Фарғона вилояти Риштон тумани марказидаги Фарғона кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли яшаб турган уйлари бузилишга тушгани, аммо ҳокимлик уларга керакли компенсация тўламаётганидан шикоят қилмоқда.
Маълум бўлишича, туман ҳокимлиги уларни алдаб уйларини бузишни бошлаган ва ерга қўшиб компенсация сифатида атиги 10 миллион сўмдан маблағ берган.
Айни вақтда туман марказидаги қайта қуришлар бошланиши муносабати билан одамларнинг яшаш жойлари бузилмоқда – 180га яқин тураржой ва нотурар жойлар бузилиши кутилмоқда.
“Kun.uz” нашрининг ёзишича, бундан бир ой муқаддам бу масала ўрганилганида туман ҳокими ўринбосари уйи бузилишга тушган ҳар бир хонадон эгасига бузилиш ишлари бошланишидан олдин компенсация пуллари ва ерлар берилиши ваъда қилинганди.
Лекин ҳокимлик одамлар янги жойга кўчиб ўтишини таъминламасдан, бузиш ишларини бошлаб юборган. Одамларга 10 миллион сўмдан пул берилган – одамлар бу пул пойдеворнинг бир қисмига ҳам етмаслигидан шикоят қилишмоқда.
Уй эгалари ҳокимият вакиллари кечаси келиб уйни бузиб ташламасликлари — ўз хавфсизлиги учун деворга «Бу ерда одам яшайди» ёзувини осиб қўйишга мажбур бўлишмоқда.