Виртуал сайлов ҳақида БиБиСи хабари

Хориждаги бир гуруҳ ўзбекистонлик фаоллар Виртуал Сайлов комиссиясини ташкил қилганлар.

Улар Ислом Каримов номзодининг президентликка илгари сурилиши Ўзбекистон конституциясига зид, демоқдалар, ўз номзодларини рўйхатга олиб, Интернет оламида президентлик сайловини ўтказмоқчилар.

2015 йилнинг 29 март куни Ўзбекистонда Президентлик сайловлари ўтказилиши мўлжалланган.

Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси томонидан расман тўрт номзод: Ислом Каримов, Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримов Умаров номлари рўйхатга олинган.

«Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтиб, фаолият олиб бораётган мазкур тўрт сиёсий партиялар аслида президент И.Каримовнинг «чўнтак партиялар»и эканлиги дунё ҳамжамиятига ҳамда Ўзбекистон Фуқаролик жамияти фаолларига сир эмас»- дейилади Виртуал Сайлов комиссиясининг мурожаатида.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин».

2015 йилнинг 30 январида 77 ёшга тўладиган Ислом Каримов деярли 26 йилдан буён Ўзбекистонда давлат раҳбари лавозимини эгаллаб келади.

2015 йил 29 мартида бўладиган Президентлик сайловида И.Каримов ўз номзодини яна қайтадан қўйишига, мустақил маҳаллий ва халқаро ҳуқуқшуносларга кўра, мутлақо мумкин эмас.

Зеро, амалдаги қонунлар ва Конституцияни айланиб ўтиш учун ҳам айни дамда Каримовда ҳеч қандай асос ва имкониятлар қолган эмас. Бугун (26.01.2015 й.)гача амалдаги мамлакат Конституциясига бу йўналиш бўйича ҳеч қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмади.

Юқоридагиларга асосан, Ислом Каримовнинг 2015 йил 29 мартга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ўз номзодини яна бир муддатга қўйиши, соҳа мутахассислари томонидан Ноқонуний — Жиноят, деб баҳоланди.

Виртуал Сайлов Комиссияси демократик принципларга содиқ қолган ҳолда, Ислом Абдуғаниевич Каримовни мамлакат Асосий Қонуни — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир қанча моддаларини фундаментал равишда сурункали бузишини кескин қоралаб, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан номзоди қўйилган И.Каримовни Виртуал Президентлик Сайловида номзодлар рўйхатига киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси томонидан рўйхатга олинган сиёсатчилар: Акмал Саидов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровларнинг Виртуал Президентлик Сайловида номзодлари қўйилишини ВСК мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди», дейилади Виртуал сайлов комиссияси мурожаатида.

Би-би-си Виртуал Сайлов комиссияси матбуот котиби, журналист Улуғбек Бакиров билан боғланиб, бу комиссияни ташкил қилишдан кўзлаган мақсадлари ҳақида сўради.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2015/01/150126_cy_uzbek_virtual_election_comission

Аудиолар