“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолётларни сотиб олиш стратегиясини ўзгартиришга қарор қилди. Маҳаллий рейслар учун Канаданинг Bombardier ёки Бразилиянинг Embraer компанияларининг кичик сиғимли самолётларини сотиб олиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзади “Кун.уз” сайти.
Маҳкамовнинг таъкидлашича, ҳаво кемаларига нисбатан сиёсат ўзгарди. Эндиликда самолётлар сотиб олинмай, лизингга олинади, чунки дунё тажрибасининг кўрсатишича, лизинг кўпроқ рентабеллироқ ва самаралироқдир.
Шунингдек, маҳаллий рейслар учун 70, 80, 90 кишига мўлжалланган Bombardier, Embraer каби самолётлар олинмоқчи. Бу самолётларнинг йўловчиларни ташишдаги фойдали иш коэффициенти юқори ва таннархи пастроқ. Катта сиғимли самолётлар эса узоқ парвозлар учун қўлланади. Ҳозирда авиапаркни шу йўналишда ўзгартириш устида иш олиб борилмоқда.
Маҳкамовнинг маълум қилиишича, ҳар йили 2 тадан шундай самолётлар олиш ва 2025 йилгача ҳаво кемалари паркини 38 та самолётга етказиш режалаштирилган.
Бугун кунда миллий авиакомпания томонидан Boeing 757/767, Boeing 787-8, А320 йўловчи ва Boeing 767-300BCF юк самолётлари қўлланади.