Нефть оласиз, эвазига пул беришади. Нега бундай бўлди?

Тошкент вақти билан 20 апрелдан 21 апрелга ўтар кечаси дунё аҳолиси тарихий воқеага гувоҳ бўлди. АҚШнинг WTI нефти даҳшатли тушиш қайд этиб, -40 (минус) долларгача тушиб кетди. Яъни сизга АҚШ корхоналаридан олиб кетган ҳар бир баррель нефть учун 40 долларгача пул беришлари мумкин. Ҳа, тўғри тушундингиз, 1 миллион баррель нефть олиб кетсангиз, сизга 40 миллион доллар пул беришади.

Фото: Reuters

Хўш, ўз вақтида 147 долларгача кўтарилиб кетган нефть қандай қилиб бу қадар қадрсизланиб кетди?

Аввало, бир нарсани унутмаслик керакки, бугун Нью-Йорк биржасида WTI нефтининг 1 баррели -40 долларгача тушиб кетди. Бу – қайсидир маънода АҚШнинг миллий нефть маҳсулоти. Ўз номи билан West Texas Intermediate. Биржа WTI учун – (минус) 25 доллар билан ёпилди. Бу вақтда ёқилғи ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган энг юқори маркадаги Brent нефти 26 доллардан сотилди.

Нефть нега бу қадар пастлагани олдиндан кутилганди десак, бўрттириш бўлади. Чунки бунақаси тарихда бўлмаган. WTI тарихда ҳеч қачон 9 доллардан тушмаган. Тўғри, дунё бозорида нефть нархининг пастлашини кутганлар бор эди; масалан, Саудия Арабистони Европадаги мижозларига 10 долларгача чегирма бериб, нефть учун пулни уч ойдан кейин тўлаш мумкинлигини таклиф қилди. Аммо бир баррель нефть олиб кетганлар учун 40 доллар пул таклиф қилиш – бу шунчаки даҳшат. Буни хотиржамлик билан қабул қилаётган иқтисодчиларнинг ўзи ҳам бунақа бўлишини тахмин қилмагани аниқ.

Бозор иқтисодиёти тўлиқ амал қиладиган АҚШда барча нарсанинг нархини бозор белгилайди. Яъни талаб бўлмаган маҳсулот табиийки арзонлайди. Ҳозир коронавирус сабаб бутун дунё карантинда ўтирибди. Корхоналар ишламаяпти, самолётлар учмаяпти, машиналар юрмаяпти, хуллас, ишлаб чиқариш тўхтаган. Нефтга талаб йўқ ва шу сабаб унинг нархи пастлаб кетди.

Нега нефть учун пул таклиф қилишяпти?

Нефть арзонлаганини кўргандик, аммо уни олиб кетганлар учун пул таклиф қилиш шунчаки ҳайратланарли ҳолат бўлди. Хўш, нега бундай бўлди? Бу саволга аниқ жавобни нефть корхонаси раҳбарлари беришади, биз эса шунчаки тахмин қилишимиз мумкин. Катта эҳтимол билан, АҚШда нефть сақланадиган омборлар тўлиб бўлган, танкерлар ҳам тўлиб қаерга юришни билмаяпти. Нефть қазиб олгач, уни сақлаб турадиган жой йўқ. Шу сабаб нефть корхоналари омборларни бўшатишга мажбур. Бу учун харидорга пул беришга ҳам тайёр улар.

Нега дейсизми? Айтайлик, улар нефть қазиб оладиган корхона билан йил охиригача фалон миллион тонна нефть етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Шартнома эса, табиийки, йил бошида эмас, катта эҳтимол ўтган йил имзоланган. Агар шартнома январда имзоланганида, у ҳолда қазиб олиш ҳажми бунчалик юқори бўлмасди балки. Чунки январнинг дастлабки 3 кунида иккита муҳим воқеа содир бўлди: Қосим Сулаймоний ўлдирилди, коронавирус тарқалгани эълон қилинди.

Нефть қазиб оладиган корхона ишлаб чиқаришни тўхтатмайди, чунки уларга нархнинг фарқи йўқ, нефть сотадиган корхоналар уларга нефть қазиб чиқариши учун пулини тўлаб бўлган. Ҳамма юк нефть сотадиган корхонага қолади. У ишлаб чиқаришни тўхтата олмайди ва омборларини кетма-кет бўшатиб туришга мажбур.

Нега нефть қазиб олишни тўхтатиб туриш мумкин эмас?

Ахир шунча нефтни пул бериб одамларга тортиқ қилгандан кўра, уни бирор ерга сақлаб қўйса, жуда бўлмаса, қазиб олишни тўхтатса бўлмайдими, дейсизми? Йўқ, бўлмайди. Биринчидан, трубаларда қазиб олинадиган WTI`ни ишлаб чиқаришни тўхтатиш мураккаб жараён. Бу қанчага тушишини билмаймиз, аммо бошқаларга пул бериб нефть тортиқ қилишдан қимматроқ бўлиши аниқ. Ахир 5 доллар зарар қилгандан 2 доллар зарар қилган афзал-ку? Агар шундай бўлмаганида, америкалик нефтчилар бошқаларга пул эвазига нефть таклиф қилишмасди.

Бу борада ўзбекистонлик таниқли блогер Отабек Бакиров шундай дейди:

«Манфий нарх бу – ишлаб чиқарувчилар сотиб олувчиларга қазилган нефтни олиб кетишгани учун тўланадиган комиссия. Нега? Чунки Шимолий Америка бозори учун характерли WTI нефтини сақлагани жойнинг ўзи қолмаган, омборлар тўлиб бўлган ва танкерлар банд.

Нега ишлаб чиқарувчилар харидорларга тўлашга рози бўлмоқда?

Сабаби оддий, мақсад – харидорларни ушлаб қолиш. Ва айни дамда битимлар «физическая поставка» билан боғлиқ эмас, аксар битимлар етказиб бериш ҳуқуқи холос.

Яна бир сабаб шуки, насосларни тўхтатиб, қудуқларни ҳозир ёпиб, қайта очиш ўта мураккаб ва қиммат жараён. Битта қудуқни резервацияга ўтказиш ва қайта очиш шартли 2 миллионга, қудуқни яна бир ой ишлатиш ва харидорларга комиссия тўлаш эса шартли 1 миллионга тушади. Ҳаммасига яна нисбий афзаллик сабабчи», деб ёзган Бакиров ўз Telegram-каналида.

Таъкидлаш керакки, нефть қазиб олиш тўхтаса, қудуқлардан нефть қочиши ҳам мумкин. Бу эса вазиятни янада оғирлаштиради. Ўйламанг, бу ҳолат узоқ вақт давом этмайди. Омборлар бўшаб, танкерлар манзилга етгач, АҚШда автоматик тарзда нефть қазиб олиш ҳажми камаяди ва зарарига нефть сотиш якунланади.

Шу ўринда яна бир ўзбек иқтисодчиси Беҳзод Ҳошимов нефть нархининг пастлагани ҳақида жўяли ва асосли фикр билдирди:

«Талаб қисқарса, нарх тушади. Бу – иқтисодиётни энг оддий қонунияти. ОПEК, Россия ва шу каби сиёсий сабаблар бу ерда умуман рол ўйнамайди. Афсуски кўпчилик бетайин экспертларнинг фикрини эшитавериб, бу масалани ҳам қийинлаштириб, сиёсийлаштириб юборишди.

13 март куни ёзганим:

Саудия Арабистони ва Россия келишган ҳолда нефть нархига (сезиларли) таъсир ўтказа олиши бу – журналистлар ва турли хил халқаро экспертлар орасида тарқалган миф. Албатта, бундай эмас, айниқса, охирги 20 йилда.

Ҳозирги нефть нархи тушиши талаб қисқариши ва келажакдаги талаб қисқариши ҳақидаги қўрқувларнинг комбинациясидир. Шунинг учун Россия ОПEК билан келишгани ёки келишмагани ҳақида фикр юритиш маънога эга эмас. Чунки нефть нархига бу нарса таъсир қилмайди.

Ўзи нефть нархини волатиллигига қараб, иқтисодиёт китобларида қандай қилиб картел келишувлар бузилиб кетиши ҳақидаги мантиқни тушунтирса бўлади. Ўйинлар назариясидаги энг содда модель орқали ҳам шу нарсага келса бўлади. Шу икки мамлакат келиша олмагани ҳам ўйинлар назариясидаги энг классик ечим. Яъни шахсий манфаатлар жамоавий манфаатлардан кўра афзалроқ, чунки жамоавий оптимум қилиш ҳар бир ўйин иштирокчисига қиммат.

Ҳозир нима ўзгарди? Нимага нарх яна тушяпти?

Сабаби оддий: ишлаб чиқарилган нефтни ҳеч ким ишлатмаяпти, нефть қўйишга жой йўқ. Агар пулингиз бўлса, нефт қўйиш учун танкер олинг.

Кеча шунча нўхатни, уч баррель нефть нархига олган эдим», деб 425 граммлик консерваланган нўхатнинг сурати илова қилинган постини якунлаган АҚШда фаолият юритувчи ўзбекистонлик таниқли иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.

https://kun.uz/news/2020/04/21/neft-olasiz-evaziga-pul-berishadi-nega-bunday-boldi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Эрдоған қирғизистон билан алоқаларни яхшилашга чорлади

Қирғизистонга икки кунлик хизмат сафари билган келган Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған икки давлат ўртасидаги алоқаларни яхшилашга чорлади. 1 сентябрь куни президент ...

“мулкдор”да бугуннинг хабарлари (аудио) 27.11.2017

https://www.youtube.com/watch?v=PkgEgxjxslY

Хитойлик амалдор ертўласида 13 тонна олтин беркитгани маълум бўлди

Хитой полициячилари Ганчжоу шаҳрининг собиқ мери, 57 ёшли Чжан Цининг уйида тинтув ўтказиб, ертўладан катта миқдорда нақд пул ва 13,5 тонна қуйма олтин бўлакларини топди. Бу ...