От кишнаган оқшом (қисса) 78-қисм

78


Узанги йўлдошларим уй-уйига кетди.
Аёлимиз дастурхон йиғиштирди.
Кенжамизни қўлимга берди.
— Манавини пича ушлаб турсин, қозон-тобоғимни ювиб олайин, — деди. Кенжамизни тиззамга олдим.
Кенжамиз дастурхон олиб кетаётган онасига жимит қўлларини чўзиб ингиллади.
— Инг-инг-инг!… — деди.
— Бўлди, энанг ҳозир келади! — дедим. — Ҳай, анави суратдаги ким? Ака-я? Ака де, ака!
Кенжамиз овунмади. Ингиллай берди.
Шунда кенжамизни тиззамда тебратиб суйдим:

Келгин, болам, тиззамга,
Ёл бўларсан ўзимга,
Қулоқ солгин сўзимга,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

Биродарлар, куйган — ўланчи бўлади, суйган— лапарчи бўлади?
Ўз-ўзимдан куйиб-куйиб, ич-ичимдан куйиб-куйиб, кенжамизни суйиб-суйиб, ўланимни айтиб қўя бердим:

Жоним болам от чопсин,
Отига бахмал ёпсин,
Ҳуйё солсин отаси,
Орқасидан ёл топсин,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

— Ай, энаси-я, кел, улимга мамма бер! Улим маммасираб қопти. Ана, айтдим, энанг келади, мамма беради!

Болам, сен ҳам ботирим,
Чопиб келаётирим,
Чўпон бўлсанг қўйларга,
Боқарсан ўтлоқ, сойларга,
Ҳуйё, болам, ҳуйё!..

— Бўлди-е, энағар! Оғзим бор деб ингиллай берасанми! Оғиз бир сенда борми? Мана, бизда-да бор! Нимага биз ингилламаймиз? Иззатингни бил-да! Ё, отига бахмал ёпсин, қўйларини боқсин, дега- нимга ўзингдан кетаяпсанми? Қани ўша отларинг, қўйларинг? Ҳовлидагиларни айтаяпсанми? Эб-ей, эб-ей, улар сенинг бовангдан қолдими? Улар менинг отамдан қолди! Улар меники, билдингми?

Ҳуйё-ҳуйё, ҳуйё қани?
Бованг берган туянг қани?
Бованг берган туянг бўлса
Боқиб юрганларинг қани?
Боқиб юрган туянг бўлса
Адир ҳам чўлларинг қани?

— Ана бўлмаса, уккағарнинг кенжаси! Мард бўлсанг жавоб бер, уккағарнинг кенжаси! Ана, сасинг чиқмай қолди-ку! Ингиллайсан-а, ингиллайсан! Ҳа? Ҳа-ҳа-ҳа! Шўхлашдим, уккағарнинг кенжаси, шўхлашдим! Шўхлашишни-да билмайсанми. Улим, манави уйлар-да, қўтондаги қўйлар-да, осмондаги ойлар-да, кўпчиб ётган ерлар-да, бари-бари сеники! Бор-е, Тарлонни-да бердим, бор-е! Ол-е, уккағарнинг кенжаси-е, ол-е!..

Ҳуйё қилай ҳуйдад
Отинг солгин тўдага

Ҳуйё қилсам ухлагин
Отанг сендан садаға
Ҳуйё, болам, ҳуйё-и-и-и!..

— Улим, бир нима эсингда бўлсин. Гагариндай бошинг осмонга етса-да, олим бўлиб етти иқлимни сўрасанг-да, сен авваламбор Зиёдулла чавандознинг ули бўл! Менинг улим бўл!
Мендай бўл, мендай! Мендай бўласан-а, мендай бўласан-а?..


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

От кишнаган оқшом (қисса) 44-45-қисм

44 Биродарлар, шукур-шукур, аризабозларнинг борига шукур! Аризабозлар ноҳақликка йўл қўймайди. Ҳаром-томоқларга кун бермайди. Элнинг ҳақини бировга едирмайди. Аризабозлар ...

От кишнаган оқшом (қисса) 30-қисм

30 Eндиги улоқни мен олиб чиқдим. Отлар олдимни олди. Йўлимни ёпиб чопди, ёнларимни ёпиб чопди. Отлар мени қораликка йўлатмади. Биродарлар, ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 23-қисм

Понтий Пилат Арк айвонидан қандай шаҳдам чиқиб кетган бўлса, шундай шаҳдам қадамлар ташлаб қайтиб келди. Посбонлар дарҳол кўздан ғойиб бўлдилар ва икковлари яна айвонда ёлғиз ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400