Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Twitter саҳифасида украиналиклар урушда ғалаба қозонишига ишончи комил эканлигини ёзди.
“Европа Иттифоқи қўшимча 500 миллион евро ажратмоқда. Қурол етказиб бериш Украина эҳтиёжларига мослаштирилади. Бу урушда украиналиклар ғалаба қозонишади ”, деб ёзди у.
Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади ва унинг тарафдорларини Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди. У, айниқса, энергетика ва нефть соҳаларида босимни ошириш зарур, деб ҳисоблайди.
Айтганча, Жосеп Боррель ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 8-апрель куни Украинага ташриф буюришган.