Россия иқтисодиёти бу йил 15 фоизга, келаси йили эса 3 фоизга пастлайди. Шу билан бирга, Ғарб санкциялари, чет эл компаниялари ва маҳаллий экспертларнинг мамлакатни тарк этиши сўнгги 15 йил давомида эришилган ютуқларга путур етказмоқда.
Бу ҳақда Халқаро молия институти (Institute of International Finance, IIF) Россия иқтисодиётига оид ҳисоботида ёзди.
Институт бош иқтисодчисининг ўринбосари Элина Рибкованинг фикрича, Европа Россия гази ва нефтидан воз кечса, мамлакат иқтисодиёти бундан ҳам кўпроқ зарар кўради.
Рибкова рублнинг тикланишини иқтисодий барқарорлик белгиси сифатида кўрмаслик кераклигини таъкидлади. «Россия банкларида валюта захиралари етарлича, сабаби импорт камайди. Бироқ корхоналар билан мижозлар мана шу захираларга сарфлаши мумкин бўлган товарлар кам», – дейилади ҳисоботда.
Мутахассисларнинг фикрича, молия тизими ёки асосий экспорт-импорт тармоқларига нисбатан қўшимча санкциялар Россия иқтисодиёти учун «жиддий оқибатларга» олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, санкция киргизган давлатлар ҳам зарар кўриши мумкин, дейишади ҳисобот муаллифлари.