Коррупциянинг томир отаётган яна бир илдизи…

Ўзбекистонда коррупциясиз олий таълим олса бўладими?

Бу саволга аксарият ёшлар деярли “йўқ”, деган жавобни беришади.

Негаки айни тизим йилдан йилга коррупциялашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Соҳа вакиллари бундай иддаоларга жавобан, бу йилги қилинган ва қилинаётган ишларни дастаклаши мумкин. Лекин бу каби “ёлғонлар”га ўзлари ҳам ишонмасликлари аниқ. Чунки олий таълим мутассаддилари томонидан берилаётган ҳисоботлар ва қилинган ишлар шунчаки кўзбўямачилик.

Келинг, бу каби ҳолатларга охирги контрактларнинг оширилиши ёки аксинча стипендияларни туширилиши бўйича ўзларининг юзсизларча чиқишларини таҳлилсиз эслатиб қўя қолайлик.

Бу жойда юқоридаги гапларимизга уларнинг ана шу изоҳсиз жавобнинг ўзи етарли, деб ўйлаймиз. Шунинг ўзи бутун тизим бошдан оёқ фақат коррупция ва кўзбўямачиликка асосланган эканлигини кўрсатиб турибди-ку!

Айни қилинаётган янгиликларни бугунги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда, гўёки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар асносида кўрсатишга ҳаракат қилишади ҳамда бу ишларини ўта соддадиллик ва самимият билан амалга оширишга уринганлигини кузатиш мумкин.

Ахир бу кўзбўямачилик бўлмай нима?

Худдики уларга шундай топшириқ берилган-у, булар уни бажаришаётгандек.

Аслида талабалар стипендиясини тушириш – бу уларни ризқини қийиш бўлса, контракт пулларини ўн саккиз фоизга ошириш эса, бу очиқчасига ота-оналарнинг чўнтагани кавлаш ёки ғирт »киссавурлик»дан бошқа нарса эмас.

Очиғи бу бироз қўполроқ қиёс, лекин бошқача таъриф беришга виждон қийналади.

Асли кўзбўямачиликнинг илдизи мамлакат раҳбарияти ва жамоатчиликни алдашда; олий таълимда олиб борилиши керак бўлган ислоҳотларни юқоридаги каби, талабаларнинг ризқини қирқиш ва ота-оналар маблағларини зўрлик билан монополистларча ўз қилмишларини ёпиш учун йўналтиришда. Бундан осони йўқ ахир.

Таълим сифатини ошириш, юртимиз олий ўқув юртларини дунё рейтинги даражасига олиб чиқиш масалалари, худдики олий таълимдагиларнинг иши эмасдек.

Асосийси бюджетдан пул олинмаяпти-ю, аммо пул ишлаб топиляти. Қандай йўл билан топилаётганлиги эса муҳим эмас.

Бунинг устига стипендиялар ҳисобидан ажратилган маблағлар ҳам иқтисод қилинмоқда ёки нотўғри сарф-харажатлар ўпқонини ямашга сарфланмоқда.

Ўқитувчи-профессорлар меҳнатига ҳақ тўлаш талабаларнинг контракт пули эвазига амалга оширилиши эса жуда кулгили. Қайси амалдорга ёқмайди дейсиз бу амаллар: бюджетдан пул олинмаса-ю, ўқитувчиларга талабалар стипендиясини юлиб ёки контракт пулини оширилишидан қўшимча маош тўланса. Энди улар орасидаги муносабатлар қанчалик чигаллашиб боришини тушуниш унчалик қийин ҳам бўлмаса керак.

Лекин, энг ачинарлиси таълим сифатининг ўта пастлигида.

Бугун энг катта муаммо бу – ОТМлар кутубхонасининг ўта қашшоқлигида десак бўлади.

Мутахассисликлар бўйича дарсликларнинг яратилмагани эса, фожеа даражасигача бориб етгани сир эмас. Айниқса янги очилган ОТМларнинг кутубхона фонди дарсликлар билан таъминланмаган. Буларсиз ҳеч қайси ОТМларимизни ҳали бери дунё ТОПларида кўришимиз мумкин бўлмайди.

Яна хусусий олий таълим даргоҳларини очиб, бу даражани ўта абгорлашувида…

Нега ҳали ҳеч қандай тажрибага ёки аниқ бир анъана, қадриятларга эга бўлмаган, куни-кечагина очилган бундайин хусусий ОТМлар бир неча ўн йиллик тарихга эга давлат ўқув муассасаларидан қиммат? 

Мақсад нима – сифатли таълимми ёки пул ишлаш?

Бизнингча буни анақлаштириб олишга одамдан катта салоҳият талаб этилмаса керак.

Яна бир жиҳати, нима учун қўшни давлатлардаги хусусий олий таълим, биздагилардан беш-олти баробар арзон? Ёки Европадаги баъзи нуфузли ўқув даргоҳларидан ҳам қиммат.

Хусусий ОТМларни ташкил этишда қандай омиллар ҳисобга олинган ўзи?

Ҳаммаси тушунарсиз.

Албатта олий таълимдаги коррупциянинг асоси, асли тест синов имтиҳонларида. Ана ўша ердаги кўзбўямачиликда.

Очиғи кейинги йилларда бу соҳада экспериментлар жуда жадаллашиб, кўпайиб бораётгандек. Жумладан, абитуриент тўловини жорий қилиниши, тест имтиҳонларига кам вақт қолганда фанларни ўзгартириб юборилиши, яна суппер-контракт деган тушунчаларни жамиятга сингдирилиши…

Тўғри охирги вақтларда тизимда бир қатор ўзгаришлар қилинди. Буни инкор этиб бўлмайди. Бироқ янгиликларнинг аксарияти, тўғриси абитуриентларнинг маблағлари ҳисобидан бўлди. Улардан йиғилган миллиардлар эвазига амалга оширилди. Буни ҳам инкор қилиб бўлмайди. Жуда пухта ўйланган амалиёт. Қани эди шундай механизмларни таълим сифатини оширишга ҳам ишлатилганда эди. Афсус!

Тест имтиҳонларидаги энг юқори баллар кўпчиликда шубҳа уйғотади. Халқ таълимининг ва айни вақтда таназзулга учраган ўрта махсус таълимининг бугунги кўриниб турган муаммолари ҳисобга олинса, юз фоизлик натижалар қайд этилишига ростдан ҳам ишониб бўлмайди. Ахир бу йилги тест жараёнлари видеокузатувларда, яна жонли эфир орқали номойиш этилиб ўтказилди-ку?!

Унда коррупция қаерда?

Бугун бу саволни жавобини ҳамма билади, аммо ҳеч ким “ғинг” этиб очиқ гапиролмайди. Лекин, миш-мишлар ортида ҳақиқат ҳам яширинган бўлади. Ҳаммаси парданинг ортида. У жараёнлар видеокузатувга олинмайди. Буни ҳатто юқори доиралар даражасида билишади – танбеҳлар берилади, бироқ… ўртага ташланган саволларга бўлса на чора, на жавоб йўқ.

Олий таълимдаги коррупция ҳақида доимий равишда гапириб келинади, аммо амалда жамоатчиликни чалғитиш чоралари кўрилади, холос.

На вазирлик, на соҳа раҳбарларининг тайинли таклифлари сезилмайди. Гўё юридик, иқтисод, молия таълимидаги муаммоларнинг ҳеч қайсиниси бирон идорага алоқаси йўқдай. Ҳаммаси мум тишлаган.

Демак тизим эскирган. Жавоб беришга ҳам ҳоллари қолмаган. Ёки хоҳлашмайди. Хуллас, ўша эски тизим барчага маъқулдай чоғи, ундан воз кечадиган амалий таклифлар расмий доираларда ҳали ўртада кўриб чиқилганича йўқ.

Суппер-контрактлар коррупцияни олдини олиш ечими эдими?

Ўйлаб кўрилса, йўқ.

Аслини олганда коррупциянинг боши мана шу суппер-контракт бўлади. Бу механизм аввал ҳам мавжуд эди. Буни ўйлаб топганлар, уни фақат легаллаштиришди, холос.

Хўш шу пайтга қадар суппер-контракт орқали қанча ёшлар талабаликка қабул қилинди?

Бу бўйича аниқ статистик маълумотлар очиқ манбаларда учрамайди. Чунки, суппер-контрактнинг нархлари ҳаммани чўчитади. Алал-оқибат бу механизм коррупциянинг боши бўлиб хизмат қилишдан бошқага ярамайди.

Суппер-контракт ўзига ишонмаганларни қўрқитиш усули, деса ҳам бўлади. Натижада уддабурон корчалонлар “суппер”дан пастроқ нархлар таклиф қилишади ва юқорида айтилганидек дастлабки омилларни бошлаб беради.

Нима учун давлат томонидан олий ўқув юртларини “суппер” нархи белгилаб берилиши шарт?

Бу кимга керак?

Ўзи қайси ОТМларимиз бундай нархларга лойиқ?

Мамлакат тараққиёти учун ўқимишли, етук, малакали кадрлар зарурмасми?

Мақсад қандай қўйилган бўлса, шубҳасиз унга эришилмоқда асли. Лекин тенг равишда ёшларни яратувчанлик, ижодкорлик иштиёқлари синдирилаётганлиги фожеадир.

Негаки ҳақиқий талантлар, иқтидорлар бугунги олий таълимдаги адолатсиз, нохолис ёндашув сабаб ўзларини хорижда намоён қилишга мажбур бўлишмоқда. Кашфиётларини ўз ватанида яратолмаяпти.

Ундай эмас дейишга шошилманг!

Нима учун биз шу вақтгача ҳамон ўзимизнинг ишлаб чиқаришдаги бирон брендимизга эга эмасмиз?

Фақат технологияларни четдан сотиб олиб, асосан экспулуатация қилганимиздан фахрланишимиз ёлғонми?

Заводни ўзимиз қура олмаймиз. Бизда яратувчанлик қобилияти йўқми?

Ҳатто ўзимизни маҳсулотларни ўзимизга қайта ишлаб сотишяпти-ку, ахир!

Буларнинг бари олий таълим беришдаги камчилкларимиз эмасми?…

Саволлар кўп, жавоб эса йўқ.

Охир оқибат нима қилиш керак, деган савол ўртага чиқиши табиий.
Ростдан ҳам қачон бу иллатлардан қутуламиз-у, ишлаб чиқаришда яратувчан кадрлар тайёрлашга ўтилади? Буни ҳозирдан ўйлашимиз керак эмасми?…

Ахир шунча йиллар давомида бошимизни ҳам қотириб кўрмадик. Фақат одамлар кўз ўнггида қандай қилиб шаффофлик таъминланаётгандек қилиб, ошкора имтиҳонлар кўрсатишга – тестларни ташкиллаштиришга, аслида парда ортида кўзбўямачилик қилишга устаси фаранг бўлиб кетдик.

Яратувчанликка келганда эса, дангаса ва нўноқлик қиламиз. Чунки, биз олий таълим санаганимиз, гапни рости ҳеч нарса эмас. Қайсидир эскича қарашдаги одамларнинг инжиқликлари, холос.

Мақсад олий таълимдаги коррупция ва кўзбўямачиликларни йўқотиш бўлса, аввало ислоҳни ўқув юртлар сонини кўпайтиришдан бошлаш лозим.

Нега? Чунки бугун бизда олий таълим олишга талаб ўта юқори. Буни қондиришга эса, ўқув даргоҳлари етарли эмас. Ана шу талаб йилдан йилга сўндириб борилса коррупциянинг илдизи ҳам қурийди.

Вақти соати келади ва бизда ҳам ҳудди қўшни давлатлар сингари абитуриентлар ортидан чопиб, ялиниб таклифлар қилинар. Ҳозирча бу ҳаммаси орзу. Сабаби таклифдан кўра талаб ўта юқори.

Агар буни таълим бозори сифатида кўриб чиқадиган бўлсак, олийгоҳлар сони қанча кўп бўлса, уларнинг “нархи” ҳам шунга яраша арзон бўлади.

Бунга қўшимча қилиб ўрта-махсус касб-ҳунар тизимини ривожлантирилса ва уларнинг битирувчиларига истиқболда мансаб пиллапояларидан ўсиш имконияти яратилинса, олий таълимга бўлган талаб фақатгина хақиқий илмий изланувчан кадрлар доирасида сақланиб қолади.

Аслида ҳам олий таълим шундай кадрларга муносиб эмасмиди?!

Муаллиф: Доктор Чапани

Манба:Таржумон

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Тожик қўшиқчиси роҳинжа болалари ҳақида куйлади

"Онасининг кўкрагида сут ўрнига қон эканлигини билмас". (more…)

Ўзбекистонда банклар товуқ боқиш ва лимон етиштириш учун кредит беришни тўхтатди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, бу уларга бойиб кетиш имкониятини беришини ваъда қилиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг айнан шу турлари билан шуғулланишни маслаҳат ...

Тошкентда метро бекатларининг кириш жойларидаги назорат постлари олиб ташланмоқда

Тошкент метрополитенининг устки қисмида хизмат олиб бораётган Ички ишлар ходимларининг назорат пости олиб ташланди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” нашри Ички ишлар вазирлиги матбуот ...