Чол ва денгиз (1)

Чол қайиқда ёлғиз ўзи Гольфстримда балиқ овларди. Денгизга чиқаётганига мана саксон тўрт кун ҳам тўлди, аммо ҳали биронта балиқ тутганича йўқ. У билан қирқ кун бола бирга бўлди. Ҳадеганда қўли қуруқ қайтавергач, ота-онаси унга энди чолнинг ўта-кетган Sаlао, яъни «ўлгудай омади юришмаган одам» эканини айтиб, бундан буён бошқа қайиқда денгизга чиқиш кераклигини қулоғига қуйдилар. Ҳақиқатан ҳам биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ бу қайиқда балиқ деса арзигудай учта балиқ тутиб келишди. Деярли ҳар куни чолнинг денгиздан қуруқ қайтаётганлигини кўриб бола ич-ичидан эзилар эди. У чолнинг ускуналари, чангак, гарпун ва мачтага ўралган елканларини ташишга ёрдамлашгани қирғоққа келарди. Дағал матодан тўқилган елкан ямалавериб, ола-қуроқ бўлиб кетган, ўроғлиқ ҳолда яксони чиққан полкнинг яловига ўхшарди.


Чол ориқ ва ҳолдан тойган, энсасини чуқур ажинлар тилиб ўтган, бетлари эса қуёш нурининг тропик денгиз юзидан акс этиб чиқишидан пайдо бўладиган беозор тери ракининг жигар ранг доғлари билан қопланган эди.
Доғлар чўзилиб гарданигача тушган, йирик балиқ-ларни тортиб олаётганда, чизимчалар ўйиб юборган қўлларида чуқур чандиқ излари кўринарди. Аммо бу излар ичида янгиси йўқ, ҳаммаси ҳам узоқ сувсизликдан қақраб ётган биёбон дарзлари сингари кўҳна эди. Чолда нимаики бор бўлса, бари ҳам эски, фақат ден- гиз тусини олган мовий, мардона одамларникига хос қувноқ кўзлари бундан мустасно эди.
— Сантьяго,— деди бола боғлоғлиқ қайиқ турган қирғоқдан юқорилаб кетган йўл оша кўтарилишаркан,— энди яна сен билан денгизга чнқишим мумкин. Ҳозир бир оз пул ишлаб қўйдик.
Чол болани балиқ овига ўргатган, шунинг учуи ҳам бола уни яхши кўрарди.
— Йўқ,— деди чол,— сен бахти чопган қайиқда ов қиляпсан. Ўшанда қолганинг маъқул.
— Эсингда борми, бир вақтлар роса саксон етти кун денгизга чиқиб, қуп-қуруқ қайтувдинг, кейин иккаламиз кетма-кет уч ҳафта кунига катта-катта балиқ ушлаб келтирганмиз.
— Эсимда,— деди чол,— сен менга ишонмаганингдан кетганинг йўқ, биламан.
— Отам мажбур қилди. Ўзим бўлсам, ҳали кичкинаман, шунинг учун уларнинг айтганини қилишим керак.
— Биламан,— деди чол.— Ўзи ҳам шундай бўлиши керак.
— Отам бўлса, унча ишонқирамайди.
— Ҳа,— деди чол.— Биз эса ишонамиз. Тўғрими?
— Бўлмаса-чи. Истасанг, юр, сени Террасда пиво билан меҳмон қиламан. Кейин асбобларни олиб кетамиз.
— Ҳай, майли,— деди чол.— Балиқчи балиқчини сийламоқчи экан, демак…
Улар Террасга келиб ўтиришди. Кўпгина балиқчилар чолни мазах қилишар, аммо у буни кўнглига оғир олмас эди. ёши улғайиброқ қолган балиқчилар эса унга қараб хафа бўлиб кетишар, бироқ сир бой бермас ва оқим ҳақида, қармоқни қанча чуқурликка ташлашлари, оби-ҳаво, ниҳоят, денгизда нималар кўришгани тўғрисида беозор гурунглашиб ўтиришарди. Бугун иши ўнгидан келганлар овдан аллақачон қайтишган ва ўлжа марлинларини тозалаб, бир жуфт тахта устига кўндаланг қўйишганча тўртовлашиб уларни балиқ омборига элтиб топширишган эди. Бу ердан балиқларни рефрижераторда Гавана бозорига келтириб сотардилар.
Акула овлаб келган балиқчилар эса, уларни кўрфазнинг нариги қирғоғидаги заводга топширишарди. У ерда акулаларни блокларга осиб қўйиб, жигарларини суғуриб олишар, қанотларини кесиб, терисини шилишгандан сўнг, гўштини тузлашга паррак-паррак қилиб кесишарди.
Шамол шарқдан эсди дегунча, ўзи билан акула корхонасининг қўланса ҳидини олиб келарди; аммо бугун ҳид деярли сезилмас, чунки шамол шимолдан эса бошлаб, кўп ўтмай бутунлай тинган эди. Шунинг учун ҳам Террас серқуёш ва сўлим эди.
— Сантьяго,— деди бола.
— Хўш?— жавоб берди чол. У стаканидаги пивога тикилиб ўтираркан, узоқ ўтган кунларни эсларди.
— Эртага сенга сардин тутиб келтирсам, майлими?
— Овора бўлма. Яхшиси, бориб бейсбол ўйна. Ҳали эшкак уришга кучим етади. Роджелио бор — тўр ташлаб туради.
— Йўқ, хўп дея қолгин. Рост, сен билан бирга балиқ овлашим мумкин эмас экан, ул-булингга ёрдамим тегса дейман.
— Ахир, сен мени пиво билан сийлаяпсан-ку, — деди чол.— Энди катта йигит бўлиб қолдинг.
— Биринчи марта мени денгизга олиб чиққанингда ёшим нечада эди?
— Бешда. Қайиққа тирик балиқни тортиб олганимда, у сағал бўлмаса ҳамма нарсани чилпарчин қилиб юбораёзган ва сен ҳам базўр жон сақлаб қолган эдинг, эсингдами?
— Эсимда. У қуйруғи билан уриб банкани синдирган, сен бўлсанг, уни тўқмоғинг билан роса дўппослаган эдинг. Мени қайиқнинг майда-чуйдалар ётган бурнига итқитиб юборгансан, Қайиқ зириллаб қалтировди, худди ўтин чопгандай тўқмоғингни тўқ-тўқ овози эшитилиб турувди. Ҳамма ёқни чучмал қон ҳиди босиб кетган эди. Буларнинг бари эсимда.
— Ростдан ҳам буларнинг ҳаммаси эсингдами, ёки кейин сенга айтиб берганмидим?
— Мени ўзинг билан денгизга олиб чиққан кунингдан тортиб, ҳаммаси эсимда.
Чол офтобда қизариб кетган, инонувчан ва меҳрибон кўзлари билан унга қаради.
— Агар ўз ўғлим бўлганингда, ҳозир ҳам сени ўйлаб-нетиб ўтирмай, денгизга олиб чиқардим. Амма ўз ота-онанг бор, боз устига бахти чопган қайиқда ов қиляпсан.
— Кел энди, сенга сардин тутиб келтирай, йўқ демагин. Иннайкейин, тўрт дона хўрак топиб келамаи. Қаердан топишни ўзим биламан.
— Менда ҳали бугунгилари шундоқ турибди. Уларни тузлик яшикка солиб қўйдим.
— Сенга тўртта янгисини тутиб келаман.
— Биттаси ҳам етади,— эътироз билдирди чол.
У, шундай ҳам келажакка на ишончини ва на орзу-омолини йўқотмаган бўлса-да, ҳозир бу ҳислар унинг қалбида, гўё денгиздан кишининг қулфи-дилини оча-диган шаббода эсгандагидек, мустаҳкамлана борарди,
— Иккита,— деди бола.
— Майли, иккита,— таслим бўлди чол.— Мабодо, сен уларни ўғирлаб олмаганмисан?
— Керак бўлса, ўғирлардим ҳам. Аммо уларни сотиб олганман.
— Раҳмат,— деди чол.
Итоаткорлик руҳи қачондан бошлаб ўз қалбида қўним топгани устида бош қотириб ўтирмоқлик учун чол бениҳоя соддадил эди. Аммо у ўзининг итоатгўй бўлиб қолганини ва бу итоатдан у ўз номуси, инсонлик қадр-қимматини йўқотмаганлигини билар эди.
— Агар оқим ўзгармаса, эртага кун яхши бўлади,— деди чол.
— Қаерда ов қилмоқчисан?
— Қирғоқдан узоқроқ жойда. Шамол ўзгарганда қайтаман. Тонг отмасдан чиқаман.
— Шеригимни ҳам узоқроқда ов қилишга кўндириш керак бўлади. Агар қармоғингга жуда катта балиқ илиниб қолса, биз ёрдамлашиб юборамиз.
— Унинг қирғоқдан кўпроқ узоқлашишга тоби-поби йўқ.
— Шунақа,— деди бола.— Аммо мен унинг кўзи ўтмайдиган бирон нарсани топишга ҳаракат қиламан. Жуда бўлмаса, чайкалар бор-ку ўшанда уни тилла макрель тутамиз деб узоқроққа боришга кўндириш мумкин.
— Наҳотки унинг кўзлари шу қадар ожиз бўлиб қолган бўлса?
— Нимасини айтасан, кўр деса ҳам бўлади.
— Қизиқ. У, ахир, ҳеч вақт тошбақа овламас эди, шекилли. Ўзи шу тошбақа ови ҳаммадан ҳам кўзни ўтмас қилиб қўяди.
— Лекин сен шунча йил тошбақа деб, Москит қирғоғига борсанг ҳам, кўзларинг барибир, жойида-ку.
— Менми? Менинг зувалам ўзи бошқача узилган.
— Агар жуда ҳам каттакон балиқ дуч келиб қолса кучинг етармикин?
— Етса керак деб ўйлайман. Ҳамма гап — эпчилликда.
— Асбобларни уйга элтиб қўяйлик-а. Кейин мен тўрни олиб, сардин тутишга бораман.
Улар асбобларни қайиқдан туширишди. Чол елкасига мачтани олди, бола эса, жигарранг калава ипдан чамбарчас тўқилган қармоқ чилвирлари солинган яшик, чангак ва дастали гарпунни кўтарди. Қайиқда хўраклар солинган яшик ҳамда йирик балиқларни сув бетига тортиб чиқарилганда, уларни гаранг қнлиш учун ишлатиладиган тўқмоқ қолди. Чолнинг асбоб-ускуналарини ўғирлаб кетиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаса керак эди, аммо елкан ва оғир анжомлар тун шабнамидан нам тортиб қолмаслиги учун уларни уйга олиб бориб қўйган маъқул эди. Гарчи чол ўз нарсаларига шу ерлик одамлардан биронтаси ҳам кўз олайтирмаслигига амин бўлса-да, ҳарқалай, чангак ва гарпуннни ёмон кўздан холироқ тутишга ҳаракат қиларди.
Улар йўлдан чолнинг кулбасига кўтарилдилар ва ланг очиқ эшикдан ичкарига киришди. Чол мачта ва унга ўралган елканини деворга суяди, бола эса, қўлидаги нарсаларни унинг ёнига қўйди. Мачтанинг узунлиги бу ерда ougua деб аталадиган қирол пальмаларининг япроқларидаи қурилган кулбанинг бўйига тенг эди. Кулбада каравот, стол, стул ва қуруқ саҳнга пистакўмир билан оби ёвғон тайёрлаш учун ўйилган ўчоқ бор эди. Унинг текислаб қуритилган толасимон япроқлардан бўлган жигар ранг деворларини Тангри қалби ва Santa Maria del Cobre нинг рангдор олеаграфия билан ишланган тасвири безаб турар эди. Булар унга марҳум хотинидан қолган эди. Қачонлардир деворда хотинининг рангдор сурати ҳам осиғлиқ турарди, аммо, кейин чол уни бекитиб қўйди, чунки кўзи тушса жуда-жуда эзилиб кетарди. Энди сурат бурчакдаги токчада, тоза кўйлак остида ётарди.
— Кечки овқатга ниманг бор?—сўради бола.
— Бир товоқ сариқ гуруч билан балиқ. Ейсанми?
— Йўқ, мен уйда овқатланаман. Сенга ўт ёқиб берайми?
— Керакмас. Кейинроқ ўзим ёқаман. Балки, гуручни совуқлигича ерман.
— Тўрни олсам майлмми? — Бемалол.
Тўр-пўр деган нарсадан аллақачоноқ ном-нишон қолмаган — уни қай маҳал пуллаб юборишгани боланинг ёдида эди. Шундай бўлса ҳам, ҳар икковлари буни билмаганга солишар ва ўзларини гўё чолда тўр бордай тутишар эди. Мис товоқда сариқ гуруч билан балиқ ҳам йўқ эди, бола буни ҳам биларди.

— Саксон беш — бахт келтирувчи рақам,— деди чол,— Қалай, эртага минг қадоқли балиқ тутишимга кўзинг етадими?
— Мен тўр топиб сардин тутгани бораман. Ҳозирча остонада ўтириб тур, бу ерга офтоб тушиб турибди.
— Майли. Менда кечаги газета бор. Бейсбол ҳақида ўқиб тураман.
Чолда ҳақиқатан ҳам газета бормиди, ёки бу ҳам елғон гапмиди, бола билмасди. Лекин чол каравот тагидаи чини билан ҳам газета олди.
— Менга буни вино дўконида Перико берди,—деб тушунтирди чол.
— Мен сардин тутаману қайтаман. Ўзимннкини ҳам, сеникини ҳам бирга музга қўяман, эрталаб бўлишиб оламиз. Қайтиб келганимда, бейсбол ҳақида гапириб берасан.
— «Янки»нинг ютқазиши мумкин эмас.
— Кливленд «Ҳиндилари» уларни боплаб қўймаса деб қўрқаман.
— Қўрқма, ўғлим. Улуғ Ди Маджиони бир эслагин-а.
— Мен фақат «Ҳиндилар»дангина эмас, Детройт «Йўлбарслари»дан ҳам қўрқаман.
— Худо кўрсатмасин, сен ҳали цинцинатилик «Қизилтанлар»дан ҳам, Чикаго «Оқ пайпоқлари»дан ҳам қўрқиб ўтирарсан.
— Газетани ўқиб тур, мен қайтгач, гапириб берасан.
— Менга қара, саксон беш рақамли лотерея билетини сотиб олсак-чи, нима дейсан? Ахир, эртага саксон бешинчи кун-ку!
— Олсак, олаверамиз-да,— деди бола,— Балки саксон етти рақамлиги яхшидир? Ахир, ўтган гал саксон етти кун бўлган эди-ку.
— Бир нарса икки марта ҳеч қачон қайтарилмайди. Сен саксон беш рақамли билетни топа оласаими?
— Қидириб кўраман.
— Бир дона. Икки доллару эллик центлигидан. Буни қаердан қарз олсак экан?
— Бундан осони йўқ. Мен икки доллару эллик центни хоҳлаган вақтимда қарз олишим мумкин.
— Оламан десам, мен ҳам иложини қилардиму, бироқ мен қарз олмасликка ҳаракат қиламан. Олдин қарз оласан, кейин садақа сўрайсан.
— Эҳтиёт бўл, қария, тағин шамоллаб қолмагин. Сентябрь эканлигини унутма.
— Сентябрда йирик балиқ кўпаяди. Май ойида балиқ овлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келади.
— Хўп, бўлмаса, мен сардинни тўғрилаб келай, – деди бола.
Бола қайтиб келганда, кун ботган, чол эса курсида ўтирганича, уйқуга кетган эди. Бола каравотдан эски солдат одеялини олиб, курси суянчиғи аралаш чолнинг елкасини ёпиб қўйди. Бу елкалар чолнинг кексайиб қолганига қарамасдан забардаст, бўйни ҳам, ундан қолишмайдиган даражада бақувват ва ҳозир, чол бо-шини кўкрагига солинтириб ухлаган тобда, ажинлари ҳам у қадар кўзга ташланмас эди. Унинг кўйлаги ҳам худди елканидай қирқ ямоқ бўлиб кетган, ямоқлар қуёш тафтидан ола-була тусга кирган эди. Аммо чолнинг юзи ҳарқалай анча қаримсиқ бўлиб қолган ва ҳозир кўзлари юмилиб уйқуга кетганда, худди жонсизга ўхшаб кўринарди. Чолнинг тиззасида, учиб кетмасин деб, тирсак билан босиб олинган газета ётарди. У оёқ яланг эди.
Бола уни уйғотиб ўтирмай чиқиб кетди, қайтиб кёлганда, чол ҳамон уйқуда эди.
— Тур!—уйғотди уни бола ва қўлини чолнинг тиззасига қўйди.
Чол кўзини очди ва бир муддат қаердандир, жуда узоқлардан қайтаётгандай бўлиб турди.
Кейин у жилмайди.
— Нима олиб келдинг?
— Егулик келтирдим. Ҳозир овқатланамиз.

— Ҳали унча очиққаним ҳам йўқ.
— Келсанг-чи энди, оч қоринга балиқ овлаб бўлармишми?
— Баъзан шундай ҳам бўлган,— деди чол ўрнидан қўзғаларкан, газетани тахлай туриб, сўнг у одеялини йиғиштира бошлади.
— Одеялни йиғиштирма, — деди бола. — Мен тирик эканман, овқатланмасингдан туриб, сени балиқ овлашга қўймайман.
— Ундай бўлса, дард кўрмагин, умринг узоқ бўлсин,— деди чол.— Қани, нима еймиз.
— Қора ловия билан гуруч, қовурилган банан ва яхна гўшт.
Бола овқатни Террас ресторанидан металл идишда олиб келган эди. У вилка, пичоқ ва қошиқларни чўнтагига солиб олган, буларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида қоғоз салфеткаларга ўралган эди.
— Шунча нарсани сенга ким берди?
— Ресторан хўжайини, Мартин.
— Унга раҳмат деб қўйиш керак.
— Хотиржам бўл, мен уни рози қилдим,— деди бола.
— Мен унга катта балиқнинг энг сергўшт жойидан бераман,— деди чол.— Ахир, бу унинг бизга қилаётган биринчи ёрдами эмас-ку.
— Йўқ, биринчи эмас.
— Ундай бўлса, бир бўлак гўшт озлик қилади. У бизга кўп яхшилик қилган.
— Бугун-чи, пиво ҳам берди.
— Мен ҳаммадан ҳам консерваланган пивони яхши кўраман.
— Биламан. Лекин бугун у шишада пиво берди. Шишасини қайтариб бераман.
— Хўп, раҳмат сенга,— деди чол,— кел, овқатланайлик.
— Мен сенга қачондан бери овқатланайлик деяпман,— деди меҳрибонлик билан бола.— Овқат совуб қолмасин деб, идишнинг оғзини очмай, кутиб туриб-ман.
— Ҳай майли, ювиниб олсам бўларди-да. «Қаерда ҳам ювинардинг?»— ўйлади бола. Бу ердан колонкагача икки квартал бор эди. «Унга совун ва яхши сочиқ олиб бериш зарур, сувнинг ҳам кетини узмаслик керак. Бу тўғрида нега аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Унга янги кўйлак, қишки куртка, бирон этик-петик ва яна бир одеял ҳам лозим».
— Лаззатли гўшт экан,— мақтади чол.
— Бейсбол ҳақида гапириб бер,— сўради ундан бола.
— Америка лигасида, мен айтганимдек «Янки» ютяпти, — мамнуният билан сўзлай бошлади чол.
— Шундайку-я, лекин бугун уларнинг тозаям тит-питини чиқариб юборишди.
— Бу ҳеч гап эмас. Яна улуғ Ди Маджио ўйиннинг пайховасини олган.
— Командада унинг бир ўзи эмас-да.
— Тўғри-ю. Лекин ҳамои ўйиннинг натижаси унга боғлиқ.— Бруклинликлар билан филадельфияликлар ўйнайдиган иккинчи лигада эса ютишга фақат брук-линликларда имконият бор. Дик Сайзлер қандай ўйнаганлигини сен ҳар ҳолда эсласанг керак? Эски паркда бўлган ўйиндаги унинг зарбаларини айтмайсанми? Бай-бай.
— Жуда зўр-э, қурғур! У ҳаммадан узоққа отади.
— Унинг Террасга келгани эсингдами? Мен уни ўзим билан бирга балиқ овига таклиф қилмоқчи бўлдим-у, лекин иймандим. Сенга таклиф қил десам, сен ҳам уялдинг.
— Эсимда. Мен қўрқиб тентаклик қилдим. Ким билади, балки, рози бўлармиди? Ўла-ўлгунча эсдан чиқмайдиган иш бўларди-да.
— Қани энди улуғ Ди Маджиони ўзимиз билан бирга денгизга олиб чиқолсак, а?— деди чол.— Отаси балиқчи бўлган дейишади. Ким билади, балки унинг ўзи ҳам бир вақтлар бизга ўхшаган камбағал бўлгандир. Айтганимизда, келишга ор қилиб ўтирмасдими балки.

— Улуғ Сайзлернинг отаси ҳеч қачон камбағал бўлган эмас. Менинг ёшимда у чинакам командада ўйнар экан.
— Мен бўлсам сенинг ёшингда елканли кемада юнга бўлиб, Африка қирғоқларига сузиб борганман. Кечқурунлари йўлбарсларнинг қирғоққа чиқишини кўрганман.
— Бир гапириб берувдинг.
— Хўш, биз нима ҳақда гаплашмоқчимиз ўзи — Африка тўғрисидами ёки бейсбол ҳақидами?
— Яхшиси бейсбол ҳақида. Менга буюк Джон Мак-Гроу ҳақида гапириб бер.
— У ҳам авваллари бизнинг Террасимизга келиб турарди. Аммо ичиб олса, тамом, унга ҳеч ҳам бас келиб бўлмасди. У фақат бейсболгина эмас, от жинниси ҳам эди. Ҳар доим чўнтагида мусобақа программасини олиб юрар ва телефон орқали отларнинг номини атаб, уларга пул тикарди.
— У улуғ тренер эди,— деди бола.— Отам, у бутун дунёда энг улуғ тренер бўлган дейди.
— Уни бошқалардан кўпроқ кўргани учун шундай дейди. Агар Дюроше ҳам биз томонларга ҳар йили келиб турганда, отанг уни ҳам дунёда энг улуғ тренер, деб мақтаган бўларди.
— Сенингча, энг улуғ тренер ким? Люкми ёки Майк Гонсалесми?
— Менимча, улар бир-бирларидан қолишмайди.
— Дунёда энг чапдаст балиқчи бўлса — сенсан.
— Ундай эмас. Мендан ҳам зўр балиқчиларни кўрганман.
— Qu e Va! Қўйсанг-чи!  — деди бола.— Дунёда яхши балиқчилар кам эмас, жуда ажойиблари ҳам бор.
Лекин сенинг олдингга тушадигани йўқ.
— Раҳмат. Сен шундай деб ўйласанг, хурсандман. Менга жудаям катта балиқ тушмайди, деб умид қиламан, акс ҳолда, ишни дўндиролмай қолиб ҳафсалангнн пир қилиб қўймасам, деб қўрқаман.
— Ҳақиқатан ҳам аввалги кучинг бўлса, дунёда сен эплолмайдиган балиқ топилмаса керак.
— Балки, илгариги кучим қолмагандир. Лекин менда ғайрат бор, чидамим ҳам етарли.
— Энди сен ётиб ухла, эрталаб тетик бўлиб туришинг керак. Мен бўлсам идишларни олиб бориб бераман.
— Майли. Хайрли кеч. Эрталаб мен сени уйғотаман.
— Сен мен учун нақ қўнғироқ соатнинг ўзисан,— деди бола.
— Мен учун қариликнинг ўзи қўнғироқ соат. Чоллар нега жуда барвақт туришаркин-а?
Наҳотки, буни қолган умрларидан бир кунини бўлса ҳам чўзиш ниятида қилишса?
— Билмадим. Фақат шуни биламанки, ёшлар қаттиқ ва кўп ухлашади.
— Бошимдан ўтган, биламан,— деди чол.— Мен сени вақтида уйғотаман.
— Негадир мени анови уйғотганини ёқтирмайман. Худди мен ундан қолишадигандек.
— Тушундим.
— Хайрли кеч, Сантьяго.
Бола кетди. Улар чироқ ёқмасдан овқатланишганидан, чол қоронғида ечиниб ётди. У кийимларига газетани ҳам қўшиб ўраб, ёстиқ ўрнига бошига қўйди. Чол одеялига бурканиб, каравотнинг қуруқ пружиналарига ташлаб қўйилган эски газеталар устига чўзилди.
У ётди-ю, ухлаб қолди. Уйқусида ёшлик чоғлари ўтган Африка, унинг узун, олтин қирғоқлари ва кўзни қамаштиргудек оппоқ саёзликлар, юксак қоя ва ҳай-батли қўнғир тоғлар тушига кирди. Энди у яна ҳар кеча уйқусида шу қирғоқларга қўнар, уввос билан отилган тўлқинларнинг шовқинини эшитар ва ерлилар тушган қайиқни тўлқин қирғоққа қандай суриб бораётганини кўриб турарди. Тушида у ҳамон палубадан чиқаётган лос ва смола исини туяр, димоғига эрталабки шамол қирғоқдан олиб келган Африка нафаси уриларди.


Эрнест ХЕМИНГУЭЙ

Чол ва денгиз (Қисса)

Давомини ўқинг

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эврил турон: кичик ҳикоялар

                                                                   Дўлана                  Ёш дўстим Паҳлавон Содиққа   Музликларга  ошиён тоғлар. Улар табиатнинг узоқ, ...

Чингиз айтматов:қиёмат 24-қисм

— Ҳар бир одам ўзига ўхшаган бошқа бирон одам устидан ҳокимлик қилиш учун ўлиб-тирилади. Сен бундан мустасно эмассан, Рим нойиби. Ҳаммадан ёмони ҳам шунда. Сен, ахир дунё ...

Эллигинчи йиллар манзаралари (давоми)

Ниҳоят, айлана-айлана Тошкент-Термиз бетон сўқоғига чиқдик.  Ўттиз-қирқ  дақиқалардан  сўнг Жиззах ўлкасига кириб келдик. Қанча-қанча текширув постларини кечиб. Ҳар бир пост ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400