Тергов судьяси: у ким ва унинг ҳимоячи процессуал мақомини оширишдаги ўрни қандай?

Ўзбекистонда адвокатура институтини ривожлантириш ва адвокат нуфузини оширишга суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Бунда жиноят ишларини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда ҳимоячининг процессуал мақомини мустаҳкамлаш ҳам диққат марказида турибди.

Фото: 123RF

Зеро, тарафларнинг терговга қадар текширув ва дастлабки тергов босқичидаёқ тенг ҳуқуқий имкониятларга эга бўлиши – мазкур иш юзасидан адолатли суд ҳукмига эришишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Жиноят процессида тортишув бу – турли (айблов ва ҳимоя) позициядаги тарафларнинг жиноят ишларини юритиш жараёнидаги ўзаро тўқнашуви бўлиб, улар қонун томонидан ўзларига берилган ваколат ва ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда ҳаракат қиладилар. Тортишув принципининг амалга оширилиши иш тўлиқ, холис ва беғараз кўриб чиқилишининг кафолати ҳисобланади. Бу ўз навбатида, ҳақиқатни аниқлашга ва иш бўйича адолатли қарор қабул қилишга имкон беради.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодекси 25-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилиши белгиланган. Ишни судга қадар юритишда эса айблов тарафи, яъни суриштирувчи, терговчи ва прокурор иш юзасидан ҳал этувчи аҳамиятга эга шахслар ҳисобланади ва бу жараёнда ҳимоячининг процессуал мақоми заифлиги ва иш тақдирини ҳал этишга бўлган процессуал ваколати ва имконияти йўқлиги кузатилади. Бироқ бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар ҳимоячининг айнан ишни судга қадар юритиш босқичидаёқ айблов тарафи билан тенг имкониятда ўз фаолиятини амалга оширишини талаб этмоқда.

Бунга қандай эришиш мумкин? Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ЖПКда далиллар тергов ва суд ҳаракатларини юритиш йўли билан тўпланиши белгиланган. Бироқ тергов ва суд ҳаракатларининг ҳеч бирини ҳимоячи мустақил равишда амалга ошира олмайди. Ҳимоячига далиллар тўплаш юзасидан берилган ҳуқуқлар эса ҳимоячининг ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишида етарлича имконият яратиб бера олмайди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳозирда мавжуд суд-тергов амалиётига мувофиқ, терговчи далил йиғиш мақсадида хоҳлаган шахсни ҳаттоки ўша шахс тергов ҳибсхонаси ёки жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган бўлса ҳам, гувоҳ сифатида сўроқ қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ ҳимоячи ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиши ва ёзма тушунтиришлар олиши учун уларнинг розилиги талаб этилади.

Бундан ташқари, адвокатнинг самарали фаолият юритиши ва иш юзасидан етарлича далиллар тўплашидан терговчи ва прокурор кўп ҳолларда ўз касбий фаолияти нуқтайи назаридан келиб чиқиб манфаатдор бўлмайди. Масалан, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда ҳимоячини қизиқтирган ва иш юзасидан ҳолатни янада аниқлаштиришга қаратилган саволларнинг акс эттирилиши суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг хоҳишига боғлиқ эканлиги ҳимоячи фаолиятини қийинлаштиришга олиб келади, айблов тарафига эса ушбу ҳолат устунлик беради. Натижада эса ҳимоячининг муваффаққиятли фаолият олиб боришида сунъий тўсиқлар юзага келади.

Бу ҳолатни немис ҳуқуқшуноси Фердинанд Лассал таъбири билан ифодалайдиган бўлсак, «қонуний, асосланган ва адолатли суд ҳукмига эришиш учун прокурор юздан ошиқ полициячидан иборат бутун бошли команда билан ҳаракат қилса, адвокат эса бу йўлда ёлғиз ўзи ҳаракат қилади ва курашади».

Суд-ҳуқуқ тизимида узоқ йиллар давомида шаклланган прокурорнинг ва умуман айблов тарафининг жиноят ишларини юритишдаги мутлақ ҳуқуқ ва ваколатлар соҳиби экани, бугунги ривожланган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида устун мавқега эга бўлган ҳозирги кунда замонавий принциплар ва халқаро стандартлар талабларига мутлақо мос келмаслигини кўрсатади. Бу билан прокурор ва адвокат тўлалигича тенг ҳуқуқли шахсларга айланиши керак, деган фикрни билдиришдан сақланган ҳолда, инсон тақдири ҳал этиладиган босқичларда процесс тарафларининг тенг имкониятларда ҳаракатланишларига эришиш бугунги кун талабидир, дейиш тўғрироқ бўлади.

Шу ўринда, ҳимоячининг айблов тарафи билан тенг имкониятлардан фойдаланиши учун унинг холис орган бўлган судга мурожаат қилиши орқали ўз имкониятларини кенгайтириши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бироқ республикамизда бугунги кунда 4000га яқин адвокат фаолият юритишини ҳамда суднинг асосий вазифаси одил судлов фаолиятини олиб бориш эканлигини назарда тутадиган бўлсак, судлардаги иш ҳажмининг юқорилиги сабабли, ишни судга қадар юритишда адвокатларнинг ҳар бир мурожаатини тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиб чиқиш имконияти судларда мавжуд эмаслигини кўришимиз мумкин. Шу сабабли, айнан ишни судга қадар юритишда тарафлар ўзларига берилган ҳуқуқлардан тўлақонли фойдаланишлари ҳамда ўз процессуал мажбуриятларини бажаришлари учун бу жараёнда холислик ҳамда беғаразликни таъминловчи жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари таркибида тергов судьяси лавозимини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Бу билан ишни судга қадар юритишда айблов тарафининг устунлик мавқейига барҳам берилиб, ҳимоя тарафининг процессуал мақомини оширишга имконият яратилади. Бу эса, суд-ҳуқуқ тизимида яна бир янги ислоҳотни амалга ошириш заруриятини тақозо этади.

Тергов судьяси ўзи ким? Тергов судьяси – жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.

Ваколат доирасига кўра, тергов судьяси зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКда кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида суднинг қарори (ажрими) талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилади.

Энг асосийси эса, тергов судьясининг иш юзасидан холисликни ва тарафлар тенглигини таъминлаши нуқтайи назаридан келиб чиқиб, унга айблов тарафининг бир қатор ваколатлари, жумладан, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириш, мол-мулкни хатлаш ва уни таъқиқдан ечиш, экспертиза, тафтиш тайинлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчи ва терговчининг қонунга хилоф ҳамда асоссиз қарорларини бекор қилиш каби ваколатларининг ўтказилиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, тергов судьясининг адвокат сўрови юзасидан мансабдор шахс томонидан рад жавоби берилган тақдирда, тегишли юридик ёрдам кўрсатиш ва ҳимояси остидаги шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳар қандай маълумот, ҳужжат ёки нарсаларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ҳимоячи илтимосномасини кўриб чиқиш ва тегишли органларга сўров юбориш ваколатига эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, адвокат гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб этилган ҳолларда адвокатга нисбатан процессуал ҳаракатларни амалга оширишга санкция бериш билан боғлиқ ваколатлар ҳам тергов судьясига берилиши тергов судьяси фаолиятининг аҳамиятли жиҳатларидан бири сифатида белгиланади.

Шу тариқа, иш юзасидан холислик таъминланишига тўсқинлик қиладиган кўплаб ваколатларнинг бошқа бир мустақил орган иш юритувига ўтказилиши натижасида судга қадар юритишда тарафлар тенглигининг таъминланишига, бу жараёнда тарафлар фаолияти устидан суд назоратининг муваффаққиятли амалга оширилишига, шунингдек ҳимоячининг ўз касбий фаолиятини амалга оширишида кенг имкониятлар ва қулайликлар яратилишига эришиш мумкин.

Бугунги кунда тергов судьяси институти дунёнинг кўплаб давлатларида фаолият олиб бормоқда. Хусусан, Бельгия, Греция, Ироқ, Испания, Нидерландия ва Хорватия давлатларида, айниқса Францияда ўз фаолиятини муваффаққиятли амалга ошириб келмоқда ҳамда бир қатор собиқ совет иттифоқи давлатларида ҳам тергов судьяси институти жадаллик билан жорий этилмоқда.

Жумладан, 2002 йилда Литвада, 2003 йилда Молдавия ва Эстонияда, 2005 йилда Латвияда, 2013 йилда Украинада, 2015 йилда эса Қозоғистон ва Грузияда ушбу институт жорий этилди. Қирғизистон ва Арманистон Республикаларида эса тергов судьяси институтини жорий этиш масаласи ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, республикамизда ҳам жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг таркибида ва мавжуд штат бирликлари доирасида тергов судьяси институтининг жорий этилиши жиноят ишини судга қадар юритишда айблов тарафи ваколатлари ва ҳимоячи ҳуқуқларининг тенглиги таъминланишига имкон бериш билан бир қаторда адвокатура институтини ривожлантириш ва адвокатлар мақомини тубдан оширишга қаратилган ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилган бўлар эди.

Дилбар Чориева,
Тошкент давлат юридик университети докторанти

 

kun.uz

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Туркияда яна икки ўзбекистонлик вафот этди

2019 йил 27 июнь куни Истанбул шаҳрида (Туркия) 1993 йил 22 майда туғилган Ўзбекистон фуқароси Акмал Равшанович Мамиржанов вафот этган. Бу ҳақда Ташқи ишлар ...

Европа иттифоқига чиқиб кетган украиналиклар сони 6,3 миллионга етди

Россия ҳужумларидан кейин мамлакатни тарк этиб, Европа Иттифоқига борган украиналиклар сони 6,3 миллионга етди. Европа Иттифоқи чегараларини ҳимоя қилиш агентлиги Frontexнинг ...

Ўзбекистонда нон нархи қимматлади

Ўзбекистонда бошқа озиқ-овқат нархлари ҳам қимматлашди.  Инфляция йил бошида ҳукумат режалаштирган даражадан кўра қимматлаб кетди. Ўтган ойда бу кўрсаткич 16 фоизни ташкил ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400