Москва Украинага ўз одамини олиб келишни истайдими?

Россия ташқи ишлар вазирлиги Москва Украинада россияпараст ҳукумат ўрнатиш режаси устида ишлаяпти деган айбловларни рад этди. Аввалроқ Британия бундай маълумотларга эга эканлигини маълум қилганди. Ўтган йилнинг кузидан бери Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимоли Ғарбни хавотирга солмоқда.

23-январь куни Россия ташқи ишлар вазирлиги:  “Британия Ташқи ишлар вазирлигининг ёлғон маълумотлари  англо-саксон давлатлари раҳбарлигидаги НАТО аъзолари Украина атрофида кескинликни кучайтираётганини яна бир бор исботлайди”, деб “Твиттерга” ёзди.

Россия қиролликнинг ташқи ишлар вазирлигига “бундай бемаъни гапларни тарқатишни бас қилишга” чақирди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги 22-январь куни кечқурун “Россия ҳукумати Киевда россияпараст раҳбарни ҳокимият тепасига олиб келиш ниятида экани ҳақида хабарлар борлиги” ва “Украина Радасининг собиқ депутати Евгений Мураевнинг номзоди илгари сурилаётганини” маълум қилган.

Баёнотда Британия ҳукумати Россия махсус хизматлари украиналик кўплаб собиқ сиёсатчилар билан яқин алоқада бўлганидан хабардор экани айтилади.

Мана шу собиқ амалдорлар орасида 2012—2014-йилларда бош вазир ўринбосари, кейин эса бош вазир вазифасини бажарувчи Сергей Арбузов, ундан аввалги йилларда бош вазир ўринбосари, собиқ президент Виктор Янукович маъмуриятининг раҳбари Андрей Клюев, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг собиқ раҳбари Владимир Сивкович, 2010 йилдан 2014 йилгача ҳукуматни бошқарган Николай Азаровнинг номи аталган.

Россияпараст Янукович режими 2014-йилда халқнинг норозилик  тўлқинидан сўнг ағдарилган ва Киевда ҳокимиятга ғарбпараст етакчилар келган.

 “Бугунги маълумот Россия Украинани қай даражада қўлга киритиш нияти борлиги акс эттирмоқда ва Кремлнинг фикрини яққол кўрсатиб турибди. “Москва вазиятни нормаллаштириши, босқинчилик ва ёлғон маълумотлар кампаниясини тўхтатиб, дипломатия йўлига ўтиши керак”, – деди Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс.

Расмий Лондоннинг вакили “Агар Россия Украинага қуролли ҳужум уюштирса, бу жиддий оқибатларга олиб келадиган катта стратегик хато бўлишини” яна бир бор таъкидлаб, Британия ҳукуматининг Украина бўйича позицияси аниқ эканини айтди.

“Биз Украина суверенитетини, халқаро ҳамжамият тан олган жумладан, унинг Қрим ярим оролини ўз ичига олган ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаймиз. Украина мустақил, суверен давлат” , – деди Трасс.

23 январь куни Британия бош вазири ўринбосари Доминик Рааб Sky News телеканалига берган интервьюсида: “Агар Россия қўшни давлатга бостириб киришга ёки  ўзининг режимини ўрнатишга ҳаракат қилса, оқибатлари жиддий бўлади”, – дея огоҳлантирди.

Британия тарқатган маълумот АҚШга”қаттиқ хавотир уйғотишини” Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эмили Хорн  маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай фитналар ташвиш уйғотмай қўймайди.

“Украина халқи ўз тақдирини ўзи белгилашга суверен ҳуқуқига эга, биз демократик йўл билан сайланган украиналик ҳамкорларимиз учун мустаҳкам таянч бўламиз”, — дея таъкидлади Вашингтон вакили.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги баёноти олдидан Европа ва Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари Лондон ва Москва Россия-Украина чегарасидаги вазиятни муҳокама қилиш учун юқори даражадаги музокаралар ўтказишга келишиб олганини хабар қилишди.

“ТАСС”нинг ўзини ошкор этмаган манбасига таяниб хабар беришича, Трасс февралда Москвада Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашади. Буюк Британиянинг бош дипломати 2017 йилнинг декабридан бери Россия пойтахтига расмий ташриф билан келмаган эди.

Шунингдек “Ажанс Франс Пресс” қироллик мудофаа вазирига иқтибос келтирган ҳолда Британия мудофаа вазири Бен Уоллес россиялик ҳамкасби Сергей Шойгуни Украина масаласини муҳокама қилиш учун Лондонга таклиф қилганини хабар қилди. Маълумотларга кўра, Шойгу Москвада учрашишни таклиф қилган, чунки охирги учрашув Британияда бўлиб ўтган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимоли ўтган йилнинг кузидан бери муҳокама қилинмоқда. Айрим оммавий ахборот воситалари Москва қўшни давлат билан чегарада қўшин тўплаётгани ёзиб, суратларни чоп этган. Қўшма Штатлар ва Европа давлатлари, агар Россия қўшинлари чегарани кесиб ўтса, қаттиқроқ санкциялар қўлланилишидан огоҳлантирган. Москва ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўраётганини инкор этиб, ўз ҳудудига қўшин ва техникани ўзи хоҳлаганча олиб ўтишга ҳақли эканини маълум қилиб келмоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

“тож  маҳал” — меҳр-муҳаббат мўъжизаси

Заҳириддин Муҳаммад Бобур  ва Бобурийлар сулоласи атамаси аҳолиси сонининг кўплиги жиҳатидан дунёда ўзига хос ўрин тутадиган Ҳиндистон мамлакати ва ҳинд халқи тарихида зарҳал ...

Шимолий тожикистонда яна бир журналист жиноят содир этганликда гумонланиб, қўлга олинди

Шимолий Тожикистонда “Азия плюс” газетаси ва “Олмон мавжи” радиосининг собиқ мухбири, охирги йилларда Тожикистон қувноқлар ва зукколар жамоаси (КВН) бошлиғи вазифасини ...

Ҳоким қонунни ҳурмат қилмайдими?

Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов — замонамиз қаҳрамони. Унинг юртимиз олдидаги «хизмати» беқиёски, ҳатто тўрт дона маккажўхорини ҳам бюджетга тушишига ғамхўрлик қилади, ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400