Саодат Қобулова: “Мен дунёда бахтли аёлман!”

Саодат Кобулова   Ўзбекистон халқ артисти, профессор Саодат Қобулованинг сўнгги интервюси (2007)

Мусиқа санъатининг чўққиси опера ҳақида гап кетганда, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳибаси Саодат Қобулова кўз олдимда гавдаланади. Унинг ўзи яхлит бир олам. Бетакрор овози билан халқнинг меҳр-муҳаббатини қозонган, сеҳрли қўшиқлари юракларни, дилларни ҳаяжонга солган хонанда ҳаётнинг машаққатию заҳматларини Яратганнинг “менга юборган инояти” деб билади. Буюк орзу-мақсадлари йўлида ҳар қандай қийинчиликдан ортга чекинмай қўшиқ айтишдан тўхтамади.

– Мен дунёда бахтли аёлман. Шунчаки яшамадим. Умрим майда-чуйда нарсалар билан зое кетмади. Ижро этган қўшиқларимда юрагим уриб туради. Мен учун энг катта мукофот одамларнинг ишончи, – дейди мулойим табассум билан бугун 81 ёшни қаршилаётган Саодат ҚОБУЛОВА.

– Телеэкранда сиз ижро этган “Бухоро ироқи”, “Самарқанд ушшоғи”, “Сарахбори оромижон” янграганда ҳали-ҳануз халқимиз сел бўлиб тинглашади, сизни эслашади, соғинишади. Саодат опа, айни пайтда нима юмушлар билан бандсиз?

– Кечагина Алишер Навоийнинг “Сирож-ул-муслимийн” китобини ўқиб тугатдим. Ҳозир Атойини ўқияпман. Руҳим анча тетик. Ҳафтанинг чорак кунида устозларимдан олган сабоқларимни консерваторияда таҳсил олаётган талабаларга ўргатиб келмоқдаман. Устозлик фаолияти заргарлик санъатидан минг чандон нозикроқ ва мураккаброқ экан. Хонадонимиздан шогирдларимнинг оёғи узилмайди. Энг муҳими – қизларим, невара ва эвараларим қуршовида кун қандай ўтаётганини сезмай қоламан.

– Опера ниҳоятда мураккаб санъат. Бу чўққини забт этиш учун жуда катта фидойилик талаб қилинади. Ўзбекнинг устоз санъаткори даражасига етишишингизга кимлар туртки бўлган?

– Отам раҳматликни “Қобулжон сартарош” дейишарди, чиройли дутор чаларди. Ҳатто Марғилонда оркестр жамоаси тузишган. Биринчи бўлиб ўша жамоада Ҳабибийнинг “Мужғонларинг” ғазалини ижро этганимда, тадбирга ташриф буюрган ўша пайтнинг раҳбарларидан бири ўрнидан туриб, мени табриклади:

– Баракаллоҳ! Яхши қизим! – у Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов томонга ўгирилиб сўзида давом этди: — Мен бу овозни аввал ҳам эшитганман. Лекин эслолмаяпман. Ҳа, айтгандек, баҳорда бўлиб ўтган Тошкентдаги мактаб ўқувчилари кўригида қатнашмаганмиди?

– Қатнашган, – жавоб берди Жўрахон Султонов.

– Ҳа, эсладим. Ўшанда ҳам шу кўйлакда эди, – кулди катта раҳбар. – Хўш, майли, демак, Жўрахон, бу қизга устозлик қиласиз. Истеъдод — халқнинг бойлиги, уни боғбон ноёб гулни парвариш қилгандек асраш керак. Нега Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро даврлари ҳали-ҳануз нур сочиб турибди. Улар буюк истеъдодларнинг қадрига етганлар. Ҳар бир қобилиятли одамнинг камолотига ёрдам беринглар, – деб қатъий тайинлабди. Тўкис кийинишим ва ўзимни эплаб олишим учун бир йигитдан икки кийимлик Марғилон атласи ҳамда қоғозга ўралган пул бериб юборишибди. Шу сабаб бўлиб, устозлар кўмаги билан Чайковский номли Москва давлат консерваториясида вокал ижрочилиги бўйича таҳсил олдим. Ўқиш тугагач, олийгоҳ тавсияси билан Муқимий номидаги мусиқали драма театрига ишга келдим.

– Демак, энг гўзал операларни Муқимий ном­ли драма театрида ижро этган экансиз-да…

– Ўшанда театрда вило­ят­лардаги истеъдодларни йиғилиб, ниҳоят даражада кучли жамоа тўпланганди. Лутфихоним Саримсоқова, Турсуной Жаъфарова, Шаҳодат Раҳимова, Эътиборхон Юсупова, Маҳмуджон Ғофуров, Машраб Юнусов, Тамара Назарова сингари истеъдодлар билан ишлаш жуда мароқли ва масъулиятли эди.

Менинг театрда биринчи ўйнаган ролим “Тоҳир ва Зуҳра”да Қамар ва Хоразмшоҳ қизи Моҳим бўлди. Қамар Парпи ҳофизнинг қизи бўлиб, менинг отамни Жўрахон Султонов ўйнадилар. Кейинчалик Собир Абдулла “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқий драмасини яратгач, Зуҳра ролини ижро этдим. Ундан ташқари “Майсаранинг иши”да Ойхон, “Зайнаб ва Омон”да Ҳури, “Зулматдан зиё”да Гулнор, “Марварид изловчилар”да Лайло партияларини куйладим. Энг жозибали ва ҳаяжонли яратган образим дирижёр Мухтор Ашрафий ва режиссёр Э. Хилъевич ёрдамида жило берилган Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” асари асосидаги “Дилором” операси бўлди. Бу опера 1958 йил 5 февралда биринчи марта саҳнага олиб чиқилганида бутун Ўзбекистонда катта байрам бўлиб кетди. Бир ойда беш-олти марта “Дилором” операси қўйилар, залда бўш жой бўлмасди. Одамлар йўлакда ўтиришарди. Ўшанда ўзбек мусиқа операси жаҳонга танилганди. Халқимиз 30 дан ортиқ ўзбек операсини билишарди. Бугунга келиб эса, афсуски, айрим ёшлар опера у ёқда турсин Саодат Қобулова кимлигини ҳам билмаслиги мумкин.

– Сизнинг даврингиздаги томошабинлар опера санъатининг маъно-мантиғига етиб тинглашган. Нега бугунги баъзи томошабинлар “опера эшитишга тайёр” эмас? Ўзбек мусиқа операсини дунёга кўз-кўз қилиш пайти келмадимикан?

– Санъатда мунтазам ижод жараёни давом этмаса, агар изчиллик билан янги-янги асарлар ўрганилмаса, агар олдинга оз бўлса-да, интилиш сезилмаса, қалбдаги чўғ сўна бошлайди, забт этилган чўққилар пастлашиб қолгандай бўлади ва мухлислар камая боради. Мақтанишга йўймангу, менинг назаримда, шу пайтгача “Дилором” операси каби кучли опералар кам яра­тилган. Ваҳоланки, бугунги мавжуд имкониятдан фойдаланиб, ўзбек операсини жаҳонга кўтарса бўлади. Тарғибот, ташвиқот ишларини олиб бориш муҳим, ойнаи жаҳонда кўрсатувлар уюштириш, фестиваллар ўтказиш керак, менимча.

Яқинда шогирдим Муяссар Раззоқованинг контсертига тушиб, опера санъатининг кўплаб ихлосмандларини кўриб, дилдан қувондим. “Тоҳир ва Зуҳра”нинг қўйилганидан яна бир мамнун бўлдим. Энди ўзбек спектакллари ҳам йўқолиб кетмаслиги керак. Қолаверса, санъат ва маданиятга, театрга ғамхўрлик эътибор ҳеч қачон бугунгидек кучли бўлмаган.

– Устозларингиз ҳақида гапирганингизда юрагингиз тўлқинланиб кетяпти. Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов сингари атоқли санъаткорлар назарига тушиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган…

– Устозларимнинг нафақат мени, балки бир қанча истеъдодли ёшларни бағрикенглик билан вояга етказишдаги улкан хизматларини эътироф этмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Улар менга опера санъати билан бирга саҳнада ўзимни тутишни, одоб-ахлоқни, маданиятни, илму маърифатни ўргатдилар.

Яқинда устозим Жўрахон Султоновни хотирлаб, зиёрат қилгани Марғилонга боргандим. Қабристонга киришим билан устознинг қабрларини кўриб йиғлаб юбордим (кўзига ёш олди). Бу дунё шундай — беш кунлик. Аммо одамнинг эзгу амаллари, хайрли ишлари, ижоди боқий экан. Устоз яратган санъат ҳеч қачон ўлмайди. Мен бунга ишонаман. Аммо ўзим қабристонга келишдан олдин икки тубгина арча олиб келиб, устозим қабрига экмаганимдан афсусланиб қайтдим. Яхшиларнинг охиратини обод қилмоқ савоб ишдир. Буни ҳеч қачон ёш авлод унутмаслигини истардим.

– Саодат опа, сиздан илтимос, ҳали ҳеч кимга айтиб улгурмаган қалбингиз тубидаги яширин хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз…

– Етмишинчи йилларда Италияга борганимда энг катта орзуим “Ла Скала” театрида бўлиш эди, лекин, афсуски, бу театр ўша пайтда таътилда экан. Бу машҳур театрда бўлмаганим армон бўлиб қолди. Гастрол контсертимнинг энг юксаги “Кремл театри”да берган контсертим эди. Ўшанда бутун дунёдаги машҳур операчилар қатнашганди.

1960 йилга келиб бир қанча устозларимнинг дунёдан кўз юмиши қалбим оғриғига айланди. Турмуш ўртоғим Хол­хўжа Тўхтасиновнинг вафоти умримнинг аянчли кунлари бўлиб муҳрланди. У кишидан ҳам санъатимиз тарихида гўзал куйлар қолди. Аммо ҳаёт аччиқ айрилиқ ва ғуссаларга кон бўлса-да барибир гўзал. Яшаганинг сайин дунёга кўзинг тўймайди. Шарқ донишманд шоирларидан бири ёзган экан:

Одамлар, бир-бирларига қўлидан келганича бу ҳаётда яхшилик қилмоғи керак экан. Чунки инсондан ана шу яхшилик, одамийлик қолади.

Адиба УМИРОВА суҳбатлашди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.

 

Бўлишинг:

Муҳаррир танлови

Жамшид каримов: ислом каримов вафотини беш ойгача сир сақлашди (интервью, 4-қисм)

Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов билан суҳбат (4-қисм) Бугунги сонда: Собиқ мулозим: “Каримовнинг оғзига ёғоч қошиқ солинарди”; “Онам ўғри эмас”; “Ислом лотареяга ...

Давлат тили масаласи – серқирра ҳодиса

21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун   Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, тил таълими, унинг хусусиятлари, матбуотда, китобларда тилнинг ...

Нурободда иш ўрни яратмоқчи бўлаётган тадбиркорнинг ишига тўғаноқ бўлишмоқда

Юртимизда ижтимоий иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган кенг қамроқли ислоҳотларнинг бош мақсади — халқнинг фаровонлигини ошириш, жойларда иш ўринларини кўпайтириш, қишлоқ ...


Warning: Missing argument 2 for _x(), called in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-content/themes/mulkdornew/inc/functions/theme_functions.php on line 1213 and defined in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 399

Notice: Undefined variable: context in /home/npzfqf3cbnqn/public_html/mulkdor.com/wp-includes/l10n.php on line 400