От кишнаган оқшом (қисса) 65-қисм

65

Самад чавандоз кўпкарининг олган-олганини— охирини олди.
Қайтишимизда баримизни уйига айтди. Самад чавандоз уйи олдига келганимизда ўйланиб қолдим. Мендан бўлак чавандозлар уйи яқин бўлди. Чавандозлар отларини боғлайди-ю, келади.
Бизники хийла олисда бўлди. Тарлонни уйимизга боғлаб келаман дегунимча, қозон икки қайнайди. Чавандозлар менинг йўлимга қараб ўтирмайди. Гўштни ейди-қўяди!
Яна тағин, эриниб, келолмаслигим-да бор.
Ўйлаб-ўйлаб, қоладиган бўлдим. Нафс қурғур ёмон-да!
Тарлонни дарвоза устунига боғладим. Кўпкаридан олган гилам, тўнларни эгардан олдим.
Шунда, кўчадан кенжа қайнимиз Қорақул ўтди.
— Йўл бўлсин? — дедим.
— Сизникига, — деди қайним.
— Ма, Тарлонни-да ола кет, — дедим.
Қайнимни оёғидан олиб, отга миндириб юбордим.
Самад чавандозникида ёнбошлаб олиб, тана илик сўрдим.
Чавандозлар бўлиб ўтмиш кўпкари гурунгини қилди. Отларга таъриф берди. Ўзларидан ўтган хатоликларни бетларга айтди. Яхшиликларини ёдлади. Бир-бирлари елкаларига қоқди, тиззаларига шапатилади.
— Ай, яша-е, яша! — деди.
Чавандозлар ҳамроз бўлди. Бир-бирига ақл бўлди.
Самад чавандоз михда осиғлиқ дўмбирасини олди. Тинқиллатиб-тинқиллатиб созлади. Чертиб-чертиб бошлади.
Хаёлларга ғарқоб бўлиб ёнбошлаб ётиб эдим, гал менга келди. Мен чордона қуриб ўтириб олдим. Билакларимни турдим. Дўмбирани созимга солдим. Ҳаккалабосим-ҳаккалабосим нағмалардан чалдим. Чавондозлар кўнглини қитиқладим.
Самад чавандоз ўтирган ерида елкаларини қоқиб-қоқиб ўйнаб қўя берди!
Сўзни сўзга чўқиштирдим, гапни гапга уриштирдим, отларни нағмаларга солдим. Отлар ашула бўлди! Аҳай-аҳай!

Бул сағрингга қарайман
Куёвли қиз ётгудай,
Бурнингдан чиққан дамингга
Каррак босса ёнгудай,
Қулоқларинг орасидан
Қўштегирмон сув ўтгудай!..

Биродарлар, ашула ичидаги от бор-ку? Ўша ўзимизнинг Тарлон, ҳа!
Ана, Тарлон дирк-дирк ўйнади. Бепонён Вахшивор адирларига қараб кишнади. Залворли адирлардан акс садо келди…
Ё, сизнинг отингиз-да бизнинг Тарлондайми? Бизнинг Тарлонга келбат берадими? Унда, сизнинг отингиз-да ашула бўлибди-да? Аҳай-аҳай!
Ҳадеб отни ашула қила бериш бўлмас! Энди чавандозларга-да ўтайин! Кимни ашулага солсам экан? Шу бурчакда ўй суриб ўтирган Одина чавандозни ашулага солсаммикин? Ўттизни уриб қўйди, ҳали-да уйланмади! Бир қитиғига тегайин! Зора, йигитлик ғурури ваража қилса! Аҳай-аҳай!

Қидириб чопсанг бирор кун
Кенг Қўнғиротнинг тўйини,
Олиб ётсанг, жўражон
Қора уйнинг тўрини,
Олиб қучсанг найлайин
Бурни кулган бир парини,
Шу чиқарар куйган юрак черини!

— Ҳа, дў-ў-ўст!
— Қўйма, Зиёдулла чавандоз, қўйма!
Чавандозлар гап қаёққа бораётганини билди.
Гап эгаси-да ўзини билди, ўзини таниди. Кўзлари пир-пир этди. Кўзлари ерга қадалди.
Биродарлар, бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади!
Мен эндиги гапимни нағмаларсиз айтдим:
— Одина чавандоз дейман-ов! Йигитнинг боши иккита бўлмагунича, моли иккита бўлмайди!
Уйлан-да энди, биродар! Оғзингга толқон солгандай миқ этмай юрасан! Айт-да, ўзи нима гап?
Биз сенинг узанги йўлдошларингмиз! Яхши кунингга-да, ёмон кунингга-да яраймиз!
Чавандозлар гапимни қувватлаб турди, маъқуллаб турди.
Охири, Одина чавандоздан садо чиқди! Одинаси қурғур, бизнинг қайнсинглимизни кўз остига босиб юрибди экан! Ана, гап! Бир сафар совчи-да қўйибди, аммо қайнонамиз йўқ, дебди! Ана.
— Одина чавандоз-ов, ёш йигит кўзи билан қиз олма, дейдилар. Бизнинг қайнисинглимиздан бошқаси бўлмайдими? — дедим.
— Йўқ, бўлмайди! — деди Одина.
Одина чавандоз оламда бизнинг қайнсинглимиздан ўзгасини тан олмас эмиш! Қайнсинглимиз оламда яккаю ягона эмиш!
— Йўғ-е? — дедим.
— Ҳа! — деди.
— Чинингни айт? — дедим.
— Чиним! — деди.
Биродарлар, дил кетган эмиш, дил! Аҳай-аҳай!
— Ай, Одина чавандоз, унда, қўлни бер, ўзим совчи бўламан! — дедим. — Қайнсинглимни сенга олиб бериб, сен билан божа бўлмасам, Зиёдулла чавандоз отимни бошқа қўяман! Шу кундан эътиборан, икковимиз божа! Ай, Одина чавандоз-ов, нарироқ ўтир, божа божани кўрса… — дедим.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 6-қисм

6 Эл менга-да бурнини жийириб қаради, отимгада бурнини жийириб қаради. Эл, оғзини ушлаб кулди, пиқ-пиқ кулди, қўли билан кўрсатиб кулди, пана-паналарда кулди. Билдим, эл, ...

Фиғон тўла афғон: салом, афғон (хотира-эссе)

Хуллас, “йигитлик бурчимни сидқидилдан адо этиш учун” ҳарбий хизматга отландим. Пойтахтда рўйхатда турганим учун хизматга шу ердан чақирилганман. Мен кетаётган чақирувда ...

Устозим рауф парфи – қабристон мажороси

Рауф ака вафот этганларида барча фарзандлари бошлари устида эди. Йиғи-сиғи тингач, ақлни жойга қўйиб иш тутиш керак эди. Бу борада катта таржирибага эга полвон Турсун Али ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400