От кишнаган оқшом (қисса) 71-қисм

71


Ғўнғир-ғўнғир овоз эшитдим.
Кўзимни очиб, осмонранг оламни кўрдим. Яхшилаб қарадим, кўраётганим осмоннинг ўзи бўлди.
Ҳайрон бўлиб, теварагимга алангладим. Теварагимда Жўра бобо билан беш-олти узанги йўлдошларим турибди. Оёғим тарафда отлар турибди.
Узанги йўлдошларим жонланди.
— Кўзини очди, хайрият-е, — деди.
— Ўзига келди, бетига яна қор суртинглар.
— Зиёдулла чавандоз, қалай суяклар енгилми?
Шундагина нима гаплигини билдим. Жойимдан турмоқчи бўлдим. Улоқ ушлаган ўнг қўлим қимирламади. Гўё жони йўқдай бўлди. Бор кучим билан интилдим. Ўнг қўлим зириллаб оғриди.
Кўз олдим хира бўлди. Оппоқ қор қоп-қорайиб қолди…
— Тураман деяпти, турғизинглар.
Ўзимга келиб, кўзимни очдим. Оёқ тарафимдаги отлиқлардан бирови қатрон каллигини билдим. Қатрон кал бетига синчиклаброқ қарадим. Кал юзларида хушвақтлик бўлди, табассум бўлди. Кал— калга кулди!
Қатрон кал теварагидагиларга қараб гапирди:
— Мен бундан кўп йиллар муқаддам айтганман, кўпкари эскилик сарқити, саломатлик душмани, ҳаёт учун хавфли деб! Мана исботи! — деди. — Мана шу отини гўштга бермай, мен билан қонунлашган! — Мана оқибати! Гўштга топшириб юборганида бундай фалокат бўлмас эди! Ана энди майиб-мажруҳ бўлиб қолади, тамом!
— Яхши отдан йиқилса, ёмон таъначи бўлади!
Бу гапни Жўра бобо айтди. Бобо бир ўқ билан икки қуённи урди!
Мен оғзимда қўланса бир нима туйдим. Жағларимни қимирлатдим. Бир нима ғижирлади. Тилим учи тишларим орасига кирди. Бармоғимни оғзимга солиб кўрдим. Бармоғим қон бўлди. Ёнимга яшириб, ўнгиримга артдим. Билдим, оғзимдаги қўланса ис қон бўлди. Лунжларимда ғижирлаб ўйнаётган тишим бўлди. Тилим учи кириб чиқаётган кавак тишим жойи бўлди.
Кўнглимда нимадир бир нима қўзғолди. Кучаниб-кучаниб, бор вужудимни таранг этдим. Ўнг қўлим зир-зир оғриди. Чап тирсагимга суяниб қўзғолдим.
Узанги йўлдошларим қўлтиғимдан олди.
Бир амаллаб жойимдан турдим. Бошим айланиб-айланиб кетди. Кўз олдим зим-зиёланди.

Тишимни тишимга қўйиб кучандим. Тош бўлдим! Олам яна аслига келди.
Оғзим лиммо-лим қон бўлди. Сағал хаёлладим, оғзимдан отилиб кетаман-отилиб кетаман, деди. Қаерга тупуришимни билмадим. Теварак оппоқ, тупурсам, қор қип-қизил бўлади. Кейин, Қатрон кал қонни кўради…
Менинг кўзим Қатрон калда, Қатрон кал кўзи менда бўлди!
Бўлмади, бўлмади! Оғзимдаги қонни тишим билан қўшиб, ичимга ютиб юбордим! Яна бир ютиниб, қолган қонларни-да ютдим!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 79-қисм

79 Суддан қоғоз келди. Оёғим тағин узангида бўлди, орган йўлида бўлди. Бора-боргунимча Яратганнинг ўзига сиғиниб бордим. Шу юришимни бўлди қил энди, мени бунчалар жонҳалак ...

Мeҳробдан чаён-анварнинг андишаси

Анвар Шаҳидбек билан махдумнинг сўзларига қарши мажҳул бир азиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишларини кутиб турғандек ички эшикдан Раъно кўринди. Ҳар ...

Алишер навоий ким?

Алишер Навоий ким?   Алишер Навоий Хамсаси   Чор девон   Алишер Навоийнинг девонлари   Алишер Навоийнинг асарлари     Ўқитувчилар учун кўргазма ...