Энг қиммати АҚШда. Коронавирусдан даволаниш қанчага тушади?

Бутун дунё буйлаб коронавирус юқтирганлар сони 1,9 миллионга яқинлашди. Дунё мамлакатлари вирусга қарши кураш учун жуда катта пуллар сарфламоқда, аммо ҳамма ерда ҳам муолажалар бепул емас. Турли давлатларда одамлар коронавирусдан даволаниш учун қанча пул сарфламоқда?

АҚШда 6 кунга 75 минг доллар

Бу борадаги фактларни ҳамма ҳам ошкор қилавермайди. Аммо баъзи манбалардан оз бўлса-да маълумот топиш мумкин. Масалан, АҚШда нархлар жуда баланд. Океанортида коронавирусга чалинган енгил босқичдагилар даволанишни хоҳласа, камида 6 кун касалхонада бўлиши керак. Бу эса ўртача 75 минг долларга тушади. Суғуртаси борлар ҳам 21-38 минг доллар атрофида тўлаши керак бўлади. Оғир ҳолатдаги бемор эса камида 4 ҳафта даволаниши керак ва бу беморга тахминан 300 минг долларга тушади. Суғуртаси бўлганларга эса 150 минг долларга.

Биласиз, АҚШда ҳеч бир иш Конгресс иштирокисиз битмайди. Яқинда Конгресс коронавирус учун тест топширишни бепул, давлат ҳисобидан амалга оширишга рухсат берди. Шунингдек, ҳукумат уйдан туриб даволаниш учун махсус колл-марказлар ташкил қилган. У ерга телефон қилиб бепул маслаҳат олиш мумкин. АҚШ телевидениесида эса махсус телемедицина хизмати пайдо бўлди. Бу ҳам бепул эмас, бир марта маслаҳат олиш учун 34 доллар тўлаш керак.

АҚШда касалхонада ётиш қиммат бўлгани учун одамлар уйда даволанишни маъқул кўрмоқда. Шу сабабли, карантин эълон қилинган бўлса-да, америкаликлар уйдан чиқмай қўйишди. Чунки даволаниш жуда қиммат. Америкаликлар «Даволаниш учун кўп пул сарфламасликнинг ягона йўли – касал бўлмаслик» дейишмоқда. 13 апрель ҳолатига кўра, АҚШда касалланиш ҳолатлари сони 560 мингдан, вафот этганлар сони 22 мингдан ошди.

Балки даволаниш қимматлиги АҚШда касалланганлар ва ўлим сони кўплигининг сабабларидан биридир. АҚШ ҳар қанча бой бўлмасин фуқароларини бепул даволамайди. Таққослаш учун, Ўзбекистонда ҳукумат вирусга чалинганларни бепул даволамоқда. Балки шунинг учун одамлар ҳамон бемалол кўчада юришгандир…

Албатта, АҚШда пули йўқлар ўлиб кетаверарканда, деб ўйлаш тўғри эмас. Мамлакат инқироз ҳолатидан чиқиб кетиш учун 2,2 триллион доллар пул ажратди. Хусусан, 130 миллиард доллар тиббиёт соҳаси учун. Ҳукумат ҳар бир ишини йўқотган фуқаронинг 3 ойлик маошини тўлаб беришни ўз зиммасига олиб, йиллик даромади 99 минг доллардан кам бўлганларга пул тарқатди. Ижтимоий ҳимоя бу давлатда жуда одилона йўлга қўйилган. АҚШда ҳам хайрия қилувчилар жуда кўп ва ҳеч кими йўқ одамларга айнан хайрия маблағлари эвазига ғамхўрлик қилинмоқда.

Россияда бепул

Маҳаллий матбуот маълумотларига кўра, Россияда беморлар бепул даволанмоқда. Енгил ҳолатдаги беморларни даволаш ҳукуматга бир кунга 60 минг рублга (816 доллар), ўрта даражадаги беморларни даволаш 140 минг рублга (1 904 доллар) тушаётган бўлса, оғир авҳолдаги беморларни Россия ҳукумати кунига 202 минг рубль (2 747 доллар) сарфлаб даволамоқда.

Рус нашрларининг ёзишича, 12 апрелгача барча харажатлар маҳаллий бюджет ҳисобига қилинган бўлса, қолганига керакли пул маҳаллий мажбурий тиббиёт суғуртаси фондидан олинади.

Украинада аввалига барча беморлар бепул даволанаётганди. Аммо кейинчалик фақат оғир ва ўрта оғир ҳолатдаги беморлар давлат ҳисобидан даволана бошланди. Чунки оғир ва ўрта оғирликдаги беморлар парваришига қиммат тиббий воситалар ишлатилади ва оддий украиналик бу харажатни тўлай олмайди. Шу боис, барчасини давлат ўз зиммасига олади. Украинада бир нафар беморга кунлик ўртача 50 доллар харажат қилинаётгани айтилди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга олиб борадиган оғир пневмониядан даволаниш учун камида 3,5 минг доллар кетишини маълум қилган.

Польша барча беморлар давлат ҳисобида даволанишини эълон қилган. Бу мамлакатда касалланиш ҳолатлари сони 7 мингга яқинлашган.

Чехияда ҳам коронавирусдан даволаниб чиқаётганлар қўлига қандайдир чек тутқазилмаган. Маълум бўлишича, Чехияда суғурта корхоналари барча харажатларни тўлаб бермоқда. Бу мамлакатда одамлар суғуртага жиддий қарайди. Шунингдек, мустақил равишда даволангани учун пул тўламоқчи бўлган чехияликлар 800-6000 доллар атрофида пул тўламоқда.

Коронавирус тести қанча туради?

Фото: Getty Images

Кўпчиликни бир савол ўйлантиряпти: коронавирусга қандай тест топшириш мумкин? Масалан, яқинда Лондондаги бир неча клиника пулли тестлар ўтказгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Буюк Британия пойтахтидаги клиникалардан бирида 375 фунт (434 доллар) эвазига тест ўтказилгани рост бўлиб чиқди. Клиника бу қарорини ҳимоя қилиб, харажатга яраша нарх белгиланганини маълум қилди. Шунингдек, бу клиника шифокорларни бепул тест қилаётганини айтган.

Лондондаги яна бир клиника ўз сайтида 120 фунтдан коронавирус тести сотилаётгани ҳақида эълон берди. Аммо ҳозир бу касалхона сайтида тестлар сотилмаяпти, чунки ҳукумат одамларни индивидуал тестлар тўлиқ тўғри натижа бермаслигига ишонтирди. Ҳозирда Британия кунига 25 минг кишини бепул тестдан ўтказмоқда.

Арзон тестлар

Австралиядаги корхоналарда бири Хитойдан коронавирус тестларини Швейцария, Италия ва Эронга етказиб бераётганини маълум қилди. Ҳар бир тест давлатларга етказиб бериш хизмати билан бирга 12 долларга тушмоқда. Бу тестлар 95 фоиз аниқликда ишласа-да, ҳали АҚШда фойдаланиш мумкин бўлган тестлар қаторига киритилмаган. Британия эса бу тестни маъқуллаган.

Бу арзон тестлар асосчиси Милтон Жоу улар жисмоний шахсларга сотилмаслигини маълум қилган: «Тестларни индивидуал ишлатиш осон, лекин биз уларни соғлиқни сақлаш секторларига етказиб беришни маъқул кўрдик». Тестлар асосчиси уларни керагидан қимматга сотиш ноинсофлик бўлишини айтди.

Англияда эса жуда арзон тест яратилди. Лестер университети академиклари ниқоб кўринишидаги тест яратишди. Тест топширмоқчи бўлган одам ниқобни бир муддат тақади ва нафас йўлларидан керакли моддалар ниқобли тестга ёпишгач, тезда анализ натижасини билиш мумкин бўлади. Бундай тестлар атиги 2 фунт туради.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
https://kun.uz/news/2020/04/13/eng-qimmati-aqshda-koronavirusdan-davolanish-qanchaga-tushadi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Финландия таълим тизимидаги топишмоқлар: оз ўқийсиз кўп ўрганасиз

Финландия конституциясига мувофиқ ҳар бир Финландия фуқароси ўқишга ҳуқуқли ва мажбурдир. Мактаб ёши 7 ёшдан 17 ёшгачадир. Мактабда ўқиш икки қатламга бўлиниди: бошланғич ва ...

«арсенал» янги даврга қадам қўймоқда. эмерининг плюслари ва минуслари

Лондон шимолида инқилобий ҳаракатлар бошланди. «Арсенал» узоқ кутишлардан кейин янги бош мураббийга эга бўлди. (more…)