Human Rights Watch (HRW) халқарор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қозоғистоннинг БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи бошчилигидаги ҳамкорларини январдаги зўравонликлар юзасидан холис тергов ўтказиш учун расмий Нур-Султонга таъсир ўтказишга чақирди. Ташкилот хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини текшириш ва хунрезлик учун жавобгарларни аниқлашга чақирди.
26-январда эълон қилинган баёнотда, ташкилотнинг қўлида Олмаотада содир бўлган биргина ҳодисада полициянинг “ҳаддан ташқари куч ишлатиши” оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлгани ва 19 киши яралангани ҳақида маълумот бор эканлигини айтди.
Ҳуқуқ ҳимоячилари 4-6 январь кунлари намойишчилар ва тартибсизликларда иштирок этган инсонларга қарши ўқ отилгани қайд этилганини таъкидлади. HRW шунингдек, хавфсизлик ходимларига ҳужум қилган ва ўлдирган, давлат мулкини вайрон қилган ва бошқа ноқонуний фаолият билан шуғулланган одамларни топиш зарурлигини айтди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, Қозоғистондаги сўнгги тартибсизликларда 227 киши, жумладан, 19 ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган. Аммо фуқаролик жамияти фаоллари ва ҳуқуқ фаоллари қурбонлар сони анча кўплигини айтишади.