Амал курсиси ҳар қандай одамни ўзгартиради

Водий халқини ширинсухан, хушмуомала, аскияга уста одамлар, деб биламан. Бошқалар ҳам шундай ўйласа керак. Ҳар ҳолда, довон ошиб келганлар орасидан қўполларини учратмадим ҳали.

Лекин кейинги пайтда водий вилоятларининг биринчи раҳбарлари сўконғичлиги билан тез-тез тилга тушяпти. Масалан, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг охирги “чиқиши” атрофидаги гап-сўзлар ҳовури босилмаяпти.

Аслида-ку, ҳудудлардаги туман, вилоят даражасидаги раҳбарлар орасида оғзи шалоқ бўлмаганлари жуда кам бўлса керак. Агар эринмасдан ўрганиб чиқсангиз, бармоқларингиз ортиб қолади. Бунга, мана, мен кафил!

Жойлардаги айрим раҳбарлар сўкиш санъатини шунчалик ўрганишганки, қойил қолмай илож йўқ. Бир сафар уларнинг илғор вакилига нега бундай муомала қиласиз, десам, “Сўкмасанг одамлар ишламайди-да!” дейди илжайиб.

Биламан, бугун раҳбарларгаям осон тутиб бўлмайди. Иш кўп, вақт тиғиз, талаб қаттиқ, сўровнинг эса адаби йўқ. Аммо оддий этикага риоя қилиш шунчалик қийинми? Ёки ходимларни ҳақоратламаса, ҳурмат қилмайдими, иш кетмайдими? Онадан олиб, отаси шаънига бисотидаги энг хунук гапларни айтмаса, амал курсисидан тушиб қоладими? Ҳайронман…

Бир тарафдан, уларниям айблаб бўлмайди.  Ахир, худди шундай муҳитда “улғайган”. Бошлиқларининг “ширин” каломларини эшитиб, “ғинг” демасдан ютиб, шу жойгача етиб келган. Улар буни қусур эмас, фазилат санаса, жамоани осон бошқаришнинг қулай менежменти, деб билса неажаб?!

Яратган бандаларини синаш учун кимгадир давлат берса, бошқасига мансаб, бераркан. Баъзиларни эса дард бериб имтиҳон қиларкан. Ҳақни таниганлар оғир шароит, қийин вазиятга тушиб қолсаям “Оллоҳ севган қулига дард беради”, деб тилидан шукронаси тушмаскан.

Модомики, сизни Эгам азиз қилиб, амал берган, эл орасида обрўйингизни бир поғона кўтариб қўйган экан, илтимос, уни ер қилманг. Ўзгаларнинг ҳамиятигаям тегманг, инсон қалби билан асло ўйнашманг.

Амал курсиси катта кучга эга. У ўтирган одамни тезда мавҳ этиши турган гап. Агарки, у маърифатдан, маънавиятдан, ўзлигидан узоқлашиб кетган бўлса…

Манба:Холис фикр

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Боғча очиш йўлида сарсон бўлган аёлнинг сўнгги сўзи: “барибир фойдаси йўқ!”

Дилдора Мадаминова Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига таълим беради. Болаларга меҳри ўзгача. Нодавлат таълим муассасалари қуриш, фойдаланиш ...

Бугун халқаро “рахмат” куни

Бугун рахмат айтиш куни. Бу сана ҳақида эшитганмидингиз! (more…)