Бизнинг одамлар – ҳақиқатни айтишга юраги бетламайди

Биздаги бу илмилиқ вазият, ҳар доимгидек, совет мероси. СССРда дастлаб барча халқларнинг интеллигенцияси йўқ қилинди (муросасозларгина қолдирилди), кейин эса қатъий цензура ўзгача фикрни бўй кўрсатишга улгурмасиданоқ янчиб ташлайверди. Лекин одамда гапириш эҳтиёжи доим бўлади. Бизда аноним блогерлар бўлганидай, СССРда ҳам “Самиздат” бор эди.

Мана шу “Самиздат”да фикрларини, асарларини чоп этган зиёлиларни ўқисангиз, бугунги вазиятни яхшироқ тушунгандай бўласиз. Улардан ўзингизни қийнаётган саволларга жавоб топасиз. Ҳарқалай, менда шундай бўлган.

Ҳали талабалик йилларимда ёзиб турардим. У пайти ижод тилим русча эди, ҳозиргидай эркин платформалар бўлмагани учун чет эл сайтларига мақолаларимни юборардим. Ёшлик қилиб, тахаллус остида ёзиш хаёлимга келмаган, бир-икки марта қўнғироқ бўлганидан сўнг “духимга” ўтирганман. Таниш-билишлардан “қисиб юр, мазанг қочади” деган гапни эшитавериб ахийри инимга кириб кетганман. Узоқ вақт ўзимни кўрсатмасликка уринганман.

Энди ўйлаб қарасам, қанақадир конкрет чора, жазо эмас, бир марта ақлларга экилган қўрқув шундай мудҳиш мева берган: қанчадан-қанча фаол, ҳаётдан умидвор, фикрли ёшлар принципларидан, ғояларидан воз кечиб, “тинч-тотув” ҳаётни танлаган. Қанчадан-қанча потенциал зиёлилар, жамият гуллари “туғилмай бўғилган”. Кимлардир қўрқа-писа гапини қоғозга чирмаб ижод қилаверган, кимлардир пайт пойлаб, мана энди бош кўтаряпти. Нима бўлишидан қатъий назар, бу авлоднинг гуллаган йиллари ўтиб кетди. Бунга сабаб – “қисиб юриш” мажбурияти, онгни чулғаб олган иррационал қўрқув. Уриш, ўлдириш шарт эмас, қўрқитишнинг ўзи кифоя. Бу вазиятни Солженицин яхши таърифлаган:

“Зўравонлик ўзининг оғир панжасини ҳар қандай елкага ҳар қандай кунда ҳам қўя бермайди: у биздан фақат ёлғонга бўйсунишни, ҳар куни унда иштирок этишни талаб қилади – бутун табаалик мана шунда”.

Хуллас, мен ҳам, кўпчилик қатори, кўзга ташланмасликка уринардим. Лекин бу қанчалик оғир руҳий қийноқ эканлигини таърифлаб бериш мушкул. Инсон учун асосий қадрият – эркинлик, ҳарқалай, мен шунақа деб ўйлайман. Эркинг бўғиб қўйилса, хоҳлаган нарсангни айта олмасанг, хоҳлагандай яшай олмасанг, бу руҳингни ўлдиради. “Бизда қатъийлик, ғурур, юрак тафти қолмади”.

“Қисиб юриш” ҳам майли, баъзан ўзинг истамаган ҳолда оммавий ёлғонда иштирок этишга мажбур бўласан. Ўзинг ишонмаган нарсаларингни айтишга мажбур бўласан. Бу сени одамийликдан чиқариб юборади.

Бизнинг одамлар – ҳақиқатни айтишга юраги бетламайдиган, лекин ёлғон гапиришдан виждони азобланадиган одамлар. Биз шундай қийноқда яшаганмиз. Шунинг учун мен ҳеч бўлмаганда виждонига қарши бормасликка куч топа олганларни ҳурмат қиламан. Ўзим ҳам виждонимга қарши бормасликка ҳаракат қиламан. Ёлғонни фош қилолмадимми, ҳеч бўлмаганда у мараз каби тарқалишида иштирок этмай.

Балки катта ўзгаришлар учун бу камлик қилар. Балки худбинликдир. Руҳий эркинлик деганлар ўзини алдаётгандир. Бу борада тарих ҳукм чиқарсин. Бир нарса аниқ – ўз вақтида бошқа танлов бўлмаган. Яна ўша Солженицин айтганидек, “тана учун осон танлов эмас, лекин руҳ учун ягона танлов”.

Муаллиф:Эльдар Асанов

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Маънавият ва маърифат маркази раҳбари ​тошкентдаги шов-шувли дастурлар ва эфирга узатилган «браво» ҳақида муносабатини билдирди​ 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Алишер Қодиров кўп шов-шув ва муҳокамаларга сабаб бўлган Тошкентда концерт берган айрим ғарб мусиқа ижрочилари, ТВ эфирига ...

Онажоним

Аброл Қаххоров.  Таржимон Моҳирабону Булутлар ортида ухлар сариқ ой. Қоронғу ўрмонга боққандек, гўё,  мен кўкка термулиб қарайман. Қайдадир, юлдузлар аро адашган онам, ...

«шум бола»даги эрига хиёнат қилган аёл ёки «келинлар қўзғолони»даги қайнонасига қарши чиққан нигора нега танқид қилинмайди?

Ўзбекистондаги телеканалларда эфирга узатилаётган ва кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлаётган турк сериаллари ҳақида «Sevimli TV» мутасаддиси фикр билдирди. Лола Шоимова, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400