От кишнаган оқшом (қисса) 80-қисм

80

Оқшом вақти бўлди.
Оламга-да оқшом қўнди, кўнглимга-да оқшом қўнди. Кўнглим оқшомдай маҳзун бўлди.
Беихтиёр кетимга қайрилиб қарадим. Бир қизил машинани кўрдим. Эътибор бермадим.
Адирга ўрладим. Адир қоқ устида тағин кетимга қайрилиб қарадим. Машина қорама-қора келди.
Адирдан эниб бошладим. Адир тиккалигидан Тарлон ўзини кетига ташлаб-ташлаб юрди. Олд оёқларини оғир-оғир босди.
Адир адоғига тушдим. Машина адир устида имиллаб қолди. Ҳайрон бўлдим. Машина дегани тез юрар бўларди, бу машина хийладан буён бир отдан ўтолмайди. Ё, бирон ери носозмикин?
Йўлни кесиб ўтадиган ариққа келдим. Ариқдан лойқа сув оқибди. Ичи қип-қизил лой бўлибди.
Лой от тиззасига келади.
Шу боис, Тарлонни ариққа солмадим. Ариқдан ҳатлаттирмоқчи бўлдим. Аммо бу ниятимдан-да қайтдим. Важи, ариқ ёқалари-да лой. Тарлон тойиб кетади.
Ариқ ёқалаб, юқориладим. Саёзроқ ер қидирдим.
Машина-да қуйига энди. Ариқ бўйида оёқ илди. Ўтолмаслигини билди шекилли, бизнинг изимиздан юрди.
Бизнинг Тарлон торроқ бир ердан чўчиб ўтди.
Машина Тарлон ҳатлаган ерда оёқ илди.
Машинадагиларга қамчи сопи билан юқорини кўрсатдим.
— Яна сағал юрсаларинг юқорида ёйилма бор! Ўшандан машина ўтади!
Шундай дея йўлимга бурилдим.
Шунда, кетимдан овоз келди:
— У, шеф! Тормоз!
Овозни танимадим. Нима деяпти, тушунмадим. Ким бўлса-да, бир инсон овоз бераяпти, борайин, дедим. Ариқ ёқалаб бордим.
Машинадан тўрт одам тушди. Иккови олисроқдан чопиб келиб, ариқдан ҳатлаб ўтди.
Тарлон ҳуркиб, кейинига тисарилди.
Кейин, қолган иккови-да келди. Барининг кўзида қора кўзойнаги бўлди. Кўзлари кўринмади.
Сочлари елкасига тушди, қулоқлари сочи остида бўлди. Кийимлари ажабтовур бўлди.
Бировнинг соқолида бўлди. Ўзимиздай ўрта ёшли одаммикин, дея синчиклаб қарадим. Йўқ, у ўттизларда бўлди.
— Чақиргандай бўлдиларингизми, биродарлар?— дедим.
Улар миқ этмади. Соқолдори олдин юрди.
— Отдан тушинг-чи, шеф! — деди.
— Айта беринглар, қулоғим кар эмас, — дедим.
— Туш дегандан кейин, туш!
Уларнинг сенсираши кўнглимга тегди. Туша-туша, кўнглимни айтдим.
— Сенсираманг, биродар, салкам отингиз қаториман-а, — дедим.
— Ҳе, сендай отам қаторининг…
Қўлимда жилов, серрайиб қолдим. Қаҳрим келдим. Қамчи сопини маҳкам ушладим.
— Отингни боғлаб, буёққа юр!
— Нима гапингиз бор, биродар, шу ерда айта беринг.
— Юр, дегандан кейин, юр!
Улар ариқ ёқалаб юқорилади. Бирови-да кўзойнагини олмади.


Тоғай Мурод

От кишнаган оқшом (қисса)

(Аввалги қисми)

(Давомини ўқинг)

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шовруқ рўзимуродни ким ўлдирди? эрк ёви

(давоми) Туроннинг Самарқанд каби энг эски кентларидан бири-Жиззахдир. Жуда узун замонларда Бахмал (Сангзор) уни иккига бўлиб оққан. Ҳар ёнга оқ учқунлар сачратороқ бўлиб ...

Мeҳробдан чаён-анварнинг андишаси

Анвар Шаҳидбек билан махдумнинг сўзларига қарши мажҳул бир азиятда бош қимирлатиб суфага қайтди. Уларнинг чиқиб кетишларини кутиб турғандек ички эшикдан Раъно кўринди. Ҳар ...

Юлдузли тунлар-85

АГРА ЮЛДУЗЛАР ГИРДОБИ 1 Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, ...