Юлдузли тунлар-83

* * *

Лекин Бобур сўнгги йилларда кўп касал бўлиб, жуда озиб кетган, жуссаси хийла кичрайиб қолган эди. Хондамир унинг ўзини қанчалик олдириб қўйганини Секри тоғига сайрга чиққанларида офтоб ёруғида жуда аниқ кўрди. Бобур Секри тоғининг мўъжазлиги ва текис жойга тушганлиги Ўшдаги Буратоғни эслатиши ҳақида гапирар, тоғ этагидаги кўл ичига қурилаётган тошсупани қўли билан кўрсатар, пастда қулф уриб ўсган ям-яшил боғ ва дарахтлар орасидан кўриниб турган янги иморатлар қандай барпо бўлганини ҳикоя қиларди.


Хондамир эса унинг суяги бўртиб қолган озғин юзига, кўз атрофлари ва пешонасидаги қават-қават ажинларига, уйқусизликдан ичига ботиб кетган қовоқларига қараб, ич-ичидан унга куюнар эди.
Тоғдан кўл томонга тушиб бораётганларида Бобур Хондамирнинг бу куюнишини сезгандай бўлиб:
— Менинг тақдирим ғалати, мавлоно, — деди. — Атрофимни обод қилганим сари ўзим сўлиб бормоқдаман.
— Унчалик эмасу… ҳар қалай, ўзингизга ҳам кўпроқ ғамхўрлик қилишингиз зарурмикин?
— Зарурликка зарур. Лекин мамлакат қанчалик улкан бўлса, уни идора этиш шунчалик қийинлашар экан. Мен зўр бир давлат тузиш мақсадини зиммамга олганимда бунинг қанчалик мушкул эканини тасаввур қилмаган эканмен. Туну кун меҳнат, ташвиш, ўт, олов… Худди ҳаракатдаги вулқонлар орасига тушиб қолгандекмен. Кўзлаган мақсадим амалга ошгунча умрим етгайми, йўқми, билмаймен.
— Ниятни бутун қилмоқ керак, ҳазратим. Сиз ҳали йигит ёшидасиз, алҳол қирқ олти ёшдасиз.
— Аммо Ҳиндга келганимдан бери ҳар йили беш-ўн йиллик умрим сарф бўлгандек туюлур. Иситма, уйқусизлик…
Хондамир Бобурнинг Ҳиндистонга келиб тузган янги девонини бугун эрталаб ўқиган эди. Шу девондаги бир рубоий ҳозир унинг эсига тушди:

Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин учадур уйқу чу оқшом бўладур.
Ҳар иккаласи ғамим била сабримдек,
Борғон сари бу ортадур, ул кам бўладур.

Бобурнинг уйқусиз тунлардан киртайган кўзлари сал шамол тегса ёшланадиган бўлиб қолган эди.

— Табиблар уйқусизликнинг давосини билар эдилар-ку?
— Ҳиротлик хос табибимиз Юсуфий муолажа қилиб кўрди. Бўлмади. «Сизга ором керак» дейдир. «Давлат ташвишларини унутинг», дейдир. «Кечалари шеър ёзманг», дейдир. Аммо… давлат тепасида ўлтириб, унинг ташвишини қандай унутиш мумкин? Фақат шеър ёзганда, ижод қилганда бу ташвиш хаёлимдан кўтариладир. Лекин Аграда бўлсам ижодга ҳам фурсат тополмасмен. Кечаси ҳам, кундузи ҳам давлат ташвиши… Безор бўлиб, мана шу Секрига чиқиб келдим. Ижод учун бу ер тинчроқ… Анчадан бери маснавий ёзмоқдамен. Санасам, бир кеча-кундузда эллик байт маснавий битибмен.
Бобур хасталиги устига кўп ишлаб ўзини жуда толиқтириб қўйганини, уйқусизликнинг бир сабаби шу эканини, табиб кечалари шеър ёзишни ман қилиши тўғрилигини Хондамир сезиб борарди-ю, лекин буни айтишга андиша қиларди. Табиатан ором нималигини билмайдиган Бобур ўзини аямай ишлаб ўрганиб қолган эди, у бир кунда шунча шеър ёзганидан мамнун бўлиб юрганда уни бу мамнуниятдан ҳам маҳрум қиладиган насиҳат гап айтиш мавлонога ўринсиз туюлди.
— Ишқилиб, худо сизга қувват берсин, — деб қўя қолди.
Бобур мавзуни янгилагиси келиб:
— Мавлоно, «Ҳабиб ус-сияр*»ни неча йил ёзгансиз?— деди.
— Ўн бир йил. Лекин ҳали хатм қилган эмасмен. Хотиржамлик бўлганда Ҳиротда хатм қилмоқчи эдим. Лекин йигирма йилдан бери суннийпарастлар билан шиапарастлар Ҳиротни бир-бирларидан тортиб олиб, гоҳ ўтга урдилар, гоҳ сувга…
— Ҳў ўшанда… Унсиянинг минорасида туриб сўзлашганимизда «Ҳиротнинг толе қуёши ботиб кетмасмикин? — деб изтироб чеккан эдингиз. Шу изтироблар бари ўринли экан-да.
— Ҳиротда толе кетганда Самарқанд бизга қучоқ очиб турса экан! Шиа-сунний адовати Мовароуннаҳр билан Хуросону Эроннинг маданий алоқаларини узиб ташлади. Бу алоқалардан қанча авлодлар баҳра олган эди, қанча истеъдодлар камол топган эди. Жоҳил султонлар Мовароуннаҳрни биқиқ муҳитга солиб қўйиб, хурофот билан бидъатга ем қилмоқдалар. Самарқанддан келган бир олим йиғлагудай бўлиб айтиб берди. Обираҳмат бўйидаги уч ошиёнлик Улуғбек расадхонаси вайрон бўлмишдир. Шаҳар ҳокимининг парвойига келмас эмиш. Жоҳиллар нураб ётган расадхонанинг ғиштларини олиб кетиб, ўз ҳовлиларига ишлатмоқда эмишлар.
— Биз ўзга юртга келиб иморатлар қурганда улар ўз юртимиздаги обидаларни бузмоқдалар! Чархнинг бундан аччиқ кинояси бўлурми, мавлоно? Шуни ўйласам, ўз еримизни қўйиб, Ҳиндга кўнгил берганим менга худди оқибатсизликдек кўринадир!
— Бироқ фалакнинг гардиши шуни тақозо қилса, одам илож тополмас экан-да. Мана, мен ҳам сиздан ибрат олиб, Ҳиндга келдим-ку! Муаррих бўлганлигим учун тарихий зарурат биздан зўр бўлишини кўп сезмишмен.
Бобур Хондамирнинг сўнгги гапига қизиқиб, отини унинг отига яқин юргиза бошлади.
— Дарҳақиқат, тарих алоҳида шахслар иродасига бўйсунмас экан, — деди Бобур. — Оёғингиз тагидаги тоғ пастга қараб кўчса, сиз юксакка қанчалик интилманг, тоғ кўчкиси билан бирга пастга қулаб кетар экансиз. Энди ўйлаб кўрсам, Мовароуннаҳрдаги кўчкилар мени худди шу кўйга солган экан. Бироқ сиз қадам қўйган тоғ ичдан кўтарилиб ўсиб борса, кўзлаган юксаклигингизга қандай кўтарилганингизни ўзингиз сезмай қолур экансиз. Ҳиндистон менга ичдан кўтарилиб ўсиб борувчи тоғдек туюладир, мавлоно. Шунинг учун Самарқанду Андижонда қилолмаган ишларимни бу ерда қилиш умидидамен!
— Менинг назаримда ҳам эндиги юксалиш асри Ҳиндга кўчганга ўхшайдир. Жаҳолат қувган
жуда кўп илму санъат аҳли сиздан паноҳ истаб Ҳиндга келишлари бежиз эмасдир. Чунки фалакнинг гардиши ўзгарди. Ахир бир вақтлар Хуросону Мовароуннаҳр ҳам ичдан кўтарилиб ўсиб борувчи тоғдек юксалган эмасмиди? Хоразмда — Беруний, Бухорода — Ибн Сино, Тусда — Фирдавсий, Боласуғунда — Юсуф Хос Ҳожиб— булар ҳаммаси бир-бирига асрдош. Шунча зўр сиймолар чиққан аср — бизнинг улуғ бир юксалиш асримиз эди. Чингизхоннинг кўчманчи ўрдалари босиб келди-ю, маданий тараққиётимиз ипларини бир неча асрга узиб ташлади. Улуғбек даврида Самарқандда, Навоий даврида Ҳиротда жуда кўп маданий даҳолар яна уйғонди. Янги юксалишлар асри бошланди. Лекин кажрафтор фалак буни ҳам бизга кўп кўрди! Яна чингизий султонлар маданий тараққиёт ипларини узиб, чалкаштириб юбордилар… Фақир Ҳиротда тополмай юрган калаванинг учини шу ерда топгандек енгил тортмоқдамен. Мусофирлик жуда оғир бўлса ҳам, лекин башарият яшаб турган шу кенг оламда янги даҳолари уйғонган, илму санъатга астойдил йўл очилган Ҳинднинг борлиги қалбларга қувват берадир… Мен энди «Ҳабиб ус-сияр»нинг сўнгги таҳририни шу ерда, қанотингиз остида тугаллаш умидидамен.
— Бажонидил!.. Биздан неки кўмак зарур бўлса тортинмай айтинг.
— Фақир Ҳазрат Мир Алишернинг кутубхоналарида кўп йил ишладим. Ҳусайн Бойқаро ҳазратларининг кутубхоналаридаги нодир қўлёзмалардан ҳам кўп фойдаландим… Энди… бу кутубхоналар Ҳиротда қолди.
Хондамир Бобурнинг ҳам эллик киши ишлайдиган улкан кутубхонаси борлигини билар, Ҳиротдан топилмайдиган нодир манбалар бу ердан топилиши мумкинлигига ишонар эди. Бироқ подшоҳнинг хос кутубхонасига анча-мунча одам йўлай олмайди. Хондамир шуни ўйлаб, гапининг давомини айтишга ийманди.
— Сиз бизни деб шунча жойдан келибсизу биз кутубхонамизни сиздан аягаймизми, мавлоно? — деди Бобур унинг ийманиш сабабини сезиб. — Абдулла китобдорга буюргаймен, сизга неки асар зарур бўлса топиб бергай. Кутубхонада ҳиндистоний китоблар ҳам кўп. Абдулла китобдорнинг ихтиёрида санскритни яхши биладиган таржимон олимлар бор. Шулардан бир-иккитасини сизнинг ихтиёрингизга берурмен, неки хизматингиз бўлса адо этурлар.
— Тоабад миннатдормен, ҳазратим! Густохлик саналмаса, яна бир эркалигим бор…
— Марҳамат, мавлоно.
— Ҳиротда ўзингиз ёзган саргузаштларингиздан парча ўқиб берган эдингиз. Мени мафтун этган эди. Агар шу асарингизнинг тайёр қисмлари бўлса, мен учун… энг азиз, энг нодир манба бўлур эди. Чунки сиз бошдан кечириб, тадқиқ этган тарихий воқеаларни бошқа ҳеч ким шундай яхши тадқиқ этган эмас…
Бобур отининг чимирилган қулоқларига тикилиб бир оз жим борди. У икки йилдан бери «Бобурнома»ни бошидан қайтиб кўчириб, яхлит бир асар ҳолига келтирмоқда эди. Бултур ёз иссиқлари тугаб, ёмғир фасли бошланганда жуда қаттиқ шамол кўтарилган. Бобур чодирда ишлаб ўлтирганда ёмғир аралаш келган довул унинг чодирини йиқитиб, қўлёзмаларнинг ўнлаб варақларини учириб кетган эди. Бутун-бутун бобларни ёмғир-довул ҳалок қилган эди. Уларни тиклаш учун ҳалигача яхлит бир вақт топилмас эди. Қўлёзмани шу аҳволда Хондамирга берса тўғри бўлармикин?
— Мен ўйлаб кўрай, мавлоно.
Бу орада улар Секри тоғининг этагидаги булоққа яқинлашдилар. Атрофи ораста қилиб қўйилган суви муздай булоқ Бобурнинг яхши кўрган жойларидан бири эди. Шу ерда Хондамир икковлари отдан тушдилар.
Тиниқ мавжларга тоза қумлар қўшилиб қайнаб чиқаётган булоқ сокин гулзорларни оралаб, шилдираб оқмоқда эди.
— Атроф шундай сокин, — деди Хондамир. — Кўл бўйида қурилишлар… Бундан икки йил бурун шу Секрида Рано Санго билан даҳшатли жанглар бўлганини тасаввур этиш мушкул.
Мана шу атрофларда бўлиб ўтган қирғиннинг энг таҳликали дамлари Бобурнинг тасаввурида қайтадан гавдаланди. Ўшанда у нақ ўлимни бўйнига олиб қўйган эди.
Заҳар асорати ҳали кетмаган. Бобур аста-секин дармонга кириб, соғлиғини тиклаётган кунларда навбатдаги ҳаёт-мамот кураши бошланди. Бу гал энг жанговар ражпут қўшинларининг саркардаси Рано Санграм Синг тўқсон минг қўшин тўплаб, Бобурга қарши жангга отланди.
Ҳолбуки Бобур Кобулда эканида Рано Санграм бир неча марта элчилар юбориб, уни Ҳиндистонга таклиф қилган ва Иброҳим Лодига қарши курашга чорлаган эди. Рано Санграм ўғли Бикрамадитни орага қўйиб тузган шартномада «агар Бобур ҳазратлари бизни Иброҳим Лоди зулмидан халос қилсалар, уни олий ҳукмдоримиз деб тан олурмиз» дейилган жойи ҳам бор эди.
Эҳтимол, у пайтда Рано Санграм Бобурни «Ҳиндис-тон иссиқларига бардош беролмас, оладиганини олиб қайтиб кетса, мамлакат ўзимизга қолар», деб ўйлагандир. Аммо Бобур Ҳиндистонда маҳкам ўрнашиб, икки йилдан буён катта қурилишлар қилаётгани ва улкан боғлар, тошҳовузлар, қасрлар бунёд этаётгани Рано Санграмнинг аввалги умидини пучга чиқарди. Суриштириб қараса, Бобурнинг қўшини ҳали ҳам ўн беш мингдан ортиқ эмас. Рано Санграм эса барча ражпут роа ва ранолари билан тил бириктириб, бундан олти баробар ортиқ қўшин тўплади. Яна Иброҳим Лодининг укаси Маҳмуд Лоди ҳам йигирма минг суворий билан унга ёрдамга келди. Рано Санграм мингдан ортиқ жанговар филни олдинга чиқариб, йўлида учраган тўсиқларни парчалаб, янчиб, Бобур томонга бостириб кела бошлади. Ичкарида фитна, хиёнат. Бобур лахўрлик Оламхонни икки минг қўшин билан Гвалиор ҳимоясига юборган эди, у одам йўлини бехатар томонга буриб, аскари билан Панжобга қочди. Ҳасанхон деган яна бир афғон саркардаси олти юз навкари билан Бобур қароргоҳидан яшириқча чиқиб, тунда душманга бориб қўшилди.
Шунинг устига Муҳаммад Шариф деган мунажжим:
«Миррих ғарб томонидадир, осмондаги юлдузлар бизнинг мағлубиятимиздан дарак бермоқда», деб овоза тарқатди. Беку навкарларни ваҳима босганини сезган Бобур Секри кўли яқинидаги қароргоҳга беш юздан ортиқ одамларини йиғди.
Дошқозонларда палов пишмоқда. Дастурхонларга ноз-неъматлар, олтин-кумуш суроҳийлар қўйилган. Соқийлар хумларда куч йиғиб ётган майлардан кўзачаларини тўлдириб олишмоқда.
Улардан бири иккинчисига шивирлаб дейди:
— Эртага яна қирғин уруш бўлармиш. Шундай пайтда ичкулик базми кўнгилларига қандай сиғаркин?
Иккинчи соқий эътироз қилади:
— Ичкулик одамни ботир қилгай, ғам-ғуссани унутдиргай! Хумда хосият кўп.
Баъзи беклар ҳам: «Жангчиларнинг кайфиятини май билан кўтармоқ керак!» деб, базмнинг тезроқ бошланишини сабрсизлик билан кутмоқда эдилар. Ҳатто шаҳзодалардан Ҳумоюн билан Аскарий ҳам хатарли уруш олдидан тўйиб кайф қилиш умидида эдилар. Бобур ўғилларининг отадан ибрат олиб аллақачон май ичишга ўтганларини ҳозир яна бир оғриниб ҳис қилди-ю, кўпдан бери кўнглига туккан ниятини шу қирғинбарот арафасида амалга оширмаса бўлмаслигини ўйлади.
У савдарларга буюриб зиёфат бўладиган жойдан нарироққа каттагина чуқур қаздирди. Чуқур яқинига сандиқдай-сандиқдай иккита харсангтошни юмалатиб келтириб ўрнаттирди.
Беку навкарлар унинг нима қилмоқчилигини тушунолмай ҳайрон эдилар. Бобур олтин-кумуш суроҳийларга май қўйишни буюрди. Лекин дастурхон ёнига ҳеч кимни таклиф қилмади. Ўзи ҳам май тўла олтин суроҳий билан ҳалиги чуқур яқинида тикка турибди. Беклардан бири ёнидаги ўртоғига:
— Бугун тик туриб ичгаймиз, чамаси? — деб шивирлади.
Бобур ҳамма эшитадиган жарангдор товуш билан:
— Жаноб беклар! Йигитлар! — деб гап бошлади.— Таклиф бўлдики, жангчиларга май ичирайлик, токи дадил бўлиб майдонга кирсинлар. Аммо бошимиздан ўтган, билурмизки, май дадиллиги — алдамчидир. Маст одам жангда ажал паймонасидан қандай ичганини билмай қолур. Нажот қайда? Эртанги жанг биз кўрган қирғинларнинг энг мушкулию энг мураккаби бўлғусидир. Биз сепоялар ясадик, аробаларни занжирлар билан боғладик, ғалабанинг барча режаларини туздик. Энди бу режаларни энг нозик нуқталаригача бехато амалга оширмасак мағлуб бўлгаймиз. Жангда ниҳоятда ҳушёр бўлмоғимиз керак. Нажот мастликда эмас,
ҳушёрликдадир! Май ичиб кўп гуноҳлар қилдик. Энди мен ҳаёт-мамот жангига ҳалқумимни поклаб кирмоқчимен… Бир ўлим ҳар вақт бошимизда бор. Агар эртага куним битса, бу фоний дунёдан боқий дунёга май мастлиги билан эмас, имон поклигию тан ҳалоллиги билан кетмоқчимен!
Бобур ўша дамда чиндан ҳам бир ўлимни зиммасига олиб, беку навкарлари билан видолашаётган одамдай ҳаяжонланиб гапирган эди. Бу кўпчиликка жуда қаттиқ таъсир қилди. Бир лаҳзалик оғир жимликдан сўнг, Бобур шу бугун битган маснавий шеъридан тўрт сатрини ёддан айтди:

Кимки ўлмак ўзига жазм этар,
Ушбу ҳолатта билурсенки нетар.
Аритур барча гуноҳидан ўзин…
Тавба қилдим чоғир ичмакликдин!

Сўнгги сатрини баланд овоз билан айтгандан сўнг, суроҳийдаги майни оёғи остидаги чуқурга сепиб ташлади. Сўнг суроҳийни чуқур ёнидаги харсангтошга қарсиллатиб урди. Олтин суроҳий худди учқун сачратгандай «ялт-юлт» этиб пачақланди-ю, кўкат орасига юмалаб тушди. Бундай ҳодисани умрларида биринчи марта кўраётган беку навкарлар қўлларидаги майларини нима қилишни билмай саросима бўлиб қолишди. Бобур яна жа-рангдор, таъсирли товуш билан шеър айтди:

Олтину нуқра суроҳи-ю, аёқ —
Мажлис олотин тамоми бул чоқ
Ҳозир айлаб борини синдурдум!
Тарк этиб майни кўнгил тиндирдум!

Беку навкарлар ҳанг-манг бўлиб туришибди. Кимлардир қўлларидаги хушбўй майни чуқурга тўкишдан қизғанади. Кимлардир олтин-кумуш суроҳийларни харсангга уриб синдиришга журъат этолмайди. Балки Бобур ўзига эп кўрган бу иш беку навкарларга жоиз эмасдир?
Ўзининг таъсирли нутқларию шеърлари билан ихлосмандларини сеҳрлаб олишга ва ортидан эргаштиришга ўрганган Бобур бугун ҳар қачонгидан ҳам ортиқ эътиқод билан сўзламоқда:
— Беклар! Йигитлар! Қачонгача нафсимизга тобе бўлурмиз? Токай умримизни майга зое этурмиз? Ичкуликнинг ҳаром кайфи кимга вафо қилибдики, сизу бизга вафо қилгай? Олтину нуқрага ачинманг! Суроҳийларнинг синиғини мискину бечораларга улашгаймиз. Агар тангрим бизга мадад берса, эртанги жангдан ғолиб чиқгаймиз! Май тўкилган мана шу чуқур ўрнига обод бир манзилу мармар войин қурдиргаймиз. Ният қилайликки, войин зилолдай булоқ сувига тўлиб турсин. Войин бўйига хайр-еҳсон уйи барпо этайлик. Токи бу уйда ичкулик базмларининг сарфу харажатини, олтину нуқра суроҳийлар пулини муҳтожларга хайру эҳсон қилиб улашсинлар. Шу эзгу ният йўлида кимки менга ҳамдаму маслакдош бўлса майни тўксин, синдирсин майхўрлик олотини!
Бобур Ҳумоюнга бир қараб олди. Бу қарашнинг маъносини сезган Ҳумоюн:
— Ҳазрат отажон, мен доим сиздан ибрат олишга ўрганмишмен, — деди. — Даф бўлсин маю суроҳий!
Ҳумоюн майни чуқурга сепди-ю, олтин суроҳийни харсангга уриб синдирди. Ундан сўнг Аскарий, Тоҳир, Ҳиндубек… бир неча соат ичида уч юзга яқин беку мулозим қўлидаги қадаҳини харсангга уриб, май ичишдан тавба қилди. Бу ҳодиса ўша куни қароргоҳдаги ўн минг жангчининг ҳаммасига маълум қилинди. Бобурнинг ҳаёт-мамот жанги олдидан чиқарган фармонида:
— Ўз нафсини енгган одамлар ҳар қандай ёғийни енгишга қодирдирлар! — деган сўзлар махсус таъкидланди ва буни исбот этадиган мисоллар муқаддас китоблардан ҳам келтирилди.
Бу ҳаммаси қўшин орасида тарқалган ваҳимани босишга ва одамларнинг руҳини кўтаришга ёрдам берди. Бошқа муаммолар жанг майдонида ҳал бўлди.
Замбараклар ёвнинг ҳарбий филларига оловли ўқлар отдилар. Замбарак ўқлари кигиз парчаларига ўралган эди. Борутдан ўт олган кигиз парчалари филларнинг устига олов бўлиб ёғиларди. Оловдан чўчиган ёв филлари бўкириб орқага қайтар ва изма-из келаётган отлиғу пиёдаларни босиб-янчиб қочиб қоларди.
Лекин Рано Санграмнинг қўшини беҳисоб кўп эди.
Эрта тонгдан бошланган жанг кечгача давом этди. Бобурнинг ўзи оғир аҳвол юз берган жойларга от чоптириб борарди. У захирадаги кучлар ёрдамида ёвнинг энг хатарли ҳужумларини бир неча марта қайтаришга муваффақ бўлди. Ҳумоюн ўнг қанотдан, Аскарий чап қанотдан ёв аскарларига устма-уст зарбалар берди. Кечки пайт Бобурнинг буйруғи билан Турдибек Туркистоний чопқир отларда ёвнинг ҳар икки қанотини айланиб ўтди-да, тўлғама ишлатиб, орқадан қақшатқич зарба берди.
Олов ҳалқаси ичида қолган Рано Санграмнинг кўзига ўқ тегди, бир кўзи кўрмай қолди. Шунда ражпут соқчилари уни жанг майдонидан олиб чиқиб қочдилар…
Ғалабадан сўнг ўша чуқур ўрнига мармар войин, унинг ёнига хайр-еҳсон уйи қурилди. Харсангга уриб синдирилган олтин-кумуш суроҳийлар пули беваю етимларга, ғарибу муҳтожларга улашилди…
Кейинчалик Бобур Рано Санграм Синхнинг бир кўзи оқиб тушганини, ўзи мағлубият аламидан оғир касалга учраб ётиб қолганини эшитди. Ҳозир буни Хондамирга сўзлаб бергач:
— Ғайридинлар учун ҳам худо бор экан! — деди.— Рано Санграм биз билан иттифоқ тузган эди. Сўзидан қайтиб, аҳдини бузганларга худо ўзи жазо бераркан! «Вақоиъ»нинг махсус бобида муҳорибанинг барча тафсилотларини ёзмишмен. Хаттот китобнинг тайёр қисм-лари билан бирга шу бобни ҳам бугун кўчириб бўлгай. Оқшом ҳаммасини сизга берурмен, мавлоно. Ўқиб фикр айтурсиз.
Боя жавобсиз қолган илтимосига энди жавоб олган Хондамир қўлини кўксига қўйди:
— Сиз менга тенгсиз бир ишонч билдирурсиз, ҳазратим!
— Сизни Ҳиротдан чорлаб келтиришдан мақсад ҳам ижодий ишлар бўйича маслаҳатингизни олмоқ эди.
— Сарафрозмен!
Шу пайт от дупури эшитилди. Йўлка охирида узоқдан от чоптириб келган чопар сакраб ерга тушди ва таъзим билан Бобур томонга кела бошлади.
— Аграда бирон шошилинч иш чиққанга ўхшайдир, — деди Бобур. — Мавлоно, агар мен пойтахтга кетсам, «Вақоиъ»ни сизга оқшом келтириб берурлар.
Бобур отини тутиб турган жиловдор томонга йўналди.


Пиримқул Қодиров

Юлдузли Тунлар

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

_____________
* «Ҳабиб ус-сияр» — «Севимли дўстнинг таржимаи ҳоли» демакдир. Хондамир ўзининг бу катта асарида Араб, Эрон, Ўрта Осиё, Хуросон тарихининг
олам пайдо бўлганидан то ХВИ асргача ўтган энг муҳим даврлари ҳақида сўз юритади.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 11-қисм

11 Роса қирқ кеча-ю қирқ кундуз бўлди. Ана шунда Тарлонни отхонадан олиб чиқдим. Тарлонни совута бошладим. Ҳовли этагида арқонини узун ташлаб боғладим. Тарлон бўйнини ...

От кишнаган оқшом (қисса) 47-қисм

47 Кўпкари экинсиз қисирпояда бўлди. Мен Тарлонни қизитдим. Қисирпояни айлантириб чопдим. Тарлон хиёл ўзгарди. Бошини тик тутди, дирк-дирк ўйнади. Сувлиғини ...

От кишнаган оқшом (қисса) 18-қисм

18 Кейин... кейин, ўзимнинг-да, араз феълим тутди... Биродарлар, сизга бир нима айтайинми? Мен араз уришни яхши кўраман! Ўлайин агар-а! Ой туғади, ўттизида тўлади. Шу ойда ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400