетдилар.
Бироқ барибир кайфияти бузилганди. Болалар отларни отхонага ҳайдаб кетганларидан сўнг ҳам Султонмурот зўрға ҳарсиллаб нафас оларди. Ўзини бироз овутиш учун йўлдан кўзини узмай сой бўйлаб отини йўрттириб кетди. Унча олислаб кетмасдан орқасига ўгирилиб қаради-ю, қизни кўриб қолди. Мирзагул худди кечагидай дугоналари билан келмокда эди. Улар ўзлари билан ўзлари овора, кимдир улардан бирини деб муштлашишига сал қолгани, изтироб чекаётгани, ғам-ғуссага ботиб юргани билан ишлари йўқ эди. Яқинда Султонмуротнинг онаси ўғлига қараб қўрқиб кетди: «Сенга нима бўлди? Касалмасмисан? Рангингни қара-я!» Онасини юпатиб, қўлига кўзгу олиб қаради. Ойнага қарамаганига анча бўлди, ҳеч вақти бўлмайди, ҳақиқатан ҳам кейинги кунларда жуда ўзгариб кетибди. Кўзлари худди касалларникидай киртайиб кетибди, юзи тиришиб, бўйни ингичка тортиб чўзилиб қопти. Қошлари орасига худди ажиндай иккита чизиқ тушиб, лаблари устида эса қоп-қора туклар пайдо бўлибди. Агар чироқ ёруғуда разм солинмаса, шундоқ кўринмайди. Қаранг-а! Бутунлай бошқача бўлиб кетибди, таниб бўлмайди… Отаси фронтдан қайтса, дарров таний олмаса ҳам керак…
Султонмурот отда тўғри қизга томон яқинлаша борди. Шу пайт Мирзагулнинг бир-икки марта кечув томонга қараб қўйганини кўриб қолди. Қизнинг ҳам кўзи унга тушиб, чўчиб кетди ва жойида тўхтаб қолди, кейин тезда ўзини ўнглади-да, дугоналари билан бирга юриб кетди. Улар гўё ҳеч нима бўлмагандай тошдан тошга сакраб сойдан ўтишди-ю, уй-уйларига тарқаб кетишди. У эса қизларнинг ёнидан қувиб ўтиб, худди қаёққадир иш билан шошиб бораётгандай, экинзорларни оралаб қизга тўқнаш келиш умидида кўчага чикди. У қизни кўчанинг у бошида кўрди. Султонмурот бу ердан секин юра бошлади. Улар бир-бирларига яқинлашганлари сайин уни ваҳима боса бошлади. Султонмуротга ҳамма деразалардан, эшиклардан кузатиб тургандай ҳамда уларни қандай учрашишларини ва унинг қизга нима дейишини кутиб туришгандай туюларди.
Мирзагул унчалик шошилмай келарди. Султонмурот нима содир бўлаётганини, нега ҳаяжонланаётганини тушунмас эди. Улар ахир бир синфда ўқишади-ку, унинг бирон нарсасини тортиб олиш, бир пайтлар ҳатто хафа қилиш ҳам ҳеч гап эмас эди. Ҳозир бўлса қизга ҳадиксираб, титраб-қалтираб яқинлашмоқда эди. Энди унинг бу учрашувдан қочиб, бош тортиб кетгиси келарди-ю, аммо кеч эди. Эҳтимол, Мирзагул унинг ҳолатини сезгандир. Тўқнашишларига озгина қолганида қиз бирдан шошилиб уйларига етмасданоқ қўшни ҳовлига ўзини урди. Султонмурот хурсанд бўлиб енгил нафас ола бошлади. Қиздан жудаям миннатдор бўлди. Яккама-якка учрашиш шунчалик ҳам қийин бўладими.
Кейинроқ эса журъатсизлик қилгани учун ўзини ўзи койий бошлади. Тунда уйқуси қочди, эрталаб ўрнидан тургач, қиз ҳақида ўйлаб, бугун қандай бўлмасин, ёнига бориб, тўппа-тўғри айтишга ва жиддий туриб хатига жавоб ёзадими-йўқми, қачон ёзади, шуларни сўрашга аҳд қилди. Агар жавоб бермаса хафа бўлиб ўтирмайди, эрта-индин Оқсойга жўнаб кетади, ўтган гаплар орада қолсин. Худди шундай дейди.
Шундай қатъий қарор билан кунни бошлади, мана шу мақсадда ишлади, шу мақсадда отларни суғориб келгач, яна сой томонга жўнади. Чопдорни миниб борди. Қирғоқ бўйлаб отда у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Шу аснода юраркан, беихтиёр овулдаги томларда ҳам, уйларнинг соя тушиб турадиган томонларида ҳам умуман қор қолмаганлигига кўзи тутдди, қиш бўйи тепаликларда хийлагина тўпланиб қолган қорлар эса тўқ сариқ тусга кириб турар эди. Худди улар қачонлардир зоология дарсида дафтарларга расми чизилган амёбаларни эслатарди.


Чингиз Айтматов

Эрта қайтган турналар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 15-қисм

15 Улоқ ердан қимирламади. Шунда баковул зотни оширди. — Чавандозлар-ов, эшитмадим деманглар, устига яна бир гўсам серка қўйилди! Чавандозлар чуҳ-чуҳ, дея отларини улоққа ...

Юлдузли тунлар-62

7 Бундан бир ярим йил аввал Хонзода бегим ёлғиз ўғилчаси билан Балхдан Қундузга келаётганда унинг юрагини титратган номаълум хавф-хатарлар гўё мана шу оғир чекиниш пайтини ...

От кишнаган оқшом (қисса) 9-қисм

9 Тарлонни идора олдига боғладим. Дўмбира, тушлик солинган хуржунни елкамга ташладим. Аста-аста ичкариладим. — Ассалому алайкум! — дедим. — Аҳа, келинг ука, келинг. Гиламдан ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400