Қуддусда фаластинлик намойишчилар ва Исроил кучлари ўртасидаги тўқнашувда камида 42 киши жароҳатланди. Уларнинг 20 дан ортиғи шифохонага етказилганини Фаластиндаги Қизил Ярим Ой жамияти 28-апрелда маълум қилди.
Исроил полициясининг маълум қилишича, тартибсизликлар «Ал-Ақсо» масжидининг атрофида содир бўлган. Фаластинлик намойишчилар яҳудийлар зиёратгоҳига тош отишди. Исроил полицияси уларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Яҳудийлар ва мусулмонлар учун муқаддас саналган бу зиёратгоҳ бир неча бор Исроил-Фаластин можаросининг марказига айланган.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги таранглик сўнгги ҳафталарда кучайган. «Ал-Ақсо» масжиди атрофида юз берган тўқнашувларда 250 дан ортиқ одам тан жароҳати олди. Март ойи охиридан бери содир бўлган қатор терактлар натижасида 14 нафар исроиллик ҳалок бўлди. Исроилнинг Ғарбий Соҳилдаги амалиёти чоғида ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлди.
Шарқий Қуддусдаги «Ал-Ақсо» масжиди атрофидаги ҳудуд 1967 йилги урушдан кейин Исроил назоратига ўтган. Фаластинликлар бу ҳцдудни бўлажак давлатининг бир қисми деб билади.