56 киши шифохонага ётқизилган — Сардобадаги тошқин бўйича янги тафсилотлар маълум бўлди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 1 май куни Сардоба сув омборидаги авария натижасида рўй берган тошқин жабрланувчилари ва эвакуация қилинганлар сони ҳақида маълумот берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълум бўлишича, 56 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Жами 17300 киши тиббий кўрикдан ўтказилган.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудларига эвакуация қилинган.

«Бундан ташқари, эҳтиёт чораси сифатида яна 3 минг кишига мўлжалланган захира ўринларини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Эвакуация қилинган инсонларга зарурий шарт-шароитлар яратилди. Улар иссиқ овқат, дори-дармон ва дам олишлари учун жой билан таъминланди.

Шу билан бирга, ҳозирги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, барча тадбирлар санитария-гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда амалга оширилмоқда.

Параллел равишда эвакуация қилинганларнинг рўйхатини тузиш ишлари ҳам давом этмоқда», – деди ФВВ матбуот хизмати раҳбари Мурод Содиқов.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида Сардоба туманининг Қўрғонтепа ва Дўстлик аҳоли пунктларида бино-иншоотлар ва экин майдонларига жиддий зарар етган.

Дамбанинг 6-пикети бузилиб, сув тошиб чиқа бошлаши 1 май куни тонгги соат 05:55дан бошлангани хабар қилинган эди. Омбордан сув чиқиши соат тахминан 17:00га келиб тўхтаган.

«Шундан сўнг фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳаракатларнинг кейинги босқичига ўтилди. Айни пайтда омборнинг сув тошқини рўй берган қисмини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Сув тошқини оқибатларини бартараф этиш чоралари Ўзбекистон президентининг шахсан назоратига олинган. Давлат раҳбари топшириғи билан, ушбу фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди», – деди Мурод Содиқов.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Мазкур тадбирларга Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги жами 3821 нафар шахсий таркиб, 400дан ортиқ техника жалб этилган.

ФВВ расмийси вазирлик қошида мазкур фавқулодда ҳолат учун кучайтирилган режимда ишлаётган 1205 ва 1250 колл-марказлари ташкил этилганини қўшимча қилган.

Аввалроқ сув Оқолтин туманидан оқиб ўтувчи Абай каналига йўналтирилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига оқизилаётгани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, воқеа жойига президент Шавкат Мирзиёев зудлик билан вертолётда етиб борган эди. Давлат раҳбари аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, вазият тўлиқ назоратга олинганини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Сирдарёга бош вазир Абдулла Арипов, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва бошқа ҳукумат аъзолари етиб боришган. «Шароит яхши бўлмагунича, бирорта раҳбар, мен бошчилигимда, ҳеч қаёққа кетмайди», деган президент.

«Ўзбекистон 24» хабарига кўра, мутахассислар тўғон бузилишига кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлганини айтмоқда.

Республиканинг қатор ҳудудларидан Сирдарё ва Жиззах вилоятларига озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ортилган карвонлар йўл олган. Самарқанддан тош ва шағал ҳам ташила бошланди.

Сирдарё тумани аҳолиси сардобаликларни ўз уйларига қабул қилмоқда. Жиззах вилоят ИИБ ходимлари 300дан ортиқ сардобаликка ўз уйларидан жой беришди.

Маълумот учун, Сардоба сув омбори қурилиши 2010 йилда бошланиб, 2017 йилда тугалланган. Гидроиншоотда 922 миллион куб метр сув тўпланади. Бу Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги унумдор ерлардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш имконини беради.

 

56-kishi-shifoxonaga-yotqizilgan-sardobadagi-toshqin-boyicha-yangi-tafsilotlar-malum-qilindi

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Пензада 21 яшар ўзбекистонлик уйнинг 4-қаватидан қулаб ҳалок бўлди

Пензада қурилиш ишлари давомида 4-қаватдан қулаган 21 яшар Ўзбекистон фуқаросининг ўлими ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» нашри Россия ...

Себзорда аҳоли яшовчи уйлар бузилиши бошланди

2018  йилнинг 29 сентябрь куни, соат 22:00 атрофида Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасида аҳоли яшайдиган уйлар бузила бошлаган. Фото: Turon24 Turon24 мухбири масалага ойдинлик ...

Москвада икки нафар ўзбекистонлик болаларни гаровга олди

Пичоклар билан қуролланиб олган икки нафар Ўзбекистон фуқароси Мосвадаги Бишкекдан келган бир неча қизлар ижарага олган уч хонали хонадонга бостириб киришди, деб хабар ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400