Юлдузли тунлар-82

СEКРИ
ҚАЙТА КЎЗ ОЧГАН БУЛОҚ

1

Бобурнинг махсус таклифи билан Ҳиротдан Аграга келаётган мавлоно Хондамир, шоир Шиҳоб Муаммий ва мударрис Иброҳим Қонуний уч ойга яқин йўл юрдилар.
Бадваҳима Хайбар довонидан ўтиб, серсув Синд дарёсидан кечиб, чангалзор ўрмонларни оралаб борар эканлар, мавлоно Хондамир оламнинг нақадар улканлигини энди биринчи марта астойдил ҳис қилди. Ҳафталар, ойлар давомида отлиқ сафар қилиб охирига етиб бўлмайдиган бағри кенг ўлкалар ҳаммаси энди яхлит бир давлат бўлиб бирлашганлиги, Балхдан Кобулгача, ундан Лахўр ва Деҳлигача ҳамма жойда Бобурнинг муҳри босилган фармонини бетўхтов адо этишларидан сезилар эди. Бу фармонга мувофиқ Хуросон ва Мовароуннаҳрдан Бобурнинг таклифи билан келаётган илму санъат аҳлини, ҳунарпешаларни барча вилоят ҳокимлари, барча қўриқчи аскарлар ва бекат назоратчилари қўшни давлат элчиларига кўрсатиладиган иззат-икром билан кутиб олиб, кузатиб қўйишлари керак эди. Йўлларда ҳали қароқчилар тугатилмаган, тартиб ўрнатилмаган нотинч шаҳар ва қишлоқлар бор эди. Хондамир ва унинг ҳамроҳларини бундай жойлардан «бадрақа» деб аталадиган икки юз-уч юз кишилик қўриқчи аскарлар ўтказиб қўйишарди.
Карвонсаройларда ҳам уларни «подшоҳнинг хос меҳмонлари» дейишиб, энг яхши хоналарга жойлаштиришар, қўлларидаги қоғозларига биноан кундалик таомлари учун бепул гуруч, гўшт, ёғ беришар, тағин майда харажатлари учун махсус улуфа ҳам тўлашарди. Чарчаган от-уловларини алмаштиришлари керак бўлиб қолса, ёмчилар боқувдаги от-уловларидан уларга биринчи навбатда беришар эди. Кобулдан Деҳлигача бўлган минглаб чақирим йўл бўйидаги карвонсаройлар ва ёмлар Бобурнинг ҳаракатлари билан шунчалик обод ва шунчалик яхши ишлаб турар эди.
Хондамир йўлларда, бекатларда Ҳиндистонга бориб келаётган элчилар, сайёҳлар ва савдогарларни кўп учратарди. Бултур Аградан эллик чақиримча ғарбдаги Секри деган жойда Бобур Рано Санго билан урушиб, Панипатдагидан ҳам улканроқ ғалабага эришгандан кейин уни астойдил тан олиб, элчи юбора бошлаган подшоҳлар кўпайиб қолган эди. Хондамир Лахўрда учратган қизилбошларнинг элчиси Шоҳ Тахмаси И* номидан ғалати совғалар олиб бормоқда эдилар. Бу совғалар орасида оқ туянинг зар уқали кажавасида парваришлаб олиб кетилаётган иккита гўзал черкас қизи ҳам бор эди. Шоҳ Тахмаси бу қизларни Бобурнинг ҳарамига атаб юборган эди.
Хондамир Деҳлидан шимолроқдаги бир бекатда самарқандлик ва тошкентлик элчиларни ҳам учратди. Секридаги ғалабанинг шуҳрати атроф мамлакатларга ёйилганидан кейин Бобур Ҳиндистонда тузган янги давлатни унинг ашаддий душманлари бўлган шайбонийзо-далар ҳам тан олган эдилар. Ҳозир Самарқанд тахтида ўлтирган Кўчкинчихоннинг элчиси Бобурга Самарқанднинг сояки майизларидан, Конибодомнинг субҳони ўрикларидан, Бухоронинг ўткир майларидан, Мовароуннаҳрнинг бошқа ноёб неъматларидан етти туяга совға-салом юклаб, ёнига икки юзта яхши отни ҳам тортиқ қилиб қўшиб келтирган эди. Бобур бу элчини ўзининг Жамна бўйида қурдирган янги Ҳашт Биҳишт боғида хонлар ўтирадиган оқ кигиз устига ўтқазиб, камоли эҳтиром билан қабул қилган эди. Бобурнинг қабулидан ва совға-саломларидан мамнун бўлиб қайтаётган хон элчиси Хондамирга мақтанди:
— Э, мавлоно, биз Ҳиндистонда кўрган хирмон-хирмон олтинларни ҳали ҳеч ким кўрмагандир. Бобур мирзо қуйма олтиндан қилинган тахтда ўлтирибдир. Тахтнинг пастига катта гилам тўшалган экан. Вилоят ҳокимлари ҳар йили берадиган олтинларини шу гиламнинг устига келтириб тўкдилар. Бирпасда олтиндан катта хирмон кўтарилди.
Бобур шайбонийзодаларнинг олтинга суқ одамлар эканини билгани учун элчининг кўзи олдида атайлаб шундай хирмон кўтарганини Хондамир ич-ичидан сезиб кулди:
— Жаноб элчи бу хирмондан капсан олмадиларми?
— Подшоҳ бизга қимматбаҳо саруполар кийдирди. Гилам устидаги олтиндан ҳазрат Кўчкинчихонга атаб совға берилди. Олтин тангаларни санаб ҳам ўлтирмадилар. Икки юз эллик мисқолни бир кумуш тош билан тортиб бердилар — қўйдилар.
— Икки орада бирон шартнома тузилдими?
— Ҳа, бемалол борди-келди қиладиган бўлдик. Савдо-сотиқ тикланди. Алоқалар илгаригидан яхшироқ равнақ топғусидир. Биз булардан ипак, зиравор олурмиз. Буларга ҳўлу қуруқ мевалар, от-уловлар сотурмиз… Йўли узоқ бўлса ҳам корвонларимиз иштиёқ билан келиб кетади. Чунки Бобур мирзо бутун қаламравида тамға* солиғини бекор қилмишлар. Ўзбек, туркман, тожик, ҳинд, араб, ажам, форс — қўйингки, ҳамма бани башар* бу оғир солиқдан халос бўлиб, даромадлари ошибди. Ҳунарманду савдогарлар ҳам шунисидан жуда мамнун. Фақат Бобур подшонинг бир амри бизга маъқул келмади.
— Қайси амри? — қизиқиб сўради Хондамир.
— Бутун мамлакатида май ичиш ман этилмишдир. Бобур мирзонинг ўзи ҳам «минбаъд ичмаймен», деб бутун эл олдида тавба қилибдирлар. Базмлари ичкиликсиз… муздаккина!
Кўчкинчихоннинг элчисини кўнгилсизлантирган бу янгилик Хондамирнинг руҳини кўтарди. Ҳусайн Бойқарони ва унинг ўғилларини ичкилик балоси қай даражада хароб қилгани ҳали мавлононинг эсидан чиққан эмас эди. Бундан тўққиз йилча бурун Бобур Ҳиротга иккинчи марта борганда Хондамир унинг ҳам майхўрликка ружу қила бошлаганини кўрган, «Наҳотки, бу нодир сиймо ҳам бошқа кўп темурийлар сингари истеъдодини ичкиликка бой берса!» деб ташвишланган эди. Элчининг ҳикояси унинг мана шу ташвишини тарқатиб юборди.
Хондамир бу узоқ ва машаққатли сафарга Бобурни орқа қилиб чиққан эди. Ёши элликдан ошаётган олим бу узоқ юртлардан Ҳиротга соғ-саломат қайта оладими, йўқми, ҳали ўзи учун қоронғи эди. У Бобур туфайли мана шу қоронғиликни бўйнига олиб келмоқда эди. Энди йўлларда Бобурнинг иродаси ва ақл-заковатидан далолат берадиган нимаики учра-са, ҳаммаси мавлононинг қалбидаги машъум қоронғиликни қуваётгандай бўлар ва ёруғ бир истиқболга ишонч уйғотар эди.
Хондамир Аграга келиб кирганда дарё бўйига қурилган Ҳашт Биҳишт ва Зарафшон боғларини, мармарларига чиройли гуллар солиб ишланган тош иморатларни, томлари майсалар билан безанган тиллакори толорларни*, чаман-чаман гуллари кўзни қамаштирадиган гулзорларни кўрди. Бу улуғвор гўзалликлар мавлононинг кела-келгунча кўрган ва эшитганларига қўшилди-ю, у Бобурни аввалгидан бошқача фавқулодда қудратли бир қиёфага киритиб тасаввур эта бошлади…


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_________________
* Т а х м а с и И — Шоҳ Исмоилнинг ўғли. 1524-йилда Шоҳ Исмоил вафот этгач, Тахмаси унинг ўрнига шоҳ бўлади.
* Т а м ғ а — қўшимча даромад солиғи.
* Б а н и б а ш а р — одам фарзанди.
* Т о л о р — шийпон.
* * *

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекнинг забардаст шоири

Бугун ўзбекнинг забардаст шоири Шавкат Раҳмоннинг туғилган куни. Бундан қарийб 70 йил олдин Ўшда шундай шоир дунёга келганди. Шавкат ака атиги 46 йил яшаган бўлса-да, ўзидан ...

Эрта қайтган турналар (қисса)-12

Унинг шу тахлит эзилиб, маъюс, ёлвориб гапириши Султонмуротни шундай эзиб юбордики, ўзиниям йиғлаб юборишига сал қолди. Қизиққонлик қилган экан, энди эса болакайни урганига ...

Ҳайбаракалла! (ҳажвия)

Муаллиф: Бахтиёр Темур Қойил эмасман лекин шу Зиё Шокирга ҳам! Шеърингизнинг ярми гап деб, муҳокамага қўймади асаримни. Ҳой, инсон, ахир бу янги жанр - “Ҳайбаракалла”! Ҳали ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400