Юлдузли тунлар-76

2

Уч ойдан бери муттасил кўтарилиб бораётган жазирама иссиқлар ҳиндча ашора деб аталадиган тўртинчи ойга* келиб жуда авжига чиқиб кетди. Ёмғир фаслининг бошланишига ҳали салкам бир ой бор. Тўрт ойдан бери нам кўрмай қуриб ётган ер иссиқнинг зўридан тарс-тарс ёрилиб кетган.


Жамна дарёсининг чап қирғоғига — илгариги ташландиқ ерлар ва чакалакзорлар ўрнига қурилаётган Зарафшон боғида ҳали соя жойлар кам. Бобур қурилишни отлиқ айланиб кўрар экан, узанги темирининг иссиғи этикдан ўтиб, оёғини жизиллатиб узиб олаётганини сезади. Олтин қопланган эгарнинг офтобда ялтираётган қошини ушлаганда чўғни ушлагандай бўлиб, қўли куяр эди.
Шундай бўлса ҳам у иссиқдан беҳаловат бўлаётганини кетидан эргашиб келаётган бекларига сездирмас эди. Чунки бу беклар ўлжа тушган хазиналардан катта-катта улушлар олгандан бери салқин жойларга кетиб, роҳат-фароғатда яшашга интилишар, Агра ва унинг атрофида янгидан иморат қуриб, боғ-роғ қилишга тоқатлари йўқ эди.
Кобул ва Ғазни каби салқин жойларга тезроқ қайтиб кетишнинг йўлини излаётган беклардан бири марғилонлик Хўжа Калонбек эди.
Бобур унга узун оқ яктак кийган, кичкина оқ салла ўраган мўйсафид меъморни кўрсатди-ю:
— Танидингизми? — деди.
— Андижонлик мавлоно Фазлиддинми?
— Ҳа, Кобулдан биз билан кетма-кет келсин деб тайинлаган эдим. Сангтарош ўғли билан етиб келиб, мана шу боғнинг тарҳини чизди. Шундоқ кекса одам чидаган иссиқларга наҳотки биз бардош бера олмасак?
— Лекин мижозига иссиқ тўғри келмайдиган одамлар ҳам бор-да, ҳазратим. Кечаги боди самумда* менинг навкарларимдан учтаси тап-тап йиқилиб жон берди.
— Ажали етган бўлса, самум бир сабаб бўлган, холос, — деди Бобур ва таъзим қилиб пешвоз чиққан мавлоно Фазлиддинга юзланди. — Ҳорманг, мавлоно… Қани арзингиз бўлса эшитгали келдик.
— Арзим шуки, ҳазрати олийлари, бизга фил билан ишлайдиган филбонлар керак. Боғ ўртасидаги мармар қаср учун Деҳалпурдан жуда оғир тошлар олиб келмоқчимиз. Бундай тошларни катта аробаларга фақат филлар ортиб беришлари мумкин.
Бобур Панипат жангида филбонлари билан асир олинган сурув-сурув филларни эслади. Сўнг девонхонага ишга олинган ҳиндистонлик маслаҳатчиси Маликдод Коронийга юзлан-ди:
— Жаноб Короний, ҳарбий филларни меҳнатга ўргатиш мумкинмикин?
— Мумкин, ҳазратим. Фил жуда зийрак жонивордир. Филбонлардан эшитганим бор. Филлар
қонли жанглардан кўра осуда меҳнатга тезроқ ўрганар эмишлар.
— Бизнинг қўшинлар фил ёрдами билан жанг қилишга одатланган эмаслар. Шунинг учун Панипатда ўлжа олинган ҳарбий филларни қурилишларда ишлатмоқ мумкин. Жаноб Короний, бу фармонни шу бугуноқ барча филбонларга етказинг!
— Жоним билан.
Короний буйруқни тезроқ бажариш учун ҳозир кетмоқчи эди, Бобур уни тўхтатди:
— Яна шаҳару қишлоқларга махсус тавочилар юборинг. Биз Иброҳимдан ўлжа олинган бойликларни ободончилик йўлида сарфламоқчимиз. Шуни барча вилоятларга маълум қилинг. Қурилишларда ишлаш учун сизга ўн беш минг коргар етарликми, мавлоно?
— Етарлик. Лекин ҳазратим мармар қаср билан тош войин*ни бир йилда қуриб битиришни буюрган эдилар. Сангкорлик — тез бўладиган иш эмас…
— Сангтарошларни кўпайтирсак-чи? — деди Бобур.
— Мен ҳам шуни илтимос қилмоқчи эдим. Ҳиндис-тоннинг ҳавосига Ҳироту Самарқанддаги ғишту кошиндан кўра тошу мармар мосроқдир.
— Ҳозир қурилишларимизда қанча сангтарош уста бор, мавлоно?
— Агранинг ўзида олти юз саксон сангтарош ишлатмоқдамиз. Секрида, Деҳалпурда, яна бошқа жойларда— жами минг тўрт юз тўқсон бир сангтарош…
— Бу оз эмас! — деди Бобур. — Бобокалонимиз Амир Темур Самарқандда энг катта иморатлар қурдирганда турли мамлакатлардан икки юз сангтарош бориб ишлаган экан. Тарихчи мулла Шарафиддин* буни фавқулодда мақтаб таърифлаган эканлар. Лекин Ҳиндистон ҳунарпешаларга шу қадар бойки, биз юзлаб эмас, минглаб уста-сангтарошларни ишга таклиф этишимиз мумкин. Жаноб Короний, бизнинг қаламравимиздаги барча шаҳарларга жарчилар чиқаринг. Эълон қилсинларки, бизнинг қурилишларимизга келиб ишлайдиган коргару усталарга истаганларидан ҳам зиёда ҳақлар тўланур, имтиёзлар берилур. Дину миллат айириш йўқ. Барча усталар аввало худонинг, ундан сўнгра бизнинг ҳимоямизда бўлурлар!
Короний таъзим билан:
— Фармони олийга жонимиз фидо! — деди-да, отини буриб, Агра томонга йўл олди.
Бошқа бек ва мулозимлар тобора кучайиб бораётган иссиқдан бетоқат бўлиб, дарёда лангар ташлаб турган кемаларга қараб-қараб қўйишарди. Улар қурилишни кўриб бўлганларидан кейин подшоҳ билан бирга шу кемаларга чиқиб дам олишлари мумкинлигини билишарди. Шунинг учун қурилишга оид гаплар тугашини сабрсизлик билан кутишмоқда эди.
Лекин Бобур меъмордан бўлажак қаср билан дарё оралиғига тушадиган мармар ҳаммомнинг гумбази ва ичи қандай бўлишини сўради.
— Ичи худди Самарқанддаги Улуғбек мирзо ҳаммомидек сангфарш қилинур, — деди мавлоно Фазлиддин.— Лекин гумбази мирзо ҳаммомининг гумбазидан хийла улуғ бўлур. Деворлари қизил тошдан ишланур… Мармарнинг бир хосияти шуки, ёзда муздек салқинлик берур.
— Бўлмаса, мармар иморатларни тезроқ қурингки, биз бу жазирамада куйиб кул бўлмайлик! — деди иссиқдан бўғриққан Калонбек.
— Мармар иморатлар тезроқ битсин десангиз, отдан тушиб ҳашар қилишинг, жаноб бек! — деб тегишди мавлоно.
Бобур унинг жавобидан мамнун бўлиб кулди-да:
— Қалай, мавлоно, иссиқ ўзингизни кўп қийнамадими? — деди.
— Қийнаса ҳам чидаймиз-да. Мана шундай катта обидаларни Андижонда қурамен деб, қуролмадим. Ҳиротда қурамен деб, қуролмадим. Чизган тарҳларим ўттиз йил сарғайиб ётди. Қарангки, бутун умр қилган орзуларим узоқ Аграга келганимда рўёбга чиқадиган бўлиб турибдир. Тақдиру насибам шуни тақозо қилса, иссиғи кўзимга кўринурми? Ҳиндистоний усталар салқин тутадиган мева шарбатларию енгил таомлар ейишар экан. Мен ҳам шунга ўргандим. Эрталаб салқинда туриб бир пахра* ишлаймен. Кун қизиганда бир пахра ётиб дам олгаймен. Иссиқнинг тафти пасайгач, яна бир пахра ишлагаймиз.
— Биз бўлсак, эртаю кеч сергўшт таомлар, қазию кабоблар еюрмиз, — деди Бобур Хўжа Калонга қараб.— Яна бу етмагандек, оловли майлар ичурмиз. Хўжа Калон от устида офтобнинг тиғида туриб шундай терлаган эдики, юзи ва пешонасидан сирқиган тер томчилари мош-гуруч соқолидан оқиб кўкрагига томмоқда эди.
Бобурнинг ўзи ҳам ҳар нафас олганда ичига ҳаво эмас, олов кираётгандай бўларди. У меъмор билан гапини тугатгач, отини дарёдаги кемалар томонга бурди-ю, елдириб кетди.
Отлар тез юрганда қаршидан шабада эсгандай бўлар ва нафас олиш енгиллашар эди. Шунинг учун Бобурнинг кетидан бошқалар ҳам отларини тез ҳайдай бошладилар. Шу тарзда дарё соҳилига яқинлашар эканлар, Хўжа Калоннинг навкари минган бадахшоний қора от суриниб йиқилиб тушди. Бадахшонлик навкар оёғини отнинг тагидан тортиб олди-да, юганни силкитиб, отини турғизмоқчи бўлди. Оғзидан қон аралаш кўпик келаётган от бир-икки талпиниб кўрди, лекин ўрнидан туролмади.
— Буни ҳам офтоб урди! — деди Хўжа Калон алам билан. — Кошки бу мамлакатда от топиш осон бўлса!
— Жаноби бек, бир от учун мунча изтироб чекманг, мен буюрай, навкарларингиз бизнинг тавиладан бир от олсин, — деди Бобур.
— Ғоят миннатдормен, ҳазратим! — деди Хўжа Калонбек. — Лекин гап фақат отда эмас. Мен бу ўлимда ўз истиқболимни кўриб изтироб чекмоқдамен!
Бобур отдан тушди-ю, дарёда лангар ташлаб турган «Осойиш» номли икки ошиёнлик муҳташам кемани Хўжа Калонбекка кўрсатиб ҳазиллашди:
— Ҳозир сизга мана бу истиқбол мунтазир! Юринг!

* * *


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

______________
* А ш о р а — жавзо ойига тўғри келади. Ҳиндистонда ёз фасли баҳорда ҳут ойидан бошланиб, тўрт ой давом этади. Кейин «Пашкол» деб аталадиган
ёмғирлар фасли бошланиб, бу фасл мезон ойигача давом этади.
* Б о д и с а м у м — энг иссиқ гармсел шамол.
* В о й и н — катта ҳовуз.
* Я ъ н и Шарафиддин Али Яздий.
* Б и р п а х р а — тўрт соат.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Воҳид абдуллаев

АБДУЛЛАЕВ Воҳид Абдуллаевич (1912.15.5 -Самарқанд -1985.30.7) -адабиётшунос. Ўзбекистон ФА академияси (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1973). Филология ...

Мeҳробдан чаён-жиловхонада бир жанжал

Аср  намози  учун  масжид  жиловхонасиға  энди  уч  киши  йиғилған  эди.  Жиловхонанинг тўрида  ўлтурган  қора  тўнлик,  ўттуз  ёшлар  чамасида  рангсиз  ва  ёшлиғига  ...

Чингиз айтматов:қиёмат 37-қисм

Тоғларга турнақатор тизилиб кўтарилиб боришар,  гаплашишга фурсат йўқ, бунинг устига хотини билан уришиб Бозорбойнинг таъби тирриқ бўлган эди.  Индамай йўл босишарди. Қиш ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400