Юлдузли тунлар-74

АГРА
Ё ҲАЁТ, Ё МАМОТ
1


Иброҳим Лодининг онаси малика Байда Панипат жангида ўлдирилган ўғли учун аза тутиб, бошдан-оёқ оқ кийиниб юрар эди. Орага қўйилган одамлар унга истаган парганасини бериб, Аграни жангсиз топширишга кўндирдилар. Малика қўрғон дарвозаларининг калитини Жамна бўйида Бобурга топшираётганда кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.
Бобур бу салобатли кампирнинг кенг пешонаси ва бир-бирига қўшилган қошларини қаердадир кўргандай бўлди. Сўнг бирдан Панипат эсига тушди. Жанг тугагандан кейин бир бек минглаб ўликлар орасидан Иброҳим Лодининг жасадини излаб топган ва бошини кесиб олиб, узун найзага санчиб Бобурга келтириб кўрсатган эди. Энди қирқ ёшларга борган Иброҳим Лодининг кенг пешонаси ва пайваста қошлари ҳам худди онасиникига ўхшар эди.
Бобурга бир лаҳза шундай туюлдики, гўё Иброҳим Лоди тўсатдан тирилиб, онасининг қиёфасига кириб келган. Бобур алланечук саросима бўлиб:
— Малика, йиғламанг, — деди. — Биздан яна қандай тилагингиз бўлса айтинг?
Малика Байда кўз ёшини кафти билан тез артди:
— Менга бошқа озор бермасалар бўлди.
Бобур мулозимлари томонга юзланди:
— Минбаъд маликага ҳеч ким озор бера кўрмасин, ҳамма уни мўътабар онамиздек эҳтиром қилсин!
Мулозимлар бу топшириқни таъзим билан қабул қилдилар. Малика ҳам бош эгиб, миннатдорчилик билдирган бўлди. Аммо унинг йиғидан намланган кўзлари пўлат тиғнинг совуқ жилосини эслатиб нафрат билан ялтираб кетганини ҳеч ким кўрмади.
Малика Байда ўғлининг кушандасини кечирадиган оналардан эмас. Панипатдан мудҳиш хабар келганда малика учун осмон ўпирилиб ерга қулагандай бўлган эди. У ўғлини сўнгги марта кўришни истар, унинг жасадини ўз қўли билан тупроққа қўйиб, қабрини қучоқлаб йиғласа — кўнгли хиёл таскин топадиганга ўхшар эди. Шунинг учун малика энг ишонган одамларини Панипатга юбориб, Иброҳимнинг жасадини топиб келишни буюрган эди.

Лекин Агра билан Панипатнинг ораси уч-тўрт кунлик йўл. То ўлим хабари Аграга етиб келгунча, сўнг Аградан малика юборган одамлар Панипатга боргунча орадан бир ҳафтача ўтган, унгача ўликларнинг бир қисми кўмдирилган, бир қисми мечкай қузғунлар суякларигача тозалаб еб кетган эдилар… Малика Байда юборган одамлар султон Иброҳимнинг жасадини тополмадилар, фақат жанг куни унинг калласини найзага санчиб Бобурга элтиб кўрсатганлари ҳақида хабар топиб келдилар… Ўғлининг жасади қандай хор бўлганини эшитган онанинг қайғу-аламлари аввалгидан ўн ҳисса ошди. У ҳатто жойнамоз устида намоз ўқиб ўтирганда ҳам: «Иброҳимжон, энди бу оламда сенинг қабринг ҳам йўқ, худо менга жасадингни ҳам кўп кўрди! — деб нола қилар: — Илоҳим, сенга ўлим келтирган Бобурнинг ўзи ўлсин, бундан минг ҳисса ортиқ хор бўлиб ўлсин!» — деб қарғар эди.
Маликанинг канизлари ва хизматкорлари кўча-кўйдан унга таскин берадиган гаплар топиб келишарди. Бобурнинг аскарлари ем-хашакдан қийналиб, деҳқонларнинг экинларини отларига едирган экан, деҳқонлар ғалаён кўтариб, навкарлардан бир қанчасини болта ва паншахалар билан уриб ўлдирибди. Фотиҳларни Ҳиндистоннинг иссиқлари ҳам жуда қийнаб қўйган эмиш. Салқин тоғ ҳаволарига ўрганган от ва одамлар бу ернинг аёвсиз иссиғига бардош беролмай ўлаётган эмиш. Вабо ва қора безгак ҳам уларнинг сафларини сийраклаштириб қўяётган эмиш…
Малика овозаларнинг қанчалик ростлигини Бобур саройида хизматда юрган невараси Баҳодирдан суриштириб билмоқчи бўлди. Баҳодир ҳафта-ўн кунда келавермагач, малика «уни саройдан чиқаришмаса керак», деб ўйлади-ю, канизини подшоҳ маҳкамасига юборди. «Мен бетобман, неварамга рухсат берсинлар, мени келиб кўриб кетсин», деган маънода мактуб юборди.
Ўн етти ёшли Баҳодир форсчани ва санскритни яхши билар, Бобур учун зарур бўлган баъзи ҳужжатларни таржима қилар эди. Саройда бошқа таржимонлар ҳам бор эди. Баҳодирга кўп иш буюришмас эди-ю, лекин уни ўзича эркин ҳам қўйишмасди. Бобур уни қаттиқ қўриқлаб юришни буюрган эди. Бу қўриқчилар Баҳодирни ташқи хатарлардан эҳтиёт қилиб юргандай кўринсалар ҳам, аслида улар шаҳзодани «Иброҳим тарафдорлари томондан уюштирилиши мумкин бўлган бирон фитнага бош қўшмасин» деб синчиклаб кузатишарди. Шу сабабли Баҳодирни саройдан кўп чиқаришмасди.
Бироқ эшик оға Муҳаммад Дўлдай малика Байданинг «Касалман, неварам келиб кетсин» деган мазмундаги хатини олгач, Бобурнинг «Маликани мўътабар онамиздай эҳтиром қилинг» деган буйруғини эслади-ю, Баҳодирга жавоб берди. Фақат унинг ёнига аввалгидан икки баробар кўпроқ навкар қўшди-да, шу бугуноқ қайтиб келишни тайинлади.
Невараси келганда малика Байда дарё бўйидаги мармар кўшкнинг нимқоронғи ички хонасида хасталардай шифтга тикилиб ётган эди. Йўлда иссиқдан терлаб-пишиб кирган неварасига ёнидан жой кўрсатди-ю, мажолсиз бир аҳволда ўрнидан туриб ўтирди. Неварасининг бўғриққан юзларига қараб ҳол-аҳвол сўрашди. Ёз бу йил ҳар йилгидан ҳам иссиқ келганини айтди.
— Фотиҳлар иссиққа бардош беролмай ўлаётгани ростми? — деб сўради.
— Бирда-ярим ўлаётганлари бор, — деди Баҳодир.
— «Ҳиндистонда турмаймиз, салқин жойларга қайтиб кетамиз» деяётганлари-чи?
— Подшоҳлари кетгани қўйгайми? Кўпчилик унинг измидан чиқмас экан. Ўзи ҳам жуда гапга уста нотиқ одам экан. «Кетамиз», деб юрганларни саройга тўплаб, шундай бир гаплашдики, ҳаммаси жим бўлиб қолди.
— Сен отангнинг қотилини… мақтаяпсанми?
Баҳодир эшикка хавотирли кўз ташлаб қўйди. У ўзи билан бирга келган ҳамроҳларидан хавотирда эди. Буни сезган малика овозини пасайтириб сўради:
— Кетингга одам қўйганларми?
— Ҳа, ҳеч ким билан яккама-якка гаплашолмайман. Ҳамиша ён-веримда қўриқчилар… Ёмонласам, дарров етказадиганлар кўп.

— Қўрқма, бу хонада фақат биз иккаламиз… Илгари бизга хизмат қилган одамлардан саройда ҳеч ким борми?
— Отамнинг вазири Маликдод Короний бор… Ке-йин… бизнинг кутубхонада ишлаган тўртта олим ҳам хизматга олинди. Билишимча, Бобур ҳиндистонликларни ўзига эл қилмоқчи, уларни ишончини қозонмоқчи. Шунинг учун отамнинг барча ошпазларини саройга тўплаб, тўрттасини ўзи учун танлаб олибди.
— Шу бизнинг ошпазлар пиширган овқатларни Бобур ҳам ермишми?
— Ҳа, кўрганлардан эшитдим. Бобур ҳиндистоний таомларни ейиш билан ҳам ўзини бизнинг элга яқин кўрсатмоқчи бўлса керак.
Малика илгари ўзининг итоатида бўлган ўша тўртта ошпаздан бирортасини қўлга олиш мумкинлигини ўйлади-ю кутилмаган бир бардамлик билан ўрнидан туриб кетди. Унинг қалбини ўртаб юрган қайғу-аламлар энди бирдан янги йўл топгандай бўлди. Зўр интиқом туйғуси унинг хаёлларини бир нуқтага тўплаб, вужудига куч-қувват бергандай бўлди. «Агар Бобур ўлдирилса, унинг одамлари бу ерда туролмайди: кетади, мамлакат яна ўзимизга қолади!» деган ўй ҳам унинг ошпазларини қўлга олиш ҳақидаги қарорини мустаҳкамлади. Малика оғзини неварасинниг қулоғига яқинлаштириб сўради:
— Ўша ошпазларни сен кўрдингми?
— Кўрдим.
— Уларнинг орасида Аҳмад чошнагир йўқми?
Баҳодир бувисининг авзойи ўзгарганидан алланечук чўчиб:
— Йўқ, — деди. — Аҳмад чошнагир Аградан Атовага кетган.
Малика Баҳодирнинг эшикка яна хавотир билан кўз ташлаб қўйганини кўрди-ю, кинояомуз илжайди: «Бу неварам бўшроқ, айғоқчиси ҳам кўп экан, сир бериб қўйса жувонмарг бўлади, мен ҳам ниятимга етолмайман», деди ўзича ва кўнглидаги қалтис ниятни унга билдирмай гапни бошқа ёққа бурди:
— Бизга шунчалик содиқ кўринган одамлар ҳозир душманларимизга хизмат қиляпти-я! Э, бевафо дунё! Маликдод Короний ҳам, ошпазлар ҳам ҳаммаси сотилган! Лекин сен… душманлар билан тил учида муроса қилу дилингни отангга содиқ тут!
— Ҳали ҳам шундай, бувижон! — пичирлаб деди Баҳодир.

* * *


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-29

3 Жавзо ойининг илиқ оқшомларидан бирида Андижон аркидаги ҳарамда икки ойлик келинчак Ойиша бегимнинг хобгоҳида канизлар шоҳона тўшакка гул атри сепдилар. Олтин-кумуш буюмлар ...

Устозим рауф парфи – ора- сира гаплар

Рауф Парфи   Рауф акада туғма ҳозиржавоблик истеъдоди бор эди. Бу фазилатни тарбиялаш қийин бўлса керак. Ҳар қандай қалтис ҳолатда ҳам фавқулодда бир сўз айтардилар – ...

Чингиз айтматов:қиёмат 2-қисм

Вужуди ичра яна бир вужуд битганини сезган Акбара тинчини йўқотди. Юраги гурсиллаб ура бошлади. Кўкраги остида вояга етаётган болаларини хавфу хатарлардан асраш ва қўриш ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400