2
Отасининг махфий мактуби борганда Ҳумоюн Самбхалда оғир касалга чалиниб тўшакда ётган эди. Мактубни ўқигач одамларига:
— Мени тезроқ Аграга етказинглар!— деб буюрди.
Деҳлига келгунча Ҳумоюннинг иситмаси яна ошиб, касали баттар оғирлашди. Уни олиб келаётган Ҳиндубек йўлда бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқиб, дарҳол Аграга хабар юборди-ю, ўзи Деҳлида қолиб Ҳумоюнни энг яхши табибларга даволата бошлади.
Лекин дору дармон кор қилмас, қора безгакка ўхшаш бир дард Ҳумоюнни кечаю кундуз куйдириб, гўё жингак қилиб ташламоқда эди.
Аградан икки кечаю кундуз отлиқ йўл юриб, Моҳим бегим етиб келди. Дарё йўли тинчроқ ва салқинроқ дейишиб, Ҳумоюнни Деҳлида кемага солишди-да, оқим бўйлаб Аграга олиб келишди.
Ҳумоюнни тахтиравонга ётқизиб, саккиз йигит Зарафшон боғига кўтариб кирди. Бобур ранги ердай ўнгиб кетган Моҳим бегимни кўргандаёқ, юраги «шув» этиб кетди. Йигитлар кўтариб келаётган тахтиравон унинг кўзига тобутдай совуқ кўринди.
Ҳумоюн туни бўйи алаҳлаб беҳуш ётди. Фақат саҳар палла кўзини хиёл очиб, тепасида турган отасини таниди, ўрнидан тургиси келиб қимирлади, лекин бошини кўтаришга ҳам мадори етмади. Отасининг махфий мактубида ёзилган гапга рози бўлолмаслигини айтмоқчи бўлиб:
— Биз… хизматда… сизсиз… — «Мумкин эмас!» дегандай бош чайқади-ю, кейин яна аллаҳлай бошлади. — Ғулга уринг… уринг! Кетди!.. Тўхта!..
Ҳумоюн нафаси қайтгандай талваса қилиб, ўзини у ёқдан-бу ёққа бир-икки отди-ю, яна ҳушидан кетди.
Сарой табиблари бу оғир дардга ҳеч бир даво тополмадилар. Моҳим бегим юм-юм йиғлайди.
Бобур суюкли ўғлини ҳадеб ўтга-сувга солиб, шу касалликка ўзи ҳам сабабчи бўлгандай ўртанарди. Оғир пайтларда Бобур суяниб ўрганган одамлар бирон чора топишни ундан кутадилар. Лекин ҳозир у ҳам чорасизликдан ўзини қўядиган жой тополмай қийналди. Кексайиб мункиллаб қолган шайхулислом Бобурнинг ёнига келди:
— Ҳазрати олийлари, кўп ғам чекманг, парвардигор ғойибдан шифо юборгусидир, — деди. — Табибларданки иш чиқмади, энди худо йўлига дунё молидан тасаддиқ қилмоқ керак.
Бобур шайхулисломнинг ниятига тушунолмай:
— Қайси молдан? — деб сўради.
— Жон омон бўлса жавоҳир топилур. Ўшал… ашхас олмос яхши тасаддиқ бўлғай.
Бобур Жамна устида кемада ўлтирганда Ҳумоюн келтириб кўрсатган олмосни эслади.
— Кўҳинурними?
Шайхулислом тасдиқ маъносида бош ирғади. Бобур ҳушини бир жойга йиғиб:
— Тақсир, кимга тасаддиқ қилайлик?— деб сўради.
Қиймати улкан олтин хазиналарига баробар келадиган бу олмосни ўғрилардан қўриқлаб туриш учун ҳам жуда кўп навкар керак эди. Шуни биладиган шайхулислом «менга» дейишга тили бормади.
— Муртазо Али мозорига, — деди. — Дин йўлига.
Мозор ва Кўҳинур олмоси бир-бирига мутлақо қовушмайдиган нарсалар эди. Диндорларнинг каттаси шайхулислом бўлганлиги учун оламни безайдиган бу гўзал олмос айланиб келиб унинг сандиғига тушиши аниқ. Бобур ҳозир молу дунёни ўйлайдиган аҳволда бўлмаса ҳам Ҳумоюнга тақдим этилган бу ноёб гавҳарга мункайган шайхулислом кўз тиккани уни сергаклантирди.
Руҳонийлар иложини топса подшоҳдан ҳам баланд туришга ва уларнинг бошига оғир кун тушганидан фойдаланиб ўз ҳукмларини ўтказишга интилишлари кўпдан маълум эди.
— Тақсир, назарингизда, ўшал олмос азизми ёки менинг жоним азиз?
Шайхулислом ҳанг-манг бўлиб:
— Нечун ундай дейсиз, ҳазратим! — деди. Ундоқ олмосларнинг юзтасидан сизнинг бир мўйингиз азизроқдир!
— Миннатдормен! Ундоқ бўлса, мен Ҳумоюнга жаҳондаги барча олмослардан ҳам азиз-роқ бир нарсамни қурбон қилмоқчимен. Фақат бу қурбонни сизу бизга ўхшаган бандалари эмас, зарур бўлса парвардигорнинг ўзи олсин!
Бобур ўзига умид билан қараб турган одамларнинг орасидан ўтиб, Ҳумоюннинг тўшаги ёнига келди.
— Ҳумоюн, жигарбандим! — деди у ҳамма эшитадиган товуш билан. — Сенинг бетоқатлиғингга мен тоқат келтирай. Сенинг шу оғир дардингни худо сендан олиб менга берсин!
Беҳуш ётган Ҳумоюн бу гапларни эшитмас, лекин беморнинг хобгоҳидаги аёллар, мулозимлар, табиблар, руҳонийлар — ҳаммаси Бобурга қулоқларини динг қилиб қараб турардилар.
Бобур умумий жимликда Ҳумоюннинг бошидан уч марта айланди-ю:
— Ё, парвардигор! — деб илтижо қилди. — Менки Бобурмен, агар жон бериш мумкин бўлса, умру жонимни Ҳумоюнга қурбон қилдим! Азройил менинг жонимни олсину худо Ҳумоюнга шифо берсин!
Моҳим бегим йиғидан тўхтаб, Бобурга қўрқув аралаш ҳайрат билан тикилиб турарди. Кекса шайхулислом эса ҳозирнинг ўзидаёқ Ҳумоюнинг соғайиб кетишини ва Бобурнинг ҳолсизланиб йиқилишини кутгандай анча вақт ота-болага бақрайиб қараб турди. Лекин кутилган мўъжиза юз бермади. Беҳуш Ҳумоюн алаҳлаб бир нима деди-да, яна жим бўлди.
Бобурнинг баданидан «лоп» этиб олов чиққандай бўлди, вужуди қизиб кетди. У ҳамон беҳуш ётган Ҳумоюнга қараб:
— Кўтардим дардингни! — деди-да, елкасига оғир юк олган одамдай қадди хиёл эгилиб хобгоҳдан чиқиб кетди…
Пиримқул Қодиров
Юлдузли Тунлар