От кишнаган оқшом (қисса) 64-қисм

64

Эртаси эрталаб Назир жувозкаш келди. Девордан бўйлаб овоз берди.
— Зиёдулла чавандоз, берман бир қаранг! — деди. Бир-бир босиб бордим. Девордан қўл узатдим. Кўришиб-сўрашдим.
Назир жувозкаш бола-бақрани сўради, томи тошни сўради. Кейин, мол-ҳолга ўтди.
— Ҳа-а, — деди. — Бизнинг куёв қандай? Хўп дамлигинами?
Ўйлаб турдим-турдим. Назир жувозкаш нима деди, тушунмадим.
— Қандай куёв? — дедим.
— Қандай куёв бўларди, Тарлон куёвимиз-да.
— Э, ҳа, Тарлонми? Шукур, шукур.
— Ўзи, куёв келдими?
— Келди, ҳа, келди. Нима эди?
— Шундай, алағда бўлиб сўраяпман-да.
Назир жувозкаш бўлиб ўтмиш гапни бир бошидан айтиб берди.
Eмишки, бизнинг Тарлон ўша кетишида тўғри Назир жувозкашникига борибди. Дарвозадан кишнаб-кишнаб кирибди.
Бу вақтда Назир жувозкаш Олмакўзини яланғочлаётган бўлибди. Тарлонни кўриб, ҳайрондан ҳайрон қолибди. Нима қилишини билмабди, нима дейишини билмабди.
Назир жувозкаш нима-да қилади, нима-да дейди? Куёв ўз оёғи билан ўзи кириб келди.
Эшикдан эгилиб келиб турган куёвга бир нима деб бўладими? Бўлмайди, бўлмайди!
Назир жувозкаш ўйлаб қолибди. Куёв-ку уялмади, куёв-ку, ор қилмади. Энди мен уялайин дебди, энди мен ор қилайин, дебди. Чапони ёқаси билан юзларини беркитибди, ерга қараб-қараб, уйига кириб кетибди.
Биродарлар, куёвни пайғамбарлар-да сийлаган! Аҳай-аҳай!
Мен деворга тирсакларим билан суяниб эшитдим. Бошимни сарак-сарак этиб эшитдим.
Тарлон Олмакўзга бўй бериб-бўй бериб борибди.
Олмакўз ҳурпайибди, қулоқларини диккайтирибди, ёлларини ҳурпайтирибди, думларини тикрайтирибди. Тўлғониб-тўлғониб кишнабди. Орқа оёқларини сермабди. Тепиб юбораман-тепиб юбораман, дебди.
Тарлон бир сапчиб четланибди. Олмакўзни айланиб чопибди. Дирк-дирк ўйнабди. Олмакўз теварагида доира ясабди.
Тарлон Олмакўзга кифт бериб-кифт бериб борибди.
Олмакўз зинкийиб-зинкийиб пишқирибди. Тишларини иржайтириб-иржайтириб ғижирлатибди.
Тишлаб оламан-тишлаб оламан, дебди.
Тарлон эпчиллик билан четланибди. Олмакўзни айланиб чопибди. Дирк-дирк ўйнабди. Олмакўз теварагида доира ясабди.
Тарлон Олмакўз билан юзма-юз борибди. Юзларини юзларига теккизибди.
Олмакўз пишқириб-пишқириб, юзларини четга бурибди. Юзларини олиб қочибди.
Тарлон Олмакўзни айланиб чопибди. Дирк-дирк ўйнабди. Олмакўз теварагида доира ясабди.
Тарлон Олмакўз билан тумшуқма-тумшуқ келибди. Олмакўз билан тумшуқларини теккизиб-теккизиб искашибди. Пишқириб-пишқириб искашибди. Олмакўзининг оғзига пишқириб искашибди, бурнига пишқириб искашибди. Олмакўзга бир нималар дебди, бир нималар айтибди. Нималар дебди, нималар айтибди — унисини ёлғиз ўзи билибди, ёлғиз Олмакўз Тарлон кўнгил берибди, Олмакўз кўнгил олибди! Аҳай-аҳай!
Охир-оқибат… Олмакўз дилдорлик берибди!..
— Йўғ-е? — дедим.
— Ҳа-да! — Энди қуда бўлдик, Зиёдулла чавандоз, қуда-қудағай бўлдик!
— Ҳазиллашманг-е, жувозкаш, ҳазиллашманг-е!
— Беҳазил, қуда, беҳазил! Ўзиям қайлиқ ўйинимисан, қайлиқ ўйини бўлди-да… О-о-о!.. Куёвни нима бериб боққансиз, Зиёдулла чавандоз?
Бошимни чайқаб-чайқаб кулдим. Қўлимни силтаб-силтаб кулдим.
— Гапингиз қурсин-е, жувозкаш-е, гапингиз қурсин-е!
— Эбо-е, ана қайлиқ ўйини, мана қайлиқ ўйини… О-о-о!..
Юзларимни ушлаб-ушлаб кулдим, юзларимни беркитиб-беркитиб кулдим.
— Бўлди-е, жувозкаш-е, бўлди-е!
— Эбо-е… Қаранг-а! Эбо-е… қаранг-а!
— Астароғ-е, аёл эшитади-е!
— Эбо-е… Қаранг-а! Биз ҳам юрган эканмиз-да… О-о-о, ана мана!..
— Қандай-қандай?.. Бўлди-е, аёл эшитади-е!
— Сиз билан биз ҳам… юрган эканмиз-да, Зиёдулла чавандоз! О-о-о, ана… мана…!
— Астароқ дейман-е, аёл эшитади-е!
— О-о-о, ҳалолинг бўл-е, куёв-е, ҳалолинг бўл-е!..
Хандон-хандон отиб кулдим.
— Э, тавба-е, э, тавбангдан-е! Шўхлашманг-е, жувозкаш-е, шўхлашманг-е!
— Бешўхи, қуда, бешўхи! Ана куёв, мана куёв! О-о-о, ана… мана..!
Қаҳ-қаҳ уриб келдим.
— Бўлди-е… Бизнинг Тарлон шўх экан-да, а, шўх экан-да?
— Ҳа-да! Эгасига тортганми, билмайман! Мол эгасига ўхшайди, дейди-ку…
Кетимга чалқайиб-чалқайиб кулдим.
— Нима-нима? — дедим.
— Мол эгасига ўхшамаса, ҳаром бўлади…
Девордан буғдойдай кесак олиб, Назир жувозкашга отган бўлдим. Жувозкаш билаги билан бетини пана қилган бўлди.
— Астароғ-е, аёл эшитади, астароғ-е! — дедим. Кафтларимни кафтларимга қарс-қарс уриб кулдим.
— Бизнинг Тарлон шўх эканми-а, шунчалик шўх эканми? Ай, Тарлон-е, ай, Тарлони тушмагур-ей! Қўлларимни бир-бирига ишқаб-ишқаб кулдим.
— Бизнинг Тарлон шўх-да, шўх! Бир шўхлашибди-да! Ўтадиган дунёда бир шўхлашайин, дебди-да! — Кула бериб-кула бериб, ичларим оғриб қолди. Кула бериб-кула бериб, кўзларим ёшланиб қолди.
— Мол эгасига ўхшайди, дейсиз-да? Ай, уккағарнинг қудаси-е! — дедим. — Айниқса, от эгасига ўхшайди, дейсиз-да? Ай, уккағарнинг қудаси-е!..
Гарчи қўлимга бир нима илашмаса-да, девордан кесак олиб отган бўлдим. Гарчи бир нима отилиб бормаса-да, жувозкаш пусиб қолган бўлди.
— Ай, кучингдан Тарлон-ей, кучгинангдан-е!— дедим.
Мириқиб кулдим, ҳузурланиб кулдим, маза қилиб кулдим!
Бир амаллаб ўзимни босиб олдим. Юз-кўзларимни артдим.
— Ҳа-е, шундай-шундай бўлади-да-е! Иссиқ жонда-е, иссиқ жон! — дедим. — Қани, ичкариланг, қуда, чой ичамиз?
— Йўғ-е, қуда, йўғ-е. Эсимнинг борида жувозхонамга кетайин. Бўлмаса, куёв бўлмиш келинни кўриб қолади-да, тағин ҳиқиллаб ёпишади!
— Шундайми, унда, майлингиз. Ўзи, келин қаерда, қуда?

— Ана келин, ана!
Девордан узалиб қарадим.
Назир жувозкаш остидаги отини кўрсатди.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дилмурод  саййид: муҳаббатнинг мунгли қиссаси

КРИМИНАЛ — ФОЖЕАВИЙ ҲИКОЯ «Ҳақиқат кутиб тураверади, чунки у қаримайди, доимо  навқирон; эҳтимол, уни таниб ҳам қолишар!»        (Ж.Гюго) СУД ҳукми ўқилди. Шоҳрух тамоман ...

Юлдузли тунлар-70

3 Деҳлига отасидан олдин кириб келган Ҳумоюн Жамна дарёсининг ўнг қирғоғидаги қизил деворли улкан қалъани жангсиз эгаллади. Иброҳим Лодининг қалъадаги хазинала-рини муҳрлаб, ...

Ўзни танитиш

16. ЎЗНИ ТАНИТИШ Eртаси кун бутун Марғилон деярлик Маликбойнинг майдонида воқиъ бўлған ишка жуда ҳайрон эди: — Мутал билан Содиқ бўлса шаҳарнинг томтешар йигитларидан, улар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400