От кишнаган оқшом (қисса) 58-қисм

58

Эндиги қоғоз келишида бормадим.
Боиси, Доно момо бандалик қилди. Жанозасига бордим. Момони ўраб-чирмаб, йиғлаб-йиғлаб қўйиб келдим.
Уйда азали кайфиятда ёнбошлаб ётиб эдим, Рихсиев келиб қолди.
— Аҳай, чой қўйинглар! — дедим аёлимизга.
— Кайфиятингиз йўқ, ўртоқ Қурбонов? — деди Рихсиев.
— Доно момони қўйиб келдик, — дедим.
— Қаёққа қўйиб келдингиз?
Шунда, Рихсиев жанозада бўлмаганини билдим.
— Доно момо оламдан ўтди, шуни айтаяпман,— дедим.
— Аҳа, дафн қилдик денг. Қўйиб келдик деганингизга бирор нимани қўйиб келибдими дебман.
Юзимни ўгириб, кўзларимни юмдим. Ўзимни босолмадим. Тағин ўнг бўлдим. Кўнглимга қай бир гаплар келди. Гап келганда гапирмаса, шу гап ўлдим, деб кетади. Шу боис, умримда биринчи марта Рихсиевга оқсоқолчилик қилишга журъат этдим:
— Рихсиев ака, — дедим, — сиз ўқиган одамсиз, оламдаги бор гапни биласиз. Сизга ўргатиб бўлмайди. Ҳеч қачон элдан қолманг, ака. Хусусан икки вақт элнинг ёнида бўлинг. Бири —тўйида. Элнинг тўйини белингизни беш жойидан бойлаб хизмат қилиб, ўйнаб-кулиб, хуш-хушвақт ўтказиб беринг. Тўй кўпники, ҳа. Яна бири — азасида. Йиғлаб-сиқтаб элнинг қайғусига ҳамдард бўлинг. Ўлим қайғусини бир одам кўтаролмайди. Оғирлик қилади. Шунда сиз ёнида бўлиб, қайғусига шерик бўлинг. Одам ана шу икки вақтда одамлигини билдиради.
— Мен ундай момони танимайман, у ким?
— Ўзимиздай одам. Фақиргина бир момо эди. Умри колхозда ишлаб ўтди. Қариган чоғида магазинда қоровул бўлди. На қизи бор, на ули бор эди. Бечораҳол момо эди. Йиғлайдиганлари-да бўлмади. Ўзимиз момомлаб, холамлаб йиғлаб жўнатдик. Эл кўмди…
— Аҳа, қулоғимга бир чалингандай бўлди. Мактабга дарсга кетаётган эдим, кимдир, биров ўлибди, деди. Эътибор бермабман.
— Ана шу-да. Шу сабабли-да жанозада одам тахчил бўлди. Кўнглим ярим бўлиб қайтдим.

Одамзотнинг қадри энди шу бўлдими, дедим. Рихсиев ака, бир кун келиб биз ҳам кетамиз.
Ўлим баримизнинг бошимизда бор савдо. Шундай кунда бир-бировимизнинг кунимизга ярамасак, одам бўлиб нима қилиб юрибмиз…
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳамманинг бориши шартми, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Қариндош-уруғидан тўрт киши борса бўлди-да. Тобутнинг тўрт ёғочидан ушлаб кўтариб боради. Тўрт кишидан ортиғи ортиқлик қилади. Аҳа, хўп, олти киши ҳам бўлсин. Иккитаси гўр қазиб туради.
— Рихсиев ака, одам ит бўлса экан, оёғидан судраб олиб бориб, чуқурга ташлаб кела берса.
Одам ўз номи ўзи билан одам. Одамдан улуғ жонзот борми…
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Ҳа, энди, бир кампир экан-да. Бор-йўғи қоровул! — деди. — Халқаро аҳамиятга, ақалли маҳаллий аҳамиятга молик шахс бўлса экан, билагимизга қора лента тақиб фахрий қоровулликда турсак! Мотам тутсак, нутқ сўзласак!
— Рихсиев ака, одамнинг катта-кичиги бўлмайди. Бариям одам. Бир одам яхшими-ёмонми бир умр яшади. Қўлидан келганча тирикчилик қилиб, ўзини одам санаб юрди. Биз билан бетма-бет бўлди, елкама-елка бўлди, даврма-давр бўлди. Энди қайтмас бўлиб кетаяпти. Одам қайтмас бўлиб кетаётганда бормаган одам одамми…
Рихсиев гапимни оғзи билан эшитди.
— Кампирларнинг ўлими маҳаллий гап, ўртоқ Қурбонов, — деди. — Эътиборга молик эмас. Ана, халқаро аренада қанчадан қандай трагедиялар содир бўлмоқда. Эрон шоҳи Паҳлавий яширин буйруқ бериб, бир кинотеатрни ёқиб юборибди. Ичида беш юз инсон бор экан. Аҳа, трагедия деб буни айтади! Даҳшат! Мен Эрон халқига чуқур таъзия билдираман. Мен халқаро аҳволдан ташвишдаман, ўртоқ Қурбонов, қаттиқ ташвишдаман! Халқаро вазият кун сайин кескинлашиб бормоқда…


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-52

ҚУНДУЗ. САМАРҚАНД ИККИ ҚИЛИЧ ОРАСИДА 1 Заррин попуклар билан безатилган оқ туянинг устида маликалар ўтирадиган бахмал соябонли кажавада Хонзода бегим тўққиз яшар ўғилчаси ...

Мeҳробдан чаён-нигорхоним

Нигорхоним  бошда  эрга  ёлчимади.  Аввало  эрининг  фақирлиғи,  бойиғандан  сўнг  бўлса унинг  зарбулмасал  бўларлиқ  хасислиги  бечорани  кўб  йиғлатти. “Хотин  кишининг  ...

Юлдузли тунлар-23

2 Чўқмор зарбидан жароҳатланган билаги қаттиқ оғриётганини мавлоно Фазлиддин қоронғи бир ҳибсхонада ёлғиз ўзи қолганда сезди. Уни Андижоннинг Чақаридаги тош истеҳком ичига, ...