Коронавирусдан сўнг: Иқтисодиётини тиклаб, мўътадил турмуш тарзига тез қайтиши тахмин қилинаётган 5 мамлакат

Ўтган ҳафта бошида Австрия ҳукумати Европада биринчи бўлиб Covid-19 атрофидаги инқироз билан боғлиқ чеклов чораларни босқичма-босқич бекор қилиш режасини эълон қилди. Австриядан сўнг Италия ва Испанияда ҳам айрим чекловлар бекор қилинди. Яна қайси давлатлар карантин чекловларини бекор қилиши номаълум. Бироқ, аввалгидай мўътадил турмуш тарзига қайтиш қийин бўлиши аниқ.

Даниядаги молиявий ёрдам пакетлари бошқа давлатлар учун намуна бўлмоқда

Мутахассислар аллақачон коронавирус қачон тўхтатишини ва иқтисодий таназзулдан биринчи бўлиб қайси давлатлар чиқишини тахмин қила бошлашди.

Covid-19 пандемияси глобал иқтисодиётга олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада таъсир кўрсатди.

Турли давлатлар иқтисодиёт ва бозорларни барқарорлаштириш учун энг жиддий чоралар, жумладан, молиявий аралашув йўли билан инфекцияга қарши курашишга ҳаракат қилмоқда.

Вирус устидан ғалаба ҳали қозонилмаган бўлса-да, аксарият мамлакатлар учун соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш ва ҳеч бўлмаганда иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш устувор мақсадлар қилиб белгиланмоқда.

Уларнинг тахминларини яхшироқ тушуниш учун FM Global суғурта компанияси томонидан тузилган «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019»га кўз ташлаш керак.

Ушбу индекс рейтингидан турмуш даражаси, ишбилармонлик муҳити ва тикланиш имкониятлари ҳисоб-китоб қилинган 130та давлат жой олган. Бундан ташқари, рейтинг сиёсий барқарорлик, корпоратив бошқарув муваффақияти, рискларнинг юзага келиш шартлари, савдо занжирларининг мураккаб логистика механизмлари ва ишбилармонлик муҳитининг шаффофлиги каби омилларга асосланиб тузилган.

Мамлакатларнинг пандемияга қарши дастлабки ҳаракатлари билан рейтингини таққослаб, инқироз даврида иқтисодий барқарорликни юқори даражада сақлаб қолиш эҳтимоли бўлган давлатлар аниқланди.

Шундан сўнг рейтингда юқори ўринларни олган мамлакатларнинг аҳолиси ва мутахассислар билан вазиятни қай тариқа ижобий ҳал қилиш мумкинлиги ва яқин келажакдан нимани кутаётганликларини билиш учун суҳбатлашилди.

Дания

Тадқиқотларига кўра, коронавирус туфайли юзага келган мураккаб вазиятдан Дания биринчилардан бўлиб чиқиб кетади.

Ушбу мамлакат таъминот тизимини назорат қилишнинг юқори кўрсаткичлари ва ҳукуматда коррупция даражасининг пастлиги туфайли «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019»да иккинчи ўринни эгаллади.

Covid-19 пандемияси бошланганда, Дания ҳукумати қатъият билан ҳаракат қилди ва тезда ижтимоий масофани жорий қилди. 11 март куни мактаблар ва иккинчи даражали маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган турли корхоналар ёпилди. 14 март куни эса коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати унча кўп бўлмаса ҳам, барча чет элликлар учун мамлакатга кириш тақиқланди.

Кўрилган қатъий чора-тадбирлар ўз самарасини бергани Дания мисолида аллақачон исботланди. «Ўтган йил билан таққослаганда одатий грипп билан касалланиш 70 фоизга камайди, бу ҳукумат томонидан кўрилаётган чоралар яхши самара берганини англатади.

«Аввалига, ҳукумат жорий қилган чекловларга шубҳа билан қарадим, кейин бошқа давлатлар ҳам шу чекловларни жорий қилаётганини кўрганимдан сўнг, энди бизнинг ҳукуматимиз ҳамма нарсани тўғри бажарган деб ўйлайман», дейди Копенгагендаги Pissup Tours сайёҳлик агентлиги бошқарувчиси Расмус Кристиансен.

Данияликлар ўз ҳукуматига ишонишга одатланган ва ҳар доим умумий иш учун курашишга тайёр — бу жорий этилган чоралар самарадорлигини оширади.

«Ҳозир Дания ОАВ ва ижтимоий тармоқларида янги «samfundssind» (бу сўз «фуқаролик туйғуси» ёки «фуқаролик бурчи» маъноларини англатади) сўзи кўп қўлланяпти. Бугун кўпчилик данияликлар жамият учун ахлоқий мажбуриятни ҳис қилишади, бутун жамият саломатлиги учун нимадандир воз кечиш, керак деб ўйлашади.

Ҳеч ким ўзи фойдаланиб келган одатий қулайликларидан воз кеча олмаслиги ортидан кекса авлоднинг ҳаётига хавф солувчи ҳаракатлар қилганликда айбланишни истамайди», дейди Кристиансен.

Пандемия бошида Дания ҳукумати қатъийлик ва тезкорлик билан ҳаракатланди
CLARKANDCOMPANY/GETTY IMAGES

Бироқ, Данияда ҳам ҳаммаси муаммосиз ўтди, деб бўлмайди. Айтайлик, Кристиансеннинг туризм бизнесидан тушадиган даромадлари пасайди. У ишчилар маошини қисман қоплаб бергани учун давлатнинг молиявий ёрдами ҳақида миннатдорчилик билан гапирса ҳам, ушбу ёрдам ва уни амалга ошириш қоидалари тўлиқ ишлаб чиқилмагани туфайли, у аллақачон ишчиларнинг бир қисмини ишдан бўшатишга мажбур бўлди.

Шунга қарамай, Дания ҳукумати олиб борган чора-тадбирлар, масалан, ишини вақтинча йўқотган соатбай ишлайдиган ишчиларга иш ҳақининг 90 фоизи ва ҳафталик иш ҳақига ишлайдиганларга 75 фоиз тўлаб бергани аллақачон бутун дунёда намуна сифатида тан олинган.

Бироқ, Дания модели арзон эмас, у мамлакатга ялпи ички маҳсулотнинг 13 фоизигача тушиши мумкин.

Бундан ташқари, данияликлар бу инқироз глобал тарзда юз бераётганини тушуниб турибди. Келажакда Дания иқтисодиётининг тез тикланиши жаҳон иқтисодиётининг барқарорлиги, шунингдек, дунёнинг қолган қисми инқирозни қандай енгиши ва эркин савдо тамойиллари қандай ҳурмат қилиниши билан боғлиқ.

«Дания жиддийроқ оқибатлардан қочиб, бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлиши мумкин. Мамлакатимиз яхши ривожланган фармацевтика саноатига эга, бу афзаллик бўлиши мумкин. Аммо, агар биз фармацевтика маҳсулотларини хорижга тобора кўпроқ сотиб бошқа мамлакатларнинг фожиаларидан фойда олишни бошласак, мен ватаним билан фахрланмайман», дейди Кристиансен.

Сингапур

Сингапур «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019» рейтингида 21-ўринни эгаллаган. Бу мамлакат кучли иқтисодиёт, сиёсий хавф-хатарлар, мукаммал инфратузилма ва коррупция даражаси пастлиги туфайли 130та мамлакат орасида 21-ўринда.

Мамлакатда коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўрилди.

Сингапурда касаллик февралдаёқ аниқланган бўлсада, ўсиш темпи юқори эмас / ​​​TAMPATRA/GETTY IMAGES

«Биз ҳукуматимизга ишонамиз, инқирозда улар томонидан амалга оширилган ҳар бир иш жуда шаффоф тарзда олиб борилди. Ҳукумат қандай чораларни кўрса ҳам, биз уларга риоя қиламиз», дейди сингапурлик, Konigle компанияси таҳлилчиси Констанс Тан.

Бироқ, ўз- ўзини изоляция қилиш қоидаларини бузадиганлар ҳам бор. Улардан паспорт ва иш рухсатномалари олиб қўйилади.

«Умуман олганда, ҳукумат аҳоли билан ҳамжиҳатликда ишлайди. Шунинг учун биз қандайдир сабаб билан жамиятда тартибсизликлар юз бериши, одамлар кўчаларда ўлиб кетиши ёки иқтисодиётда беқарорлик келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида ташвишланмасак ҳам бўлади», дейди Тан.

Сингапур — бу кичик мамлакат ва унинг инқироздан қанчалик тез чиқиши глобал иқтисодиётнинг тикланишига боғлиқ, аммо унинг халқи бахтли келажакка ишонади.

«Бошқа одамлар сингари, мен ҳам ушбу инқироздан омон чиқсак, янада кучаямиз, деб ўйлайман. Бу, албатта, сингапурликлар учун навбатдаги истиқболларни очадиган янги технологияларни жорий этишга олиб келади», дейди сингапурлик Жастин Фонг.

Кўпгина компаниялар карантин шароитида қисқа фурсатда ўз ишчиларини масофадан туриб ишлашга ўтказиб, янги шароитларга тез мослашди. Шунингдек, ҳукумат вирус тарқалишини кузатишга ёрдам берадиган Trace Together мобил иловасини ишга туширди. Кўпгина сингапурликлар иловани ўз смартфонига юклаб олди. Ана шу нарса ҳам Сингапурда хавфли вирус тарқаб кетишининг олдини олди.

АҚШ

Ушбу мамлакатнинг ҳудуди катталиги ва аҳолисининг кўплигидан келиб чиқиб унинг кенг жуғрофий қамровини аниқроқ акс эттириш учун «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019» уни ғарбий, марказий ва шарқий минтақаларга ажратди ва ҳар учаласи ҳам рейтингда анча юқори, мос равишда 9, 11 ва 22 ўринларни эгаллади.

АҚШда касаллик ўчоғи Нью-Йорк / SEANPAVONEPHOTO/GETTY IMAGES

Вируснинг Нью-Йорк каби мегаполисларда тарқаб кетишининг олдини олиш айниқса қийин бўляпти. Мамлакатда ишсизлик даражаси аллақачон рекорд кўрсаткичларни кўрсатмоқда — март ойининг охирида 6,6 миллион киши. Бугун АҚШ штатларининг ярмидан кўпида ҳамма жой, шу жумладан, ресторан ва кафелар ҳамда чакана савдо дўконлари, шунингдек, ташқаридан ташриф буюрадиган харидорларга хизмат кўрсатадиган бошқа корхоналар ёпилган.

Аммо АҚШ ҳукумати тезда иқтисодиётни барқарорлаштириш учун рағбатлантирувчи чоралар кўрди, қўшимча 2,2 триллион долларлик ёрдам маблағи ажратди ҳамда аниқ таъсир кўрсатган ижтимоий чекловларни жорий этди. Охир-оқибат, бу пандемия оқибатларини енгиллаштириши ва мўътадил иқтисодий ҳаётни тезроқ тиклашга имкон бериши тахмин қилинмоқда.

Goldman Sachs ва Morgan Stanley халқаро компаниялари мутахассислари иқтисодиётнинг V шаклидаги ривожланишини тахмин қилишади — аввал кескин пасаяди, кейин эса йилнинг иккинчи ярмида жуда тез тикланади.

McKinsey халқаро консальтинг компанияси маслаҳатчилари ҳам анча босиқлик билан, аммо умидвор баҳо беришяпти.

АҚШ иқтисодиёти қандай ҳолатда бўлиши бошқа барча давлатлар учун муҳим, чунки унинг иқтисодиёти дунё ялпи ички маҳсулот ҳажмининг чорак қисмини ташкил қилади. Шунинг учун глобал иқтисодиётнинг тикланиши кўп жиҳатдан АҚШ иқтисодиёти қанчалик тез тикланишига боғлиқ.

«Умуман олганда, АҚШ иқтисодиёти жиддий инқирозлардан халос бўлиш учун бошқа мамлакатларнинг иқтисодиётига қараганда яхшироқ имкониятларга эга. АҚШ аҳолисининг ўртача ёши дунёдаги бошқа кўпгина ривожланган давлатлар аҳолисига қараганда ёшроқ ва ҳаракатчан. Меҳнат бозорида чекловлар кам, бу меҳнатни тезкор равишда қайта тақсимлашга ёрдам беради.

Айтиш мумкинки, қисқа муддатда АҚШ Федерал захира тизими ва Англия банки бошқа мамлакатларнинг марказий банкларига қараганда маневр қилиш учун бироз кўпроқ жой эгаллашди, айтайлик, Европа марказий банки ёки Япония банкига қараганда», — дейди АҚШдаги Нотр-Дам хусусий университети иқтисодиёт профессори Эрик Симс.

Ижтимоий масофаланиш чоралари Сиэтл каби мегаполисда самара берган / AIISHA5/GETTY IMAGES

Одатий ҳолатга қайтишни тезлаштириш учун АҚШ президенти маъмурияти мамлакатни икки қисмга бўлди. Бир қисми вирус камроқ таъсир қилган ҳудудлардан ташкил топган бўлса, иккинчи қисм вирус кўпроқ зарар етказгани учун тезроқ ёрдам бериш лозим бўлган ҳудудлардан ташкил топди.

«Ушбу чоралар кучли тикланиш учун зарур шарт-шароитларни яратишда катта аҳамиятга эга деб ҳисоблайман. Бизга имкон қадар нафақат мамлакат ичида, балки бутун дунё бўйлаб пуллар, товарлар, хизматлар, меҳнат захиралари ва ғояларнинг тезкор ҳаракатланиши керак», — дейди Америка иқтисодий тадқиқотлар институти, нотижорат тадқиқот таҳлилий маркази илмий ходими Питер Эрл.

АҚШда умумий соғлиқни сақлаш тизимининг самарали ишлай олмаслиги инқироз кунларида кўп танқид қилиняпти. Кўпчиликнинг фикрига кўра, мамлакат келажакда бундай пандемиядан яхши ҳимояланишни истаса, соғлиқни сақлаш тизими қайта кўриб чиқиши ва ундаги муаммолар ҳал қилиниши лозим.

«Ўйлашимча, охир-оқибат бутун дунё, шу қаторда АҚШ ҳам ушбу инқирозни қисқа муддатда енгиб чиқади. Аммо барчаси биз ундан қандай сабоқ олишимизга боғлиқ. Агар бир ой олдин яшаган жамиятимизга қайтишни истасак, биз соғлиқни сақлашнинг янги шаклларига сармоя киритишга ва ижтимоий ҳимоя ҳамда барқарор институт тизимини яратишга мажбур бўламиз», — дейди АҚШдаги Ратгер менежмент мактабининг меҳнат бозорини ривожлантириш иқтисодчиси ва тарихчиси Майкл Меррилл.

Руанда

Корпоратив бошқарув соҳасидаги сўнгги ютуқлар туфайли Руанда сўнгги йилларда «Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019»даги мавқейини кескин яхшилади. 2019 йилда бу давлат дунёнинг энг барқарор иқтисодиёти рейтингида 35 поғона юқорига кўтарилди ва 77-ўринни эгаллади (Африка мамлакатлари орасида 4-ўрин).

Энг муҳими шундаки, Руанда ҳозир бутун дунёга хавф солаётган коронавирусга қарши курашда бебаҳо тажрибага эга. Ушбу мамлакат 2019 йилда қўшни Конго Демократик Республикасида тарқалган ва коронавирусдан ҳам хавфли бўлган Эбола вирусига қарши курашиб анча тажриба тўплаган ҳамда унинг Руандада тарқалиб кетишининг олдини олган эди.

Намунали соғлиқни сақлаш тизими, чегара ўтиш жойларида ҳароратни ўлчаш, дори-дармонларни етказиб бериш учун дронлардан фойдаланиш — Руанда инқирозга қарши, айниқса минтақадаги бошқа давлатлар билан таққослаганда барқарорликни сақлашга яхши тайёргарлик кўрган.

«Мен каби кўплаб хорижлик талабалар бу ерда қолишди, чунки биз Руанда ҳукумати вазиятни ўз мамлакатимизга қараганда анча яхши ўнглашига аминмиз. Хорижлик талабаларни ташвишга соладиган битта сабаб бор — биз ўзимиздан эмас, балки ўз ватанимизда, Африка қитъасининг бошқа мамлакатларида яшайдиган оилаларимиз ва қариндошларимиздан ташвишдамиз», — дейди Кигали шаҳрида жойлашган Африка бошқарув университетининг кениялик талабаси Гарнетт Ачиенг.

Руанда инқирозга қарши кураш тажрибасига эга: мамлакат ўз вақтида Эбола вирусини енгганди SLOOT/GETTY IMAGES

Руанда Саҳройи Кабирдан жанубда жойлашган Африка мамлакатлари орасида биринчи бўлиб тўлиқ карантин жорий қилди.

Халқаро конференциялар ва кўргазмаларнинг оммабоп жойи сифатида гарчи Руанда сайёҳлик соҳасида катта зарар кўриши кутилаётган бўлса-да, Гарнетт Ачиенг бу мамлакат коронавирусдан кам зарар кўриши ва кам қурбон беришига умид қилмоқда. Унинг айтишича, Руанда одатий ҳаёт тарзига биринчилардан бўлиб қайтади.

Янги Зеландия

«Иқтисодий хавфсизлик индекси-2019»да Янги Зеландия корпоратив бошқарув ва харидлар бўйича юқори кўрсаткичлари туфайли 12-ўринни эгаллади.

Ушбу мамлакат расмийлари пандемияга қарши чораларни тез жорий қилди ва 19 март куни чет эллик саёҳатчилар учун чегараларни ёпиб қўйди. 25 март куни иккинчи даражали маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият кўрсатиши тақиқланди.

«Биз орол давлат бўлганимиз учун инфекция кириб келиши мумкин бўлган жойларни назоратга олиш осон бўлди. Демак, чегараларни ёпиш мантиқий иш бўлди. Бошқа давлатлар билан таққослаганда Янги Зеландиянинг хавфли вирусга муносабати дадил ва қатъиятли бўлди», — дейди Оклендда яшовчи, Sense Partners компаниясининг иқтисодчи маслаҳатчиси Шамубил Икуб.

Бугун Янги Зеландияда ўша қабул қилинган қатъий чоралар аллақачон ўз самарасини бермоқда. Агар уларга ҳамма ҳурмат билан муносабатда бўлиб амал қилишда давом этса, кейинги бир неча ҳафталарда инфекция йўқ қилинади ва Guardian газетасида таъкидланганидек, мамлакат биринчилардан бўлиб одатий ҳаёт тарзига қайтади.

Экспорт ва сайёҳлик Янги Зеландия иқтисодиётининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Шунинг учун бу мамлакат яқин келажакда иқтисодиётини тиклаш учун муайян қийинчиликларга дуч келади. Аммо уларни енгиш қийин бўлмайди.

«Гарчи ўзини ўзи изоляция қилиш қоидалари билан яшаётган бўлсак ҳам, бизда қайта тикланиш учун албатта етарлича вақт бўлади.  Аллақачон тарқоқ сайёҳлик мамлакатимиз атроф-муҳитига акс таъсири ҳақида хавотирда эдик. Ҳозирги вазият биз учун сайёҳлик орқасидан келадиган доллар муҳимми ёки атроф-муҳит ва табиатимизни асраб қолиш муҳимми, шу ҳақда яхшилаб ўйлаб олиш учун имкон беради», — дейди Дунидин шаҳрида яшовчи, Отаг политехника университети ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича директори Рон Булл.

Чегараларни ёпиб қўйиш ва барчани иҳоталаш Янги Зеландия иқтисодининг порлоқ истиқболи учун хизмат қилади
MARTIN VLNAS/GETTY IMAGES</figcaption>

Умуман олганда, Янги Зеландияда барқарор иқтисодий тикланиш учун катта имкониятлар мавжуд – давлат қарзи унчалик катта эмас, иқтисодиётга пул массаси билан кириб бориш ва шу билан бирга фоиз ставкаларини паст даражада ушлаб туриш мумкин.

«Энг муҳими, Янги Зеландия халқнинг ҳокимиятга нисбатан ишончи юқори даражада сақланиб қолаётган мамлакат бўлиб қолмоқда. Бу ҳозир оғир зарбаларга дуч келаётган соғлиқни сақлаш тизими ва мамлакат иқтисодиётининг тез фурсатларда қайта тикланиб олиши учун асос бўла олади», — дейди Шамубил Икуб.

Рон Булл эса мамлакат бу инқироздан аввалги инқирозлардан кўра тезроқ ва кучлироқ бўлиб чиқиши эҳтимоли борлигига ишонади: «Худди бир хонадонда яшайдиган катта оилада бўлгани каби, Янги Зеландияда ҳамма бир-бири ҳақида барча нарсани яхши билади. Шунинг учун энди бутун Зеландиядан иборат оиламиз билан уюшиб ҳаракат қилишимиз ва келажагимиз учун бизни кучли ҳамда иродали қиладиган қарорларни қабул қилишимиз керак».

https://kun.uz/news/2020/04/15/koronavirusdan-song-iqtisodiyotini-tiklab-motadil-turmush-tarziga-tez-qaytishi-taxmin-qilinayotgan-5-mamlakat

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Бмт: хитойда чиндан ҳам одамларнинг ичак-чавоғини олишган

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти инсон ҳуқуқларига ғамхўрлик қилди ва узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган крипипастани тасдиқлади. Хитойда ҳақиқатан ҳам одамларни ичак-чавоғини ...

Қирғизистон ва тожикистон аъзо бўлган кхшт қозоғистонга қўшин юборади

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Қозоғистонга қўшин юборишга қарор қилди. Бу ҳақда Арманистон бош вазири, КХШТ кенгашининг амалдаги раиси Никол Пашинян маълум ...

Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш ҳажми пасайди

     Ўзбекистон 2013 йилнинг биринчи чорагида нефть ва газ конденсатини қазиб олиш ҳажмини ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан пасайтирди. Бу ҳақда, Давлат ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400