Расул Ҳамзатов:Она тилим

Ажабо! Туш деган нарса қизиқ-да,
Ўлиб қолганмишман тушда ногаҳон.
Кўксимда қўрғошин, қуёш тиғида,
Тоғлар орасида ётибман бежон.

Узокда шарқираб сойлар оқмоқда,
Борлиқда бир ажиб дилбарлик ҳоким.
Мен эсам ўйлайман ётиб тупроқда:
Мана шу тупроққа қўшилар хоким.

Мен ўлиб ётибман, кимсасиз, унут,
Ҳеч кимса қайғурмас ва чекмас ёҳу.
Фақат чўққиларда қурқурар бургут,
Фақат водийларда инграйди оҳу.

Навқирон ёшимда бўлдим-ку адо,
Оташ юрагимни ўйди ахир ўқ.
На онам, на ёрим бермайди садо,
Дўст тугул, ҳаттоки йиғичи ҳам йўқ.

Фиғон отилади жонсиз бағримдан,
(Гўё фиғон бордек мурда дилида.)
Шу пайт икки киши ўтди наридан,
Қувноқ суҳбат қуриб авар тилида.

Мен-ку бу дунёдан кўз юмдим мангу,
Улар кулиб-кулиб сўзлашар борин;
Қандайдир Ҳасаннинг турфа ишию
Қандайдир Алининг шўх кирдикорин.

Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,
Жонимга масиҳдир шу она тилим.

Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

Майли, қашшоқ бўлсин, майли, беҳашам,
Лекин менинг учун азиз ва суюк.
Жаҳон минбаридан янграмаса ҳам,
Она тилим менга муқаддас, буюк.

Оташин Маҳмуднинг ёниқ шеърини,
Наҳот, таржимада ўқир авлодим?
Наҳот, мен аварнинг сўнгги шоири,
Шуми эди менинг эзгу муродим?!

Севаман ҳаётни, дунё кўркини,
Муҳаббатим чексиз барча эл учун.
Ҳаммасидан азиз она юртимни
Аварча куйладим етганча кучим.

Узоқ Сахалиндан Болтиққача то
Қалбимда кўраман ҳур Ватанимни,
Ҳар қайда қилайин унга жон фидо,
Лекин ўз юртимга қўйинг танимни.

Юртдошларим туриб қабрим олдида
Кўрсатсин аварнинг шоири шул деб.
Элим ёдга олсин она тилида
Ҳамзат Цадасанинг ўғли Расул деб.

Расул Ҳамзатов шеъри

Эркин Воҳидов таржимаси

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Шавкат раҳмон-шимол куни

Ечинади милашлар яна, тор йўлаклар яна сарғарар. Қовжираган куз тепасида айланади қора қарғалар. Тўлиб кетди қарғага осмон, ҳатто аранг кўринади кун. Қарғалармас, гўё ...

Мeҳробдан чаён- хайрихоҳ бир одам

Раъно ичкарига қайрилмасдан боқчаға махдум кирди ва ташқарини чақирди: — Марҳамат Шаҳидбек, марҳамат! Раъно ичкарига кишири билан домланинг орқасидан ҳарсиллаган, гурсиллаган ...

Бўтакўз (бешинчи боб)

Қуёш кун сайин қиздираётган эди. Сорокин тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди. Суръатни ошириш зарур эди. Вақт қисталанг, тупроқ эса тобора қуриб боряпти. Биз яна беш кунча ер ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400