«Ёқмаса, Қирғизистонга кўчиб кетинглар!»

Халқимизда «Ҳатто қушнинг ҳам уйи бузилмасин», деган мақол бор. Чумчуқ ҳам тўртта шох-шаббадан қурилган уйчаси бузилса, чириллаб зор йиғлайди.

Бошпанасиз қолиб, ўз уйи ўрнига сўри қўйиб яшаётган, уйи бугун-эрта бузилишини билиб, эртага истиқомати қайда бўлишини аниқ била олмаётган одамлар билан суҳбатлашиш жуда қийин экан. Айниқса, мутасаддиларнинг бепарволиги ёки режани мукаммал ўйламагани орқасидан муаммода қолган ёши улуғ кишиларни бу ҳолатда кўриш ундан-да мушкул.

YouTube

Tas-IX

Риштонда айни пайтда уйи «снос»га тушган одамлар жуда қийин аҳволда.

Улардан бири Суҳроб Абдуллаев оиласи яшаётган уйни ҳокимлик вакиллари кечаси бульдозерда бузиб ташламаслиги учун кўча деворига «Бу ерда одам яшайди», деган ёзувни илиб қўйган.

Бундан бир ой олдин Фарғона вилояти, Риштон туманига бориб, туман марказини замонавий архитектура талаблари даражасидаги бинолар билан қайта қуриш ишлари бошлангани боис, асосий кўча бўйларидаги турар ва нотурар жойлар бузилаётгани ҳақида мақола тайёрлаганэдик.

Ўшанда бузилаётган уй- жой эгалари билан суҳбатлашганимизда, улар бинолар учун туман ҳокимлиги жой ва компенсация пули ажратилиши ҳақида билдирганини айтишган, бироқ, ҳокимлик вакиллари қаердан ер майдони берилиши ва компенсация пули миқдори ҳақида аниқ маълумот бера олишмаганди.

Туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров Риштон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш таклифи лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани, туман марказида жойлашган турар жой ва нотурар жой объектларини шаҳарсозлик меъёрлари асосида қайта қуриш ишлари бошлангани ҳақида гапириб, ҳар бир бузилган бино учун эгасига жой ва компенсация пули берилишини айтганди.

Қуп-қуруқ ер ва 10 миллион сўмдан компенсация олган аҳолининг руҳияти жуда тушкун

«Минор» маҳалласидамиз. Қарангки, уйлари бузилиб кўчада қолган икки хонадон соҳиблари ўз ошёнлари ўрнига усти ёпиқ сўри ўрнатиб, уй рақамларини ҳам ёпиштириб қўйишибди. Айни пайтда мана шу айвончада 18 ва 20-уй эгалари яшашаётган экан. Ташвишдан боши қотган фуқаролар билан гаплашдик.

Лолахон она Сотволдиева, 70 ёшда:

«Беш фарзандни вояга етказдим. Уйимиз бузилиб кетди. Ҳокимият компенсацияга 10 миллион сўмдан пул берган. Бу пулга пойдеворнинг бир бурчаги ҳам битмайди, ахир. 4,5 сотих ер беришган. Маблағ бўлмаса, уйни қандай қурамиз?».

«Баҳоланган пулни беринглар, деб илтимос қиляпмиз, ҳеч натижаси бўлмаяпти. Биз қай аҳволда қиналаётганимиз ҳеч кимни ташвишга солмаётганига ичимиз куйяпти. Кўч-кўроним тўрт фарзандимникига кетди. Кийимларим қайси тарафга кетганини тополмаяпман. 70 ёшга кирганда етти кўчада сарсонмиз, болажоним (кўзига ёш олади). Пулимизни берса ёзнинг иссиқ кунларида қурилишни бошламаймизми? Чанг ютиб ҳар куни шу ерда пулни кутиб ўтирибмиз».

Зулфия хола Исмоилова, 65 ёшда:

«Риштон обод бўлишини режа қилган раҳбарлардан минг бор розимиз. Фақат, катталар аввало халқни рози қилиш кераклигини унутишмасин. Фарзандларим катта бўлиб қолди. Эрим саратон касалига йўлиқиб, ётиб қолган. Энди ўғлим, келиним, набирам билан ўша бизга ажратилган 4,5 сотих жойга боришимиз керак экан. У ерда муаммо кўп, сув йўқ, йўл йўқ. Ҳокимиятдагилар, «қурилиш материалларига 50 фоиздан ёрдам қиламиз, арзон нархда олиб берамиз», дейишганди. Энди улар ваъдаларини унутишган. «Тезроқ чиқиб кетинглар, бўлмаса бульдозер солиб юборамиз», деб қўрқитишяпти. Биз қаерга борайлик? Қуруқ ергами? 10 миллион сўмга нима қурамиз? Ўша пулга 5 машина шағал, 3 машина тош олдик. Қўрқитиш ўрнига маблағимизни беришсин. Биз муаммолар ичида қолиб кетдик, ахир!»

Лаълихон она Тоғаева, 83 ёшда:

«Ёлғиз яшайман. Тўрт қиз катта қилиб турмушга чиқардим. Тошкентда турли вазирликларда ишлаганман. Нафақага чиққач, Риштонга келдим. Қўшниларимнинг уйлари бузилиб бўлди. Мен эса буздирмаяпман. Сабаби, бизга туман ҳудудидан 6 сотих қуруқ ер беришди. Айтинг, ёлғиз бошим билан у ерга қандай уй қураман? Яна, компенсацияга 10 миллион сўм пул беришди. Қизларим бировнинг хасми. Уларга ҳеч нарса дея олмадим. Турмуши бузилмасин, дейман. Кеча, уйимни буздириш учун ҳокимиятдан ўттиз нафар эркак келди. Нима қилишга ҳайронман. Уйим бузилиб кўчада қолишим керакми?»

Мутасадди: «Хоҳласангиз шу. Бўлмаса кўчиб кетинг»

Уйи бузилаётган фуқаро Суҳроб Абдуллаев ярим соат давомида ичидаги гапларни тўкиб солди.

«16-уйда туғилганимдан бери яшайман. Ота-онам, вояга етмаган 3 фарзандим бор. Отам 65 ёшда, онам 60 ёшга кирди. Шу инсонларни рози қилиш ҳаракатида юрибмиз. Бугунга келиб, ҳурматли президентимизнинг Риштон туманига назарлари тушиб, туманда ҳам хайрли ишларни, ободонлаштириш ишларини бошлашибди, раҳмат. Биз ҳам шу ишларда фаол қатнашиб, худо хоҳласа, ўз уйларимиз жойлашган ерни давлат эҳтиёжи учун ҳеч қандай қаршиликсиз беришга мингдан-минг розимиз. Фақат, ҳозир июнь ойи охирида турибмиз. Июль ойи бор, август бор. Бир-икки ой вақт қолди. Шу фурсат ичида уйимизни битириб, чиқиб кетиш ниятидамиз. Бизга 10 миллион сўмдан компенсация пули бошланғич тўлов, дея берилди. Бетон қуйдирдик, бошқа ишларни қиляпмиз. Оиланинг камчилиги кўп. Ота-онам пенсионер. Уйимиз 134 миллион сўмга баҳоланган. Биз неча марталаб сўраб бордик. «Шу ҳафта бўлади, уч-тўрт кундан кейин бўлади», дейишди. Қуруқ ваъдаларга ишониб  юрибмиз холос.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев номларига хат ёзиб, Президент девонига маҳалла фаоллари топшириб келишди. Ундан ташқари, виртуал қабулхонага ҳам бериб келишди. Бош прокуратура кўриб чиқади, дейишди. Амалий ёрдам сўраяпмиз. Ҳозирча ҳеч қанақа натижа йўқ. Президент девонхонасидаги масъул шахс ёнимизда туман ҳокимига қўнғироқ қилиб, «масалани ҳал қилинглар», деди. Мутасаддининг «ўтган йили ер берганмиз» деганига ҳайрон бўлдик. Аслида ерни Кулалон томондан шу йили беришган. Ҳаммаси компенсация пулига тақаляпти. Уй бузилишида олган материалларимизни чегириб қолишса ҳам розимиз. 70 миллион сўм қоладими, 80 миллион сўмми, шуни беришсин. Чунки, «олган нарсаларингга минус қиламиз», дейишган. Уйларимиз ота-онамга ота-онасидан қолган. Уйдаги қурилиш материаллари ҳақиқатдан ҳам яроқсиз чиқди. Термит еб ташлаган экан.

Биз ҳам туманимиз обод бўлишидан хурсандмиз. Фақат, бизга зиён етмасин. Қонунда айтилганини беришсин. Яна бир муаммо бўлди. Кеча бир киши келиб, ўзини Камолиддин деб таништирди. Куракда турмайдиган гапларни айтди. Унақа деманг десам, «сенлар ҳеч ким эмассан!» деди. Сумкамдан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортини олиб кўрсатдим. «Гапингиз умуман тўғри келмаяпти», дедим. «Ёқмаса, Қирғизистонга кўчиб кетинглар, вилоят ҳокимлигида ишлайман», деди. Одамни назар-писанд қилмайди. Ҳаммамиз ҳам инсонмиз. Ота-онамизнинг қанча умри қолган, билмаймиз. Уларнинг кўнглини топиш керак. Ниятимиз уйни тезроқ битириб, чиқиб кетиш», дейди у.

Эшонқулов Латифжон, Абдуллаева Шоирахон каби фуқароларнинг ҳам уйлари бузилган. Давлат томонидан ижарага уй берилишини, берилганда ҳам барча шароитлари бор уйлар ажратилишини хоҳлашади. Чунки шу кунгача яшаб келган уйларида сув ҳам, газ ҳам, канализация ҳам бўлган. Эндиликда улар кўчада қолганга ўхшайди. Ҳатто «икки ойдан бери телевизор кўрганимиз йўқ», дейди Эшонқулов. Ҳокимликдан бириктирилган вакиллар эса уйларни бузиб бўлишганидан кейин қорасини кўрсатганлари йўқ. Бу фуқаролардан ким хабар олади? Уларнинг арзига ким қулоқ тутади?

Риштон бозоридаги савдогарларнинг дарди эса достон бўлиб ётибди. 100га яқин барча ҳужжатларга эга дўконларнинг эгалари бизни «Қонун ва қоидалар қайда қолди? Мулкимизни бузиб ташлашса, ҳеч нарсасиз қолаверамизми?», дея саволларга тутишди.

Ҳокимликда ҳамма «снос» билан банд

Риштон туман ҳокимлигидан изоҳ сўраб бориб овора бўлдик. Кўркам бинода бирор масъул шахсни топишнинг иложи бўлмади. Қабулхонада ўтирган ёрдамчи йигит, «Ҳамма уй бузгани, «снос»га чиқиб кетган», деди. Туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров билан телефон орқали боғланган эдик, мутасадди тез орада ҳокимият биносига етиб келишини айтди.

Ҳоким ўринбосарини бир соат кутдик. Келмади. Телефонимизга ҳам жавоб бермай қўйди. Нима ҳам дердик. «Иши кўпайиб кетган» бўлса керак.

Юртда бунёдкорлик, қурилиш, янгиланиш жараёнлари кечгани қандай яхши. Бироқ ҳар бир лойиҳа бошланмасидан олдин, дўппини олиб ўйланиш керак эмасмиди?

Энг аввало, аҳолини рози қилиш биринчи даражали масала-ку?

Риштонда уйлар бузиляпти, чинорлар кесиляпти, қисқаси бесаранжомлик.

Уйлари «снос»га тушган фуқароларнинг юртда бўлаётган ўзгаришларни, бунёдкорлик ишларини тушуниб хайрихоҳ бўлаётгани таҳсинга лойиқ. Улар фақат, ҳокимият вакиллари иш бошида берган ваъдаларини унутиб қўйганидан норози.

Такрор бўлса ҳам шу ўринда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаш, уларга шарт-шароит яратиш бўйича айтган сўзларини келтирамиз: «Мулк эгасига зарари тўла қопланмагунча, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилинди».

Элмурод ЭРМАТОВ,

Манба:Kun.uz нашри

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Фаррошликнинг «ставка»си 1,5 миллионми?

Сарлавҳадан ажабланяпсиз-а? Рост, фаррошлик катта амал эмас, қуруқ маошдан бошқа «даромади» ҳам йўқ, илло билганга хайрли иш бу. Ахир тозалик ва озодаликка масъул бўлмоқ, шу ...

Асқарали жўраев бойсун туманига ҳоким бўлди

19 сентябрь куни Халқ депутатлари Бойсун тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Бу ҳақда Сурҳандарё вилояти ҳокимлиги матбуот ҳизмати маълум қилди. Унда ...

Бир мавзуда икки мақола: математикнинг ўрнига раққосни мукофотлаш нимаси?

Aйтгим келмаганди, бўлмади. Куни кеча "Индиго" финали тугади. (Канал номини айтмайман, сўраманг). Навоийлик "калкулятор бола" финалда чиқди. 2 ва 3 хонали сонни 5 хонага ...