От кишнаган оқшом (қисса) 76-қисм

76

Биродарлар, участка милитсионеримиз одам бўлиб қолди!
Ҳа, одам бўлиб муомала қилди, одам бўлиб гапирди.
— Қандай, жиянлар катта бўлаяптими, суяклар енгилми, ака?… — деди.
— Шукур, шукур, — дедим.
— Икки марта келиб кетдим…
— Аёлимиз айтди, йўқлади, деди.
— Чавандозчиликда шундай-шундай бўлади-да, ака. Одамлар самолётдан тушиб кетаяпти. Сиз йиқилсангиз, отдан йиқилибсиз-да.
— Шундай, шундай…
— Қалай, энди тузук бўп кетдингизми, ака?
— Шукур, шукур?
— Унда, раёндан бир хабар олинг, ака. Капитан кўп сўради, ака.
— Майлингиз, иним, майлингиз.
Eнди, бир душман кўзи қилайин, дедим. Қўлимдан ипни олиб ташладим. Қўлимни қўйнимга солиб олдим.
Отланиб, раён бордим.
Капитан катта эшигидан ичкариладим. Ичкарида ўша беқасам чопонлик одамни кўрдим.
Бечора, юзлари яраси ҳали-да битмабди, бечора…
Беқасам чопонлик мени танимади. Капитан катта танитдирди.
Шунда, беқасам чопонлик мени бот-бот бағрига босди. Киприклари нам бўлди…
Биқинма-биқин ўтириб дардлашдим. Зот-боборакотини, мазгилини сўрадим. Беқасам чопонлик «Навоий» колхозидан бўлди, оти Раҳмон бўлди.
Раҳмонбойнинг кўнгли бузилди. Овози қалтираб чиқди:

— Ўла-ўлгунимча сизга қуллуқ қилиб ўтаман, мана кўрасиз, — деди.
— Ундай деманг-е, нима каромат кўрсатдимкин, менга қуллуқ қиласиз, — дедим.
Капитан катта ишларини айтиб борди. Ишлар деярли ҳал бўлибди. Безориларни ушлаб, Раҳмонбойга юзма-юз қилибди. Раҳмонбой шулар эди, дебди. Лекин безорилар тонибди, айбини бўйнига олмабди.
Гап менда қолибди.
— Ҳозир олиб келади, — деди капитан катта.
Айтганидай, бир миллитсионер бўзболаларни ҳайдаб келди. Бирови ўтирмоқчи бўлди.
Капитан катта:
— Тур, тур дейман! — деб бақириб берди.
Бўзбола қўлларини қовуштириб қотиб қолди.
— Манави одамни танийсизми?! — деди капитан катта.
Бўзболалар мен тарафга сигир қараш қилди.
— Танимаймиз, — деди.
Капитан катта менга юзланди.
— Шуларми? — деди.
— Шулар, ҳа, шулар, — дедим.
— Олиб кетинг буларни! — деди капитан катта.
Милитсионер бўзболаларни ҳайдаб кетди.
Капитан катта менга жавоб бериб юборди.
— Хўш, сизга катта раҳмат, ака. Тергов тугагач, делони судга оширамиз. Суд куни борди-ю чақирсалар, бир келиб кетинг.
— Мен сизга айтсам, капитан катта, шунча кун мазам бўлмади. Шеригим менинг навбатимда-да қўй боқди. Одамнинг юзи чидамаяпти…
— Хўш, тушунаман, ака, тушунаман. Сиз судда бўлмасангиз ҳам бўлади. Лекин анави тирриқлар кўп ишларни бўйнига олмаслиги мумкин. Иш яна ланж бўлади. Сиз судда савол туғилганда ҳа ё йўқ, деб турсангиз бўлди. Сиздан бошқа жонли гувоҳ йўқ. Мана шу биродарингиз учун яна бир келасиз, энди.
Биродарлар, капитан катта жон жойимдан ушлади! Билибми, билмайми, ишқилиб, биродарингиз учун, деди! Шу гап кўнглимни олди! Раҳмонбой биродаримизни деб, йўқ демадим.
Раҳмонбой биродаримиз мени уйига етаклади.
— Мазам йўқроқ, бошқа вақт борарман, биродар, — дедим.
— Унда, бирор кун ўзим уйингизга бораман, тўн ёпишиб оға-ини бўламиз, — деди.
— Шундай-да оға-ини, биродармиз, — дедим.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Устозим рауф парфи –“феълим заиф”

1994 йилнинг 22 май куни кечга яқин Рауф ака бизникига ташриф буюрдилар. -Тўғри қишлоғимдан келаяпман.Онажоним касал бўлиб қолдилар.Қиш бўйи қарадим.Энди сал оёққа ...

От кишнаган оқшом (қисса) 82-қисм

82 Шунда... шунда, от кишнади. Умрим от билан ўтди. Ҳай бир отларни кўрдим, ҳай бир кишнашларни эшитдим. От сувсаб кишнади, от очқаб кишнади. Шунда от кўнглини сув бериб ...

Юлдузли тунлар-69

* * * Жамна дарёсининг чап томонидан чиққан офтоб найза бўйи кўтарилганда ёв қўшинининг тиғиз сафлари аниқ кўрина бошлади. Охири уфққа бориб тақалган беҳисоб кўп қўшиннинг ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400