
“Рублнинг қадрсизланиши Россияда ишловчиларнинг пул ўтказмаларига боғлиқ бўлиб қолган тўққизта мамлакатнинг иқтисоди учун жиддий таҳдид туғдирмоқда”, дея ёзади Британиянинг
The Guardian нашри. Газетанинг Жаҳон банки маълумотларига таяниб ёзишича, ушбу мамлакатларнинг жорий йилда кўрган зарари, жами 10 миллиард доллардан ортиқ бўлиши мумкин. “Иқтисодий қийинчиликлар туфайли собиқ совет республикларидан келган кўплаб муҳожирлар Россияни тарк этишни ўйлаб турибди”, – дея қайд этади The Guardian.Рублнинг қадрсизланиши тўққизта республиканинг айримларида сиёсий инқирозга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди нашр.“Минтақа иқтисоди ўзаро қалин боғланган ва Россия валютасининг қадрсизланиши унинг қўшнилари валюталарига ҳам таъсир кўрсатади. Жумладан, рублнинг қадрсизланиши Туркманистон валютасининг қадрсизланишига олиб келди ва Қозоғистон тенгеси қадрининг янада тушишига сабаб бўлди”.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Арманистон иқтисодининг 21 фоизи, Грузиянинг – 12,1 фоиз, Қирғизистоннинг – 31,5 фоиз, Молдавиянинг – 24,9 фоиз, Тожикистоннинг – 42,1 фоиз, Украинанинг – 5,4 фоиз, Литванинг – 4,5 фоиз, Озарбойжоннинг – 2,4 фоиз, Ўзбекистон иқтисодининг 11,7 фоизи меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига боғлиқ. Мазкур мамлакатларга пул ўтказмаларининг асосий қисми айнан Россиядан амалга оширилади.