АЛИХОНТЎРА СОҒУНИЙНИНГ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШГА РУХСАТ БЕРИЛМАГАНИ ҲАҚИДА МУРОЖААТ

Ўзбекистон Республикаси Президенти
жаноб Шавкат Миромонович Мирзиёевга

Нусхаси:
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлари Вазири
жаноб генерал-майор Пўлат Раззақович Бобожоновга

Нусхаси:
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий

коммуникациялар агентлиги директори
жаноб Комил Исмоилович Алламжоновга

Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Бу йил, 31 август куни кўпчилик ёшларимиз томонидан Шаҳидлар хиёбони зиёрат қилинганидан сўнг, Шайҳонтоҳур тумани Ички Ишлар бўлими ва Бўстонлиқ тумани Ички Ишлар Бўлимига чақирилиб, соат 19:00 дан бошлаб, 3-4 соат давомида сўроққа тутилган.

Мустақиллик байрами куни уйида тинчгина байрам шодиёналарини нишонлаш ўрнига 3-4 соат давомида, кечасигача ички ишлар бўлимида ёшларнинг сўроққа тутилиши, боз устига ҳар йили ва истаган пайтда бориб зиёрат қилиб юрган ўзбекнинг буюк зиёли олимларининг қабрини зиёрат қилишлари айнан Мустақиллик байрами куни ман этилиши ва ички ишлар ходимлари томонидан сиёсий митинг даражасида сифатландирилиши, ёшларимизга жуда қаттиқ рухий зарба берганини ижтимоий тармоқдаги чиқишларидан кўришимиз мумкин.

Ижтимоий тармоқларда фаоллиги билан оммага яхши таниш бўлган ўзбек ёшларининг 10 таси байрам куни ички ишлар идорасида сўроқ қилинганлиги ҳақидаги хабарлар эса чет эл ахборот агентликлари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали оммага тарқатилмоқда ва қизғин бахс ва мунозараларга сабабчи бўлган мавзуга айланмоқда.

Сўроққа тутилган йигитлар томонидан, нега чақирилганига аниқлик киритиш мақсадида қилинган ҳаракатлар мавҳум бўлиб қолмоқда.

Расмий регистрация қилинган ариза шаклидаги хабар асосида ёшларимиз савол жавобга тутилганми ёки кимнингдир оғзаки мурожаатини инобатга олиб, кечасигача ИИБ идорасида ушлаб туришганми, бу саволга Ички Ишлар Бўлими ходимлари томонидан ҳеч қандай баёнот берилмади.

Бунинг ўрнига, чет эл ахборот агентликларига «ушланганлар билан байрам арафасида шунчаки суҳбат ўтказилгани ва ҳеч ким ушлаб қолинмагани» ҳақида билдирилган.

Биз Ўзбекистонликмиз, биз ҳақимиздаги янгиликни ўзимиздан олдин чет элдаги ахборот агентликлари эътиборга олишининг сабаби ҳам бу ёш йигитлар ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёзиб қўйган бошидан кечирган «саргузашт»ларини ўзимизнинг ахборот агентликлари эътиборга олмаганлигидир.

Ёшларимиз, ўзларига нисбатан нега бундай бемаҳалда профилактик тадбир амалга оширилиб бошланганини бошда тушунишмай ҳайрон бўлишган.

Савол жавоб асносида маълум бўлишича, кимдир шикоят қилганмиш. Гўёки Алихонтўра Соғунийнинг масжидда ишлайдиган, Шайҳонтоҳур туманида яшовчи узоқ қариндоши «Бир сиёсий гуруҳ, ғараз ниятлари билан Кўкча қабристонида намойиш ўтказмоқчи», деб ёзиб берибдимиш.

Ички ишлар ходимлари томонидан савол-жавоб қилинган ёшларимизга қуйидаги мазмунда саволлар берилган:
«Нега Алихонтўра Соғунийни зиёрат қиляпсизлар – у ўзбек эмаску»
«Мустақиллик учун бошқа одамлар курашган – буларнинг алоқаси йўқ»
«Уйғурларни нега қўллаб-қувватлаяпсизлар»
«Нега ўзбек тилини давлат тили деб кўтараяпсизлар»
«Хитой камералари тўғрисида нега ёздингиз»
«Нимага Америкага бориб келдингиз»
«Нима учун чет элда ўқигансизлар – сизларга ўзбек олий ўқув юртлари ёқмайдими»
«Сизларнинг тадбирларингиз пулини ким тўлаяпти» – деган ва шунга ўхшаш саволлар ўртага қўйилган. Сўроқ сўнгида эса «Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатига қарши эмасман, агар қарши бўлсам мени жавобгарликка тортишингизга розиман», деган мазмунда тилхат ёздириб олинган.

Ички ишлар ходимлари амалга оширган савол-жавоб пайтида, сўроққа тутилган ёшларимиз томонидан Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғунийнинг шахси, ўтмиши ва ижоди ҳақида маълумот берилган ва унинг дунёга танилган буюк олим эканлиги, асарлари Ўзбекистонда сотувда борлиги, ҳатто бир неча марта нашр қилинганлиги ҳам тушунтирилган. Ички ишлар ходимлари, «Байрамда зиёрат қилманглар, бошқа кунлари мумкин» деб ёшлардан тилхат олишган.

Шайҳонтоҳур тумани Ички Ишлар Бўлимининг, террорчиликка қарши кураш бўлимида ва Бўстонлиқ тумани Ички Ишлар Бўлимида, улардан «сиёсий митинг ва йиғилишларда бошқа қатнашмайман», «Мен Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатдан норози эмасман ва турли хил митинглар, сиёсатга қарши йиғилишларда қатнашмайман, агар қатнашадиган бўлсам жавобгарликка тортишларингга розиман», деган мазмунда тилхатлар олинган.

Ички ишлар ходимлари, ёшлар билан яхши муомалада бўлган ва ҳеч қандай босим ёки қўполлик қилишмаган. Яъни жисмонан шикаст етказмаган. Бу масалада Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигига тегишли мутасаддиларнинг касбий маҳоратига ҳеч ким эътироз билдирмаяпти. Лекин, масаланинг бошқа томони кўпчиликни таажубландирмоқда.

Наҳотки ёшларимизни кечасигача сўроққа тутиб, савол жавоб қилган ходимлар ўзбек миллатининг буюк сиймолари ҳақида хабари йўқ бўлса. Мактабда ўқийдиган ёш бола ҳам биладиган маълумотдан Ички Ишлар ходимларининг хабари ҳам бўлмаса, унда уларнинг маънавий-маърифий аҳволи қай даражада эканлигини ким текширади? Бу масала устида Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги текширув олиб бориши шарт.

Маълумот учун:
Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғуний, 1885 – 1976 йиллар оралиғида яшаб ижод қилган ўзбекнинг дунёга танилган забардаст олими ва адибидир.

Алихонтўра Соғуний Шарқий тақдир тақозаси билан Туркистон Ислом Республикасининг Биринчи Президенти бўлган. Ўзбек миллатидан чиққанлар орасида биринчи бўлиб Маршал унвонини олган улкан давлат арбобидир.

Бир неча асарлари, хусусан: «Тарихи Муҳаммадий», «Туркистон қайғуси», «Шифаъул-илал», ўзбекчага таржима қилган «Темур тузуклари», Аҳмад Донишнинг «Нодир воқеалар», Ҳерман Вамберининг «Мовароуннаҳр ёки Бухоро тарихи» каби, бошқа асарлари ҳам Ўзбекистонда бир неча марта нашр қилинган.

Алихонтўра Соғунийни бутун дунё олимлари танийди ва унинг асарларидан илмий ишларида фойдаланишади.

Давлат Таълим Стандартлари томонидан тасдиқланган ўқув дарсликларида номи қайд этилган буюк Ватандошимиздир.

Бир неча йиллардан бери Ўзбекистон ёшлари Мустақиллик байрами кунлари, 31-августда Тошкентдаги Шахидлар хиёбонини зиёрат қилгандан сўнг эртаси куни 1-сентябрда шаҳардаги Кўкча, Чиғотой, Камолон ва бошқа қабристонларда мангу қўним топган эл хизматига ҳаётини бағишлаган ўзбек зиёлиларининг қабрларини зиёрат қилиб, гул чамбарлар қўйиб, уларнинг хизматларини ва улар яшаган даврларни эсга олишади, ҳаққига дуо қилишади. Ўзбек ёшлари орасида, бу тадбирлар анъанага айланиб улгурган.

Бу тадбирлар қандайдир рухсатнома, кўрсатма, йўриқнома ёки ҳукумат томонидан белгиланган назорат остида амалга оширилмайди, бунинг ҳожати ҳам йўқ, ҳар ким ўз истагига кўра, тартиб ва интизом билан зиёрат қилади. Чунки биз ўзбекмиз. Ёшларимиз оилада олинган ўзбекона одоб ва таълим-тарбияга асосланган ҳолда муқаддас Ислом дини қоидаларида ва давлат Қонунида кўрсатилган тартибда зиёратни амалга оширишни яхши билишади. Лекин, шунга қарамай оддийгина зиёрат сиёсий тадбир ўлароқ баҳоланиб, ёшгина йигитлар кечасигача сўроқ қилиниши ҳаммасидан ўтиб тушди.

Фикри ожизимча, ёшларимиз амалга ошираётган ушбу ҳаракатлар, айнан давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатининг маҳсулидир. Мустақил давлат бўлганимиздан сўнг, мураббийлар ва ота-оналар келажагимиз бўлмиш ёшлар қалбида Эл, Юрт, Улус, Ватан, Миллат тушунчаларини шакллантириш мақсадида энг аввало Миллий ўзлигини англаши учун керакли бўлган кўникмаларни тарбия қилишдан бошланган эди.

Ҳозирги кунда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар ва маънавий-маърифий таълим ва тарбиядан кўзланган мақсад ҳам уларда Ватанга ва Миллатга бўлган садоқатни шакллантиришдан иборатдир.

Ёшларнинг келажак ҳаёти мазмунли бўлиши учун улар кўнглида юксак инсонийлик фазилатларини тарбия қилиш мақсадида амалий ҳаракатлар қилишимиз, ҳар биримизнинг Ватандошлик вазифамиз ва Миллий бурчимиздир.

Қандайдир шубҳали ва мавҳум шикоятга кўра кечаси билан ҳар хил ҳаёлларни бошидан кечиришга мажбур қилиниб, бемазагарчиликларга тобеъ қилинган йигитларнинг руҳини ҳеч нарса синдиролмаслигига амин бўлганим учун ушбу номани сизга ёзишга қарор қилдим.

Гўёки, қандайдир сиёсий мақсадда митинг қилмоқчи бўлганликда шубҳаланиб тун ярмигача сўроқ қилинган йигитларнинг ота ва оналарини, яқинларини ва дўстларини шахсан танийман. Айнан шу, Шайҳонтоҳур тумани ва Бўстонлиқ тумани Ички Ишлар Бўлимларида сўроққа тутилган ёшларимиз Ватанга ва Миллатга садоқат масаласида бошқаларга ўрнак бўладиган даражада миллий онги ва сиёсий иммунитети бор бўлган, ўқимишли ҳамда илғор фикрли йигитларимиз эканлигига кафил бўлишга тайёрман.

Шайҳонтоҳур тумани ва Бўстонлиқ тумани Ички Ишлар Бўлимларига 31 август куни олиб келиниб сўроққа тутилган йигитларимиздек ўтмишини биладиган, ўзбекнинг тарихий шахсларини ва буюк сиймоларининг ҳурматини эзозлашни ўзининг йигитлик бурчи деб ҳисоблайдиган ўзбекнинг фарзандлари Миллий ори бор йигитларимиздир, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош Қўмондони чақириқ эълон қилган заҳоти қўлида қурол билан ўз Ватанини ҳимоя қилишга тайёр турадиган мардларимиздир.

Миллий ўзлигимиз, ҳусусан миллий тарихимизга бўлган ҳурматнинг ифодаси ўлароқ: Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 1-май, 2001 йили қабул қилинган «Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисидаги» ПФ-2837-сонли Фармонида кўрсатилган:
«Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.

Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.

Халқимизнинг ана шундай минг-минглаб фидойи ва матонатли ўғил-қизларининг хотирасини эслаш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини тарбиялаш мақсадида…» деб кўрсатилган юксак инсонийлик фазилатлар тамойилларидан келиб чиққан ҳолда, ҳар йили 31-август куни Шахидлар хиёбони ва 1-сентябрь куни Миллий тараққиёт учун илмий ва ғоявий кураш олиб борган зиёлиларнинг қабрлари Ўзбекистон ёшлари томонидан зиёрат қилиниб келинмоқда.

Лекин негадир, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2-март, 1999 йили «9 майни Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида» қабул қилинган ПФ-2243- сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18 март 1999 йили «Умумхалқ байрами 9 май – Хотира ва Қадрлаш кунини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида» қабул қилган 119-сонли қарорида кўрсатилган Ташкилий қўмита томонидан ишлаб чиқилган тартиблар ва талабларга зид келувчи ҳатти ҳаракатлари билан бир неча йиллардан буён аҳолининг норозилигига сабабчи бўлиб келаётган ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли идоралар томонидан бирон марта маъмурий жавобгарликка тортиш чоралари қўлланилмади, ҳаттоки бирон марта «сўҳбатга» ҳам чақирилмади.

Ҳар йили, «Хотира ва Қадрлаш» кунида Тошкентдаги Биродарлик қабристонида ароқ ичиб олиб, маст ҳолда юрган бир гуруҳ одамлар тегишли давлат идоралари томонидан рухсат олмасдан ташкил қилинган «Ўлмас полк» митинги ўтказилиб келинмоқда.

Марҳумларнинг расмларини қора рамкаларга солиб, ёнига Георгий лентачасини қистириб, худди эски совет даврларидаги парадлардаги каби қўлига кўтариб олган мингларча одамлар Тошкент кўчаларида маст бўлиб, қўшиқ айтиб, қийқириб юришади. Негадир, бу бемазагарчиликларга, оммавий юришларга сиёсий тус берилмаяпти.

Ўлиб кетган одамларнинг қўрқинчли расмларини қўлига кўтариб олган, жамоат жойида ўзини тута олмай, атрофдагиларга нисбатан ҳурматсизлик, катта ва кичикнинг фарқига бормай метро бекатларида, кўчада маст бўлиб юрганларга бирон марта уларга эътибор бермаган ва тартибга чақирмаган Ички Ишлар Вазирлиги тасарруфидаги ходимлар, негадир ўзбек зиёлисининг қабрини зиёрат қилишга рухсат бермайди ва тинчгина келиб қабристонни зиёрат қилишга сиёсий тус бериб ёшларнинг кўнглини мажруҳ қилишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикасида 9 май куни расмий «Хотира ва Қадрлаш» кунини нишонлаш жараёнида, биз учун ажнабий ғоянинг маҳсули ҳисобланган рамзий белгини ҳусусан ҳорижий давлатнинг ҳарбийларига бериладиган мукофатнинг унсурларига аталган «Георгий Лентаси» тадбирини Ўзбекистон Республикасида ҳам ўтказишни тарғиб қилиш ҳаракатлари бошланиб юборилиши кўпчилик фуқароларимизнинг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда. Лекин, негадир бунга ҳеч қандай чора кўрилмаяпти.

Ватанимиз чор Россияси томонидан мустамлака қилинган даврларда шаҳарларимизни вайронага айлантиришда қатнашган мустамлакачилар армиясининг зобитлари ва генераллари учун махсус таъсис қилинган медалларда маҳаллий халқ қирғин қилиб, босиб олинган бизнинг шаҳарларимизнинг номлари ёзилганлиги ва шу медалларга, айнан ҳозирги кунда Россия Федерациясида кенг тарғиб қилинаётган «Георгий Лентаси» номи билан маълум бўлган лентанинг ранги билан бир хил рангдаги лента бириктирилган эди.

Боз устига, юртимизни босиб олишда ва мустамлакачилик сиёсатини бошқаришда қатнашган бир қанча генераллар ва зобитлар авлиё Георгий номли медал билан ҳам мукофотланганлиги мактаб уқувчиларининг тарих китобларида очиқ ойдин ёзилган ва бу мактабларимизда ўқитилмоқда.

Халқимиз тақдиридаги энг қора ва кирли кунларига сабабчи бўлган мустамлакачилар қадрлаб тақиб юрган авлиё Георгий номи билан аталган мукофотнинг худди шундай ном билан аталган лентачасини Ўзбекистонда тарғиб қилинишига норози бўлган бизнинг ёшларимиз ўз Ватани тарихи ва ўз халқининг тақдири ҳақида фикр юритса, унга нисбатан «миллатпараст», «миллатчи», «пантуркист», «миллий низо чиқарувчи», «русларни камситувчи», «руслар олиб келган маданиятни пайқамасдан нонкўрлик қилувчи», «советлар давридаги одам бўлганингни инкор қилувчи» деган бўлмағур гаплар билан ҳақоратланганликларини бир неча марта тегишли идораларга ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилиб ва Оммавий Ахборот Воситаларида эълон қилинган мақолаларимиз билан айтганимизда ҳам ҳеч қандай чора кўрилмаганига гувоҳ бўлган эдик.

Тарихига, миллий қадриятларига нисбатан ҳурмат билан қарайдиган ёшларимизнинг кўпчилиги юртимиз тарихида қонли из қолдирган, мустамлакачилик даврида Ватанимизни ишғол қилган зобитларга мукофот сифатида берилган авлиё Георгий номи билан аталган медалнинг лентасини давлатимиз ҳудудида тарғиб қилиниши ёшларимиз кўнглида халқимизнинг миллий ғурурига ҳурматсизлик қилиш ва миллий қадриятларимизни оёқ ости қилиш каби таассурот яратмоқда.

Бундай таассуротларнинг ўртага чиқиши табиий ҳолат, чунки бошқа бир давлат учун қадрли бўлган рамзий белгилар бизнинг давлатимиз ҳудудида тарғиб қилиниши нафақат Ўзбекистон Республикасидаги мавжуд миллий зеҳниятга нисбатан эътиборсизлик бўлибгина қолмай, балки ҳурматсизликнинг ҳам ўзгинасидир.

Афсуски, юқорида изоҳ этилган муаммоларимиз турганда ўзбекнинг ёшгина болаларига мутафаккир олимингни зиёрат қилма, деб ички ишлар бўлимига чақириб, сўроққа тутиб, байрам куни ёш ўсиб келаётган авлодимизга руҳий зарба берадиган кимсалар ҳам Ўзбекистон Республикасида борлиги, жуда ачинарли ҳолат.

Ватан, Миллат ва Давлат масаласида Ўзбекистон Республикасининг обрў ва эътиборини дунё ҳамжамияти кўз олдида ҳимоя қилиш нафақат ҳукуматдан ойлик олиб ишлайдиганларнинг иши, балки ҳар бир Ўзбекистон Ватандошининг муқаддас бурчи ҳамдир.

Аҳоли орасида профилактик ишлар ўтказмоқдамиз деб ўқимишли ва дунёдан хабари бор ёшларимизнинг ҳақ ва ҳуқуқларини безовта қилиб, кечаси билан кабинетда 3-4 соат сўроққа тутиб, кўнглига озор берадиганлар кимлар?

Наҳотки Ўзбекистон Республикасининг ёшларини кечаси билан ички ишлар идорасида ушлаб туриб сўроққа тутиш «шунчаки суҳбат ўтказилиш», деб тафсифланса?

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Президенти жаноб Шавкат Миромонович Мирзиёев. Сиздан илтимос қиламан!

  1. Барчамиз учун муқаддас саналган Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик байрами куни ёш авлодга қарши ариза ёзиб ёки оғзаки шикоят қилиб, бўхтон уюштирган, Шайҳонтоҳур тумани ва Бўстонлиқ тумани Ички Ишлар Бўлимларига 31 август куни ёш йигитларни олиб келиб сўроққа тутган ички ишлар ходимларини ёлғон хабар билан чалғитган шахснинг кимлигини аниқлашга ёрдам беринг.
  2. Нега айнан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами куни Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғуний қабри зиёрат қилинишига рухсат берилмагани ҳақида, бунга ким айбдор ва нима сабаб бўлгани ҳақида Ички Ишлар Вазирлиги Матбуот хизмати томонидан жамоатчиликка телевидение ва матбуот орқали баёнат берилишини таъминлашга ва буни мутасадди ташкилотлар назоратга олишига ёрдам беринг.
  3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик Хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги томонидан ўз ходимлари орасида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирларда, ижтимоий-сиёсий масалалар асосида ўтказиладиган ўқув машғулотлари жараёнида ўзбек халқининг миллий тарихи билан боғлиқ мавзуларда Алихонтўра Соғуний шахсиятининг ижобий томонларига эътибор берилишини, ҳусусан унинг Ўзбекистонда нашр қилинган «Тарихи Муҳаммадий», «Темур тузуклари» «Туркистон қайғуси» каби бошқа асарларига ҳам диққат қилинишини таъминлашда амалий ёрдам беринг.
  4. Мазкур мурожаатда баён этилган англашилмовчиликларга ўхшаш муаммолар жамиятимизда такрор юзага чиқмаслиги учун – ушбу масала атрофлича текшириб чиқилиб, тегишли идоралар томонидан назоратга олинишини умид қиламан.

Миллий маънавиятимиз, маърифатимиз билан бирга миллий ғуруримизни оёқ ости қилишга йўл қўймаслик ҳар бир Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг муқаддас бурчидир. Зеро, дунёдаги энг машъум қуллик – тафаккур қуллиги, энг аянчли қашшоқлик – фикр қашшоқлигидир.

Ҳурматли Шавкат ака!
Сизга йўллаётган ушбу мурожаатимда, шахсингизга нисбатан сертакаллуфлик қилиб, баландпарвоз гапларни ёзишга ийманганим учун оддийгина ўзимнинг халқимнинг ичидан чиққан бир акамга мурожаат қилгандек усулда ёзишга қарор қилдим. Бу ҳаракатимни тўғри тушунишингизга ишонаман.

Сизга, мазкур мурожаатдан олдин ҳам ёзган бир нечта мурожаатларимда кўрсатилган жамиятимиздаги баъзи бир муаммоларнинг деярли барчаси ижобий ҳал бўлишига эътибор берилгани учун, Сизга ва мурожаатлар билан ишлайдиган мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ушбу васила ила, шахсан Сизга бўлган ҳурматимни тасдиқлайман.

Эҳтиромларим ила,

Шухрат Саломов
Тарихчи-публицист

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Ўзбекни “фуқаро” эмас, бек, бека деб чақирсак ярашадими?

«ЎзА» сайтида эълон қилинган ва Халқ билан мулоқот гуруҳига жойланган «Бутун аҳолиси «фақир» бўлган биздан бошқа давлат йўқ» номли мақола юртдошларимиз орасида қизғин баҳс ва ...

Бағрикенгликнинг сарҳади борми, чегараси қаерда?

Миллатимизнинг ғурур ва ифтихорига айланиб улгурган мустақиллик байрамида янграётган ажнабий тилдаги операга ва унинг учун муҳташам залда чалинган қарсакларга ҳамда (ҳар ...

Ёшларни қўллай олмасак, ҳеч бўлмаса уларни иштиёқини синдирмайлик

Шокир Ҳолиқов - Пролог фестивалининг 3 карра совриндори. Шу учала фильмининг ҳар бири халқаро миқёсда камида 6 тадан мукофот олган. «Чой» 15 та соврин олди, шулардан 5 таси  ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400