Одамларнинг электр учун тўлаган пуллари қаерга ғойиб бўлмоқда?

Тўғриси, электр ҳисоблагичлар алмаштирилиши ортиқча даҳмаза бўлди. Аввалига Юнусобод туманида синаб кўрилган бу онлайн ҳисоблагичлар ҳақида бирор кишининг ижобий фикр айтганини эшитмадим. Шундай бўлсаям, барибир бошқа туманларда шитоб билан ўрнатилмоқда.

Аксарият хонадон соҳиблари уни электрни нотўғри ҳисоблайди, деган фикрда. Яқинда уйимга шундай ҳисоблагич ўрнатиб кетишгач, бир ҳафта ичида бу гапларда жон борлигига ишонч ҳосил қилдим.

Майли, бу ўта баҳсли масала. Қанча тортишмайлик, «электросет»дагилар барибир ҳақ бўлиб чиқади. Чунки улар оғзимга Юнусободда ўтказилган тажрибани уришини яхши биламан. Бироқ одамларнинг электр учун олдиндан тўлаб қўйган пуллари ғойиб бўлаётганига тоқат қилиш қийин.

Бугун «электросет» худди асаларининг уясига ўхшайди. Хизмат кўрсатиш ойналарининг барчасида турнақатор навбат. Мурожаатчиларнинг қай бири гаплашманг, янги ҳисоблагич ортидан келиб чиққан муаммони ҳал қилиш учун келганини айтади.

Аксарият хонадонларда олдиндан ўртача 200-300 кВт, баъзилари 500-1000 кВт токка тўлаб қўйган пуллари янги ҳисобалагич шарофати йўқолиб, қарздорга айланиб қолишмоқда. Менам шулардан бириман.

Оломон ичидан хизмат кўрсатиладиган ойнага етиб келиш осон бўлмади. Энди навбат келганда, қўпол бўлсаям айтаман, ҳисобчи аёл ҳожатга бориб келаман, деб ярим соат қорасини кўрсатмади…

«Қарздорсиз» дейди ҳисобчи компьютердан кўз узмай. Қанақасига? Мана, эски ҳисоблагичдаги кўрсаткич, уни ходимингиз ечиб, ўзи ёзиб берган. Стандартдан ўтказилганига эса бир йил ҳам бўлгани йўқ. Мана, сертификати. Текшириб кўринг, дейман мен.

Шундан сўнг у ҳисоблагич ўрнатилган йилдан бошлаб тўловлар тарихини текширади. Ва яна ўша гапини қайтаради. «Биздаги кўрсаткич бўйича ҚАРЗДОРСИЗ».

Мен ҳам паст кетмай, олдига тўрт йиллик тўлов патталарини отвордим(Яхшиямки, банк орқали тўлаган эканман). Ҳисобчи уларни компьютердаги рақамлар билан таққослаб бўлгач, чуқур хўрсиниб, «қарз эмаскансиз», деди ниҳоят.

Аммо бу билан ишим битмади. У кадастр ҳужжатим, паспортим, ечилган ҳисоблагич ва барча тўлов патталарини олиб, МИБга боришимни айтди. Компьютердаги фарқни фақат улар тўғрилаб беришармиш.

МИБдаям «электросет»даги ҳангома такрорланди. Фарқли томони, улар ҳисоблагични текшириб кўришди, суратга олишди. Бу жараёнларни кузатиб «борай», деб қўл силтаб кетмоқчи ҳам бўлдим.

Ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилган МИБчилар ўн кундан кейин келиб, актни олиб кетишимни айтди.

Мана, сизга онлайн ҳисоблагичнинг ғалваси. Билмадим, яна қанча давом этаркан?!

Манба:Холис фикр

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Дунёнинг ишлари қизиқ : “ўлмаган банда кўраверар экан!” дейди машойихлар

Дилмурод Саййид Сурат 2005 йили олинган Бугунги амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан бир қанчасига эътибор берсам,уларни бундан 12 йил аввал муаммо сифатида ...

Аброр пўлатов: нуриймон абулҳасанга нисбатан тайёрланаётган турли постлар оқибатидан нима кўзланган?

Ҳуқуқшунос (Ислом ҳуқуқи), журналист Аброр Пўлатов Facebook’даги саҳифаси орқали жамиятдаги диний соҳадаги жаҳолат, муносабат ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қуйида ...

Кетмон можароси: депутатнинг facebook’да жанжаллашишдан бошқа иши қолмадими?

Бу йил 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни ажойиб тарзда нишонланганига гувоҳ бўлдик. Йирик шаҳарларда уюштирилган парадлар ва бошқа тадбирлар санага тантанавор руҳ ва ...