Мамлакатни ким бошқараяпти? (21)

                

                                        (йигирма биринчи мақола)

                                    А.ХОДЖАЕВ  ДУНЁБЕХАБАРМИ?

Meeting          Мен берган саволларнинг дастлабки қисмини тинглаб тураркан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси А.Ходжаев ўзининг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари Баҳром Ўтановнинг шахсан менга ва бутун оиламизга ўтказган жабр-зулми, таъқиб-тазйиқларидан “Менинг мутлақо хабарим йўқ”, – дея  ғирт ёлғон жавоб қилди кўзларини лўқ қилиб.

            Мана сизга раҳбарнинг ҳақиқий қиёфаси-ю, ҳақиқий башараси. Наҳотки, Ходжаев ўзининг яна кимсан, хавфсизлик бўйича муовини Б.Ўтановнинг бу каби қилғиликларидан бехабар бўлса? Нима, бу муовин ўзича иш тутиб юрганми? У шунчалар эркалатиб қўйилганми? Кўнгли тусаган амалиётга қўл уриб кетаверганми, у? Агар Б.Ўтанов хоҳлаган-билганини қилиб юрган бўлса, унда раис жаноблари қаёққа қаради, нима билан машғул бўлдийкин? Нима Ходжаев муовинларини ўз ҳолига қўйиб, ўзича-билганича иш тутишига шунчалик кенг йўл очиб берганми? Уларнинг шу даражагача етиб боришига бефарқ бўлиб, қара-а-аб турдими, бу раис? Муовинлар бошбошдоқлик билан хоҳлаган ишини қиладиган бўлса, унда раҳбарликнинг ўрни ва роли қаёқда қолади? Шунчалар ҳам ўзибўларчилиг-у, ўзибилармонлик бўладими? Бундан чиқди, миллий телерадиокомпанияда ҳамма нарса ўз ҳолига ташлаб қўйилган экан-да, деган хулоса келиб чиқмаяптими? Бу жавоби билан раис жаноблари “энди ким нима билан шуғулланса шуғулланаверсин, ким-кимни таҳқирласа таҳқирлайверсин, журналистлар қай шаклда бўлмасин таъқиб-тазйиққа олинавериши мумкин”, – деган таҳқирона ҳукмни очиқ-ойдин ўқиб қўймаяптимикин?…

          Зотан, биз билган А.Ходжаев деган зот ҳеч маҳал, ҳеч бир вақт  ўз муовинларини бу даражада эркалатиб, билган-хоҳлаган ишига йўл очиб берадиган кимса эмас. У ҳамма нарсани олдиндан пишиқ-пухта режалаштирадиган, имкони борича нишонни тўғри олишга ҳаракат қиладиган, ўта пихини ёрган, айёрликда тулкини ҳам ярим йўлда қолдириб кетадиганлар хилидан.

         У  “Мен бу каби ҳодисалардан бехабарман” дея ўзини жамоа олдида оппоқ қилиб кўрсатишга уриниб кўрди. Ҳаттоки “Юрагингизда шунча оғир юкни кўтариб юриш… йиллар бўйи сизга осон бўлмагандир, буни тушунаман. Жуда иродали экансиз, бошқа одам бўлса бардош беролмасди”, – дея  кишининг шафқат ҳиссини қўзғайдиган даражада ўзини ўта марҳаматли ва меҳр-мурувватли, “тушунадиган”, олийжаноб инсон қилиб кўрсатишга ҳам ҳаракат қилди.

       Бироқ, у бунинг уддасидан чиқа олмади деб ўйлайман.  Чунки ўзининг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари шу қадар тубан ишларга қўл уриб юрганлигидан “умуман хабарим йўқ” дейишининг ўзи  унинг нечоғлик маккорлигидан далолат. Мажлис аҳлининг ҳаммаси ҳам бу “эртак”ка ишонадиган, лаққа тушадиган даражада анойи ва лақма эмас. Амал курсисига ўтириб олгани учун ўзидан ўзгани ақлли ҳисобламайдиган А.Ходжаев айни дам ана шу ҳақиқатни идрок этишга ожизлик қилаётганди. Зеро, ходимларга нисбатан уюштириладиган ҳар қандай фитнанинг сценарий муаллифи ва ташкилотчиси ҳам, унга бош-қош бўладиган ҳам  шахсан Ходжаевнинг ўзи эканлигини кўпчилик билиб, англаб, тушуниб ўтирибди. Гарчи унинг айёрлигини юзига айтишга журъати етмаётган, еб турган нонидан айрилиб қолишдан  ёки таъқиб-тазйиққа нишон бўлиб қолишдан чўчиётган бўлишса ҳам.

         Раис ҳар қандай кўринишдаги “оёқдан чалиш”ларни фақат ва фақат худди ўша муовини Б.Ўтанов ва унинг малайлари орқали, яъни бировларнинг қўли билангина амалга оширади. У мазкур жабҳада катта тажрибага эга. Чунки  бир қатор ходимларга нисбатан қўлланилган  бу каби усул ва услуб барчага маълум бўлиб қолган.  Айниқса, “Ўзбектелефильм” студияси, “Тошкент” телерадиоканали, “Спорт” телерадиоканали ва бир қатор муҳарририятларда олиб борилган “журналистларга чил бериш” амалиётлари бунга яққол мисол бўлади.

         Бу Ходжаев деганлари ҳаттоки ўзига ёқмаган баъзи бир ходимларни ишдан ҳайдатиш ва уларни жамоа олдида изза қилиш, обрўсизлантиришнинг аломат йўлларини ҳам ўйлаб топган. Йўриғига юрмаган бирор журналистни бадном қилиш учун  танланган ва ёлланган ходимларнинг иш столидаги ғаладонлари ёки сейфларига олдиндан пулларни қўйишади. Кейин эса қулай пайт пойлаб ўзи бошлиқ режим хизмати ходимлари билан “махсус рейд”лар уюштирилади. Шундан сўнг ўша ходимнинг хонасига дабдурустдан бостириб киришиб, унинг столи ғаладони ёки сейфини очишини талаб қилишади. Ўзингиз англаганингиздек, ҳалиги аҳвол…

            Ходим “махсус рейд”чилар буйруғи, таҳдидига биноан ғаладонини ёки сейфини очиб қарасаки, мавжудлигию миқдорини ўзи ҳам билмайдиган қанчадир суммадаги маблағ чиқиб қолади… Бу гуруҳ, яъниким “махсус рейд”чилар олдиндан ўзлари томонидан қўйилган пулларни ходимга кўрсатиб, таҳдид билан бунча пулни қаердан олганлигини “суриштиришади” гўё. Бундан гангиб қолган бечора-ходим нима қилишини билмай қолади. Талвасага тушади. Ўзини у ёққа, бу ёққа уради. Охири саросима ва тушкунлик қудуғига тушиб қолган “ўлжа” ўша рейд уюштирувчилар томонидан қандай шарт қўйилса, шунга кўнишга мажбур. Одатда, тузоққа тушганларга учта шарт қўйилади:

         Биринчиси – ходим ўз лавозимидан “ўз хоҳишига кўра” воз кечиши ё бўлмаса пастроқ лавозимга ўтиши ҳақида ариза ёзиши керак.

          Иккинчиси – агар телевидниеда ишлаётган бўлса, радиога “сургун” қилинади.

          Учинчиси – “махсус рейд”чилар билан ҳамкорликда “қулоқ” бўлиб ишлашга рози бўлиши лозим.

          Ана шу уч шартнинг бирига лом-мим демай кўниши ва бу ҳақда ҳеч қачон ҳеч кимга “гуллаб” қўймаслиги даркор. Акс ҳолда ишидан мосуво бўлиши ва жамоа олдида шармисор қилиниши мумкин. Бу спектакль ишончли чиқиши учун шартга кўнмай, кўпчиликнинг олдида изза-шармисор қилиниши керак бўлган ходимнинг энг яқин дўстлари танланади ва ёлланади. Қандай қилиб дейсизми, юқоридаги тахлитда. Уларнинг ҳам “нозик” жойи “кашф” этилади-да, бурнидан ип ўтказиб олинади. Ана шундан кейин, дўстлик, садоқат ҳақидаги қасамёдини бузиб, бир майизни бўлишиб еб юрган, ҳатто қирқ йиллик қадрдонининг ҳам уни дўст деб ишониб айтган сирларини сотмай кўрсин-чи. Агар нозикроқ сирини тополмай қолса, “заказной” иғволару бўҳтонларга йўғрилган айбномаю ҳақоратлар лойини жамоа олдида жон дўстининг бетига чапламай кўрсин-чи, ҳоли нима кечаркин?…

           Бирор журналистни бадном қилиш учун унинг энг яқин ва энг ишонган дўстлари”лой чаплаш” ролига танланиши ва ёлланишида ҳам гап бор.

             Агарки энг ишонган, энг яқин уч-тўрт нафар дўстинг сенинг қоқ кўксингга мушт туширса, лой чапласа, бошқалар тап тартмай тепа бошлайди, балчиқ чаплайди. “Биз бу одамни яхши инсон деб ўйлардик, аммо янглишибмиз. Энг яқин дўстлари ундан юз ўгиришди-ку, кўпчиликнинг олдида айбини айтиб ташлашди-ку, чунки улар бу одамни биздан кўра яхшироқ  билишади-да, дўст бўлишган-да. Демак, у шунчалик ёмон одам эканки, энг яқин дўстлари ёппасига воз кечишди”, – дея осонгина хулоса чиқариб қўйишади.  Қарабсанки, сен жамоадаги “энг ёмон” одамга айланасан-қоласан. “Жамоанинг фикри ва хулосаси” ниқоби остида мазкур жамоада ишлашга нолойиқ деган ҳукм ўқишади сенга. Шахсингга айтилаётган айбномалар ҳақиқатми ёки ғирт бўҳтондан иборатми, буни ҳеч ким сўраб ҳам, суриштириб ҳам ўтирмайди. Раҳбар “оқ” дедими, демак, “оқ”сан. Агар раҳбар “қора” деса, демак, “қора”сан. Бирор ходимнинг виждони оғриб, сени оқлашга уриниб кўрсин-чи, исми шарифи “қора рўйхат”нинг бошига хат қилинади ва кўп ўтмай сендан баттар қораланади, юзига асфальт чаплашади. Агар бундан баттари бўлмаса шукр қилсин…

            Энди айтинг, ким ўзига кўпнинг кўз ўнгида шармисор бўлиш, емаган сомсаси учун пул тўлаш, асоссиз айб учун маломатга дучор бўлиш, қилмаган жинояти учун қамоққа тушиш, жувонмарг бўлишдек даҳшатли қисматни раво кўради? Ҳеч ким! Ундан кўра кўпнинг қаторига ўтиб, нишонга олинган бир бечорага тош отиб кетиш – энг осон иш…

       Ана шундай қилиб, замон фитналарининг қиличи бошга келган пайтда дўстлигу садоқат, иймону инсоф, виждон, бир сўз билан айтганда, Оллоҳ махлуқотлар ичида энг азизу мукаррам қилиб қўйган инсонийлик аталмиш шарафли ном, юксак бир мақом буюк синовдан ўтказилади. Буни билганлар билади, билмаганлар… Маккорликда ҳатто шайтонга ҳам дарс бериш даражасига етган Алишер Ходжаев ва унинг тоифасидагилар тузоғига тушиб қолаверади. Ҳамма қилғиликни қилиб қўйиб, ўзини “дунёбехабар” қилиб кўрсатадиган худобехабар, худодан қайтган А.Ходжаев эса турли туман фитналар амалиётини ўтказиб туришни компанияда ўзига хос тарздаги урфга айлантирган…

                                                                                Нарзулло   ОХУНЖОНОВ

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Журналист бобомурод абдуллаев андрей сахаров номидаги “жасорати учун” нишони билан тақдирланди

26 март 2018 йил соат 15-00 да Жиноий ишлар бӯйича Тошкент шаҳар судида судья Зафар Нурматов раҳбарлигида Ӯзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 4-банди билан ...

Пойтахтда миллий боғ бузиб ташланадими? профессор бунга қарши

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарорига кўра, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида «замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ...

Оав: дийдамиз қотаяпти…

Кеча Қозоғистонда мудҳиш авария содир бўлди. Ўзбекистонликлар кетаётган «Lada Largus» автомобили юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Натижада олти нафар ҳамюртимиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400