Ўзбекистонда мактаблар янги ўқув йилига тайёрми?

Янги ўқув йили бошланишига оз фурсат қолди. Хўш, мактабларнинг бугунги ҳолати талабга жавоб берадими? Янги мавсумга тайёргарлик қай даражада? Мактаб мутасаддилари ўқувчиларга қандай қулайликларни ваъда қилмоқда? Шу ва бошқа саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд вилоятининг Пайариқ, Оқдарё ва Нарпай туманларидаги айрим таълим муассасаларида бўлдик.

840 ўринли мактабда 1917 нафар ўқувчи таҳсил олади

Дастлабки манзилимиз Пайариқ тумани бўлди. Ҳудуддаги 6-умумтаълим мактаби 1972 йилда қурилган бўлиб, 2009 йилда капитал таъмирланган. 840 ўринга мўлжалланган олтита бинода жорий ўқув йилидан бошлаб 1 минг 917 нафар (?!) ўқувчи таҳсил олади. Муассаса директори Қ.Ражабовнинг айтишича, мактаб таъмирга муҳтож ва ўқувчилар сони ҳаддан ортиқлиги боис синфхоналар етишмайди. Ҳолат бўйича туман халқ таълими бўлими масъуллари билан боғланганимизда, улар ҳудуддаги тиббиёт коллежининг биноси шу мактабга берилишини таъкидлашди.

Мактабда 19 та компьютер бор, аммо улардан мақсадли фойдаланиш учун имкониятлар чекланган, интернет йўқ. Фойе ва синфхоналардаги кўплаб электр чироқлари ишламайди. Мактаб атрофида фойдаланиш мумкин бўлган анчагина ер майдони қаровсиз аҳволда, бегона ўт босиб ётибди. У ерга нимадир экиб, даромад олиш ва мактаб эҳтиёжлари учун ишлатиш ҳақида ҳозиргача ҳеч ким ўйлаб кўрмаган.

Муассаса раҳбарлари шу пайтгача нима қилдилар?

Тумандаги 5-умумтаълим мактаби директори Т.Кўбаевнинг айтишича, муассаса 2008 йилда 240 ўринга мўлжаллаб қурилган. Янги ўқув йилидан бошлаб бу ерда 488 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олиши режалаштирилган. Бино ҳомийлик томонидан ажратилган 5,5 миллион сўм маблағ асосида жорий таъмирдан чиқарилган.

Мактаб ҳудуди девор ва темир панжара билан ўралиб, муассасанинг ҳовли қисмига экин ва гуллар экилган. Бироқ мактабга ёндош ҳудудда тамоман бошқача манзарани кўриш мумкин. Атрофни бегона ўт босган. «Бу ерни ҳеч ким кўрмайди», қабилида иш тутилган, шекилли, узоқ вақтдан буён қаровсиз қолдирилгани маълум. Мактаб ҳовлисидаги стадион ҳам ўқувчиларнинг машғулот олиб бориши учун тайёрланмаган, ҳар хил ўт ва майда тошлар қалашиб ётибди. Бинонинг орқа томонида қурилган иссиқхонадан ҳам фойдаланилмаган, ташландиқ ҳолда.

Тумандаги 87-умумтаълим мактабида ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўлиш мумкин. Бинолар атрофида ободонлаштириш ишлари мутлақо ташкил қилинмаган, бўш, қаровсиз ерлар талайгина. Муассаса директори ўринбосари Ф.Усмоновнинг айтишича, айни пайтда бу ерда ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб бориляпти. Таажжуб! Таълим муассасасини кўздан кечириш жараёнида бу ишлар мутлақо сезилмади. Шу ўринда савол туғилади: муассаса раҳбарлари шу пайтгача нима қилдилар? Мактабда бажарилиши керак бўлган юмушлар наҳотки, икки ой давомида ҳеч кимнинг эсига келмаган?

Мактабдаги ободлик вазир келиши учун ҳозирландими?

Оқдарё туманидаги «Авазали» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 12-умумтаълим мактабида бўлдик. Очиғи, биз бўлган мактабларнинг ичида энг ободи, янги ўқув йилига керагича тайёргарлик кўрилгани шу бўлди. Мактаб ҳудудига кириб боришингиз билан баҳри-дилингиз яйрайди, ҳамма жой озода. Турли хил гул ва дарахтлар яшнаб турибди. Атрофда бир қарич ҳам қаровсиз қолган ерга кўзингиз тушмайди.

Синфхоналар таъмирланиб, ҳар бир хонада телевизор ўрнатилган ва ўқувчиларга бериладиган китоблар тахлаб қўйилган. Кутубхонадаги китоблар тартиб билан тахланган, газета ва журналлар ҳам эътибордан четда қолмаган. Компьютер хонаси қуёш нурини қайтарувчи ҳимоя воситалари билан таъминланган. Афсуски, бу мактаб ҳам интернет тизимига уланмаган экан.

Мактабга тегишли бўлган спорт зали ҳам ўқув йилига тайёр, инвентарлар жой-жойига қўйилган. Спорт зали ёнидаги ювиниш хоналаридан иссиқ ва совуқ сув келиб турибди. Туғриси, муассаса раҳбари виждонан ишлагани ва мактаб учун сидқидилдан ҳаракат қилгани маълум. Мактаб ҳовлисида жойлашган футбол майдонининг ҳам биргина ён чизиқлари йўқлигини ҳисобга олмаганда камчилик йўқ. Муассаса раҳбари Т.Бобоёрованинг таъкидлашича, яқинда шу мактабга Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов келган ва ёшлар учун яратилган шароитлар ҳамда мактабнинг ободлигини кўриб, мутасаддиларга миннатдорлик билдирган.

— Биз мактабни вазир келиши учун атай ҳозирламадик, — деди Т.Бобоёрова. — Вазирнинг бу ерга ташрифи тасодифий ҳол бўлди. Мактабни бу ҳолатга келтириш учун бир неча йилдан буён ҳаракат қиляпмиз, ўзимизни қийнаяпмиз. Очиғи, мактаб анчагина тартибли, чиройли бўлиши мумкин, аммо бу ерда қилишимиз керак бўлган ишлар ҳали ҳам талайгина. Режадаги ишларни амалга ошириб бўлсаккина, мактабимиз замон талаблари даражасида бўлади.

Маҳалла ёшларига компьютердан фойдаланиш учун рухсат йўқ

Нарпай туманидаги 47-умумтаълим мактабининг кириш қисмида фойдаланиш мумкин бўлган анчагина ер майдонининг қаровсиз, қақраб ётгани киши эътиборини тортади. Бино ичкариси ҳам кўзни қувнатар даражада эмас. Тўғри, синфхоналарни таъмирлашга ҳаракат қилинган, аммо асосий масалалар эътибордан четда. Фойе ва синфхоналардаги ёриткич чироқларининг бир нечтаси ишламайди. Компьютерлар сақланадиган хона қуёш нуридан ҳимояланмаган…

— Мактабимиз 2007 йилда 230 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, айни пайтда 424 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олади, — дейди муассаса раҳбари М.Омонқулова. — Мактаб ҳомийлар томонидан ажратилган 8 миллион сўм маблағ асосида таъмирланди. Қолган камчиликларни ҳам навбати билан бартараф қиламиз.

Мактаб директори бизни компьютер синфи, кутубхона ва спорт майдонлари билан таништирди. 16 та замонавий компьютер бўлса-да, уларнинг биронтаси интернетга уланмаган, истовчиларга эса фойдаланиш учун рухсат йўқ. Тўғри, муассаса раҳбари хоҳловчилар компьютердан фойдаланяпти, деди. Аммо мазкур мактаб жойлашган «Тепа» маҳалласи аҳолиси билан суҳбатлашганимизда улар баъзида мактабнинг футбол майдонидан фойдаланишини, бироқ компьютерлар билан ишлашга мутлақо рухсат берилмаганини айтди. Маҳалла раиси Яхшигул Сафарованинг ҳолат бўйича фикрлари билан қизиққанимизда, у бу вазифада жорий йилнинг май ойидан буён ишлаётгани ва ёшлар айни пайтда мактабда мавжуд имкониятлардан қай даражада фойдаланаётганидан бехабар эканини айтди.

Мактаб кутубхонаси илтимосларимиздан сўнггина очилди. Кутубхона раҳбари эса иш жойида йўқ. Ваҳоланки, ёзги таътил кунлари болаларнинг кутубхона хизматларидан фойдаланиши учун шароитлар яратилиши лозим эди. Директорнинг айтишича, кутубхоначи «районо»да (мактаблардан кимнидир топа олмасангиз, билингки, у «районо»да бўлади) экан. Яна бир ҳолат. Спорт зали ва ундаги инвентарлардан ёшлар фойдаланиши керак. Бу мактабда эса аксинча. Яъни, спорт залининг поли рангланиб, чиройли қилиб қўйилган ва унда ҳам оёқ изини кўрмайсиз. Спорт инвентарлари эса кичик бир хонада қалашиб, чанг босиб ётибди. Ундан фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди, шекилли.

Спорт залига яқин кунларда биров кирмаган

Тумандаги 50-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига яхши тайёргарлик кўрилган. Мактаб синфхоналари, спорт зали ўқув йилига тайёр. Мактаб ҳудуди ҳам ободонлаштирилган ва экин майдонларининг бўш турган жойи йўқ. Бироқ мазкур муассасада ҳам юқоридаги мактабда кузатилган ҳолатларга дуч келдик.

Компьютер хонасидаги 27 та ­компью­тернинг чанг босиб ётганига қараганда, бу ерга яқин орада ҳеч ким кирмаган. Спорт залидаги инвентарлар фойдаланишга тайёрлаб қўйилган бўлса-да, афсуски, бу ерга ҳам ёшлар киритилмагани шундоқ кўриниб турибди. Мактаб директори А.Азимовнинг айтишича, бу ерга маҳалла ёшлари ҳар кун келиб, шуғулланишади. Бироқ ҳаво иссиқ бўлгани учун болалар вақтли кетишаётган экан. Очиғи, спорт залига қараб, директорнинг сўзлари ҳақиқат эканига ишонгинг келмайди. Негаки, спорт залига яқин кунларда биров кирмагани шундоқ кўриниб турибди.

Юқоридаги ҳолатлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, Пайариқ, Оқдарё ва Нарпай туманларидаги бир қатор мактаблар ҳали янги ўқув йилига тайёр эмас. Ўқув йили бошланишига эса оз фурсат қолди. Мактаблардаги камчиликларни бартараф қилса бўлади. Бунинг учун муассаса раҳбарлари озгина қунт ва эътибор билан ҳаракат қилса кифоя. Зеро, бу борада зудлик билан чора-тадбирлар кўрилмаса, ушбу муаммолар сўзсиз таълим сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади…

Ёрмамат РУСТАМОВ

Манба:«Mahalla»

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Қирғизистон-қозоғистон муносабатларини халқ дипломатияси орқали яхшилашга ҳаракат қилинмоқда

Қирғизистонда таниқли жамоат арбоблари қирғиз-қозоқ муносабатларини халқ дипломатияси орқали яхшилаш мақсадида воситачилар гуруҳини тузишди. Бу гуруҳ вакили Тоқтайим ...

Қиш мавсумида электр энергиясида узилишлар бўлмайди, деб айтиш қийин

Қиш мавсумида электр энергиясида кузатиладиган узилишлар бўйича аниқ прогнозлар қилиш мушкул. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси ўринбосари Феруз Қурбонов ...

Энди хитой фуқаролари ўзбекистонга визасиз кира олади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400