От кишнаган оқшом (қисса) 48-қисм

48

Улоқ келди.
Тарлонни гижинглатиб-гижинглатиб бордим. Улоқни искатиб-искатиб олдим. Улоқ бутидан кўтариб-кўтариб кўрдим. Улоқ бир тана бўлди. Эллик-олтмиш килолар келди. Улоқ жиққа ҳўл бўлди. Боиси, кечаси билан сувга пишиб қўйилган бўлди. Бунинг нафи — улоқ зилдай оғир бўлди. Ана энди торта-тортда улоқ териси айрилмайди, бўлак-бўлак бўлиб кетмайди. Бўлмаса, торта-торта улоқ бутун қолади- ми?


Баковул зотларни айтди:
— Бир жуфт калиш, ўн сўм пули бор! Ол!
Тўда улоққа талпинди. Улоқни бир жийрон олиб чиқиб кетди.
Кейинги зот қўйилди:
— Бунисида бир қўй, бир тўн, ўн сўм пули бор! Зот каттарди, армонда қолма!
Тарлонни улоққа солдим. Тарлон пишқириб-пишқириб қимтинади. Улоққа мен ўйлаган, мен хоҳлагандан-да вақтлироқ, осонроқ борди. Одатича улоқни бир айланди. Улоқ бошида оёқ илди.
Бир чавандоз Тарлон ўктамлигидан ғашланди. Тарлон сағрисига қамчи урди.
Тарлон бир сесканди. Лекин жойидан қимирламади. Икки кўзи улоқда бўлди.
Мен улоққа тескари ёқдаги товонимни узангидан олмай, эгар корсонига илдирдим. Улоқ тараф узангидаги оёғимни букдим. Тиззамни Тарлон биқинига босдим.
Тарлон менга кифт берди, кифт!
Мен энкайдим, улоқни бир қўллаб ушладим. Қоматимни кўтараётиб, букилган оёғимни узангига тик тирадим. Бор қийинчилик, шу оёғимга тушди. Бусиз улоқни кўтариб бўлмайди.
Шунда, бир муғамбир от улоқни туёқлари билан босиб қолди.
Мен тағин улоқ бутидан ушладим. Тағин от тиззаси баравар кўтардим.
Тарлон улоққа қараб-қараб олға юрди.
Улоқни атайин ерда судраб бордим. Бирдан кўтарсам бўлмайди, пойлаб турганлар ёпишади.
— Улоқ кўтарилаяпти, улоқ кўтарилаяпти!
Сағал очиққа келдим. Улоқни даст кўтаришга шайландим.
— Улоқ Тарлонда кетаяпти, Тарлонда!
Улоқни зарб билан кўтариб олдим. Кўтараётганимда Тарлон созлаб бир силкинди. Мадад берди, кўтаришиб юборди!
Тарлон билан олға чопдим. Отлар кейинда қолиб кетди. Аммо бир тўриқ қолмади. Чавандози улоқ бутидан ушлаб, биз билан баравар чопди.
— Йўқ, улоқ Тарлон билан Тўриқда кетаяпти! Улоқ Тарлон билан Тўриқда!

Улоқни тақимимга босиб олдим. Ёнимга чалқайдим. Жиловни қўйиб юбордим. Улоқни қўш-қўллаб ушлаб олдим.
Кўп отлар аввал-аввал аста-аста чопади. Кейин-кейин тезлаб чопади.
Бизнинг Тарлон бўлса турган жойидан забт олади. Биринчи қадамиданоқ шиддат билан, бирдан отилиб чопади. Ўзга отлар бундайин забтли шиддатга ҳозирланмаган бўлади. Оқибат, ўзга отлар ўзларини ўнглаб олгунларича, Тарлон ўзиб кетади. Ҳозир-да шундай бўлди.
Тарлонда яна бир фазилат бор. Борди-ю, бирор бир от етиб олса, Тарлон шу от билан баравар чопади. Ўзиб-да кетмайди, кейин-да қолиб-да кетмайди. Гўё, охирги ҳоли шундай, бир меъёрда чопади. Қабатидаги от шу меъёрга кўникади. Баравар чопиб бораётгани билан қаноатланади.
Шунда, Тарлон бирдан забт олади, шиддат олади! Бундай бўлишини хаёлига-да келтирмаган қабатидаги от кейинда қолиб кетади.
Айни шу вазиятда чопаяпмиз! Мендан Тарлон учун бир сўз кифоя бўлди.
— Ҳа-а!
Тарлон, тарлонлигини қилди, ҳориқулодда юлқинди, забтини бирдан оширди.
Қабатида келаётган тўриқ чавандознинг қўли улоқдан узилди. Тўриқ кейинда қолиб кетди.
Мен жўшиб кетдим:
— Ҳу-у-уй, ҳу-у-уй, ҳу-у-уй!..
Тарлон юлдуз учгандай чопди!
— Ҳало-о-ол. Тарлонники ҳалол! Ташла, Тарлон, ташла!
Eллик-олтмиш килолик улоқни ердан қандай қилиб кўтариб олдим? Белим баробар деворда ўтириб, эллик кило юкни ердан бир қўллаб кўтариб ололмайман. Эллик кило юкни қўшқўллаб кўтариб, отга кучана-кучана ортаман. Кўпкарида бўлса, отда энкайиб, эллик кило улоқни бир қўллаб кўтариб оламан! Бунинг сири нимада?
Биродарлар, отнинг шамоли бор! Улоқни ана шу шамол олиб кетади! Эътибор этган бўлсангиз, от улоқдан кўз узмади! От менга кифт берди! Атайин, мен учун қулайлик яратди! Улоқни кўтараётганимда эса, елкасига юк олаётган одамдайин бир силкинди! Ана шунда мен улоқни ерга ташлаб юбормасам бўлди, бировга бериб юбормасам бўлди. Чавандозлигимни қилсам бўлди! От — отлигини қилади!
Билаяпсиз, кўпкарининг саксон-тўқсон фоизи от бўйнида бўлаяпти. Шу боисдан-да кўпкарида чавандоз эмас, от номи айтилади! Кўпкари бошидан-адоғигача от номи жаранглайди! От номи шарафланади! От номи улуғланади!
Тарлон эллик-олтмиш килолик улоқ билан, яна тағин мен билан қандай қилиб чопди? Атайин, отга олтмиш кило буғдой ортиб олдим, дейин. Яна тағин, ўзим-да миниб олдим, дейин. Ана шундан кейин от ана шундай шиддат билан чополадими? Чополмайди! Улоққа келганда эса, қуюндай учади!
Биродарлар, улоқнинг ҳавоси бор! Отга ана шу ҳаво қувват беради, қанот беради!
Тарлон ғайрат қилди. Яна икки марта улоқ айирдим.
Шунда, ғуж одамлар орасидан кимдир биров овоз берди.
— Тарлон, буёққа бир қаранг! — деди.
Бордим, овоз берган кечаги чол бўлди. Чол кафтини қошига қўйиб қаради. Бошини ирғаб-ирғаб қаради. Кулимсиб-кулимсиб қаради.
— Энди қандайсиз, эл чавандози? — деди.
— Қуллуқ, қуллуқ.
— Энди менга қаранг, эл чавандози, отга дам беринг, ҳа. Бўлмаса, кўзиктириб қўясиз…
Тарлон ҳалоллаган тўнлар билан пулларни чолга узатдим.
— Олмайман, йўқ, олмайман!.. — деди чол.
Қўярда-қўймай бердим. Кейин, жабдуқлар тарафга юрдим.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“мусулмон” давлатлари халқлари—мусулмонларга       

МУРОЖААТНОМА!!       “Бисмиллоху рахмону рахим”, Деб бошлайман МУРОЖААТИМНИ.. Фарғонадан ёзяпман хатим, Нотинч қалбим бермай рохатни.. Азизларим, биродарларим, Мен ҳам Сиздай ...

Шавкат раҳмон-сеҳргар

Деразангдан боқасан сирли, титроқ солиб кундуз жонига. Сочларингни ёзасан — тунни киргизасан аста хонангга. Бирданига барча дарахтлар қовжиратиб тўкади баргин, ухлаб қолар ...

Эврил турон: эртами, кечми адолат тикланади

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини  ўлик ҳолга келтирган, ўнлаб адибларни қатоғон этган (ўттизинчи йиллардаги каби) Муҳаммад Али ағдарилди. Буни асл адиблар байрам қилишияпти. ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400