От кишнаган оқшом (қисса) 28-қисм

28

Кўпкари қизигандан-қизиди.
Шу вақт, Жўра бобо от йўрттириб келди.
— Зиёдулла чавандоз, бизнинг тўриқниям бир кўринг, укам, — деди.
Жўра бобо шундай дея, отдан тушди. Жиловни менга узатди. Мен Тарлон жиловини унга бердим. Бобонинг қора тўриғини миндим.
Жўра бобонинг гапини ерда қолдириб бўлмайди. Жўра бобо олтмишдан ошиб қолди. Аммо фарзанди йўқ…
Икки марта уйланди. Икковида-да фарзанд бўлмади. Учинчисига уйланди. Бундан-да бўлмади.
Қўйиб юборган аёллари бошқаларга тегиб-тегиб кетди. Болалик бўлиб-бўлиб кетди.
Шунда, Жўра бобонинг боши эгилиб қолди. Юзи кўксига қараб қолди. Давраларда дастурхондан кўз олмади. Кўчаларда этиклари учига қараб юрди. Овозини қўйиб гапиролмади…
Жўра бобо бир нимага эътибор берди. Жўра бобо, деган от элдан қолди. Эл ўзини, ё, уйини кўриб, Жўра бобони эслади. Кўришиб, бардаммисиз, Жўра бобо деди. Бу уй Жўра бобоники, Бошқаларнинг оти бўлса, ҳамиша эл оғзида бўлди. Айтайлик, ҳамсоясининг ўғли мактабга боради. Муаллим йўқлама қилади. Муродов, дейди. Ҳамсоясининг ўғли сапчиб туради, мен, дейди. Синфга бир кунда олтита муаллим киради. Демак, ҳамсояси Муроднинг оти олти бор жаранглайди. Ҳамсоясининг саккиз боласи бор. Бари мактабга боради. Ҳар бирови отасининг отини кунига олти марта жаранглатади! Демак, ҳамсояси бир кунда қирқ саккиз бор эл оғзига тушади!
Яна тағин, кўчаларда неча марталаб оти айтилади. Бу кимнинг ўғли? Муроднинг ўғли? Бу кимнинг қизи? Муроднинг қизи!..
Жўра бобо жонига тўйди. Бир тушда қорадори еди. Устидан совуқ сув ичди. Ёрилиб ўлмоқчи бўлди!
Бир чинни коса сувни оғзига олиб борди. Лабларига теккизди. Шунда, бирдан айниди.
Мардона-мардона, аччиқма-аччиқ иш қилиш феъли тутди! Сувни зарда билан отиб юборди.
Коса чил-чил бўлди…
Мол-қўйларини сотди. Пулига қаймоқранг «Жигули» олди. Рулни ҳамсоясининг тўнғич ўғлига берди.
— Айтган еримга миндириб бориб келсанг бўлди, — деди. Асл мақсади бошқа бўлди. Асл мақсади — машинаси кўчани чангитиб юрсин, одамлар бу Жўра бобонинг машинаси, десин.
Жўра бобонинг машинаси қаймоқранг, десин. Йўлда ГАИлар ушлаб ужжат кўрсин, Жўра бобо, деган номни ўқисин…
Жўра бобонинг бундан-да кўнгли тўлмади. Машинасини пуллади. Пулига ана шу Тўриқни олди.
Фарзандлар насибасини-да, фарзандлар ризқи рўзини-да ана шу Тўриққа едирди…
Қариди, ўзи улоқ чопмади. Шундай бўлса-да, тўриқни кўпкариларга боқди, кўпкариларга шайлади. Чавандозлар билан олислардаги кўпкариларга борди. Бировнинг оти толиб қолса, ё ярамай қолса, ана-шу чавандозга Тўриғини берди.
Жўра бобонинг дарди ёлғиз бўлди, дарди эзгу бўлди: тўриғи улоқни айирсин. Баковул улоқни Жўра бобонинг оти айирди, дея жар солсин. Жўра бобонинг оти, кел, ҳақингни ол, десин.
Кўпкари аҳли Жўра бобо деган номни эшитсин. Қулоғи оғирлар улоқни ким олди, дея қайта сўрасин. Шунда баковул, улоқни Жўра бобонинг оти олди, дея қайта-қайта жар солсин. Жўра бобо деган номни олам-жаҳон одам эшитсин…
Баковуллар-у чавандозлар Жўра бобо дилидагини дарров илғаб олди.
Кўпкариларда Жўра бобо тўриғини марҳамат этса, чавандозлар йўқ демади. Кўнглига қаради.
Жўра бобо тўриғини берса берди, бермаса, атайин сўраб олди.
Баковуллар Жўра бобо кўнглидан борди.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Чингиз айтматов:қиёмат 28-қисм

Бу  юк  машинаси  бўлиб,  тепасига  қўлбола  қилиб  юпқа  тахтадан  айвонча  ишланган  эди. Шофёрнинг ёнида қўлида бола кўтарган хотин ўтирарди. Машина дарҳол тўхтади. Шофёр, ...

Юлдузли тунлар-39

2 Ўратепанинг жанубидаги Туркистон тизма тоғи этакларига баҳор анча кечикиб келади. Ҳамал ойининг охирларида далаларга энди қўш чиқади. Қорли Пирях чўққисининг тагида тўрт ...

Юлдузли тунлар-5

АНДИЖОН ГУЛ ВА ҚУЮН 1 Чопарлар ҳали йўлда. Уруш тўполони Андижонга етиб келганича йўқ. Шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ баланд девор билан ўралган, дарвозаларга ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400