Қизил Аждаҳо қашшоқ мамлакатларни қандай қилиб мустамлакага айлантирмоқда?

Жаҳон банки Хитойнинг қашшоқ мамлакатларга бераётган яширин кредитларидан қаттиқ хавотирда. Мутахассисларнинг фикрича, Хитой кредитлари қашшоқ мамлакатларга мустамлакачилик бўйинтуруғидан бошқа нарса эмас. Қозоғистонлик экспертлар ҳам “яширин кредитлар” ривожланаётган мамлакатларга зарар етказишини очиқ айтмоқда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Хитой ривожланаётган мамлакатларга кредит беришда давом этмоқда. Бир қатор мамлакатлар ҳукуматлари олинган маблағларни қайтариб бера олмагани учун дефолт хавфи остида. Баъзилар қарзни қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Хитой кредитларининг асосий хусусияти шундаки, улар давлат банки маблағлари ҳисобидан берилади ва қарз олувчилардан унинг махфийлигини талаб қилади. Ҳаммаси мана шу махфийлик масаласида бўлмоқда.

Ўтган 20 йил ичида Хитой ривожланаётган мамлакатларга кенг кўламли кредит бериш бўйича етакчи мамлакатга айланди. Давлат банклари – Хитой экспорт-импорт банки ва Хитой тараққиёт банки алоҳида аҳамиятга эга. Ташқи кредитларнинг 75 фоизи ушбу икки банк ҳиссасига тўғри келади.

Қозоғистонлик иқтисодчи Айдар Алибаев яширин кредитлар ҳақида Nege.kz сайтига берган интервьюсида қуйидагича тушунча берди.

– Билишимча, фақат Хитойгина “яширин” кредит беради. Хитой қашшоқ, аммо ресурсларга бой мамлакатларга яширин кредитлар беришга интилади. Собиқ СССРнинг деярли барча мамлакатлари ушбу тоифага киради. Айниқса, Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондир. Яширин кредитларнинг асосий омили мамлакатдаги коррупциянинг юқори даражасидир. Бундай давлатлар атайлаб танланади. Натижада нима бўлади?

Кредит тўғрисидаги мажбуриятлар жуда мураккаб. Унда “бу кредит ҳақидаги келишув ҳеч қаерда эълон қилинмаслиги керак” дейилган. Кредит шартлари ҳам, ставкалари ҳам ёпиқ бўлиши керак. Баъзан қуйидагича моддалари ҳам бўлиш мумкин: “Агар кредитни тўлашда қийинчиликлар бўлса, уни фақат икки томон ечиши мумкин”.

Бу “Хитой ва қарз олувчи мамлакат бир-бири билан ўзаро ечимини топади, халқаро судлар иштирок этмайди” дегани. Яъни, судга мурожаат қилиш тақиқланади. Шунга ўхшаш талаблар шартномага киритилиши мумкин.

Коррупцияга ботган мамлакатларда кредит шартномасини тузаётганда давлат раҳбарига ёки давлат компаниясига пора беришади. Оғзига толқон солиб, лом-мим дея олмаслиги учун.

Бу Хитойга нима учун керак? Улар қарз бераётган мамлакати кредитни қайтара олмаслигини яхши билишади. Сабаби уларни кредитни тўлай оладиган давлатлар қизиқтирмайди. Бу кредитлардан кўзланган асосий мақсад сизга ёрдам бериш, мамлакатингиз ривожига ҳисса қўшиш эмас, балки сизни қарзга белингизгача ботиришдир. Шу боис шартномаларда “қарзни тўлай олмасангиз, уни конлар, ер ёки йирик объектлар билан тўлашингиз мумкин”, деб кўрсатилиши мумкин. Яъни, сиз нефтдан тушган даромадларини Хитой билан баҳам кўрасиз.

Бундай мисолларни кўп биламиз. Мисол учун, Шри-Ланка Хитойга қарзини тўлаш учун энг йирик портини берди. Лаос билан Хитой биргаликда йўл қурдилар ва охир-оқибат Хитойга жуда кўп пул қарздор бўлиб чиқди. Қарздор Тожикистон ўз ҳудудининг бир қисмидан воз кечишга мажбур бўлди. Яқинда Қирғизистон Хитойдан олган кредитларини қайта тузиш ва унинг талабларини енгиллаштириш учун мурожаат қилган. Пекин бундан ҳеч қандай чекиниш ясашга кўнмай қўйди.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Қозоғистонда ҳам аҳвол яхши эмас. Америка компанияси Хитой кредитларини ўрганиб чиқиб, Хитой турли мамлакатларга камида 70-80 миллиард доллар махфий кредитлар берганлигини аниқлади. Қозоғистон ҳам ушбу давлатлар рўйхатидан жой олган. Тадқиқотга кўра, Қозоғистоннинг расмий қарзидан ташқари унинг умумий қарзининг 16 фоизи ҳеч қаерда кўрсатилмагани айтилмоқда. Шунинг учун бу қарз мамлакатнинг расмий балансида эмас. Демак, қоғозда бўлмаса ҳам, Қозоғистоннинг бўйнида қарзлари бор.

Масалан, Қозоғистонда енгил темир йўл транспорти қурилиши бунга яққол мисол бўла олади. Дастлаб унинг қурилиши учун 1,5 миллиард қарз олинди. Бу пуллар пойтахтда устунлар қуришга сарфланган. Хитой томони LRT қуриладими ёки йўқми, дея бошини оғритмайди. Асосийси Қозоғистонни қарзга ботириб қўйиш.

Остона ҳокими ўша қурилишни қайта бошлаш ҳақида тез-тез гап оча бошлади. Менимча, Хитой “яна қарз олинглар” дея қистай бошлаган. Бу факт эмас, балки ишорадир.

Фото: the-village-kz.com
Фото: the-village-kz.com

Бунинг сабаби, Қозоғистон каби порахўрликка ботган, нодемократик давлатлар – Хитой учун қарзга ботиришга энг зарур бўлган мамлакатлардир. Қизил Аждаҳонинг сиёсати мана шундайдир. Бу ҳолат дунёнинг барча қитъаларида содир бўлмоқда. Африкада, Осиёда ва ҳатто Европада ҳам. Мисол учун, Хитойдан катта қарздор бўлган Черногория классик мисол бўла олади.

Бундай воситалар орқали яширин кредит бериш йўли билан Хитой қашшоқ мамлакатлар ерларини, инфратузилма объектларини – аэропорт, порт, темир йўл, шахталар эгаллаб олиш, қарзни тўлаш учун қимматли ресурсларни тортиб олиб, янги мустамлакачилик сиёсатини олиб бормоқда.

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Коррупционерлардан 1 млрд. сомдан ошиқ маблағ ундирилди

Коррупционерлардан ундирилган пул учун очилган Марказий хазинага 1 млрд. 52,6 млн. сом йиғилди. Бу ҳақда Қирғизистон Молия вазирлиги маълум қилди. Иллюстратив фото   Бу ...

Риштон туманидан динозавр қолдиқлари топилди

 Риштон тумани Янгийўл қишлоғи, Янгитурмуш кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи Тўхтасинака ўз уйини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш жараёнида уйнинг эски пол остидан ...

Ўзбекистонда она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланди

Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди. ...