Юлдузли тунлар-78

3

Панипатда оғир ярадор бўлган Тоҳир уч ойгача ўрнидан туролмай ётди. Саройдан юборилган табиб унинг этидаги яраларни дуруст муолажа қилди-ю, лекин қовурға ва қўл суякларининг майда-майда бўлиб синган жойларини эпақага келтиролмади. Синган суякларнинг оғриғи туну кун тинчлик бермас эди. Тоҳир Аграда ўша эски қадрдони Мамат билан кичик бир ҳовличада турар, «енди бу ердан ўлигим чиқса керак», деб ўйлар эди.


Шунинг устига Кобулдан мавлоно Фазлиддин Тоҳирнинг муҳандис ўғли Сафарбекни бошлаб келиб қолди. Улар қурилишда бирга ишлайдиган ҳинд сангтарошларидан сўраб-суриштириб, агралик бир жарроҳни топиб келдилар. Жарроҳ камбағалпарвар одам эканини эшитган мавлоно Фазлиддин жиянини унга таништирар экан:
— Соҳиб Байжу, — деди. — Тоҳир ҳам аслида заҳматкаш бир деҳқон эди. Мен бунинг навкар бўлишига қарши эдим…
— Ўшда сиз ҳақ гапни айтган экансиз, мулла тоға,— деди Тоҳир. — Мен бераҳмлар орасида юриб бераҳм бўлиб кетган эканмен… Бўлмаса, йигирма йиллик қадрдоним Маматга шунчалик шафқатсизлик қилармидим? Мана, ҳаммасининг қасоси қайтди. Ҳали ҳам Мамат одамгарчилик қилди. Бўлмаса отларнинг оёғи тагида қолиб мажақланиб кетардим!
Мавлоно Фазлиддин Маматнинг бу яхшилигини келган кунлари эшитган ва уни боғ қурилишига ишга олган эди. Мавлоно буни табибга форсча аралаш урдуча тилида ҳикоя қилиб берди-да:
— Жияним ҳам энди беклигу навкарликни ташламоқчи, — деди. — Сизу биздек тинч меҳнат билан кун кўрмоқчи. Бунга ёрдам берайлик!
— Биламан, сиз бизнинг юртимизга ободончилик қилиш учун келгансиз, соҳиб, — деди Байжу, — Сиз илтимос қилганингиз учун жиянингизга қўлимдан келганича ёрдам бераман!
Табиб айтганини қилиб Тоҳирни бир ой астойдил даволади. Байжунинг сезгир қўллари қайси суяк қаеридан қандай синганини бехато аниқлаб, ҳаммасини моҳирлик билан жой-жойига қўйиб чиқди. Бир ой давомида Тоҳир унинг кафти оқиш-кўкимтир, усти қора майин панжаларига худди ўз қўлларига ўргангандай ўрганиб кетди. Кейин тузалиб ўрнидан турган куни Байжунинг шу панжаларини қўлларига олиб, кўзига сурди:
— Айтинг, соҳиб, мен бу яхшилигингизни қандай қайтарай?
— Жарроҳнинг қўлини шунчалик эъзозлаб кўзга сурганингиз — яхшилигимнинг қайтгани эмасми?
— Йўқ, мен сиздан умрбод қарздормен!
— Ким билсин, балки мен ўзим ҳозир бир қарзимни узгандирман?
Мавлоно Фазлиддин ҳам шу ерда турган эди. У табибнинг алланимани «Айтайми, айтмайми?» — деб иккиланаётганини кўрди-ю:
— Соҳиб Байжу, сиз нечун ўзингизни қарздор сездингиз? — деди.
— Бунинг тарихи узоқ… Фақат илтимос қиламан, бошқа ҳеч кимга айтмангизлар.
— Илтимосингизни бажонидил қабул қилдик!
— Менинг бир филбон акам бор. Иброҳим Лоди замонида акам Аградан иш тополмай Панжобга кетган эди. Ўша ерда қўшинларингиз қанча одамларимизни қирганини эшитипти. «Буларни ватанимга киргизмайман», дебди-ю, қўшинларингизни адаштириб, чангалзор ботқоқликка бошлабди.
— Э, бўлди, бўлди! — деди Тоҳир филбон раҳнамо Лаъл Чандни эслаб. — Бизнинг иккита навкаримизни филига урдириб, майиб қилиб кетган эди… Аммо мен ўшанда унинг довюраклигига қойил бўлган эдим. Бир ўзи бир қўшиндан қўрқмай олишган эди-я!.. Биз уни чангалзор ботқоқликдан чиқолмайди, деб ўйлаган эдик. Чиқибдими-а? Ҳозир тирикми?
— Тирик, лекин энди Аграга келишдан қўрқади… Акам ўша навкарларингни майиб қилгани… яхши бўлмаган… Эҳтимол, мен соҳиб Тоҳирни даволаганим— ўша гуноҳимизни ювиб кетгандир?
— Сиз акангиз қилган ишни гуноҳ деб атаманг, соҳиб Байжу! — эътироз қилди мавлоно Фазлиддин.— Ватанни бундай баҳодирона ҳимоя қилиш гуноҳ эмас, балки шарафдир!
— Яхши сўзларингиз учун раҳмат, соҳиб! Аммо ўша иши туфайли акам ҳамон ишсиз. Ўз ватанида бекиниб қочиб юрибди. Бола-чақаси оч-яланғоч.
— Акангиз қурилишда ишлаганми?
— Ҳа, фил билан доим қурилишда ишлар эди.
— Бўлмаса менга учрасин, иш топиб берай. Биз ҳатто ҳарбий филларни меҳнатга ўргатмоқдамиз-ку!
— Акам бунинг ҳаммасини эшитган. Иброҳим Лоди бекитиб ётган олтинларни сизлар энди  қурилишга сарфлаётганларингиздан мамнун. Аммо қўлга тушиб қолишдан қўрқади.
— Балки акангизнинг Аграга келмагани тўғридир. Бу ерда беку мулозимлар кўп, таниб қолиб, бир бало қилишлари мумкин. Акангиз аъёнлар кам борадиган чет жойдаги қурилишга келсин. Мен жума куни Деҳалпурга бораман. Истаса, ўша жойга борсин.
— Соҳиб, сизни подшоларингиз ҳурмат қилар эмишлар, энг катта қурилишларнинг саркори экансиз. Подшоҳдан акамнинг гуноҳини сўраб, шафоат олиб беролмайсизми?— Ўшанда биз бехавотир юрар эдик.
Мавлоно Фазлиддин ўйланиб турди-ю:
— Сизни бунга ишонтиролмайман Байжу, — деди.— Чунки подшоҳнинг жонига қасд қилган одамларни аёвсиз жазолаш ҳақида фармон чиқарилган. Бобур мирзо шу фармонга имзо чекканлар. Ўзлари соҳибдил шоир, маърифатлик инсон бўлсалар ҳам подшоҳлик билан фотиҳлик у кишини мураккаб зиддиятларга дучор қилган. Ўшанда Лаъл Чанд уни аскарлари билан адаштириб, йўқ қилиб юбормоқчи бўлгани эсига тушса, қаҳр устида қатл эттириб юбориши мумкин.
— Бу рост, — деди Тоҳир тоғасининг сўзини маъқуллаб, — Ҳатто мен… энди саройга хизматга қайтишдан чўчиймен. Бобур мирзони чин дилдан яхши кўрсам ҳам унинг шафқатсиз муҳитидан узоқроқ юргим келади.
— Ундоқ бўлса, энди менинг акам нажотни фақат сиздан кутади, мавлоно Фазлиддин!
— Мен унга қўлимдан келган яхшиликни қилишга тайёрмен. Келгуси жума Деҳалпурга келсин. Фақат… ўзини… Сизнинг номингиз билан атасин. Иложи бўлса қиёфасини сал ўзгартирсин.
— Акамнинг ўзи ҳам соч-соқол ўстириб, таниш қийин бўлган қиёфага кирган.
— Жуда соз. Балодан ҳазар дейдилар. Фили билан қурилишда ишлаб ўзини ўнглаб олсин, сўнгра яна кенгашиб кўрурмиз!
Табиб Байжу акаси Лаъл Чандни келгуси ҳафтада Деҳалпурга мавлоно Фазлиддин олдига юборадиган бўлиб кетди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрта қайтган турналар (қисса)-18

Ўн биринчи боб Улар югуриб боришар, шафқатсиз бир нигоҳ эса милтиқнинг мўлжал нуқтасидан мушкани уларнинг биридан иккинчиси, учинчисига тўғрилаб таъқиб этарди. Бу нигоҳ ...

От кишнаган оқшом (қисса) 25-қисм

25 Рихсиев қишлоққа кўчиб келди. Биров урилиб келди деди, биров шаҳардан безор бўлиб келди, деди. Урилиб келдими, сурилиб келдими, ишқилиб келди. Мактабда муаллим бўлди. ...

Қамоқ

13. ҚАМОҚ «Ёрмозор» мавзиъида шаҳар қўрғониға тиралиб со-линған ўрда. Ўрда дарбозасининг саҳни ботмонлаб ҳисобланған мевазор бўлиб, бунда олма, ўрик, нок ва тут ёғочлари ...