От кишнаган оқшом (қисса) 77-қисм

77


Милитсия машинаси эшигимизга келганини эл билди.
Биродарлар, элнинг қулоғи элликта!
Eл ажабланди, эл ҳадиксиради…
Дув-дув гап бўлди…
Биродарлар, ёмон гап, ракетадан олдин юради, яхши гап, тошбақадан кейин юради!
Хуфтон вақти-хуфтон вақти узанги йўлдошларим билан ҳамсоямиз Рихсиев кўнгил сўраб келди.
Аёлимиз дастурхон ёзди.
Бўлғуси божамиз Одина чавандоз аёлимиздан нам тортиб, ерга қараб ўтирди.
Узанги йўлдошларим гапни нимадан бошлашини билмади. Истиҳола қилди.
Шунда, Рихсиев гапни индаллосидан бошлади:
— Сизни милитсия машинаси уйингиздан олиб кетибдими, ўртоқ Қурбонов? — деди.
— Бекор гап-е! — дедим.

— Ана, ҳамма шундай деяпти-ю?
— Олиб кетган йўқ, айтиб кетди. Мен автобусда бордим, — дедим.
Фаросат этсам, эл оғзида кўп гап бўлибман. Элга бир гап тегмасин. Чибиндай гапни туядай қилиб гапиради. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Энди бор гапни айтайин…
Айтиб-айтиб бердим. Бир гапни-да қолдирмадим!
Узанги йўлдошларим дилдўз сўзлар айтди, дилдўз гаплар айтди.
— Хўп жувонмардлик бўпти-да! — деди.
Рихсиев болишдан тирсагини олди. Чавандозларга сигирқараш қилди.
— Катализаторлар! — деди. — Бу, саргардон- лик-ку, саргардонлик!
— Саргардонлиги бўптими, шу баҳона Тарлон икковимиз шаҳарни сайил қилиб келаяпмиз, — дедим.
— Аҳа, у фалсафангизни бошқаларга ўқинг, ўртоқ Қурбонов. Сайил эмиш! Бундай ишлар турган-битгани ғалва, саргардонлик!
— Сайил-да — сайил, саргардонлик-да — сайил.
— Сиз энди кўраётгандирсиз-да? Аҳа, мен шаҳарда яшаётганимда бундай ишларнинг бир нечтасига дуч келганман. Сиздан яхши биламан, оқибати нима бўлишини! Бир дам олишда бизни пахтага олиб борди. Ўзингиз биласиз, бир кунликка борган ҳашарчилар пахта термайди.
Ичиб, кайф-сафо қилиб қайтиб келади. Мен ҳам тагимга қўйиш учун икки килоча пахта териб, этагимдаги пахтага ёнбошладим, мудраб ётдим. Шундай пастимдан бир дарё лойқа сув оқаяпти. Шунда, дарё бўйида икки-учта қора кўринди. Кўзимни каттароқ очиб қарадим.
Бизнинг ҳашарчилар эмас, шу ернинг йигитларига ўхшади. Ўзларича бир-бирларини турткилади. Ҳазиллашаяпти, деб ўйладим. Аслида уришаяпти экан. Иккитаси биттасини ўртага олиб урди. Таёқ еяётгани ёқалаб қочди. Дарё устидан бир ингичкагина труба ўтар эди, шу трубадан қочди. Труба ўрталарида мувозанатини йўқотди. Гоҳ ўнг, гоҳ чап қўлини кўтариб-кўтариб, сувга тушиб кетди. Бошқалари қочди. Бола сув юзида гоҳ кўриниб, гоҳ йўқолиб оқди.
Боши кўринганда додлаб бақирди.
— Сиз кўриб турдингизми? — дедим.
— Бўлмасам-чи! Шундай оёғим остидан оқиб ўтди! Сузишни билмас экан-да, бўлмаса, сув секин эди, бемалол сузиб чиқса бўларди. А? Йўқ, пастроқда бир оператор йигитимиз овозини эшитиб қолиб, ўзини сувга ташлади. Судраб олиб чиқиб, оёғини осмонга кўтарди. Барибир кеч бўлди, бола ўлиб қолди… Ишонсизми, шу оператор йигитимиз бир ойдан ортиқ органга қатнаб, сўроқ берди! Она сути оғзига келди! Кўр бўл, дедим, ўзини билмаганнинг куни — шундай бўлади, дедим. Дунё шундай, ўртоқ Қурбонов, ўзингизни билинг, ўзгаларни қўйинг!
— Ҳа-е, тақдир пешона экан-да. Оламда нима гап?
— Оламда гап кўп, ўртоқ Қурбонов. Халқаро вазият тобора кескинлашиб бораяпти. Тинчлик хавф остида…
— Ким хавф солаяпти?
— АҚШ импералистлари! Буни халқаро панограмада ўртоқ Зорин ҳам айтиб ўтди. Аҳа, «За ребежом»да ҳам ёзибди. Мана, фактларга мурожаат қиламиз. АҚШ маъмурияти 1983-йилда 810 миллион доллар миқдорида химия-бактериология қуроли ишлаб чиқаришни планлаштирибди.
— У қандай милтиқ?
— Аҳа, милтиқ эмас, заҳарли ингредиент.
— Ўзимизнинг деҳқончасига гапиринг. Биз бир ийиғи чиққан кал бўлсак, ундай гапларни қаердан биламиз.
— Аҳа, ингредиент бу, икки хил суюқ моддадан ташкил топган заҳарли дори. Мияни шол қилиб ташлайди. Аҳа, ўн-ўн беш дақиқа ичида вафот этасиз!
— Шуни инсон ўйлаб топдими? Одамзотни қириш учунми? Ё, табба! Бизникилар нима деяпти?
— Аҳа, бизнинг ҳукуматимиз тинчлик посбони бўлиб келди, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Юлдузли тунлар-7

3 Қўрғон ичидан дарвозахонанинг томига чиқиб олган япасқи бир навкар девор кунгураси орасидан уларни кузатиб турган эди. Қосимбек Мирзо дарвозасидан шитоб билан кираётганда ...

Юлдузли тунлар-6

2  Кун қиёмига келиб, пешин намози ўқилгандан кейин кўшкнинг ич-таши жимжит бўлиб қолди. Рўзанинг азоби энди билина бошлаган, ёз кунида чанқаб ҳолсизланган одамлар кунни ...

От кишнаган оқшом (қисса) 75-қисм

75 Бир вақтлари Қорахонда Хидир дегич бўлди. Одамлар уни Хидир мироб, деди. Ўзи, мироблик қиларди-да! Ана шу Хидир мироб чиққан суякларни жойига солди, синган суякларни ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400