От кишнаган оқшом (қисса) 32-қисм

32


Ҳа-е, дедим, пешонада борини кўрамизда-е, дедим.
Ҳофиз қассобдан икки кило қўй гўшт олдим. Белбоққинамга тугиб, уйга келдим. Супада чордана қуриб, гўшт нимталадим. Лаҳимни бир ёқли, суякни бир ёқли қилдим. Уккағар Ҳофиз қассоб серсуяк қилиб берибди. Хийла овора бўлдим.
Шу вақт, Тарлон пишқирди.
Кўзимни гўштдан олиб қарадим.
Тарлон жойида телбаларча ирғишлади. Ўзини уёққа урди, буёққа урди. Тасир-тусур ер тепди.
Олд оёқлари орасига тумшуқ тиқди. Қорнига тумшуқ чўзди. Сағринига тумшуқ чўзди. Тумшуғи сағринларига етиб-етмади.
Думлари билан сағринларини урди, қоринларини урди.
Орқа оёқларини кетига силтаб-силтаб пишқирди. Гўё бир нимани тепган бўлди.
Мен аввал-аввал, Тарлон шўхлашиб ўйнаяпти, деб ўйладим.
Йўқ, Тарлон шўхлашиб ўйнамади.
Тарлон дингиллади! Динг-динг этди!
Шу Тарлон ё яъжуж-маъжуж кўрди, ё олабўжи кўрди, дея ўйладим.
Ҳадаҳалаб бордим. Теварак-бошни қарадим. Яъжуж-маъжуж-да кўрмадим, олабўжи-да кўрмадим.
Ҳайрон бўлдим. От арқонини ушладим.
— Так-так, так дейман! — дедим.
Тарлон шунда-да дингиллади. Дингиллаб, арқонини юлқиди. Дингиллаб, арқонини силкиди.
Кетимга чалқайиб оёқ тирадим. Арқонни қўшқўллаб тортдим. Шунда-да бўлмади. Далбанглаб-далбанглаб кетдим. Бор-е, дея арқонни қўйиб юбордим.
Бор эътиборим билан қарадим. Бор фаросатим билан ўйладим. Қараб-қараб топдим, ўйлаб-ўйлаб топдим.
Бизнинг Тарлонга гўбалак дориди!
Гўбалакда бингак пишидай заҳар ниш бўлади. Шу нишини от баданига суқиб-суқиб ола беради.
Гўбалак осмондан тушмайди, ердан чиқмайди. Четдан-да учиб келмайди.
Унда, гўбалак қаердан келади? Гўбалак отнинг ўзида бўлади! От деб аталмиш ҳар бир жониворнинг ўз гўбалаги бўлади!
Гўбалак отнинг қаерида бино бўлади? Гўбалак отнинг думи остида бино бўлади!
Шу боис, гўбалак отпашша дейилади!
Бир қўлим билан от арқонидан маҳкам ушладим. Бир қўлим билан калламдан телпагимни олдим. Телпагимни шайлаб турдим.

Гўбалак от думи остидан чиқди дегандан, телпагим билан тапиллатиб уриб ўлдирдим.
Жойимга қайтиб бориб ўтирдим.
Тарлон тағин қозиғини айланиб-айланиб чопди. Дирк-дирк ўйнади. Ўйнаб-ўйнаб пишқирди.
Тарлон гўбалакдан халос бўлди-да! Энди, ўйнайди-да!
Тарлон думлари ёйилди, ёллари ҳурпайди. Ёллари бир чап бўйнида, бир ўнг бўйнида ўйнади!
Бир қўлим гўштда, бир қўлим пичоқда қолди. Кўзим Тарлонда қолди! Ё, пирим-ей, ё, пирим-ей!
Гўштга топширади? Шундай зотни-я? Шундай хушрўй зотни-я? Гўшт қиладиган бошқа жонивор қуридими? Ўзи, қандай қилиб гўшт қилади? Мана бундайми?
Дастурхондаги гўштга тикилдим. Ана шундай-да? Тарлон ҳадемай шундай бўлади-да? Лаҳими бир ёқли, суяги бир ёқли бўлади-да? Эб-ей, эб-ей!
Кейин, калла-пойчаси алоҳида бўлади. Туёқларини итга отиб юборадилар. Итлар туёқларни ғажиб ейди. Фақат туёқдаги нағаллар қолади.
Ёллари билан думларини кўмиб ташлайдилар. Ёллар тупроқ остида чирийди. Шундай ёллар-а?
Бу ёл эмас, ипак, ипак! Бу ёл эмас, дўмбира тори, дўмбира тори!
Тарлон от эмас, Жуманбулбул куйлаган «Қунтуғмиш»! Фозил Йўлдош куйлаган «Алпомиш»!
Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира!
«Кунтуғмиш»ни гўштга топшириб бўладими? «Алпомиш»ни гўшт қилиб бўладими?
Тарлон диркиллаб-диркиллаб ўйнади. Бирдан оёқ илди. Орқа оёқларини кенг ёйди. Бошини сарак-сарак қилди. Олд оёқларини кўтарди! Тағин, тағин-да кўтарди. Олд тиззаларини хиёл букди. Олд туёқлари ерга эгилди. Қулоқлари олға динг бўлди.
Тарлон орқа оёқларида тик турди!
Девор узра олис-олисларга қаради. Боботоғ чўққиларига қаради. Қаради-қаради… бор овози билан кишнади!
Қишлоқ узра кишнаш таралди. Хаёл қилдим, адирлардан акс садо келди. Хаёл қилдим, кишнаш Боботоғгача борди.
Биродарлар, тани жоним роҳат қилди! Жоним энтикди, таним яйради! Кўнглим хўрсинди, кўнглим жўшди.
— Аҳай-аҳай! Ҳа, овозгинангдан-а! — дедим. Ўзим кулиб, ўзим айтдим!
— Ҳа, жон! — дедим.
Кишнаш эмас, рубобий мусиқа эшитгандай бўлдим! Дўмбира сози эшитгандай бўлдим!
Биродарлар, от — рубобий мусиқа, от — кўркам суврат!
Бали-е, Тарлонбой-ей, бали-е!
Кўзим яна қўлимдаги гўшт билан суякка тушди…
Йўқ-йўқ, ўлсам-да йўл қўймайман…


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 25-қисм

25 Рихсиев қишлоққа кўчиб келди. Биров урилиб келди деди, биров шаҳардан безор бўлиб келди, деди. Урилиб келдими, сурилиб келдими, ишқилиб келди. Мактабда муаллим бўлди. ...

Эврил турон: йўлдаги ўйлар, фикрлар, мулоҳазалар (давоми)

(Давоми) Юқорида сиз “31 миллионли элдан 99 фоизи”... дедингиз. Бу фикр ҳақиқатга унча тўғри  келмайди. Келади. Ҳаёлан ҳар бир ўзбекнинг уйига бирма-бир кириб чиқинг. ...

Юлдузли тунлар-50

3 Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400