От кишнаган оқшом (қисса) 18-қисм

18

Кейин… кейин, ўзимнинг-да, араз феълим тутди…
Биродарлар, сизга бир нима айтайинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а!
Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда бирор бир нимадан, ақалли бир мартагина бўлса-да, аразламасам бўлмайди. Шу ойда кун кўргандай бўлмайман!
Кўнглим ғаш бўлиб юради. Бир нима йўқотгандай теваракка аланглаб қоламан. Баҳонаталаб бўламан. Бирон-бир баҳона излайман. Қилдан қийиқ чиқараман. Игнадай нимани тоғдай қилиб кўнглимга оламан. Тумшуқ қилиб оламан!
Ўзимни ўзим хўрланган деб биламан. Кўнглим чўкиб… отам бечорани эслайман! Одамлар мени сағирлигимни билиб хўрлаяпти, дейман. Сағир бўпмиз, айбдор бўпмизми, дейман.
Ундан кейин… калламдан ўпкалайман! Хўрланишим боисини кал калламдан кўраман. Каллам кал-да, бўлмаса, мени шунчалик хўрлармидилар, дея ўксинаман.
Шунда: узанги йўлдошларим орага тушади. От жиловини ушлаб, тавалло қилади:
— Бир мартагина шайтонга ҳай беринг, Зиёдулла чавандоз! — дейди.
Аразлашимнинг ана шу ерлари кўнглимга ёғдай ёқади! Қобоғимни уюб-уюб, олисларга қарайман. Миқ этмайман!
Узанги йўлдошларим янада ғайрат қилади.
— Зиёдулла чавандоз, сиз кўп улуғ чавандозсиз, шу сафар бизни ўйланг! — дейди.
Аҳай-аҳай! Жоннинг ҳузури-я! Вужудим ҳузур қилади, вужудим роҳат қилади!
Ана шунда мойиллик бераман! Ўйчан-ўйчан бош ирғайман.
— Майли, кўп қўймадиларингиз, юзларингиздан ўтолмадим, — дейман.
Кўпдан буён араз уриш хумор қилиб юриб эди. Мана, қулай вақт келди! Яратганнинг ўзи суйган бандасига юборди! Баҳона-да бинойидай бўлди: от инсонни деб жонини аямади, баковул бўлса, от фидойилигини тақдирламади! Ана баҳона!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 22-қисм

Ҳукмдор  қошларини  чимирди,  кўк  тоқига  қирғийқараш  билан  боқди:  э-ҳе,  айланишини қаранглар-а,  тинмайди  қурмағур,  ҳеч  нарса  билан  иши  йўқ.  Бу  қуш  худди  ...

Юлдузли тунлар-64

2 Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг ...

Зулфия ҳақида сайт яратилади

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ва шоира ижодига бағишланган махсус веб-сайтни ...